17.09.2020

ЯНГИЛАНАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОНДА ЯНГИ ДАРСЛИК

Инсонларда ижтимоий онг шаклланган пайтдан бошлаб улар бахтли яшайдиган фаровон жамиятни орзу қилиб келишмоқда. Бундай жамиятни қуриш эса шу жамиятда яшайдиган одамларнинг замонавий билим ва маънавиятининг юксаклик даражасига боғлиқ бўлган. Буюк мутафаккир Абу Наср Фаробий бу хусусда гапириб: “Инсоният фақатгина илм ва юксак ахлоқийлик асосида яхлит фозил жамога бирлаша олиши мумкин”, деган.

Одамлар минг йиллардан буён орзу қилиб келаётган бахтли ҳаёт, энг аввало, улар яшаётган жамиятда ижтимоий тартибнинг барқарорлигига боғлиқ. Чунки ижтимоий тартиб жамият тараққиётининг муҳим шарти ҳисобланади. Ижтимоий тартибнинг ўрнатилиши эса, давлат ва жамиятнинг шерикликдаги назорат фаолиятига боғлиқ. Назорат фаолиятининг самарадорлиги эса ушбу фаолиятга доир билимга боғлиқ бўлади.

Янгиланиб бораётган мамлакатимизда жамият тараққиётининг муҳим шарти бўлган янги ижтимоий тартибни ўрнатишга қодир бўлган самарали назорат фаолиятини шакллантиришда асосий муаммолардан бири — жамият аъзоларида назорат фаолиятига доир билимларнинг етарли эмаслигидир. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун таълим тизимида назорат фаолиятига доир билимларни берадиган янги фанни жорий этиш давр тақозосидир. Самарқанд двлат университетида 2020 йилда нашр этилган “Ижтимоий назорат” фани дарслиги ана шундай янги фан учун муҳим ўқув қўлланма ҳисобланади.

Дарслик ижтимоий тартибни ўрнатишга хизмат қиладиган назорат тизимини такомиллаштириш масалаларини ўрганишга бағишланган. Назорат тизими давлат ва жамият назоратидан иборат бўлган яхлитлик сифатида кўрсатилган ва ижтимоий назорат деган тушунча билан ифодаланган. Ижтимоий назорат иборасига давлат ва жамият назоратидан иборат бўлган назорат тизимини англатувчи маъно юклатилган. Жамоатчилик назорати деганда, фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга ошириладиган назорат тушунилади. Ижтимоий назорат деганда эса давлат ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан биргаликда, шерикликда амалга ошириладиган назорат тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 7 февралида тасдиқланган Ҳаракатлар стратегияси ўз мазмун-моҳиятига кўра, халқ ҳаётини бахтли қилишга қаратилган, аҳоли учун фаровон жамият қуриш стратегияси ҳисобланади. Бахтли ҳаёт фақат асрий орзу бўлиб қолиши керак эмас, балки у реалликка айланиши лозим.

Биз доимо бахтли ҳаётни орзу қилиб келишга ўрганиб қолдик, чунки яқин ўтмишимизда – шўролар замонида ҳам давлат халққа бахтли яшайдиган коммунистик жамиятни ваъда қилган эди, бугунги кунда ҳам давлат халққа фаровон жамиятни ваъда қилмоқда.

Демократиянинг ажралмас қисми назорат фаолияти ҳисобланади ва шунинг учун ҳам асосий эътибор назорат фаолиятини такомиллаштиришга қаратилиши лозим. Назорат адолатли ижтимоий тартибни, ижтимоий тартиб эса жамият тараққиётини ва жамият тараққиёти, ўз навбатида, фаровон жамиятни таъминлайди. Фаровон жамиятда эса, халқ давлатимиз раҳбари даъват этаётган бахтли ҳаётга эришиши мумкин бўлади. Бунинг учун жамиятни илм-фан ютуқларига асосланиб бошқаришни йўлга қўйиш, жамиятшунос олимлар замон талабларидан келиб чиқиб, демократлаштириш, либераллаштириш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида таклифлар беришлари лозим. Республикамиз олимлари замон талабларидан келиб чиқиб, давлат ва жамият назоратини такомиллаштириш борасида инновацион ғояларни, яъни, янги илмий йўналишларни, фанларни ва адабиётларни ишлаб чиқишлари лозим.

Тақдим этилаётган “Ижтимоий назорат” дарслиги, ана шундай, замон талабидан келиб чиқиб яратилган, мамлакатимизда давлат ва жамият назоратини ташкил этиш бўйича муҳим назарий ва амалий аҳамиятга эга бўлган янги дастуриламал китоб ҳисобланади. Чунки ушбу фан берадиган билим нафақат талабаларни, балки фуқаролик жамияти институтларини ҳам назорат фаолиятига доир назарий ва амалий билимлар билан қуроллантириб, жамоатчилик назоратини амалга оширишда бевосита қўлланилиши мумкин. Президентимиз ташаббуси билан 2018 йил 12 апрелда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда ижтимоий назоратнинг таркибий қисми бўлган жамоатчилик назоратини амалга оширишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Замон талаби, демократия ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш ҳисобланади. Шунинг учун жамиятшунос олимлар демократия ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қиладиган янги ғояларни ишлаб чиқишлари лозим. Бунинг учун демократия ва очиқ фуқаролик жамияти талабидан келиб чиқиб фикрлаш керак. Демократия ҳам, фуқаролик жамияти ҳам назорат фаолияти билан бевосита боғлиқ. Назорат фаолияти кучайиши учун эса жамиятнинг назорат фаолиятига доир билими кучли бўлиши керак. Ҳозирча олий таълим тизимида бирор-бир фан жамиятга назоратга доир билимларни бермайди. Фуқаролик жамиятини кучли қилиш мақсади назорат фаолиятига доир билимларга эҳтиёжни келтириб чиқаради. СамДУ профессори ­Ф.Набиев томонидан яратилган “Ижтимоий назорат” дарслиги ана шундай эҳтиёжни қондиришга беминнат хизмат қилади.

Замонавий билим деганда, демократлаштиришни такомиллаштиришга ва фуқаролик жамиятини кучли қилишга хизмат қиладиган билим тушунилади. “Ижтимоий назорат” фани айнан ана шу демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини кучли қилишга хизмат қиладиган билимларни беради. Демократия ҳам, фуқаролик жамияти ҳам назорат фаолияти билан боғлиқ, чунки демократия ҳокимият халқ томонидан назорат қилишни англатади ва фуқаролик жамиятининг асосий функцияси назорат фаолияти ҳисобланади. Шунинг учун “Ижтимоий назорат” фани замон талаби бўлган демократия ва фуқаролик жамиятини кучли қилишга хизмат қиладиган замонавий билимни берадиган янги фан ҳисобланади, деб айтишга асос бор.

Бугунги кунда Ўзбекистонда жамият тараққиётининг муҳим шарти бўлган ижтимоий тартибни ўрнатишда асосий тўсиқ коррупция иллати ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бу хусусда гапириб: “Бугунги кунда ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга – яъни, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ” эканлигини эътироф этган. Бу тўртта омилни умумлаштириб, ислоҳотларнинг самараси битта омилга, яъни, адолатли ижтимоий тартибнинг ўрнатилишига боғлиқ, деб айтиш мумкин. “Ижтимоий назорат” фани берадиган билим билан қуролланган назорат тизими жамият тараққиётига тўсиқ бўлган коррупцияни жиловлаб, адолатли ижтимоий тартибни ўрнатишга қодир бўлади. Чунки назорат фаолиятига доир билим билан қуролланган жамият, назорат борасида давлатга шерик бўлиб, назорат фаолиятини самарали қилади. Давлат ва жамият назоратидан иборат бўлган назорат тизими коррупцияни тўхтатишга қодир бўлади, чунки жамиятга пора беришнинг имкони йўқ. Коррупцияни тўхтатиш эса жамият тараққиётининг муҳим шарти бўлган ижтимоий тартибни таъминлаб, Ўзбекистон халқи бахтли бўлишига хизмат қилади. Бунда назорат фаолиятини самарали қиладиган назоратга доир билимлар мажмуини берадиган “Ижтимоий назорат” фани муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса тарзида шуни айтиш мумкинки, назорат фаолиятида барча фуқаролар иштирок этишлари кераклиги ушбу фанни олий таълим муассасаларининг барча йўналишлари талабаларига ўқитиш кераклигини талаб қилади. Инсон ким бўлишидан қатъи назар, мамлакат фуқароси сифатида ўзининг фуқаролик позициясига эга бўлиши ва назорат жараёнида фаол иштирок этиши учун унда назорат фаолиятига доир билим бўлиши керак. Шунинг учун “Ижтимоий назорат” фани олий таълимнинг барча йўналишларида ўқитилиши мақсадга мувофиқ. Давлат, жамият ва унинг фаолияти бўйича назоратга доир билим билан қуролланган мамлакатда жамоатчилик назорати кучли бўлади. Кучли жамоатчилик назорати эса давлат назоратига шерик бўлиб, адолатли ижтимоий тартибни ўрнатади ва орзу-ниятимиздаги бахтли ҳаётни таъминлашга хизмат қилади.

Акмал САИДОВ,

академик.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: