29.07.2020

МИРЗО УЛУҒБЕК МАДРАСАИ ОЛИЯСИ ВОРИСИ

Менинг мўътабар ота-онам ўтган асрнинг 50-йилларида Самарқанд давлат университетида таҳсил олишган. Ўн кунлик чақалоқлигимда улар давлат имтиҳонларини топширишган. Университет бош биносининг ёнида ижарада туришган. Ўшанда мактаб ўқувчиси бўлган аммачам ҳар уч соатда мени эмизиши учун аямнинг олдига олиб борар экан...

Болалигимда Самарқанд шаҳрига кўп келардик. Ҳар келганимизда аям ёки отам ўша воқеани айтиб беришар эди. ”Домлаларимиз ҳам меҳрибон эди, амманг кўриниши билан рухсат беришарди. Коридорда ёки ҳув анави зинада ўтириб, сени эмизардим”, дердилар аям раҳматли. Биринчи синфда ўқирдим, китобга жуда қаттиқ меҳр қўйган пайтларим, отам билан шаҳарга келганимизда, “Самарқанд китобга ўхшайди, ундан китобнинг иси келяпти”, деганим эсимда.

Мен унда бу муаззам шаҳарнинг қанчалар улуғ ва қадимий эканлиги ҳақида кам нарса билардим, уни фақат жудаям яхши кўрардим. Отам раҳматли “китоб билан ноннинг иси келади бу шаҳардан”, деб жилмайгандилар ва Регистондаги китоб дўконидан икки қучоқ китоб олиб бергандилар... Отам бизга бу қадимий шаҳарнинг тарихи ҳақида кўп ҳикоя қилардилар. Китобдами, газета ёки журналда Самарқанд ҳақида шеър кўрсалар, албатта менга ёдлатардилар. Айниқса, шоир Теша Сайдалининг “Гўзал Париж, дабдабали Нью-Йоркига алишмасман СамДУмизнинг бир хонасини, ахир фарзанд алишарми, ўз онасини?!” сатрларини ўқиганимда уларнинг кўзлари порлаб кетарди...

Ҳозир хаёлимга бир ўй келди, балки, бу азиз ҳид менинг руҳимга, онгу шууримга, кўнглимга ўша ўн кунлик чақалоқлигимда, Самарқанд давлат университетининг бош биносида киргану, киндик қоним томган тупроқнинг меҳри, муҳаббати бўлиб, бир умрга муҳрланиб қолган бўлса керак...

Яна ўйлаб қолдим, менинг болалик тасаввурим алдамаган, Самарқанд ҳақиқатан ҳам китобга ўхшайди, ҳудудий жиҳатдан у жуда улкан шаҳар эмас, лекин худди китобдек мазмунли, сирли, сеҳрли. Бу муқаддас “китоб”нинг ҳар бир саҳифасини, ҳар бир сўзини эмас, балки ҳар бир ҳарфини кўзга суртгинг келади...

Кейинчалик бири-биридан гўзал ва кўркам кўп шаҳарларда бўлдим. Қайсида гул ҳидини, яна бошқасида сут ҳидини, ёмғир ёки денгиз ҳидини туйганман. Лекин китобнинг ҳиди фақат Самарқандда, китобни эслатадиган шу табаррук маконда бор. Бу китобнинг эса ҳали ўқилмаган, биз ўқий олмаётган, яна қанча сирли саҳифалари бўлса керак... Ҳозир ҳам Самарқандни, самарқандликларни соғинсам, димоғимга ўша қадрдон ҳид келгандай бўлади.

Куни кеча “Халқ сўзи” газетасида “Тарихчи олимлар, илм-фан намояндалари, халқаро экспертлар бугунги кунда фаолият юритаётган Самарқанд давлат университети тамал тоши ўрта асрларда қўйилган Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси эканини қайд этмоқдалар”, деган хушхабарни ўқиб ниҳоятда ҳаяжонландим. “Тамаддун дарёси ҳамон оқмоқда равон” сарлавҳали мақола эса бир ҳаяжонимга минг ҳаяжон қўшди.

Газета мухбири билан суҳбатда университет ректори, Олий Мажлис Cенати аъзоси, техника фанлари доктори, профессор Р.Холмуродов: ”... университетимизнинг бир географик ҳудудда жойлашуви, тарихий-меъморий иншоотлар, асрлар оша бизгача етиб келган қўлёзмалар, нодир асарлар, маънавий муҳит, анъаналари, қадриятларига кўра Самарқандда 1420 йилдан иш бошлаган Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси экани ойдинлашди. Бу юртимиз тарихида фаолият кўрсатган олий мадрасалар бугунги кундаги олий таълим даргоҳларининг “аждоди” эди, деган фикрни беради”, дейди.

Очиғи, халқаро муносабатларда Ватанимиз мавқеи кун сайин юксалиб бораётган даврда илмий-тарихий жиҳатдан асосланган бу фикр бизнинг маърифатсевар халқимиз учун миллий ғурур ва буюк ифтихордир. Ватанимизнинг тарихини билиш, чуқур ўрганиш ва одилона муносабат билдириш бизнинг нафақат муҳим вазифамиз, балки фарзандлик бурчимиздир. Зеро, инсон тафаккур тарзи ва маънавияти халқ тарихи, маданий меросининг аҳамиятини холисона билиш, улардан оқилона фойдаланишда намоён бўлади. Аслида жамият тараққиёти илмий жиҳатдан асосланган ғоялар, қарашларнинг шаклланиши, ривожланиши ҳамда ҳаётга татбиқ этилишида, давр синовларидан ўтиб янада такомиллашиб боришида кўринади. Ўз миллий-маънавий қадриятлари, тарихий меросидан бебаҳра ва бехабар бўлган халқларда ўтмиш ҳақидаги аниқ тасаввур ҳам, келажакка қаратилган муайян орзу-умид ҳам, бу йўлда бирдамлик билан кураш олиб бориш иштиёқи ҳам бўлмайди.

Самарқанд давлат университетининг Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси сифатида эътироф этилиши ҳам “илгари ёпиқ бўлган тарихий фактлар”имизнинг ёруғликка чиқаётганини, тарихий ҳақиқат қарор топганлигини билдиради. Олий даргоҳда бу борада анча йиллардан бери изланишлар олиб борилганлигидан дунё ҳамжамияти ва республикамиз илм аҳли яхши хабардор.

Тарихшунос Р.Бойтуллаевнинг самарқандлик хаттот Абу Саид Маҳзум ҳақидаги “Аждодлар меросини ўрганиб” сарлавҳали мақоласида шундай сатрлар бор эди: ”У тахминан 19 асрнинг 60-йилларида Самарқанднинг Заргар ва Хаттотлар маҳалласида замонасининг энг ўқимишли кишиларидан бири – Шайбонийхон мадрасасининг бош мударриси Мулла Абдуқаюм қози бинни Мулла Абдурашид хонадонида таваллуд топди. Абу Саид Маҳзумнинг отаси тарих, математика, астрономия, география ва бошқа фанларни яхши билган олим ва айни чоғда моҳир хаттот ҳам эди. Унинг нодир қўлёзма китоблардан иборат катта кутубхонаси бўлган”.

 Тарих, математика, астрономия, география ва бошқа фанларни яхши билган олимларни, улуғ аждодларимизни яхши билмаслигимиз бизнинг айбимиз. Юқоридаги лавҳа қадимий Самарқанднинг шарафли мадрасаи олияларидан бири ҳақидаги кичик маълумот. Айнан шу кичик маълумотлардан бизнинг улкан тарихимиз қад кўтаради. Бу қимматли битиклардан англашиладики, кўҳна кент мадрасалари ҳамма замонларда ҳам диний илмлар билан бир қаторда дунёвий фанлардан сабоқ берадиган нуфузли олий даргоҳ бўлган.

Тарихий ҳақиқат юзага чиқиб, Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси сифатида эътироф этилиши нафақат мазкур олий даргоҳ жамоаси учун, балки республикамиздаги барча илм аҳли учун ҳам шарафдир. Ўсиб келаётган ёш авлод бу шарафдан ғурурланиб, улуғ ватандошларининг азиз номларига муносиб, баркамол инсонлар бўлиб улғайишлари, шавкатли аждодлари каби ватан номини шон-шуҳратга буркашлари шарт.

 “Тамаддун дарёси ҳамон оқмоқда равон” мақоласини ўқиб, менга ота қадрдон, она қадрдон, не-не буюк алломаларга бешик бўлган, нур ичра чулғанган Самарқанд давлат университетининг тарихшунос олимлар ва халқаро экспертлар томонидан Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси деб тан олинганлиги ҳақидаги хушхабарни кўриб, менинг хаёлимдан ифтихор ила қоришиқ шундай мунаввар ва азиз туғёнлар ўтди...

Ҳулкар ҲАМРОЕВА,

филология фанлари номзоди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: