Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
09.09.2020

ТИЛ – ДИЛ КЎЗГУСИ

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ҳам мана, ўттиз йилдан ошди. Бироқ, «Давлат тили тўғрисида»ги қонунга амал қилишда ҳамон камчиликлар мавжуд.

Маълумки, ўзбек тили қадимий, мазмунан бой ва гўзалдир. Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Хўжа Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижод этган бу тил неча асрлар қаъридан садо бериб, ҳофизлар хонишида ҳамон куйланиб келмоқда. Америка ва Оврупо давлатларида, Японияда ҳам тилимизни ўрганишга қизиқиш тобора ортиб бораяпти. Ҳатто ҳукмрон шўро салтанати пайтида ҳам хорижий давлатларда тилимизни ўрганишга иштиёқ кучли бўлган. Аммо сўқир мафкура ўзгаларнинг иштиёқини сўндирибгина қолмай, ҳатто марказ тазйиқи билан руслаштиришни асосий мақсад қилиб қўйган эди. Бунга истаганча мисол келтириш мумкин. Қуйида мен кўплар қатори ана шу манфур сиёсатдан жабр кўрганим билан боғлиқ айрим воқеаларни эслашни лозим топдим.

Ғаройиб шошилинчнома

Бундан қирқ уч йил илгари, 1977 йили олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, кириш имтиҳонларидан яхши баҳолар олдим. Бироқ тўплаган балларим камдай. Шунинг учун тоғамга телефон қилиб, аҳволни тушунтирдим. Тоғам зиёли одам, мандатни охиригача кутгин, кечки ёки сиртқи бўлимга баллинг етиб, илашиб қоларсан, деди.

Тошкентда Заҳар ака деган татар кишининг хонадонида ижарада турар эдим. Орадан кўп ўтмай менга шошилинчнома келиб қолди. Қарасам, тоғамдан: «Азамат, баллинг етмаса масъул котиб, профессор Калхат Ҳаромовичга учра. У яхши одам». Шошилинчномани ўқигач, аввал ҳайрон бўлдим: шунақа исмлар ҳам бўларкан-да? Шу заҳоти хонадон соҳибининг исми ёдимга тушди. Бу ерда одамлар Захар деб исм қўйишади-ю, Калхат, Ҳаром қўйишига нега ажабланаман, дедим ўзимга ўзим.

Эртаси куни институтга келиб: «отв. секретарь», (яъни, масъул секретарь) деган ёзув қистирилган эшик олдида навбатда турдим. Ниҳоят, масъул котиб қабулига кириб: «Калхат Ҳаромович сиз бўласизми?» дедим даб-дурустдан. «Унақа одам бўтта ишламийди. Эшикни орқасидан ёп!» деди масъул котиб зарда билан.

Ҳафсалам пир бўлиб, ҳужжатларимни қайтариб олиб, олий даргоҳдан чиқаётганимда деворга осиғлиқ ёзувга кўзим тушиб қолди: «Кундузги бўлимда конкурсдан ўтолмаган абитуриентлар кечки ва сиртқи бўлимлар бўйича қабул ҳайъати масъул котиби проф. Талъат Ҳатамович Икромовга мурожаат қилсин».

Афсуски, ҳужжатларимни қайтариб олган эдим. Ўпкам тўлиб, йиғлаворай дедим. Боз, фан доктори, профессор Талъат Ҳотамовичга Калхат Ҳарамович деб мурожаат қилган эканман. Аслида айб менда эмас, ғиж-ғиж хато ёзилган шошилинчномада эди.

Хуллас, ўша йили мендан бир-икки балл кам йиққанлар ҳам кечки ва сиртки бўлим талабалари бўлишди. Ўзга забонда сўзлашувчи ходима ёзган шошилинчноманинг касри эса менга тегди.

Алам қилганидан Тошкентда қолиб ишлаш истаги пайдо бўлди. Ўқишдан «йиқилибди» деган таънага чидаш қийин-да. Қишлоққа, ота-онамга яна шошилинчнома жўнатмоқчи бўлдим. Почтага келиб: «Конкурсдан қайтдим. Тошкентда қоламан», деган мазмунда шошилинчнома ёзиб, почта ходимасига узатдим. У: «Пиши на русском языке!» деб қайтариб берди. Роса ялиниб, олдирдим. Ҳалиги хонимча бурнини жийириб, ҳар бир сўзни битталаб санаб, узатган пулимни ҳам ижирғаниб олгандай бўлди.

Орадан икки кун ўтиб, саҳарда хонадон қўнғироғи жиринглаб қолди. Уй эгаси Захар ака кўзини уқалаб эшикни очди. Кимнингдир йиғламсираб гапирганини нариги хонадан туриб эшитдим. Онамнинг овозига ўхшайди. Мени кўриши билан бағрига босиб, йиғлай кетди. Ортида дадам, кўзларида ёш қалқиб турибди.

Бечора онам «Болам, биров урдими ё йиқилдингми, нега қон қусасан?» деб ҳиқилласа, анграйиб қолибман. Кимдан, нима гап эшитдингиз, дея сўрадим. Дадам ҳам мен билан қучоқлашиб бўлгач, воқеани айтиб берди. Етиб борган шошилинчномада: «Қон қусиб йиқилдим. Тошкентда қоламан», деб чала-чулпа ёзилган экан. Почтачи ҳам буни тасдиқлаб, тезроқ бормасангиз бўлмайди, аҳволи оғирга ўхшайди, деган. Кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолгандик ўшанда. Ўзбекистонда, ўзбек тилида телеграмма ҳам бериб бўлмасди...

Тил миллатнинг ўзлиги

Нима учун биз Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор асарларини севиб ўқиймиз? Сабаби нимада? Чунки бу адибларимиз айтган сўзларига биринчи бўлиб ўзлари амал қилишган. Машҳур сўз усталари тилимизнинг бойлиги, ширалилиги-ю нафосати, гўзаллигидан унумли фойдаланишган. Эътибор берган бўлсангиз, бу адибларимиз сўзларни ўз ўрнида ишлатиб, қисқа ва лўнда, тушунарли ёзишган. Асарлари ўқишли.

Айрим ҳамюрт зиёлиларимиз орасида миллий забонидан ташқари, рус тилида бемалол ёза оладиганлари ҳам бор. Буюк адибимиз Садриддин Айний ўзбек ва тожик тилларида баравар ижод қила олган. Ёзувчи Носир Фозилов қозоқчани, болалар шоири Турсунбой Адашбоев эса қирғизчани ўз она тилидан кам билмас эди. Филология фанлари доктори, мунаққид Нинель Владимирова ўзбек тилида равон сўзлаши, ўзбекча асарларни рус тилига бемалол ўгира олишини кўпчилик ижодкорлар яхши билади. Уларни бемалол зуллисонайн икки тилни билувчи, дейишимизга асос бор.

Филология фанлари докторлари, профессорлар Нажмиддин Комилов, Шоислом Шомуҳамедов, Ҳасан Қудратуллаев, Ҳамиджон Ҳомидов ва Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборовлар нафақат миллий забонимиз, ҳатто форс-тожик тилида ҳам ижод қила олишарди. Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол эса ўзбек, тожик ва рус тилидан ташқари инглиз тилини сув қилиб ичиб юборганини чиройли таржималаридан билиб олиш қийин эмас.

Кўчадаги хатоларни ким тузатади?

Кўчага чиққанимиз заҳоти турли ёзув ва рекламаларга кўзингиз тушади. Ундаги ғиж-ғиж хатоларни кўриб, дилингиз хира тортади. Машина тузатиш устахоналари пештоқидаги хадавой (ходовой), матор (мотор), балон ямаш ёки апалапка, апалавка, апалопка (опалубка) ва ҳоказо.

Ўзбекларда Хуш келибсиз! деган яхшигина калом бор. Бироқ аксарият жойларда Ҳуш келибсиз! сўзи осиб қўйилган (лотинчада ҳам). ҳуш билан хуш бошқа-бошқа маъноларни англатмайдими? Бир шеър матнида юзингдан ҳолинг (холинг) ярашибди жумласини ўқиб ажабсингандим. хол билан ҳол сўзлари ҳар хил маънони англатади.

Қайсидир емакхона ёнидан ўтаётиб, қовурилган тирик балиқ деган ёзувни кўриб кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолганман. Қаерда кўргансиз, ёғда қовурилиб тирик чиққан балиқни. Балиқнинг сурати осилган бошқа бир ошхона рекламасида Сазанжон деб ёзилган. Балиққа жон сўзини қўшиш шартмикан? Сазанчикнинг таржимаси ҳам бунга мос тушмайди. Булар етмагандек, айрим ошхоналарга кираверишда бахтли жўжа, олтин жўжа, дўмбоқ жўжа ёзувларини кўриб, кўзимиз ўрганиб қолган. Ҳали олти ойлик ҳам бўлмаган жўжага нисбатан бахтли, олтин, дўмбоқ сўзларини қўшиб ишлатиш нечоғли тўғри?

Йўловчи ташийдиган микроавтобусларда Лицензиясиз йўловчиларни ташиш қонунга хилоф ёзувини ўқиб, нима, микроавтобусга чиқиш учун лицензия олиши керакми, деб ўйлаб қоласан. “Йўловчиларни лицензиясиз ташиш қонунга зид деса бўлмайдими? Бу хато ҳақида кўп гапирилди. Аммо ҳалигача тузатилмади.

Аксар дўконлар пештоқига ажнабий сўзлар ёзиб ташланганига нима дейсиз? Четдан келган меҳмонлар қайси юртга келиб қолдик, деб ҳайратдан ёқа ушламайдими?

Исм ҳам ҳусн

Яхши исм бежиз танланмайди. Ҳар бир ота-она янги туғилган чақалоғига яхши ният билан муносиб исм топиб қўйишга ҳаракат қилади. Ҳар қандай исмнинг эса ўзига хос хусусияти, маъноси-ю тарихи бор. Истибдодли тузумнинг руслаштириш сиёсати ўлароқ яхши ният билан ўйлаб, топиб қўйилган чиройли исмларнинг хато ёзилишидан ташқари, маъносига ҳам путур етказган ҳолатлар кўп кузатилган.

ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факультетида ўқиб юрган кезларим ҳар йили Сирдарё вилоятига пахта тергани борардик. Кунларнинг бирида кеч тушгач, қўшни хўжаликда пахта тераётган, тайёрлов бўлимида бирга таҳсил олган дўстларимни кўргани бордим. Баракка яқинлашаётиб, деворда осиб қўйилган Кимга қандай проблема бўлса, факультет комсорги командир Мамир Халтаевга учрашсин деган ёзувга кўзим тушганди. Ҳойнаҳой, Маъмур Холтоев бўлса керак, дея ўйладим. Англаганимдек, бу ёши каттароқ йигит тўртинчи курс талабаси экан. Ҳужжатига шунақа ёзилган бўлса керак,
дейди суҳбатдошим ажабланганимни сезиб.

Бундай олиб қараганда Маъмур, Холтой муносиб исмлар сирасига киради. Мамирни билмадиму, Халта(й) нима эканлигини изоҳлаб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Хуллас, Холиқни Халик, Талъатни Талат, Ҳамидни Хамут ёки Тоҳирни Тахир деб ёзиш аввало ўзбек тилига ҳурматсизлик эди. Гавҳар қиз боланинг исми, бу сўзнинг маъноси чиройли. Бироқ кўпчилик билиб-билмай Говхар деб чақиради. Тожикчада гов мол, хар эшак дегани. Хулосани ўзингиз чиқараверинг. Фақат шуларгина эмас, бунга ўнлаб, юзлаб мисоллар келтириш мумкин! 

Мусаҳҳиҳ айбдорми ёки компьютер?

Миллатнинг шаъни-шавкати, қолаверса, обрўси бўлган она тилимизга юқори мансабдор шахслардан тортиб, оддий кишиларгача масъулият сезишлари лозим. Ҳолбуки, лотин ёзувига асосланган алифбога тўлиқ ўтишимизга қисқа вақт қолаяпти. Бунга аста-секин кўникиб, ўрганиб ҳам қолдик. Бироқ айрим ташкилот ва фирмаларнинг кириш пештоқига илинган лавҳалар кўпинча хато ёзилаяпти. Айниқса, Ҳ билан Хнинг фарқига бормаслик сўз маъносининг бутунлай ўзгариб кетишига сабаб бўлмоқда.

Қайсидир йили ғоят камтар, оиласига садоқатли, болаларига меҳрибон ҳамкасб дўстимни мақтамоқчи бўлиб, ихчамроқ мақола ёзиб тармоқ газеталаридан бирига топширдим. Орадан кўп ўтмай, навбатчи муҳаррир менга қўнғироқ қилиб: Бугун газетамиз босмага топшириладиган (вёрстка) кун. Мақолангизнинг газета вариантини бир бор кўздан кечирсангиз ёмон бўлмасди, деди.

Таҳририятнинг мусаҳҳиҳлар хонасига кириб, газета саҳифасига чиройли қилиб макетлаштирилган мақоламни ўқиб чиқдим. Унда шундай жумла бор эди: Камсуқум, ўз соҳасини яхши билади, биргина хаёлпарастлик қусурини айтмасак, рисоладагидай йигит. Ўша жумлада ҳаёлпарастлик деб ёзилган экан. Мусаҳҳиҳларни огоҳлантириб: Деярли ҳеч қандай хато йўқ. Фақат ҳ эмас, х бўлади, дея тузатиш киритиб кетдим.

Уйга келгач, дўстимга қўнғироқ қилиб: Эртага фалон газетани олиб ўқинг, сизни яхшигина танқид қилганман, дедим ҳазил аралаш.

Эртаси куни кийиниб ишга отланаётганимда телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарганимни биламан, Танқид ҳам эви билан-да, жўра! Қачон кўрувдингиз мени аёлпарастлигимни. Келинингиз аёлпарастлик қусурингиз борлигини сезиб юрардим, Азамат ака ҳеч қачон ёлғон гапирмайди, деб роса обориб-обкеляпти, деса бўладими?!

Матбуот дўконига югура солиб газетадаги мақоламни ўқисам, биринчи ҳарф тушиб қолиб, аёлпараст шаклида ўтиб кетган экан.

Қайтанга ўша ҳарф думи билан кетиб қолганида, бу даражада хижолатпазлик бўлмасмиди?!

Масъулият керак

Пировардида, буюк адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг олий ўқув юрти талабалари билан бўлган учрашувида айтган қуйидаги сўзлари барчамиз учун дастуруламал бўлиши керак:

«Сизлар ҳар қаердан келгансизлар. Институтни битиргандан кейин жойларга бориб ўқувчиларга инглиз, немис, француз, испан тилларини ўргатасизлар. Менинг сизларга айтадиган энг зарур гапим шуки, сизлар борадиган жойларингга чет тиллар би¬лан бирга (балки биринчи навбатда) ўз она тилимиз ўзбек тилига чексиз муҳаббат туйғусини олиб боринглар! Ўзбек тили ғоят бой, ниҳоят чиройли, ҳар қандай фикр ва туйғуни ифода қилишга қодир эканини амалда кўрсатинглар: қаерда ва қандай шароитда ишламанглар, тил маданиятимизнинг машъали бўлинглар!».

Кўз тегмасин, ўзга давлат вакиллари ҳам тилимизни ўрганишга иштиёқ сезяпти. Айниқса, немис, япон, корейс, хитой ва бошқа миллатларга мансуб инсонлар ўзбек тилини яхшигина ўзлаштириб, равон гапираётганини кўриб фахрланамиз.

Дунёда энг бой тиллардан бири ҳисобланган, миллатнинг ёрқин кўзгуси бўлган она тилимизнинг обрўсини кўтариш, унинг қадди ва қадрини янада юксалтириш мақсадида ўтган йилнинг 21 октябрида Президентимизнинг Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони эълон қилингани ва 21 октябрь санаси мамлакатимизда Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланиши барчанинг кўнглидаги иш бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти тузилганини мамнуният билан қайд этиш лозим. Айни пайтда республикамиздаги барча давлат органлари, вазирликлар ва уларга тенглаштирилган идора ва ташкилотларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича раҳбар маслаҳатчилари фаолият юритмоқда. Бундан қувонмай бўладими?

 Юқорида бошимдан ўтган ажабтовур ҳангоматалаб воқеаларни бежиз келтирмадим. Миллатнинг кўнглини кўтарадиган, қадрини осмон қадар юксалтирадиган тилимизга оид бундай муҳим ҳужжатлар қабул қилингунига қадар озмунча азият чекмадикми?

Алишер Навоий бобомиз: Тилга эътибор элга эътибор, дея бежиз айтмаган-ку! Инсон ўз она тилини ҳурмат қилсагина, бошқа тилларни ҳам қунт билан ўрганишга эҳтиёж сезади. Ширинсўз одамларни халқимиз аҳли дил, деб эъзозлайди. Чунки тил дилнинг кўзгусидир.

Азамат СУЮНОВ,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: