14.10.2020

ЎЗБЕКИСТОНДА ҲЕЧ ҚАЙСИ МИЛЛАТ ҲУҚУҚИ КАМСИТИЛМАЙДИ

Тилга муносабат — миллатга, мустақилликка, мустақил давлатчилигимизга муносабат. Тарихдан маълумки, ҳар бир давлатнинг миллий рамзлари бўлган ва уларнинг муҳофазаси қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган. Шундай рамзлардан бири она тилидир. Конституциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” дея белгиланган.

Ўзбек тилининг давлат тили сифатида мақоми ва нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган дастлабки кунларданоқ турли-туман қарашлар ва фикрлар юзага чиқди. Ўзини шу юрт келажаги, шу миллат истиқболи учун дахлдор деб билган инсон борки, ўзбек тилининг мавқеини ошириш билан боғлиқ муаммоларни ҳамда ўз таклифларини дадил кўтариб чиқмоқда, фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда. Бироқ лойиҳани батафсил ўқимасдан, мазмун-моҳиятини теран англамасдан қилдан қийиқ ахтараётган, эътироз билдираётганларнинг ҳам борлиги ғоятда ачинарли. Ҳолбуки, лойиҳада шахснинг тилни эркин танлаш ҳуқуқларига дахл қилинмаяпти. Ҳеч бир тилга тажовуз қилинаётгани йўқ. Содда қилиб айтганда, ҳеч ким бировни ўзга тилда сўзлагани учун жавобгарликка тортмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42- моддаси давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишига оид норма билан тўлдирилаяпти, яъни давлат тилини ҳурмат қилиш талаб этилаяпти, холос. Шу боис ҳеч қандай муаммо ёки саросимага ўрин йўқ. Бу ерда асосий мақсад кимнидир жазолаш эмас, ўзбек тилига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилишини таъминлашдан иборат.

Кўриб ҳайрон қоласан киши: кўча-кўйда хато ёзилган сўз ва иборалар ниҳоятда кўп. Тилимизга саводсизларча муносабатда бўлиш натижасида, она тилимиз оҳори тўкилиб бормоқда. Айниқса, бунга телевидение сухандонлари ва кўрсатув олиб борувчи айрим ёшларнинг шевада гапиришлари катта “улуш” қўшмоқда. Ахир, ўз тилимизни ўзимиз асрамасак, ким асрайди? Унинг ҳурматини жойига қўймаётганларга қарши биз курашмасак, ким курашади? Шу миллат фарзандлари — ҳамма-ҳаммамиз она тилимизни сақлаш учун жон куйдиришимиз керак эмасми?

Болаларимизнинг нутқи қандай? Тутилиб-тутилиб ёки дудуқланиб, “анақа”, “ҳалиги”, “нима десамикин”, “ўша-де” кабиларни ҳар икки сўз орасида гуё “боғлама” сифатида қўллайди ва бундан хижолат ҳам чекмайди. Аризини лўнда ва аниқ тушунтириб бера олмайдиганлар бор. Шундай экан, агар биз тилимизни асраш ва ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўрмас эканмиз, тилшунос мутахассисларимиз айтаётгандек, эллик йил ичида у ўзининг илмий, адабий ва сиёсий мавқеини йўқотиб, уй ва кўча доирасида ишлатиладиган маиший тилга айланиб қолиши мумкин. Маиший даражага тушиб қолган тилнинг умри унда гапирувчи одамлар умри билан ўлчанади.

Эътибор берган бўлсангиз, тақдим этилган қонун лойиҳасида давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиланиши хусусида сўз юритилади. Чунки ҳар бир давлат органи ва ташкилоти раҳбарларининг, яъни мансабдор шахслари иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишлари белгиланмоқда. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотларидаги мансабдор шахсларнинг давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларини ўрганиш ва унга сўзсиз амал қилиш борасидаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Мустақиллик йилларидаги тарихий миллий тажриба шоҳидлик беришича, шу вақтга қадар давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишга бўлган эътибор бу даражада қонун билан қатъий мустаҳкамланмаган эди. Қайд этилган лойиҳа билан киритилаётган қўшимча давлат органларида иш юритиш тўлиқ равишда давлат тилида олиб борилишини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, ушбу масалада мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишга ва ўз ўрнида давлат тилининг ривожланиши ҳамда унга бўлган эътиборнинг ошишига имконият яратади. Бундан хавотирга тушиш, “пашшадан фил ясаш”, бўлмағур сафсаталарни тарқатиш ярамайди. Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари турли маҳаллаларда истиқомат қилиши, 16 та диний конфессия фаолият юритиши юртимизда бағрикенглик, миллатлараро тотувлик сиёсатини давом эттиради. Биз Болтиқбўйи ёки Украина каби кам сонли халқлар ва элатлар тилини ҳеч қачон камситмаймиз. Бу биз танлаган йўлга зиддир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди. Уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” деб мустаҳкамлангани ҳам сўзимизнинг исботидир.

Ўзбек тилининг мавқеини юксалтиришда 1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қиилиниши беқиёс аҳамият касб этди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат ўзбек тилига давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасида қўллашнинг қонуний асосларини яратиши баробарида, уни асраб-авайлаш, янада бойитиш, илмий-ижодий фаолиятда тўлақонли фойдаланиш имконини пайдо қилди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши унинг ривожланишида, маънавий-маданий мерос, умуммиллий бойлик, олий қадрият сифатида шаклланишида кучли омил бўлаяпти. Шу билан бирга, бошқа тилларнинг ҳам изчил тараққий топишини ҳар томонлама кафолатламоқда. Жумладан, давлат тилини ўрганиш учун фуқароларга шарт-шароит яратиш, шунингдек, юртимизда яшовчи миллат ҳамда элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш Қонуннинг алоҳида моддасида мустаҳкамлаб қўйилган.

Маълумки, давлат тили ва бошқа тилларнинг ривожланишида таълим муассасалари катта роль ўйнайди. Қонунга мувофиқ, мактабгача таълим муассасалари давлат тилида фаолият кўрсатиши билан бирга, миллий гуруҳлар зич яшайдиган жойларда уларнинг ўз тилларида ҳам фаолият юритадиган мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиши таъминланиши белгиланган. Шунингдек, юртимиз аҳолисига таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқи берилган бўлиб, давлат тилида ҳамда бошқа тилларда умумий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий маълумот олиш таъминланган. Хусусан, мактаб таълими 7 тилда: ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, туркман ҳамда тожик тилларида олиб борилмоқда.

Қонунда Ўзбекистон Республикасининг қонунлари давлат тилида ва бошқа тилларда эълон қилиниши белгилаб қўйилган. Бу эса мамлакатимизда яшовчи турли миллат ҳамда элатларнинг нафақат ўз тилларидан эркин фойдаланиши, балки юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларидан ўз вақтида бохабар бўлиши, қонун нормаларини тўғри талқин этиш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Шу билан бирга, унда давлат ҳокимияти, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларида иш юритиш, ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда эълон этиш давлат тилида амалга оширилиши мустаҳкамлаб қўйилгани ҳолда, ушбу ҳужжатлар бошқа тилларга таржима қилиниши ва эълон этилиши, бундан ташқари, судлов ишларини юритиш, нотариал ҳаракатлар, фуқаролик ҳолатини қайд этувчи ҳужжатларни тўлдиришда ҳам бошқа тилларда таржимаси такрорланиши ёки ўз тилида сўзлашни, таржимонлар жалб этишни белгиловчи нормалар билан тўлдирилганлиги инсоннинг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Бу унинг туйғулари дахлсизлигига шароитлар туғдиради.

Ахборот олиш кафолатлари ҳамда эркинликларини таъминлаш мақсадида телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар, ноширлик, реклама фаолиятида ҳам давлат тили билан бир қаторда, бошқа тилларга етарлича шароит яратилишига эьтибор қаратилган. Бугунги кунда 12 тилда телекўрсатув, 13 тилда радиоэшиттиришлар олиб борилаётгани қонун нормаларининг амалдаги ифодасидан далолатдир.

Аммо Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига билдирилган айрим эътирозларда айтилаётгандек, бошқа тиллар камситилаётгани йўқ. Ҳеч ким бировни бошқа тилда гапиргани учун жавобгарликка тортмаяпти. Бор-йўғи, янги таҳрирдаги моддада “Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” деган қўшимча киритиляпти холос. Рус тилига муносабатга келганда эса шуни таъкидлаш лозимки, Россия Федерацияси билан фан, таълим, маданият, санъат, спорт, туризм соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Икки давлат халқлари бир-бирининг маданияти ва адабиётига ҳурмат билан қарайди. Москва шаҳрида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали, пойтахтимизда рус шоири Александр Пушкиннинг ҳайкали қад ростлаган. Мамлакатимизда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари очилган. Таълим соҳасидаги ҳамкорлик туфайли 2019-2020 ўқув йилида мамлакатимизнинг 100 нафарга яқин мамлакатимиз йигит-қизлари Россиядаги олий таълим даргоҳларида таҳсил оладиган бўлди. Ўзбекистон Россия олий ўқув юртларида, талабаларнинг таҳсил олиш кўрсаткичлари бўйича етакчи давлатлар қаторида туради. 2017 йилда ўзбекистонлик 5500 дан зиёд абитуриент Россия олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Уларнинг 170 нафари Россия ҳукумати томонидан ажаратиладиган таълим квоталари бўйичадир. 2018 йилда мазкур квота 203 ўрингача кўпайтирилди. Ўз навбатида, ўзбекистонликлар учун жумладан, ижодий йўналишлар бўйича ҳам бюджет квоталарини келгусида янада кўпайтиришга доир келишув мавжуд.

Юртимизда самарали фаолият юритаётган М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Г. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети ҳамда И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети қаторига Олмалиқда Москва пўлат ва қотишмалар институтининг Миллий технологик тадқиқотлар университети филиали ҳам қўшилди. Москва давлат халқаро муносабатлар институти ва Москва муҳандислик - физика институти филиаллари очилди. Шунингдек, республикамиз ҳудудларида А.Пушкин номидпги Рус тили давлат институти филиаллари ҳамда ОТМ базаларида “Рус тили ва адабиёти” мутахассислиги бўйича таълим олиб борадиган рус тили марказларини очишга ҳам қизиқиш катта. Тошкентда мамлакатларимиз тарихида илк бор Таълим форуми бўлиб ўтди. Унда Россиядаги 80 дан ортиқ етакчи олий ўқув юртлари вакиллари қатнашди. Ўзбекистоннинг Россия билан маданий гуманитар алоқалари шу қадар кенгки, буни бошқа бирор давлат билан қиёслаб бўлмайди.

Хуллас, Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасида ҳеч кимнинг ҳуқуқи ва эркинлиги чекланмаяпти. Ҳар бир миллий тил жуда кўплаб катта-кичик тилларнинг қуршовида яшайди. Масалан, ўзбек тилининг жўғрофий маконлари атрофида ҳинд, рус, форс, араб ва европа тиллари фаол ҳаракатда эканини кўрамиз. Ўзбек миллий тили дунёдаги ана шу тиллар билан бевосита алоқада, улар билан ҳамкорликда яшайди. Фақат бошқа йирик тиллар ичида ўз мавқеини йўқотиб, бой бериб қўймоқчи эмас. Тил тараққиётига давлат, миллат, халқ ҳам ҳеч қачон лоқайд муносабатда бўлолмайди.

Серикбай УСЕНОВ,

Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси,

Турон академияси академиги, II-даражали Меҳнат фахрийси.

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: