29.07.2020

МАСЛАҲАТЧИ МУСАҲҲИҲ ЭМАС

Ҳеч бир мезбон ўз уйига келган меҳмонга хом-хатала, чала пишган, бемаза таомни қўймайди. Нега?! Чунки у меҳмонидан уялади. Номус қилади. Шунинг учун меҳмон келганда, ҳатто “йўқни бор” қилади. Давлат тилида чала-ярим, сифатсиз матн, хат-ҳужжат тайёрлашдан ҳам шу тахлит уялишимиз керак.

Сўзимиз – бизнинг юзимиз. Хатимиз эса бамисоли кўзгу. У ўзлигимизни, бору йўғимизни акс эттириб туради. Ўйлаб қарасак, ўзбек тили дунёнинг энг бой тилларидан бири эканини англаймиз. Аммо баъзи бирларимиз нутқимизда, сўзимизда унинг бу имкониятларидан фойдаланмаймиз. Аксинча, “борни йўқ” қилиб кўрсатамиз.

Ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги мавқеини янада ошириш, “Давлат тили ҳақида“ги қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида Президентимиз томонидан 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Энг қувонарлиси, 21 октябрь Ўзбекистонда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги қарори билан Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти тузилди ва барча давлат органлари, вазирликлар ва уларга тенглаштирилган ташкилотларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими ташкил этилди.

Шунинг натижаси ўлароқ, ҳозирги кунда республикамиздаги вазирлик, идора ва ташкилотларда раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилишни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолият юритмоқда.

Бу ташаббус юртимизда давлат тилининг нуфузини ошириш, уни ривожлантириш мақсади йўлидаги муҳим қарорлардан бири бўлди. Бир қарашда бизнинг вазифамиз оддийдек кўринади. Аммо зиммамизга юклатилган вазифалар қанчалик муҳим ва улканлигини бу лавозим даражаси бежизга раҳбар ўринбосари мақомига тенглаштирилмаганидан ҳам билиб олса бўлади.

Мамлакатимизда давлат тилини ривожлантиришга жиддий эътибор берилаётгани, бу борада тарихий ишларга қўл урилаётгани ҳам масалаҳатчиларнинг зиммасига юкланган вазифа нечоғлик масъулиятли эканини кўрсатади. Бу вазифа шу қадар залворлики, вазирлик, идора ва ташкилотда фаолият юритаётган маслаҳатчи шу юкни чуқур ҳис қилган ҳолда, ўз иш жойида давлат тили сиёсатини амалга изчил татбиқ этилишини таъминлаши, уни мониторинг ва назорат қилиши, давлат тилида иш юритишнинг оқилона усул ва чораларини ишлаб чиқишда фаоллик кўрсатиши зарур.

Жумладан, маслаҳатчи қуйидаги вазифаларни амалга ошириши талаб этилади:

 – мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида, давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа соҳаларда давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш;

– давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш;

– давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

– давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан, шунингдек, уни ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

– ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш;

– давлат тилини ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва бошқа ташкилий ишларда фаол иштирок этиш.

Айтиш керакки, бу лавозимга тайинланган маслаҳатчилар бор куч-имкониятини ишга солиб, ўзига белгиланган вазифаларни баҳоли қудрат бажариб келаяпти. Аммо муаммо шундаки, улар ишлаётган жамоаларда аксар ҳолатларда маслаҳатчиларга “корректор”, яъни “мусаҳҳиҳ” сифатида қаралмоқда. Аслида – бу шараф (!). Чунки сизга хатоларни тўғриловчи, тузатувчи сифатида муносабатда бўлиш – ишончнинг юксак намунаси. Бироқ ҳайҳотдай идорада ҳамма ўз билганича ёзаверса, ўз устимда ишлай, имкон қадар тайёрлаётган ҳужжатларимнинг хатосини ўзим бартараф этай, кейин корректорга кўрсатай, демаса, аксинча, ойлигини оляптими, хатоларни тузатсин-да, унинг вазифаси хатоларни тузатиш қабилида тайёрлаган ҳужжатини имломи, тинишми, услубийми ва яна бошқа хатолари билан унинг столига олиб келиб ташласа... Ишинг шу, мана шуларни тузат дегандай... Йўқ, ҳар ким ўз ишини қилиши керак.

Муносабат шу тахлит давом этаверса, маслаҳатчи “мусаҳҳиҳ”ликдан бўшамай, идорада давлат тилини ривожлантириш билан боғлиқ ислоҳотлар маромига етмай қолиши аниқ. Бугун давлат тилида иш юритиш, давлат тилини ривожлантиришда фаоллик кўрсатиш, ушбу тадбирларда бевосита иштирок этиш нафақат маслаҳатчилар, филолог мутахассислар, шоир ва адиблар, балки ҳар бир фуқаро, ҳар бир хизматчи, ҳар бир ходимнинг вазифаларидан бўлиши керак.

Аввало, идорада ишлаётган ҳар бир ходим ўз олдига савол қўйиши керак. Хўш, мен бугун ўз шахсий иш фаолиятимни давлат тили талабларига мувофиқ ташкил қиляпманми?

Шу саволга жавоб бериш асносида, у ўзи тайёрлаган хат-ҳужжатига танқидий руҳда назар солиши, ундаги хатоларни маслаҳатчи таҳририга киритишдан олдин имкон қадар ўзи тузатиши, бу борада давлат тилига оид билимларини ишга солиши, ана ундан кейин мутахассис эътиборига ҳавола этиши лозим. Маслаҳатчи ҳам, ўз навбатида, ходим томонидан тайёрланган матнларни диққат билан кўздан кечириши, унинг йўл қўйган хатоларини тузатиши, керакли йўл-йўриқ бериши, бир сўз билан айтганда, барча мутахассис давлат тилида иш юритиш йўлида бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро якдил жамоа бўлган ҳолда, ўз устида ишлаши ва биргаликда самарали натижага эришиши керак.

Шундай экан, бугун биз давлат тилига ҳурматни ҳар қадамда, ҳар нафасда ҳис қилиб яшашимиз, ишлашимиз лозим. Айниқса, бу борада идораларда фаолият юритаётган ҳар бир ходим эгаллаб турган вазифасидан қатъи назар, аввало, давлат тилига эҳтиром билан муносабатда бўлиши, иккинчидан, давлат тилида иш юритиши, бунинг учун эса мунтазам равишда ўз устида ишлаши, мутахассислардан ўқиб-ўрганишни одатий машғулотга айлантириши зарур.

Ўзимиз чиройли сўзласак, маданиятли бўлсак, ёзган ёзувларимизнинг гўзаллиги-ю хатосизлигидан нафақат атрофдагилар, аввало, фарзандларимиз ҳайратга тушишса, қандай яхши. Шубҳасизки, улар ҳам худди шу йўлдан қадам ташлайдилар, бизга ҳавас қиладилар...

Ҳа, бошқача айтганда, ҳар биримиз “мусаҳҳиҳ”лик қилиш даражасида бўлишимиз зарур.

 

Баҳодир ВАЛИЕВ,

Фавқулодда вазиятлар

 вазири маслаҳатчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: