28.07.2020

САМАРҚАНД МАДРАСАИ ОЛИЯСИ – ШАРҚ МАШЪАЛИ

Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда қанча-қанча улуғ алломалар – Бурҳониддин Марғинонийдан тортиб Қозизода Румий-у, Мирзо Улуғбекгача, Баҳодир Ялангтўшдан бошлаб, Шароф Рашидов-у, Воҳид Абдуллогача, Ҳазрат Навоийдан тортиб, Маҳмудхўжа Беҳбудий-у, Ботирхон Валихўжаевгача, Усмон Носирдан бошлаб, Омон Матжон-у, Нодир Жонузоқгача таълим олган, қалами чархланган, ўзбек илм-фани, маданияти ва адабиётининг йирик намояндаларига айланган.

Жаҳон цивилизациясининг бугунги тараққиётига ўзининг бемисл ҳиссасини қўшган Ўрта Осиёдан чиққан кўплаб олиму фузалолар Самарқанд таълимини олганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Бутун мусулмон оламида Самарқандда яшаш олий саодат ҳисобланган. Самарқанд таълимини олиш шарқ задагонларининг азалий орзуси бўлган, шунга интилган. Чунки Самарқандда илм маркази, мадрасаи олия барпо этилган бўлиб, бой тажрибалар тўпланган, аждодларимиз ўша даврлардаёқ комил инсон ҳақида ахлоқий мезонлар мажмуини ишлаб чиққан ва илм фаннинг турли соҳалари бўйича илмий мактаблар яратган эдилар. Шунингдек, Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда бугунги кунда 600 ёшга тўлган, ўзининг шарафли тарихига эга бўлган мадрасаи олия жойлашганлигидир. Амир Темур салтанатининг бой кутубхонаси Самарқандда жойлашган эди. Ҳеч шубҳасиз, Самарқанд давлат университетининг тарихий негизи ўша мадрасаи олия, яъни бугунги кун таъбири билан айтганда, Мирзо Улуғбек мадрасаси ташкил топган 1420 йилдан бошланади. Жаҳондаги кўпгина илғор университетларнинг тарихини белгилаш тажрибаси, университетимизнинг тарихини белгилашда шундай йўл тутишимизни тақозо этади. Аниқроғи, Мирзо Улуғбек 1417-1420 йиллар оралиғида Самарқандда мадраса таъсис этиб, ўзининг устози Қозизода Румийни “раис ул-муаллимин” насабига тайинлайди. Ўзи ҳам шогирд сифатида Қозизода Румийнинг дарсларида қатнашади. Улуғбек замонида Қозизода Румийга энг мушарраф “Афлотуни замон” деган юксак унвон берилади. Мирзо Улуғбекнинг илмий кашфиётларини қамраб олган асосий асари бўлмиш “Зиж”ида Қозизода Румийни “Устозим” деб алоҳида таъкидлаган. Негаки, Қозизода Румий Амир Темур саройидаги олимларга ҳам йўлбошчилик қилган эди.

Мирзо Улуғбек мадрасасида математика, физика, кимё, геодезия, астрономия, фармакология, фиқҳ, фалсафа, адабиёт, тиббиёт, тарих, каби ижтимоий-гуманитар, аниқ ва табиий фанларнинг ўқитилиши IX асрдан бошланган Шарқ халқлари Ренессансининг камол топган даври сифатида дунёга овоза бўлди. Мирзо Улуғбек мадрасасида бугунги кундаги барча фанлар ўқитилганлиги маълум бўлади, фанларни диний ва дунёвий деб турларга бўлиш, бу бир ёқлама қараш бўлиб нисбий тушунча ҳисобланади. Негаки, дин ва дунё тушунчаси ҳам битта тушунчани тақозо этади. Маданият, илм-фан, санъат ва адабиёт бешигига айланган ушбу олий даргоҳда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Жамшид Коший, Ҳусайн Биржандий ва Али Қушчи сингари таниқли етук олимлар ўз илмий фаолиятини олиб борганлар. Бугунги кунгача ўз ўқувчиларини кутиб ётган, қўлёзмалар фондида сақланаётган 120 мингга яқин нодир қўлёзма асарларнинг бир қисми Мирзо Улуғбек мадрасаси олим-у толиблари томонидан ёзилгани шубҳасиз.

Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда туриб  Мирзо Улуғбек темурийлар салтанатини 40 йилга яқин вақт давомида адолатли бошқарган. Ўша вақтда Мовароуннаҳрда жойлашган мадрасалардан ўз илмий мактабини яратган кўплаб олимларни санаш мумкин. Улуғбек шундай олимлардан бири саналади, унинг Мовароуннаҳрнинг маркази бўлган Самарқандда жойлашган илмий мактабида 200 дан ортиқ олимлар турли фанлар бўйича фаолият олиб борган.

Мирзо Улуғбек мадрасаси фаолияти гоҳ у кўринишда, гоҳ бу кўриншда Самарқанд давлат университети ташкил топгунга қадар давом этган.

600 йил вақт оралиғида Самарқанд ҳудудидан шу даргоҳ таълимини олган жуда кўплаб олиму фузалолар, буюк сиймолар, давлат арбоблари, шоиру фузалолар етишиб чиққан. Улар жаҳон фани ва маданияти тараққиётига улкан ҳисса қўшишган.

Мирзо Улуғбек мадрасаси энг илғор мадрасалардан бири бўлган. Бу мадраса ўша давр ва кейинги даврларда бошқа Самарқанд шаҳридаги мадрасалар шаклланишига ҳам, бугунги кун таъбири билан айтганда, таянч таълим вазифасини ўтовчи даргоҳ вазифасини бажарганлиги шубҳасиз. Ўз навбатида мадрасаи олиянинг ғоявий илдизлари “Байт ул-ҳикма” ва Хоразм Маъмун академияси фаолиятидан озиқланган. Шу ўринда Самарқанд шаҳридаги мадрасалар номини ҳам тилга олиш бу ерда бўлган олий ўқув юртлари ҳақидаги тасаввуримизни бойитади. Профессор В.Л.Вяткин “Список населенных мест Узбекской ССР, вып. 11 1902” асарида Шайбонийхон мадрасаси, Шердор ва Тиллакори мадрасалари Мадрасаи Сафед, Амир Қосим мадрасаси, Мир Бурундуқ мадрасаси, Сароймулкхоним мадрасаси, Мавлоно Қутбиддин Садр мадрасаси, Аловуддин Алайка Кўкалдош мадрасаси, Шаҳзода Абдулла мадрасаси, Шаҳзода Муҳаммад Қосим мадрасаси, Жавзония мадрасаси, Мулла Абдураҳим мадрасаси, Амир Алайка мадрасаси ва бошқалар тилга олинганки, улар Самарқанд заминда қадимдан илм ва фанга бўлган муносабат баланд бўлганлигини кўрсатади.

Биргина мисол, бутун мусулмон оламида фикҳшунослар Самарқанд мадрасаси таълими асосида яратилган бебаҳо “Ҳидоя” асаридан таълим олганлиги ҳеч кимга сир эмас. Қарийб 100 минг талаба таҳсил оладиган, Мисрда жойлашган дунёнинг йирик, Алъ-Азхардек университетининг баъзи йўналишларида ҳозиргача кириш имтиҳони шу асардан эканлиги. Машҳур қомусий олим Бурҳонуддин Марғиноний (1123–1197) “Ҳидоя” асарини Самарқандда ёзганлиги аниқ фанлар сирасида ҳуқуқшунослик илми ҳам Самарқандда нақадар юксак даражада ривож топганлигидан далолат эмасми? Бу асарнинг Самарқандда ёзилгани билан ҳам биз ҳар қанча фахрлансак кам. Шу сабаб ҳам бутун мусулмон оламининг аҳли илми Самарқанд таълимига интилган. Фавқулодда ноёб ҳодиса сифатида, бу асарда фикр гуноҳи ҳақида махсус боб борлиги, барча жиноят аввал хаёлда вужудга келиши, кейинчалик пишиб етилиб амалга ошиши қайд қилингани учун ҳам бу асар ҳуқуқ оламидаги бугунги кунгача тенгсиз манба ҳисобланади. Қолаверса, бирорта демократик ривожланган давлат конституциясида бугунги кунгача ҳам фикр гуноҳи эътироф этилмаганлиги, Самарқандда мадраса таълими асосида шаклланган фиқҳ илми ўша даврдаёқ нақадар ҳайратланарли тарзда ривож топганлигидан далолат беради. 600 йилдирки Самарқанд таълими – шарқ машъали бўлиб келаётганлиги ҳеч қандай изоҳ талаб қилмайди.

Фахр ва ифтихор билан таъкидлайманки, мен жонажон университетим, Самарқанд давлат университетида ўқиганим учун ҳам бахтлиман. Негаки, бу олий даргоҳда ниҳоятда улуғ забардаст олимлар, академик Ботирхон Валихўжаев, профессор Нуриддин Шукуров, профессор Раҳмонқул Орзибеков, профессор Раҳматилло Қўнғуров, профессор Худойберди Дониёров, профессор Сайдилло Мирзаев, профессор Назар Ражабов, профессор Бозорбой Ўринбоев, профессор Жўрабой Ҳожиметов, профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов, профессор Раҳим Муқумов, профессор Жўрабой Ҳамдамов, профессор Суюн Каримов, профессор Бекмурод Йўлдошев каби кўплаб устозларимдан классик услубдаги афсонавий маърузалар тинглаш бахтига мушарраф бўлганман. Буларнинг кўпчиллиги Самарқанд давлат университетининг Республикамизга танилган фан арбоблари, ўз илмий мактабларини яратган етук дарғалари ҳисобланади. Худди шундай бугунги кунда ҳам, университетнинг барча факультетларида, Республикамизга ва жаҳонга танилган фан арбоблари, ўз илмий мактабларини яратиб илм йўлларини ёритиб келаётир.

Не бахтки, муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ, Ўзбекистон Миллий университети билан бирга Самарқанд давлат университети ҳам мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг флагманига айлантирилди.

Айни кунларда улуғ 600 йиллигини нишонлаш арафасида турган Самарқанд давлат университети халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш бўйича концепцияга асосан зарур чора-тадбирлар устида қизғин амалий ишлар олиб борилаётгани қувонарли хол. Қолаверса, бугунги кунда бу индекс бўйича 5600-ўриндан кейин туришини ҳам нисбий, бирёқлама қараш деб тушунмоқ керак, менинг назаримда. Негаки, шундай заминда жойлашган ва қадимий илдиздан озиқланган, юқори илмий потенциалга эга бўлган, бой тажриба ва салоҳият асосига қурилган, она университетимиз нафақат 500, балки ундан ҳам юқорироқ ўринга лойиқлигини қатъий ишонч билан баралла айтишимга ҳар томонлама асос бор. Яқин кунларда бу фикрларим ўз исботини топса не ажаб...

Самарқанд давлат университети собиқ талабаси шоир Эшқобил Вали Самарқанд таълими ҳақида “Арзимадик” номли шеърида айтганидек:

Шоҳлар унда яшамоқни ҳукм деган,

Таълим олмоқ Шаҳри дилда удум деган,

Тахт демаган, майли, илми нужум, деган,

Мудом яшаб ўлмоқликни улум деган,

«Ўлсам агар Гўр Амирга кўминг», деган,

Шўнғиймиз деб ҳою ҳавас қучоғига,

Арзимадик Самарқанднинг тупроғига.

Ориятчил ўзбек халқи “Тахт демаган, майли, илми нужум, деган”. Ҳар қандай бойликдан, ҳаттоки шоҳликдан ҳам зиёлиликни устун қўйган, маънавий бойликка интилиб яшаган. Аждодларга муносиб қолиб, ер юзининг сайқали бўлган Самарқандда яшаш ва таълим олиш катта маъсулият юклашини пайқайди. Ҳар бир самарқандликни аждодларга муносиб яшашга даъват этади.

Қутлуғ бўлсин, муборак 600 йиллик ёшинг, она университетим!

Абдураҳим ТУРОБОВ,

СамДЧТИ доценти.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: