Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
05.08.2020

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ИККИ АКАДЕМИК ЛИЦЕЙИ ВА ИККИ МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ

халқаро олимпиада ғолиблари сафидан жой олди

Жорий йилда 52-Халқаро кимё олимпиадаси Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган эди. Аммо дунёда юзага келган эпидемиологик вазият инобатга олиниб, мазкур олимпиада 25 июль куни масофавий тарзда ўтказилди. Маълумотларга қараганда, кимё фанидан энг нуфузли ҳисобланадиган мазкур олимпиадада дунёнинг 60 давлатидан жами 235 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этган.

Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон шарафини 2018/2019-ўқув йилида республика фан олимпиадасида ва қўшимча республика олимпиадаси ғолиблари орасидан саралаб олинган 4 нафар иқтидорли ўқувчи ҳимоя қилди ва қуйидаги натижаларни қайд этишди:

Мирумид МИРАКБАРОВ (Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицей) – кумуш медаль;

Дилшодахон ИСАЕВА (Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицей) – кумуш медаль;

Фирдавс Собиров (35-мактаб, Бухоро шаҳри) – бронза медаль;

Акобир Нарзуллаев (49-мактаб, Бухоро вилояти, Жондор тумани) – диплом.

Ғолибларнинг кумуш ва бронза медаллари ва дипломлари Туркиядаги ташкилий қўмита томонидан почта орқали жўнатилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу олимпиада шартларини ўқувчилар лаборатория кимёвий тажрибаларисиз, фақат назарий тарзда бажаришди. Олимпиада синов жараёнини назоратчилар 4 та вебкамера ёрдамида кузатиб боришди.

Масофавий олимпиада Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицейда санитария гигиена ҳамда карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилди.

Бундан ташқари, 13-18 июль кунлари Ўзбекистон ўқувчиларидан ташкил топган Республика терма жамоаси 54-Халқаро Менделеев олимпиадасида ҳам иштирок этди. Бутун дунёдаги эпидемиологик вазият инобатга олиниб, бу олимпиада ҳам онлайн (масофавий) тарзда ўтказилди.

Унда Австрия, Саудия Арабистони, Озарбайжон, Македония, Арманистон, Исроил, Белорусь, Венгрия, Болгария, Сурия, Грузия, Латвия, Эрон, Литва, Туркия, Россия каби дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакати ёшлари масофадан туриб иштирок этди. Кимёвий тажрибаларсиз иккита назарий босқич тартибида ўтказилган мазкур халқаро Менделеев олимпиадасида юртимиз академик лицей ва мактаб ўқувчиларидан иборат Ўзбекистон жамоаси ҳам иштирок этиб, ғолиблар қаторидан ўрин олди.

Жумладан, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицейи ўқувчиси Мирумид МИРАКБАРОВ халқаро олимпиадада ғалаба қозониб, шу кунга қадар кимё фанидан юртимиз жамоаси қўлга киритган медаллар қаторига 10-олтин медални олиб келди.

Қолаверса, ушбу ТПТИ академик лицей ўқувчилари Дилшодахон ИСАЕВА, Рустам ТЎХТАБОЕВ ва Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги академик лицей ўқувчиси Собиржон ОМОНОВлар бронза медалларини қўлга киритишди.

Шунингдек, умумтаълим мактабларининг икки нафар ўқувчиси ҳам бронза медали билан тақдирланди.

Шу ўринда, мана шундай нуфузли олимпиадаларда муносиб иштирок этиб, олтин, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритаётган ҳамда юртимиз байроғини дунёнинг кўплаб давлатларида юқорига кўтараётган ўқувчиларнинг устози ҳақида ҳам бир оғиз тўхталиб ўтмоқчи эдик. Бу инсон юксак билимли ва интеллектуал салоҳиятли авлодни тарбиялаш, ҳар бир ўқувчини ўзига хос истеъдодини шакллантириш ва уни рўёбга чиқариш борасида ўз мактабини яратган моҳир педагог, салоҳиятли олим, шу билан бирга, халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларининг муваффақияти билан Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини ва қудратини оширишга катта ҳисса қўшаётган Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицей директори Ортиқбой Эшонқуловдир.

— Халқаро Менделеев олимпиадаси низомида унда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун талабгорлар икки маротаба кузатувчи бўлиб иштирок этиши мумкинлиги белгилаб қўйилган эди, — дейди профессор Ортиқбой Эшонқулов. — Шу боисдан, 2010 йил Жанубий Кореяда ҳамда 2011 йилда Туркияда ўтказилган Менделеев олимпиадасида кузатувчи бўлиб иштирок этдик. Шундан сўнг, республикамиз таълим тизими тарихида илк бор халқаро Менделеев олимпиадасида ва кейинчалик жаҳон олимпиадаларида лицейимиз ўқувчилари иштирок этиб, биринчи бор олтин медалларга сазовор бўлиб, Ўзбекистон байроғи баландларга кўтарилди. Кейинчалик, ўтган йиллар давомида, яъни 2012 йил Америка Қўшма Штатлари, 2013 йил Россия, 2015 йил Озарбайжон, 2016 йил Грузия, 2017 йил Таиланд, 2018 йил Словакия ва Чехия, 2019 йил Францияда бўлиб ўтган кимё фанидан жаҳон олимпиадаларида ҳамда халқаро Менделеев олимпиадаларида халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлиш билан бирга, Ўзбекистон терма жамоасига раҳбарлик қилганман.

Академик лицей ўқувчилари Россия, АҚШ, Туркия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Сингапур, Дания, Индонезия, Швейцария, Вьетнам, Озарбайжон, Грузия, Таиланд, Беларусь, Эрон, Арманистон, Словакия ва Чехия, Франция ҳамда Венгрия каби кўплаб давлатларда бўлиб ўтган халқаро ва жаҳон фан олимпиадаларида ўз йўналишларида илмда тенгсиз эканликларини кўрсатишди.

Буни уларнинг ўтган йиллар давомида жаҳон ва халқаро Менделеев олимпиадаларида муносиб иштирок этиб, жами 70 та, жумладан, 10 та олтин, 20 та кумуш ва 40 та бронза медалларига сазовор бўлганидан ҳам билиш мумкин.

Яна шуни қўшимча қилиб айтиш мумкинки, лицей ўқувчиларининг илм-фан соҳасида эришган ютуқлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Хусусан, уларнинг бир қанчаси, яъни 2013 йилда «Шуҳрат» медали, 2016 йилда «Ўзбекистон белгиси» ҳамда 2019 йилда «Мард ўғлон» кўкрак нишонлари ва 2020 йилда эса «Зулфия» номидаги давлат мукофотига сазовор бўлишган.

Бу ютуқлар биринчидан, мамлакатимизда истеъдодлар кўплигини кўрсатади. Иккинчидан, ёшларимизнинг муваффақиятлари замирида Ортиқбой Эшонқулов сингари фидойи устозларнинг заҳматли меҳнати мужассам.

Бундан буён истеъдодли ёшларимиз ғалабалари янада юксак бўлишига ишончимиз комил.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: