24.06.2020

ЯНГИ ФАКУЛЬТЕТ ИШ БОШЛАДИ

Халқимизда Арпа, буғдой ош бўлур олтин, кумуш тош бўлур деган пурҳикмат мақол бежизга айтилмаган. Айниқса, дунё аҳли жонига човут солган COVID-19 пандемиясининг тарқалиши ҳар бир мамлакат ўз халқининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаши қанчалар муҳим эканлигини яна бир бор кўрсатиб қўйди.

Дунёдаги иқтисодиёти ва саноати кучли ривожланган энг қудратли давлатларда ҳам агроишлаб чиқариш салмоқли ўрин тутиши сир эмас. Чунки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлашни ривожлантирмаган мамлакат ўз аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлигини етарли даражада таъминлай олмайди.

Мамлакатимиз иқтисодиётида аграр соҳани ривожлантиришнинг муҳим аҳамиятга эга эканлиги, минтақамизда мазкур соҳа мутахассисларига бўлган талабнинг ўта юқорилигидан келиб чиққан ҳолда Самарқанд давлат университетида янги Агротехбиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети ҳамда университет қошида шу соҳага ихтисослаштирилган техникум ташкил этилди. Янги ўқув йилидан бошлаб мазкур факультет таркибида Агрокимё ва ўсимликларни ҳимоя қилиш, Мева-узумчилик ва сабзавотчилик ҳамда Тупроқшунослик ва агротехнологиялар каби кафедралар фаолият юритади. Янги факультетда аграр соҳага қизиққан талабалар Агрокимё ва агротупроқшунослик, Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси, Ўсимликларни ҳимоя қилиш (экин турлари бўйича), Мевачилик ва узумчилик, Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик, Иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш каби бир қатор таълим йўналишлари ҳамда тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича таҳсил оладилар. Университетда тайёрланадиган мазкур агромутахассислар минтақамизда тупроқ унумдорлигини ошириш, мева-узумчилик, сабзавотчилик, картошкачилик, полизчиликда юқори ҳосилдорликка эришиш, ўсимликларни биологик ва безарар кимёвий моддалар билан ишлов бериш орқали турли зараркунандалар ҳамда касалликлардан муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун зарур доривор ўсимликларни етиштириш, ер ва сувдан самарали фойдаланиш технологияларини амалга татбиқ этадилар.

Энг муҳими, мазкур факультетда дунёнинг тараққий этган мамлакатларида агротехнологиялар бўйича яратилаётган энг сўнгги кашфиётлар, ихтиролар ва шу соҳага доир илм-фан янгиликлари ўқитилибгина қолмасдан, амалиётга кенг жорий этилади. Бунинг учун Агротехбиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети Италиянинг Болонья университети, Франциянинг АгроПаритех университети, Туркиянинг Анқара университети, АҚШнинг Невада университети ва Россия Федерациясининг Белгород давлат университети билан ҳамкорликда фаолият кўрсатади. Шунингдек, илмий педагог кадрлар тайёрлашда бир қатор Халқаро қишлоқ хўжалиги бўйича илмий тадқиқотлар олиб борадиган ИКАРДА, ИКБА ва бошқа шу каби ташкилотлар ёрдамига таянади.

Мамлакатимизда қатъийлик билан олиб борилаётган ислоҳотлар мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари олий даражада ҳимоя қилинадиган ҳуқуқий демократияга асосланувчи фуқаролик жамиятини барпо этиш, халқимиз ҳаётини янада фаровонлаштиришдек улуғ ниятларимизнинг амалга ошиши учун хизмат қилмоқда.

Юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида олий таълим муассасалараро рақобатнинг мавжуд эмаслиги миллий юриспруденция илмий мактабининг шаклланишига салбий таъсир этаётганлиги, бу, айниқса, чекка ҳудудлардаги иқтидорли ёшларни юридик соҳада таълим олиш имкониятларини чеклаб қўяётганлиги, миллий юридик таълим самарадорлигининг нисбатан пастлиги туфайли юқори малакали мутахассис-ҳуқуқшуносларни тайёрлаш ҳамда юридик фанни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги ушбу фармонда алоҳида урғу бериб, қайд этилган. Мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд давлат университетида Ҳуқуқшунослик факультети қайтадан ташкил этилди. Янги ўқув йилидан бошлаб мазкур факультет таркибида Фуқаролик жамияти ва миллий ғоя ҳамда Ҳуқуқшунослик ва ҳуқуқ таълими кафедралари фаолият юритади. Қайта ташкил этилган бу факультет минтақамизда юқори малакали ҳуқуқшунос кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжни қондириш, янги давр талаблари асосида фаолият юритувчи корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун юқори малакали ҳуқуқшунос-мутахассислар етиштириб беради.

Самарқанд давлат университетида мамлакатимиз ва чет элларда ҳуқуқ соҳасида эришилган илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этиш, ўқитишнинг илғор технологияларидан кенг фойдаланиш, минтақада юридик кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда таълим стандартларини модернизациялаш, ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш, юридик таълим сифати ва самарадорлигини ошириш орқали малакали ҳуқуқшунос-мутахассислар етиштириш учун салоҳиятли профессор-ўқитувчилар ҳамда барча имкониятлар мавжуд.

 

Мардон БОЛТАЕВ,

СамДУ кенгаши котиби, доцент,

Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ,

СамДУ матбуот котиби.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: