10.06.2020

БУЮК АЙРИЛИҚ

Унвону мартаба дўнглиги узра

Ин қурган чигиртка мендан йирикми?

Шовқини азизми ноламдан кўра,

Мени ўлди деган ўзи тирикми?

Анвар ОБИДЖОН

2019 йилнинг кузи оёқлаётганида ­Анвар Обиджон Фарғонага кетди. Дастлаб, бу ҳар доимги сафарлар қаторида эди. Одатдагидек, йўлга чиқишдан олдин қўнғироқ қилдилар, ҳол-аҳвол сўрадилар. «Олтиариққа кетяпман. Бир-икки ҳафта ота юртда бўламан. Тинч ўтиринглар”, дедилар. Биз енгилгина хайрлашдик...

Ўзбекистон халқ шоири, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби, ўзбек халқи учун покдомонлик, ҳалоллик тимсоли бўлган Анвар Обиджоннинг буюк асарлари туғилган, юзлаб шогирдларига ҳам дарсхона, ҳам яхши-ёмон кунларда бошпана бўлган, меҳр ва тафаккур ёғдуларидан чароғон бу қадрдон гўшага энди ҳеч қачон қайтиб келмасликларини ҳали ҳеч биримиз билмасдик. Йиллар давомида ҳамиша эгасини эъзозлаган, минглаб меҳмонларни, мухлисларни илиқ кутиб олган, ҳеч кимни норизо қайтармаган бу қутлуғ остона ҳам донишманд шоирни охирги марта кўраётгани, энди унинг қадрдон қадамларини кутиб, соғиниб кун санаши у пайтда бизнинг тушимизга ҳам кирмаганди. Серқирра истеъдод соҳиби, ўзининг рангин, фикрчан ва жозибали асарлари билан ўзбек болаларига юртни севишни, ардоқлашни, тафаккур қилишни ўргатган буюк миллатпарвар шоир Анвар Обиджон шу азиз остонани мўътабар ватан деб биларди...

Қўнғироқлашиб турдик. Декабрнинг охирида мен даволаниш учун Москва­га борадиган бўлдим. Телефонда гаплашдик. Мабодо гўшакни кўтармасалар, албатта ўзлари қўнғироқ қилардилар. Биз оиламиз билан устознинг меҳрлари, эътиборларига шу даражада ўрганиб қолган эдикки... Янги йил куни қўнғироқ қилганимда, раҳматли укам Фарҳоджоннинг фарзандларини сўрадилар, “Отасига ўхшаган, ҳамманинг ҳаваси келадиган инсонлар бўлишсин. Фарҳоджон, “Болаларимни ўзим таҳсил олган Москва давлат университетида ўқитаман”, дерди. Раҳматли кўнгли очиқ йигит эди, ниятлари ижобат бўлибди. Мадинабону билан Ҳожиакбарга менинг номимдан ҳам тайинланг, яхши ўқишсин”, дедилар.

Сафардан қайтгач, туғилган кунларида қўнғироқ қилдим. 1997 йилдан бери ҳар йили 8 январда Ўзбекистон радиоканалида Анвар Обиджон ижодига бағишланган бир неча қисмдан иборат дастур тайёрлардик. Бу эшиттиришларни устознинг мухлислари орзиқиб кутишарди. Ҳар доим янги гап айтишга интилардим. Чунки шоирнинг ҳатто китобларини ёддан биладиган минглаб зукко ихлосмандлари бор эдики, уларга бирон фикрни маъқул қилдириш осон эмасди. Баъзан эшитолмай қолсалар, албатта дастурни кўчириб берардик. Мухлисларнинг хатларини ҳам етказардим. Хурсанд бўлардилар.

2020 йил 8 январь – туғилган кунида Анвар Обиджоннинг овозлари бироз ҳорғин эди, қийналиброқ гапирди. Очиғи, Фарғонага боришга жуда кўп марта отландим. Гоҳ, довонни қор босди, гоҳ ўзлари ҳам “баҳорда болаларни олиб, бемалол келасизлар”, деб, мени йўлдан қайтардилар. Февралнинг охирида Москвага, халқаро конференцияга бориб келдим. Лекин кўнглимда битта илинж, “Анвар Обиджонни кўриб келишим керак”, деган фикр бор эди...

Оллоҳ насиб қилган кун 7 март экан. Анча суҳбатлашдик. Москва сафарини гапириб бердим. Конференция ҳақида сўрадилар. «Бобурнома»да санъат терминлари» мавзусида маъруза қилганимни, асардаги рақс ҳақидаги фикрлар кўпчиликни қизиқтириб қўйганлигини, Бобур ҳазрат рақс санъатини оддий ижро билан ихтирони ажратадиган даражада идрок қилганларидан ҳайратга тушганимни айтдим. «Мустақилликдан олдин болалар нашриётида «Бобурнома»нинг 200 минг ададда чиқиши Аъзам Ўктамнинг хизмати эди, Аъзамжонни Худо раҳмат қилсин, катта ишлар қилиб кетди. Бобур Мирзога келсак, энди улуғ хазина, битмас-туганмас тафаккур бойлиги, сўз бойлиги. Ҳали яна 100-200 йиллаб ўрганилади. Чунки ҳар бир авлод ўзи учун ҳазратнинг меросидан қандайдир янгилик албатта топади”, дедилар Анвар Обиджон ва мени яна ҳайратга солиб, ўзбек миллий рақси ҳақида шунақа фикрларни айтдиларки... “Муножот” ва “Тановар”ни асосан водийда ижро этилганлиги, уларнинг моҳияти, турлари... Менинг ҳаяжонимни кўриб, “Бунақа соҳаларга қизиқади, деб ўйламасдингиз-а? Энди Бобур ҳазратга етолмасак ҳам, унча-мунча фарқига борамиз. Ҳали рақсга оид мақол ва иборалар ҳақида гапирдингиз, масалан, “Мен не дейман, қўбизим не дейди”, мақоли ҳам айнан бугунги санъат ҳақида. Ёки болалар рақслари. Миллий рақснинг энг оғир, энг оғриқли, энг муаммоли қисми. Шунинг баробарида тарих билан боғлаб турувчи илдизи. ”Ажинаси бор йўллар” эсингиздами, “Ҳўкиз ўйини” ҳақида лавҳа бор. Биз болалигимизда шунақа ўйинлар ўйнаганмизда. Уларни тиклаш керак. Булар халқнинг миллий бойлиги, маънавий хазинаси. Ахир, болалар адабиётисиз катталар адабиётининг тараққиёти ҳақида гапириб ҳам бўлмаганидек, болалар рақслари ҳам миллатнинг ўзлигини, маънавий-маърифий қадриятларини акс эттирувчи инъикосидир. Улар болаларни гўзаллик ва нафосат оламига ошно қилади. Болалар рақсларидан узилган ҳар қандай миллий рақс санъати илдизи қуриган дарахт мисолидир. Очиғини айтиш керак, миллий ўзликни англатадиган болалар фольклор рақси йиллар давомида бутунлай унутилди. Президентимизга минг раҳмат, китоб билан бир қаторда маънавият, санъатнинг ҳамма соҳасига эътибор беряпти...

Шунда мен Анвар Обиджоннинг “Гирей хоним”,”Очилхон ҳофиз қўшиғи”, “Бастакор Анор Назаров”, “Топишмоқ” каби шеърлари бежиз ёзилмаганлигини англагандай бўлдим. Анвар Обиджон миллий рақс санъати, унинг тарихи, даврлар занжиридан узилиб, тушиб қолган ҳалқалари ҳақида, болалар фольклор рақслари, уларнинг ҳудудий элементлари хусусида шунчалик завқ билан гапирдиларки... руҳан енгил тортдим.

Суҳбат асносида Тошкентдан Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, таниқли шоир, сенатор ­Минҳожиддин Мирзо қўнғироқ қилди. Хурсанд бўлиб гаплашдилар. ”Аъзамжонни шогирдларининг ичида шу йигитга тан бераман. Ижодда ҳам, одамгарчиликда, маънавияту, маданиятда унинг олдига тушадигани йўқ. Минҳожиддиннинг “Соҳибқирон ёғдуси” маърифий достони ҳақидаги эшиттиришингиз яхши чиқибди. Ўзим ҳам ўқигандим. Бетакрор асар. Жаҳон адабиёти мезонидан қаралганда ҳам, бу достон “Темур тузуклари”нинг биринчи шеърий варианти. Тўғри айтдингиз, уни давом эттириш шарт, тили ниҳоятда равон, болаларга тушунарли. Услубини жуда чиройли топган. Мактаб дарсликларига ҳам киритилиши зарур. Болалар шеърий тилдаги тарихни тезроқ тушунадилар. Умуман, дарсликларни қайта кўриб чиқиш керак”.

Мавзуимиз она тили ва мактаб дарсликларига кўчди. Президентимизнинг боши омон бўлсин, 21 октябрдаги нутқини тинглаб, жуда тўлқинландим. Тилни асраш фақат тилшунос олимларнинг иши, деб кутиб ўтириш керак эмас, ижодкорлар ҳам Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китоби каби асарлар яратиши керак”. Фикрни чиройли жойидан илиб кетишга ҳаракат қилдим: “Москвада Достоевский, Толстой номида китоб дўконлари бор экан. Мен ҳам вақти келиб, Тошкентнинг марказида Анвар Обиджон китоб маркази барпо этилишини, унда асосан китоб савдоси йўлга қўйилишини ва бир неча бўлимлардан иборат бўлишини, масалан, унинг кино залида сизнинг сценарийларингиз асосида олинган фильмлар намойиши, санъат бўлимида шеърларингизга басталанган қўшиқлар янграшини, қолган бўлимларидан сиз қатнашган кўрсатувлар, радиоэшиттиришларнинг дисклари ўрин олишини орзу қиламан. Бу бизнинг болаларимиз учун ҳам маънавият, ҳам маданият, ҳам санъат, ҳам тафаккур бўстони бўлади”, дедим. Устоз синиққина жилмайдилар...

 “Аъзам Ўктам номидаги кутубхона нима бўляпти?”, кутилмаганда сўраб қолдилар. Бу мен учун энг оғриқли нуқта эди. Атайин, унга яқинлашмаётгандим. Гап, бундан уч йил муқаддам Анвар Обиджон бошчилигида Ўзбекистон халқ шоирлари Энахон ­Сиддиқова, Иқбол Мирзо, таниқли шоир Минҳожиддин Мирзо, ёзувчи Исажон Султон, профессор Икромиддин Остонақуловлар номидан Аъзам Ўктам туғилиб ўсган қишлоқда кутубхона ва музей ташкил қилиш учун Бувайда тумани ҳокимига ёзилган хат ҳақида кетаётганди. Орада ҳоким ўзгарди. Яна қайтадан хат қилинди. Икки йил олдин “Фарғоналиклар” китобини ёзиш жараёнида Анвар Обиджон Бувайдага бордилар, туман ҳокими Беҳзод Ибрагимов билан учрашганларида менга ҳокимнинг кабинетидан қўнғироқ қилдилар, “Мана, Беҳзоджон билан кутубхона ҳақида гаплашиб турибмиз. тез орада кутубхона қурилишини бошлашар экан, албатта, келиб учрашинг,” дедилар. Шоирнинг кўнгли ўзи жонидан ортиқ яхши кўрган болаларники каби содда, ишонувчан эди. Ўшанда Бувайданинг ҳокимига ишондилар. Ҳатто “Фарғоналиклар” китобига ҳам кутубхона қурилиши ҳақидаги ғояни киритдилар. Шу суҳбатдан кейин мен атайин Бувайдага бордим. Лекин барибир масала ҳал бўлмади...

Биз беш соатча суҳбатлашдик. Товуқ гўштининг шифобахшлиги ҳақида гурунглашиб, шоирнинг умр йўлдоши Каромат опам оби-тобига келтириб пиширган товуқ шўрва билан тушлик қилдик. Янги чоп этилган “Оддий айрилиқ” китобларига дастхат ёзиб бердилар. ”Номи чиройли экан”, дедим. Устоз синиққина жилмайдилар. Бир ой ўтар-ўтмас бизни буюк айрилиқ кутиб турганини, бу охирги дийдор эканлигини уччаламиз ҳам билмасдик. Бу бизнинг буюк айрилиқ олдидан сўнгги суҳбатимиз эди, ўзимиз сезмаган ҳолда муҳим, номуҳим ҳамма масалалар, ҳатто оилавий муаммоларгача гаплашаётгандик. Самарқандда молия техникумида ўқиган йилларини, Турсунбой Адашбоев билан мен ўқиган илм даргоҳи – Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидаги 17-мактабнинг янги биносини очиб берганларини, ўқувчилар бир китоб шеърни ёддан ўқиганларини эсладилар. Айнан ўша мактабда “Фарғоналиклар” китобининг тақдимотига таклиф қилишганини, Каттақўрғонга бориш ҳақидаги ваъдалари эсларига тушди, “Мана, баҳорга ҳам етдик, Худо хоҳласа, кунлар исийверсин, албатта Пайшанбага борамиз”, дедилар.

Ҳар бир асари ижод оламида ўзига хос воқеа бўлган, адабиётнинг барча жанрларида юксак истеъдод билан қалам тебратган, китоблари қўлма-қўл ўқилаётган, бир умр ўзини аямай қалам тебратган, ҳам катталар, ҳам кичкинтойлар аудиториясига бирдек севимли ва машҳур ёзувчи Анвар Обиджон ҳаётда жуда ҳам оддий, хокисор, самимий ва меҳрибон, болақалб инсон эдилар. Барчани бирдек авайлардилар, ҳеч кимдан меҳрларини аямасдилар... Мен доимо, агар, шоирнинг биттадан шеърини ёд олган болалар қўл ушлашиб, давра бўлишса, ер шарини ўраб олиш мумкин деб ўйлардим. Яна, менинг Ўзбекистон радиоканалида эфирга узатилган 32 академик ҳақидаги “Фикрат дарғалари” эшиттиришимни эсладилар. ”Республика Кардиология маркази директори Равшан Қурбонов билан суҳбатлашганингизда Эркин Воҳидовнинг “Кардиограмма”, Рауф Парфининг “Юрак” шеърлари билан, Инновацион ривожланиш вазири, генетик олим Иброҳимжон ­Абдураҳмонов билан мулоқотни Абдулла Ориповнинг “Генетика” шеъри ва Исажон Султоннинг “Генетик” асари билан мантиқан тўғри боғладингиз, аниқ фанлар билан адабиёт ҳамиша боғлиқликда ривожланган, уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Бир биридан узоқлашса, халқдан ҳам узоқлашади. Илм билан адабиётнинг узвий боғлиқлигини сақлаб қолишда, уни халққа яқинлаштиришда энг катта масъулият журналистларнинг зиммасига тушади... ” .

Анвар Обиджон ижоди ҳақида “Ўзлик” номли ажойиб китоб ёзган таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Абдуғафур ­Расуловни эсладик. Мен суҳбатларимиздан бирида, домла “Анвар Обиджон ўзбек болалар адабиётида жуда катта реформалар қилди, “Реформатор” деган китоб ёзмоқчиман”, деганларини, мен “Кашфиётчи” десангиз-чи?”, дея фикр билдирганимда, Абдуғафур ака: “Ҳар бир ижодкор қайсидир маънода адабиётда кашфиёт яратади. Оҳорли сўз, оҳорли қофия ҳам ўзига хос янгилик. Бу нуқтаи назардан қараганда Анвар Обиджоннинг ижоди бошдан-оёқ кашфиёт, лекин унинг реформаторлиги бутунлай бошқа мавзу, бу борада уни ҳеч ким билан таққослаб бўлмайди”, деб ўз сўзларида туриб олганларини гапирдим. Домланинг ниятлари амалга ошмаганидан афсусландим. Қарангки, профессор Расулов бу фикрни Анвар акамнинг ўзларига ҳам айтган эканлар. ”Сиз ҳақингиздаги “Биз билган (билмаган!) Анвар Обиджон” китобимни қайта ишлаб, нашр қилдирмоқчи эдим. Рухсат берсангиз, “Реформатор” деб номлардик”, дедим минг бир хижолат ичида...

Ҳозир ўша суҳбатни эслаб, мутафаккир шоирнинг ҳар бир сўзини бир-бир юрагим чиғириғидан ўтказяпман. У, бизнинг йиғилиб қолган армонларимиз, дардларимиз, соғинчларимиз экан. Анвар Обиджоннинг ҳаммани кулдираётиб ҳам, тубида ҳазинлик турган нигоҳларидан ҳамиша самимият, меҳр уфуриб турарди. Ҳеч қачон нолимасдилар, ҳамиша ўз ҳаётларидан, фарзанду набираларидан, оиласи, тақдиридан ва ўзининг шоирлик қисматидан рози эди. Ҳаёт ва мангулик, муҳаббат ва айрилиқ, меҳр ва хиёнат, самимият ва ёмонлик, ҳақиқат ва жамият оралиғида ўтган кунлари, учратган одамларидан бирон марта норози бўлмадилар. Аслида шунинг ўзи улуғ ибрат эди.

Биз кейин ҳам телефонда бир неча марта суҳбатлашдик. Мен Анвар ­Обиджоннинг Миллий кутубхонада бўлиб ўтган, “Қувноқ- қувноқ болалар” китобининг тақдимоти, мени бу тадбирга шоир Дилшод Ражаб таклиф қилганлигини, тақдимотдаги фикрлар, ундаги ўзимнинг маърузам, Аъзам Ўктамнинг “Тавсиф” шеърини ўқиб берганимни, Ўзбекистон халқ артисти Шермат Ёрматовнинг “Ўзбек болалар санъати ҳамиша Анвар Обиджондек захматкаш, бола дунёсини англайдиган шоирларга муҳтож”, деган сўзларини, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг мени ёнларига чақириб, Анвар Обиджоннинг саломатликларини алоҳида сўраганларини айтаман. Курсдошим Шарофат Тошмирзаева мактаб дарслигига киритиш учун Анвар акамнинг “Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри” достонларини сўраганлигини, достоннинг электрон вариантини юборганимни айтаман. Замира Иброҳимова, Раҳматулла Баракаев, Дилшод Ражаб, Зулфия Мўминова, Фароғат Худойқулованинг саломларини етказаман.

Анвар Обиджон умр бўйи шеърни ардоқладилар, чин адабиётни катта муҳаббат билан севдилар, бу муҳаббатни баландпарвоз сўзлар билан изҳор қилмадилар, лекин унга фидо бўлишни ҳаётларининг мазмуни деб билдилар. Миллатсевар, фидойи адиб, донишманд устоз, оилапарвар ота сифатида турмуш йўллари ва ижод сўқмоқларида дуч келган машаққатларни, бўҳтону фитналарни мардона енгдилар, танишу нотанишга бирдек беғараз ёрдам бердилар... Биз – унинг мухлислари – ҳаммамиз унинг ўзидан ҳам, асарларидан ҳам руҳий таскин, жўшқин илҳом, ўзимизга ишонч қувватини олишга интилганмиз. Унинг ҳар сўзидан, эрта оқарган оппоқ сочларидан, нуроний юзи, синиқ табассумидан, халқона мутойибаларидан — ҳамма-ҳаммасидан сержило бир меҳр, латиф хокисорлик, илиқ ҳарорат тараларди. Дарёдил, бағрикенг инсон эдилар, танишу нотанишга дастурхони ҳам, кўнгли ҳам доимо очиқ эди... Мен танишган кунимиздан умрларининг охиригача, Анвар Обиджоннинг ҳар бир суҳбатларидан ажойиб китоб ўқиётган каби завқ ва заковат, ҳикмат илм ва ҳилм олдим. Ҳаётни ўргандим. Бу китобнинг энг азиз, энг қадрли саҳифаларида ота-онамнинг азиз ёдлари билан бир қаторда умримнинг ҳамма паст-баланд кунларида менга, оиламга суянч бўлган, ёлғизлигимизни билдирмаган, ҳар қандай шароитда кўнглимизга қараган, бизнинг кўнглимизни авайлаган Анвар Обиджоннинг мўътабар номлари бор... Минг афсуски, 7 мартдаги мулоқотларимиз бу севимли китобнинг армонли, сирли, якунланмаган... сўнгги саҳифалари бўлиб қолди...

 “Ёлғизлик даҳшатдир, ёлғизлик ёмон, Дўстнинг жонин мендан олдин олмасин. Токи боласига излар экан нон, Ҳатто душманларим дўстсиз қолмасин”, бу сатрларни Анвар Обиджон Аъзам Ўктамнинг вафотидан 8 йил ўтиб, 2010 йилда ёзган эди.

Анвар Обиджон... Назаримда, “Болакайлар, кечиринг, Айтолмайман у ёғин, Чунки, авторучкамнинг Тугаб қолди сиёҳи”, деб, жилмайиб турганга ўхшайдилар. Демак, сўнги мулоқотимиз ҳар эслаганимда кўнглим тоғдек кўтарилаётган суҳбат аслида буюк айрилиқ олдидаги васият экан, видо экан... Умримиз, кўнглимизнинг, орзу-ниятларимизнинг Анвар Обиджон аталмиш буюк айрилиқ китобининг, қалб дафтарининг янги саҳифаларини энди донишманд шоир, олийҳиммат инсон ҳақига қилган дуоларимиз, унинг асарларига ихлосимиз, соғинчларимиз давом эттирсин... Гўзал ва ёруғ хотираларимиз тўлдирсин! Худди ўзлари башорат қилгандай:

Довруғлар ортидан югуриб-елиб,

Шоиринг ҳали кўп дафтар олади.

Биламан,

Қачондир жимжит кун келиб,

Қайсидир дафтарим тўлмай

қолади...

 

Ҳулкар ҲАМРОЕВА,

филология фанлари номзоди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: