15.07.2020

БУЮК ЭВРИЛИШЛАР ДАВРИ

Дунёнинг тўрт устуни бўлиб, улар одил подшонинг тартиб-қоидалари, маърифатли зиёлиларнинг хулқ-атвори,саховатли кишиларнинг ибрати, нуроний отахон-онахон ҳамда донишманд қарияларнинг дуолари ҳисобланади.

“Ҳикматлар хазинаси”дан

 

Бугун курраи заминда бани башарнинг мустаҳкам иродаси, дину диёнати, сабр-қаноати, ўзаро меҳру муҳаббати, турли бало-қазо, офатлар орқали имтиҳондан ўтказилмоқда. Ва бу синовлар кун сайин кўпайиб бормоқда. Аслини олганда ҳаётнинг ўзи бутун инсониятни ва ҳар биримизни алоҳида-алоҳида имтиҳондан ўтказишни бошлади. Шу билан бирга, фалак барча саволларга жавоблар ўзимизда, ботинимизда мавжуд эканлигини бот-бот англатмоқда. Шу ўринда, беихтиёр Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Илоҳий нур эмса одамга агар, Барча махлуқот анга бош эгар”, деган пурмаъно фикрлари ёдга тушади.

Зеро, ҳаёт – ҳикматлар уммони, қалблар туғёни, ўтган кунлар мушоҳадаси. Унда ҳар бир яшаб ўтилган дақиқа ибрат томчиси, ҳар бир борлиққа назар – ҳайрат дунёси, ҳар бир ҳалол луқма – ҳидоят томон ташланган қадам. Шу маънода, ҳаёт бизга ҳақиқий дўст бўлиб, ўзимизни ўзимизга ойна каби кўрсатди, кўрсатмоқда. Ўтган ҳаётга тийрак нигоҳ орқали назар ташлаб, тафаккур нафасини ростлаб, келажак учун тегишли хулосалар чиқаришга даъват этмоқда. Муҳими, бугун биз янаям жипслашиб, ушбу бало-қазоларни бирга-бирга, ҳамкорликда енгишимиз зарурлигини ўргатмоқда.

 

Жамиятдаги жамоавий ҳамкорликда оиланинг ўрни

Бугунги реал воқейлигимизни маълум кузатиш, ақлий таҳлиллардан келиб чиқиб, айтиш керакки, жамиятда жамоавий ҳамкорликни шакллантириш, мустаҳкамлаш долзарб мавзуга айланиб бормоқда. Зотан, ушбу жамоавий ҳамкорлик садоқат, адолат, ҳалоллик, ташаббускорлик, тадбиркорлик, бағрикенглик сингари азалий қадриятларимиз тамойилларига асосланиши лозим. Шунингдек, бунда қонунга итоаткор ва ижтимоий фаол  фуқаро,  малакали ва фидойи кадрлар ҳаводек зарур бўлади.

Аслида, ҳар бир юртдошимиз ўзининг юриш-туриши билан бошқа бирига ибрат намунаси бўлиши керак. Бу эса кишининг ўз оиласида олган таълим-тарбиясига бевосита боғлиқ бўлган.

Ўтган асрнинг очарчилик даврларини бошидан ўтказган кекса боболаримизнинг айтишларича, ўша пайтларда очликдан қийналган кишилар кунжара (ҳайвонларга бериладиган ем-озуқаси) истеъмол қилишиб, сўнг қорни ёрилиб, шундоқ кўчанинг ўртасида ўлиб қоларкан. Ҳайратланарлиси шуки, очарчилик авжига чиққан, қаҳатчилик, қимматчилик кучайган ўша оғир дамларда ҳам бирон-бир киши бегонанинг уйига ўғирликка кирмаган экан. Худди шунингдек, кекса бувиларимиз Иккинчи жаҳон уруши пайтларида бир ҳафталик келинчакнинг турмуш ўртоғи урушга кетиб, уни, ногирон бўлса ҳам соғ-омон қайтишини Яратгандан илтижо қилиб, йиллаб кутиб, остона хатлаб кўчага чиқмаганини сўзлаб беришган. Чунки ўша пайтлари ҳаё, ибо, шукроналик, сабр-қаноат каби азалий қадриятларимиз уйда олинган одоб билан қоришиб, гўзал тарбия аталмиш бир бутунликни ташкил этган. Ва бундай мақбул тарбия бобо-бувилар, ота-оналар томонидан шахсий ибрат орқали ҳар бир дилбанднинг онгу тафаккурига, вужудига сингдирилган. Бу тарздаги тарбия тамойили оилавий муҳитдан маҳаллага анъана сифатида кўчган, аста-секин жамиятда қадриятга айланган.

Хўш, ҳозир-чи? Минг афсус, айримларимизнинг тўқликка шўхлигимиз шу даражага чиқди-ки, тоқатсизлик, исрофгарчилик, ҳаддидан ошиш каби иллатлар кундалик турмуш тарзимизга айланиб улгурди. Сабр-қаноат, шарм-ҳаё, шукроналик хислатлари ўртамиздан кўтарила бошланди. Ёш оилаларда эркакнинг арзимас бир оғиз қаттиқроқ гапи учун келинпошшанинг ажралиш учун ФҲДЁга ариза беришига, ёки бўлмаса, ёш келинчакнинг бир маротаба овқат таъмини бузиб қўйгани боис, куёв бола томонидан “уч талоқ” (Оллоҳ асрасин!) айтиб юборилиши оддий ҳолга айланиб қоляпти.

Бундан чиқариладиган хулоса шуки, кўпгина оилалардан гўзал тарбия тамойиллари кўтарилди, ота ўз ўрнида, она ўз мақомида зурриёди учун шахсий ибрат намунаси бўлмай қолди. Оилалардаги поракондалик, аста-секин авж олиб маҳаллага, маҳалладан туманга, вилоятга, қарабсизки мамлакат даражасига чиқиб келмоқда... 

Ушбуларни бот-бот такрорлашимиздан мақсад шуки, токи инсонларнинг қалб кўзи очилмас, бўлаётган синовларнинг асл моҳияти идрок этилмас экан, жамият миқёсида бундай бемазагарчиликлар, ахлоқсизликлар давом этаверади. Ачинарлиси, бундан кейин тобора авж ола бошлайди. Охир-оқибатда, бутун бошли Ўзбекистон давлати ва жамиятининг келажагига, унинг ҳам маънавий, ҳам иқтисодий равнақига раҳна соладиган омилларидан бирига айланиб боради.

Биз ушбу синовлардан, Худо хоҳласа, иродамиз синалган ҳолатда кучли бўлиб чиқиб кетамиз. Фақат бир шарт билан, у ҳам бўлса, бўлаётган синовлардан тўғри хулоса чиқара билсаккина биз кучли бўламиз.

Бугунги кунда инсонларнинг бир-бирларига ўзаро ҳурмат кўрсатиши, бир-бирларининг мулкига дахл қилмасликлари дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий тамойиллардан саналади. Ваҳоланки, ота-боболаримиз азалдан “Бировнинг дилига озор берма”, “Бировнинг мулкига дахл қилма” деган нақлларга оғишмай амал қилиб келган.

 

Уч мезон ёхуд қонунга итоаткор фуқаро қиёфаси

Табиат ва жамиятнинг тартиб-қонунларига сўзсиз риоя этиш – одамзод тириклигию, бахтли-саодатли яшашининг шарти ҳисобланади. Бинобарин, кишилик жамиятида унинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, ваколатлари ва ўзаро муносабатларини муайян қонунлар, тартиб-қоидалар орқали мувофиқлаштириб туриш зарурати мавжуд. Инсоннинг онгли фаолиятини асосан уч мезон – виждон, қонун, маърифат ва маънавиятнинг уйғунлиги белгилайди. 

Авваламбор, кишининг виждони уйғоқ бўлиши керак. Қачонки инсон ўз виждонига қарши бормай, жамиятнинг барча учун мажбурий талаб-қоидаларга оғишмай амал қилиб умргузаронлик қилса, у ҳаётда ҳам ўз ўрнини топа олади. Иккинчи мезон – қонун. Киши туғилиши билан яшаш ҳуқуқига эга бўлади.  Кейинчалик ўзи яшаётган муайян мамлакатнинг тартиб-қоидалари, қонунларини билиб, уларга итоат этишга ўрганади. Бу қонунлар эса мамлакат фуқароларининг тенглигини кафолатлайди, жамиятнинг демократлашувини таъминлаб, ҳуқуқий давлат барпо этишнинг асосий омилига айланади. Учинчиси – маърифат ва маънавият эса, инсоният ботиний оламининг нафис ва нодир бойлиги бўлиб, кишиларни эзгулик ва бунёдкорлик сари йўналтиради. Одамзод тафаккури ривожида алоҳида аҳамият касб этиб, жамиятда зиёли инсонларнинг кўпайишига ва алал-оқибат юксак маърифий давлат қарор топишига замин яратади.

Яқинда оммавий ахборот воситаларида дунёда ўзига хос иқтисодий тараққиёт йўли билан бораётган Швеция давлати ҳақидаги мақолага кўзим тушди. Унда келтирилишича, коронавирусга қарши кураш олиб бораётган дунё мамлакатлари ичида Швеция Евроиттифоқда карантин жорий қилмаган ягона давлат экан. Бутун Евроиттифоқи минтақасида коронавирус пандемияси тарқалишига қарши кескин чоралар кўрилаётган бир шароитда, бу мамлакатда фавқулодда ҳолат режими жорий қилинмабди. Ҳукумат асосий урғуни фуқароларнинг ўзлари муаммога онгли равишда муносабатда бўлишига қаратибди. Ва бу йўл ҳозирда ўз самарасини бермоқда экан...

Ушбу мисолни келтиришимиздан кўзланган мақсад шуки, коронавирус пандемиясига қарши курашда муайян бир жамиятда мавжуд барча, шу жумладан ижтимоий-иқтисодий муаммоларни тўлақонли  ечимини топиши  фуқароларнинг ўта интизомли бўлиши, фаол фуқаролик маданиятига оғишмай амал қилишига бевосита боғлиқлигини кўрсатишдир. Ўзбекистонда ҳам ҳар биримиз ўз фуқаролик бурчимизга содиқ бўлсак,  қонунни ҳурмат қилсак,  ҳозирги синовлардан  иродамиз тобланиб, ҳаётни янада қадрлашни ўрганиб ўтиб оламиз.

 

Хулоса ўрнида

Паҳлавон Маҳмуд қабр тошида шундай битик бор: “Токи инсониятга фойданг тегмагунча сени чин инсон деб бўлмайди”. Бу том маънода Ҳазрати инсонга берилган таъриф. Халқимизда ҳам шунга ўхшаш ажойиб  нақл бор: Мамлакатини обод қиладиган кишининг ўзи ҳам обод бўлади. Дарҳақиқат, ҳазрати одам ана шундай эзгу ишлари, адолатпарвару бунёдкорликлари туфайли олам гултожидир.

Агарки, ҳар биримиз ўз иш жойимизда, ўз мақомимизда зиммамизга юкланган бурч ва мажбуриятни ҳалол, виждонан бажариб, оддий фуқаролик бахтини ҳис этиб яшасак, Ўзбекистон аталмиш она юртда умумжамоавий руҳият пайдо бўлади, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлашади, эзгу мақсадлар йўлида умумий якдиллик пайдо бўлади. Қарабсизки, ватанимиз тараққиёти янада тезлашади, халқимиз ҳаёти фаровонлашади.  

 

Обиддин МАҲМУДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: