Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
03.06.2020

ТОҲИР МАЛИКНИНГ СЎНГГИ КУНЛАРИ

«Таскинга сўз йўқ»

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, севимли адиб ва серқирра ижодкор Тоҳир Малик адабиётимизда ўчмас из қолдирди. Устознинг китоблари, ташбеҳлари, маслаҳат-ўгитлари кўплар учун мислсиз хазина бўлиб қолди. Тоҳир ака бир йил муқаддам орамизда эди. У кишининг ҳаёт бўлиб тургани кўнгилга қандайдир хотиржамлик, илиқлик бағишларди. Ҳамкасблар-у, шогирдлар, казо-казо одамлардан тортиб оддий инсонларгача устознинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш, панд-насиҳатлари, йўл-йўриқлари, борингки, дуоларини олишга ошуфта эди.

Ҳаёт шундай бепоён уммон эканки, унда биз, ожиз бандалар тирикчилик аталмиш ташвишларга берилиб, яхши инсонларни бир муддат унутиб қўямиз. Бир кун келиб улар дорил бақога рихлат қилишларини биламиз, бироқ ўша фурсат айнан бугун бўлиши мумкинлигини кўпинча хаёлимизга келтирмаймиз.

Ўлим ҳақида гап кетганда устоз-адиб Эркин Аъзамнинг укаси Воҳид Аъзамнинг сўзлари ёдимга тушади. Ўшанда волидайи муҳтарамам ҳаётдан кўз юмган, у киши маъракага келган эди. У падари бузрукворимга ҳамдардлик билдирар экан, бир оғиз сўз билан «Таскинга сўз йўқ» деди. Не тонгки, бу жумла ҳозиргача «ўлимга чора йўқ» каломига қандайдир ҳамоҳангдек туюлаверади.

Туғилмоқ. Яшамоқ. Ўлмоқ. Банда дунёга йиғлаб келади, кейин йиғлатиб кетади. Оила аталмиш қўрғонни, яқин одамларни, жигарларни, не-не кўнгилларни ҳувиллатиб кетади. Тоҳир Маликнинг ҳаёт билан видолашуви ҳам шундай бўлди. Адиб яшаган уйда тумонат одам, уларнинг кўз ёшлари, изтироблари...

Кўчага одам сиғмайди. Елкалардан елкаларга ўтаётган тобут, адиб ўзи ёзганидек, пўртанали уммонда сузаётган ҳаёт қайиғига ўхшарди гўё. Устоз адибни сўнгги манзилга кузатиш учун бораётганимизга ишонгимиз келмасди бизнинг.

Адиб қабрга қўйилди... Қуръон тиловат қилинди... Юраклар алланечук бўлди... «Банда қазо қилгач, кўпчилик сўнгги манзилга кузатади. Қабрга қўйилгач, ҳамма ортига қайтади. У билан қилган амаллари қолади». Ана шу сўзлар ёдга тушди. Оғир жудолик эди бу.

 

«Ҳаётингизни яхшилик қилиш билан ўтказинг»

Тоҳир ака билан етмиш йиллиги арафасида суҳбат қурганим эсимда (бу «Тоҳир Малик гурунглари» китобидан ўрин олган).

– Тоҳир ака, яхши кунлар билан бирга ташвишли дамлар ҳам бошингиздан ўтди. Тўй-томошалар қаторида жудоликларга юзма-юз бўлдингиз. Хасталикларни енгишингизга, тўғри келди. Фарзандларингиз, невараларингиз, шогирдлар, дўстлар, мухлисларингиз бор. Сизни миллионлаб одамлар танийди, китобларингизни ўқийдилар. Айтишадики, улуғ ёшга етганда ўтган кунлар бир-бир эсланаверар экан. Ҳаёт аталмиш уммонда сузган дамлар кўз олдидан ўтавераркан. Нима қилиш керак эди-ю, қайси ишга қўл урганидан пушаймон — шулар ҳақида бот-бот ўйлар экан. Устоз, умрингиз узоқ бўлсин, муборак етмишинчи довонингизда хаёлингиздан нелар ўтади?

– Етмишинчи довон ҳақида эсламаганингиз яхши эди, – жавоб берган эди устоз. – Чунки, ўзингизга маълум, камина «туғилган кун», «юбилей» деган гапларни ёқтирмайман. Шу ёшга кириб бирон марта ҳам туғилган кунимни нишонламаганман. Мен учун туғилган кун умрнинг бир йили ўтганини билдиради. Умр ўтганини нишонлаш менга ғалати туюлади. Тўғри, бу одатимни кўпчилик танқид қилади. Умуман, ҳаётда бошқаларнинг ғашини келтирадиган одатларим бор, буни ўзим ҳам биламан. Масалан, мен ҳеч кимга, ҳатто аёлларга гул совға қилмайман. Чунки мен гулни ўз ўрнида чаман бўлиб туришини истайман. Одамлар гулларни узадилар, чиройли қоғозларга ўрайдилар, совға қиладилар, икки-уч кунда гул сўлийди ва ташлаб юборилади. Агар гул эҳтиром рамзи бўлса, демак, эҳтиром ташланадими?

Етмиш ёш – кексаликни узил-кесил тан оладиган манзил. Лекин бу кексалик олдида мағлуб бўлиш деган гап эмас. Ўтмишда ўтган дониш аҳли борки, барчаси кексалик ҳақида сўз айтиб кетган. Чунки уларнинг ҳар бири кексаликнинг шарбатидан тотиб кўришган. Мана шуларнинг айримлари:

«Ўспиринлик кунлари беқиёсдир. Кексалик унга вақт туманлари орасидан боқишни хуш кўради. Мўйсафид одам шом палласида тонг шафағини орзу қилади». «Қариш кўнгилсиз нарса, аммо узоқ яшашнинг бирдан-бир йўли шу». «Қаришни ҳеч ким хоҳламайди, аммо узоқ яшашни ҳамма истайди». «Қарилик ташвишлари одатдаги ҳаёт ташвишларининг ўзгинаси, фақат унинг кучайган шаклидир». «Қарилик шунинг учун ҳам кўнгилсизки, кексайганда биз фақат шодликдан эмас, балки орзу-умидлардан ҳам маҳрум бўламиз».

Ҳикматларнинг сўнггисига мен қўшила олмайман. Чунки кексалик ёшида орзу-умиддан маҳрум бўлиш бадбинлик касаллигига мубтало қилади. Бадбинлик ўлим сари олиб борувчи йўлни ғоят азобли қилади. Киши ёшидан қатъи назар, орзу-умидлардан узилмаслиги шарт. Камина шу тоифадан.

Исломда ўлимдан қўрқиш кўп тилга олинади. Бу «эртага ўлиб қоламанми?» деган хавотирда яшаш эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, кўчат экаётганингизда қиёмат бошланиб қолса-да, ниҳолни экишга улгуриб қолинг, деб даъват қилганлар. Бу кўпроқ яхшилик қилиб қолишга эришинг, демакдир. Ўлимдан қўрқиш замирида ҳам худди шу маъно яширинган.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг(розияллоҳу анҳу) бу гапларини мен қалбим тўрида асрайман:

«Ёшлик кўркамлиги гупириб турган гўзал, ёруғ юзлар қани? Шаҳарлар бино қилиб, уларни мустаҳкам деворлар билан ўраган подшоҳлар қани? Жанг майдонларида ғолиб, ғалаба нашидасини сурганлар қани? Замон уларнинг курагини ерга теккизди, қабр зулматларига ошно қилди. Сиз нажотга, нажотга шошилинг! Эй инсонлар! Сиз умрингиз қай замон тугаши ўзингизга номаълум бўлган бир умр ичида кун ва тунларингизни ўтказмоқдасиз. Агар қўлингиздан келса, бу ҳаётингизни яхшилик қилиш билан ўтказинг. Буни ҳам фақат Аллоҳ таолонинг ёрдами билан амалга ошира оласиз. Ажалингиз сиздан ишлаш фурсатини олиб қўймасдан туриб, имкониятларингизни ишга солиб, хайрли амалларга шошилинг. Зеро, ажалларини унутган, яхшиликларини бошқалардан қизғанадиган кимсалар ҳам бордир. Зинҳор улар каби бўлманг. Тезроқ бўлинг, ғафлатда қолманг. Чунки орқангиздан сизга етишмоқ учун тез келаётган ажалингиз бор. Ўлимдан огоҳ бўлинг. Оталардан, ўғиллардан, ака-укалардан ибрат олинг. Яшаётган кишиларга эмас, ўлгандан сўнг улар ортда қолдираётган гўзал нарсаларга ҳавас қилинг».

Ҳувиллаган уй...

Юқорида тилга олинганидек, Тоҳир Малик кўп марта касал бўлди, шифохоналарга ётқизилди, бир неча марта жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказишга тўғри келди. Кейинги пайтларда ўлим ҳақида бот-бот ўйлайдиган бўлди. Бунинг ҳосиласи ўлароқ, автобиографик йўналишдаги «Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи» китобини ёзди.

Устознинг уйларига бораман. Ҳайҳотки, бизни мудом қарши оладиган адиб энди йўқ. Устоз билан қарийб эллик йил умргузаронлик қилган рафиқаси Муқаддас ая маъюс кутиб олади. Кўзларида мунг, дард. Тоҳир акани хотирлаймиз.

– Эсласам, ўртаниб кетаман, – маъюс сўзлайди ая. – Уйимиз жуда ҳам ҳувиллаб қолди. Ўрганган эканмиз-да одамларнинг келишига.

Ўша кундан буён ҳеч қаёққа чиққаним йўқ. Боргим келмайди ҳеч қаерга. Фақат мозорга бориб-келаман, ҳафтада икки-уч марта. Невара куёвимиз ҳам у кишининг олдига келарди. Мана шу мебелларнинг ҳаммасини у ясаб берган. Энди ҳеч ҳам келолмаяпти. Келади-ю, эшикдан киролмай кетади...

Айрилиқ ёмон экан жуда. Ўша куни яхши эдилар. Ўзи анча яхши бўлиб қолгандилар. Кечқурун овқатландик. Саккиз яримдан ошган эди. Кимдир чақириб келди. Нариги уйда ўтиришди. Меҳмонларни кузатиб зинадан тушиб келаётганларида хуруж бошланди. ­Оғриқ кучайиб кетяпти, дедилар. Уколимиз тайёр эди, укол қилишди.

Эрталаб дард жуда кучайди. Поликлиникага телефон қилсам, иккала жарроҳ ҳам ишга чиқмаган, бошқалар ҳеч нима билишмайди. Кейин «грудной»га, врачга қўнғироқ қилдим. Эшитиши билан югуриб келди. Текшириб кўрди-ю олиб кетаман, деди.

У ерда грижаларини операция қилишди. Операция жуда яхши ўтган. Лекин бошқа нарса бор экан-да! Ўпкада тромблар беркилиб қолган экан. Буни ҳеч ким билмаган шу пайтгача. Ҳеч ким бу томонни текширмаган.

Шундан кейин Тоҳир акангиз қимирламадилар. Йигирма кун ётдилар. Мен палатага кираман, имо-ишора билан олиб кет, дейдилар. Бир оғиз гап бўлмади. Доктор келди, «Тоҳир ака, ҳозир сизни қимирлатсак, нафас ололмай қоласиз», деди. Аппаратни ўчириб кўрсатди. Шу заҳоти нафас олмай, жим бўлиб қоляптилар. Шундан кейин йигирма кунгача бордилар, йигирманчи куни...

Лекин унгача менга гапирдилар, тиллари қимирлаяпти. Докторлар турибди олдимизда, бироқ ҳеч ким тушунмаяпти. Роса кўп гапирдилар ўшанда. Тинмай гапирдилар, лаблар қимирлайди, аммо овоз чиқмайди.

Бу хуружгача яхши бўлиб қолгандилар. Лекин жуда ҳам кўп ухлаётгандилар. Бунча кўп ухлайсиз, ухламас эдингиз-ку, дердим. Ўтириб ҳам, ётиб ҳам ухлардилар. Уйқу кўп бўлди.

Ҳаммаси грижадан. Грижага тегиш керак эмас экан-да! Яна кўпайиб кетди...

Уч кун қолганда амаллаб томографияга туширишибди. Ётган ҳолларида олиб боришган, томирлар беркилиб қолгани аниқланибди. Нафас олишлари қийинлашди.

– Тоҳир ака бир сафар ўн мартадан кўп операция бўлганларини айтган эдилар. Нима эди улар?

– Грижанинг орасида ўт пуфагини олиб ташлашган, бошқа операциялар ҳам бўлди-да. Агар бирданига қилинган иккита-учта операцияни қўшса, ўн мартадан ошиб кетган ҳаммаси.

Кейинги вақтда шундай бўлдики, салгина яхши бўлсалар, иш столига бориб, шуни ёза қолай, деб ўтириб олардилар. Қандайдир бошқача бўлиб қолгандилар. Тезроқ ҳаракат қилиш керак, дердилар. Эҳ, ҳозир эътибор билан эсласам, кўп нарсаларга белги бериб кетган эканлар. Билганлар...

Оғир хуруждан уч кун илгари, ­Тўлаган Исҳоқов деган қариндошимиз, футболчи бўлган, амакиларининг ўғли, етмиш ёшга тўлди. Юбилейга хабар қилдилар. Тоҳир акангиз ҳеч қаёққа бормаётгандилар. Ўша ёққа бораман, қариндошларимни кўраман, дедилар. Хаёлимга ҳам келмабди, нега бундай деётганлари. Ўғлим олиб борди. Кўриб, ўтириб, «Тўлаган, сен билан охирги бор кўришишимиз», дебдилар.

Ўзларига белги берган. Оғриқ охирги хуруж эди. Олдин ҳам оғриб турарди. Укол олиб қўярдик, хуруж бошланса, дарров укол қилардик, грижанинг хуружига. Оғриқ босиларди. Йўқ, охирги гал босилмади. Укол ҳам таъсир қилмади. «Ношпа» ичиринглар, дейишди, ичирдик, ҳеч қайси таъсир қилмади. Роса ҳаракат қилдик. Хуллас, ўшандан кейин врачнинг ўзини чақирганмиз. Олиб кетиб, ўзи операция қилди. Аввал ҳам операцияларда қатнашган-да, билади у.

Грижа оғир юк кўтарганларидан бўлган. Қурилишда ишлаганлар, биласиз. Уйимизнинг қурилишини ҳам, ҳаммасини ўзлари қилганлар. Секин-секин, мана шу ўтирган уйимизни ўзлари бунёд қилган. Янги болохона ҳам қурганмиз кейин.

Эсимда, бир ўртоқлари олтмишта ёғоч келтириб берди. Мошинадан ўзлари олиб тушиб, ичкарига киритдилар. Рандалаб-тозалаб қўйдилар. Кейин битталаб томга олиб чиқдилар. Ўшанда ёшлари элликка бормаган эди. Ҳаракат жуда кучли бўлган. Зўриқиш, оғирлик кўтариш, буларнинг ҳаммаси таъсир қилган.

– Нега ҳеч кимни ёрдамга чақирмаганлар? Қавм-қариндошлар, ҳамкасблар, таниш-билишлар, шогирдлар кўп эди-ку?

– Йўқ, ўзлари секин қилардилар. Ишга бориб келардилар. Мен овқатни сузиб берардим. Тамадди қилиб олгач, бошлардилар. Меҳнатнинг ҳаммасини ўзлари қилган.

«Тўзон» номли асарлари тугалланмай қолди.

Яқинда “Васиятнома”ларини телевизорда беришди “Оталар сўзи...”да. Сал ўзгартириб қўйишибди. Қараб турдим, фамилияларини ёзишмади. Бошқа одам ўзлаштириб олганми, билмадим. Қаҳрамонларнинг исмлари ўзгармаган, ҳаммаси ўшандай.

Академиядан телефон қилиб сўраб туришади. Таваллуд кунларида махсус тадбир уюштиришди. Таклиф қилишди. Мен боролмадим. Болалар боришди. Тоҳир аканинг номларига кутубхона очишибди. Академиянинг ректори ҳам яхши кўрарди. Жуда ҳам ҳурмат қиларди.

Ўшанда маъракадан сўнг мен шифохонага тушдим. Тўрт марта ётдим. Операция бўлдим, менинг ҳам юрагимдаги томирлар беркилган экан. Қон босимим икки юздан тушмади. “Тез ёрдам” келади ҳар куни беш-олти марта. Ҳали кетмасдан туриб, яна қон босимим кўтарилади. Яна қайтиб киради. Кейин ахийри кучли дўхтирга учрашдик. Уч кундан сўнг операция қилишди. Шундан кейин, кўз тегмасин, юзга олтмиш юрибман. Операциядан кейин сал ўзимга келдим.

Нима қилай, устозингизни ёддан чиқариб бўлмайди, чиқармайман ҳам. Эсласам, титраб кетаман. Бирор марта кўнглимни қолдирганларида ҳам майли эди. Ҳаётда уришмаганмиз. Бир оғиз қаттиқ гапирмаганлар.

 

«Менга сабр тилаб қўйинг...»

Табаррук уйдан қайтар эканман, устознинг рафиқаси ҳақида айтганлари ёдимга тушади:

«Мен уйда бемалол ҳазиллашишимга сабаб — хоним афандим ҳазилимни малол олмайдилар, аксинча, кўпинча мириқиб куладилар. Бир йили тоблари қочиб, жарроҳлар қўлидан эсон-омон чиқдилар. Реанимация бўлимида ётибдилар. Болаларни ичкарига қўйишмайди, улар хавотирда. Бош врач муовинига учраган эдим. «Ҳаммаси яхши бўлди, юринг, кўриб чиқинг», деб йўл бошладилар. Кирсам, бечора ҳолатда ётибдилар. Мени кўриб, ёш бола каби йиғлашга тараддуд қилдилар, лаблар аста қимирлай бошлади. Хонимга меҳрибонлик қилсам, ўзим ҳам йиғлаб юборишим мумкин. Чунки хотин битта-да!

– Ана, Тоҳир ака, янгамиз Худо хоҳласа, юз ёшга кирадилар, – деди врач.

– Илоҳим айтганингиз келсин, болаларнинг бахтига юзга кирсинлар, лекин мен бу хотиннинг зулмига яна қирқ йил чидашим керакми? Менга ҳам сабр тилаб қўйинглар, – дедим.

Кулишди. Мен эсам давом этдим:

– Раҳмат сизларга, мени бошқа хотин қидириш ташвишидан қутқардинглар. Аммо, билиб қўйинг, хотин акамизни аввалгидан ҳам соғломроқ ҳолда қўлимга топширасизлар. Сизларга бир ҳафта муҳлат. Бўлмаса, бошқа хотинга алмаштириб берасизлар.

Мен ўзимни мутлақо ташвишланмаган, қувноқ қилиб кўрсатдим, ҳолбуки, тун ташвиш билан ўтган эди. Хоним афандим ҳам гапларимга кулиб: «Илтимос, бошқа кулдирманг», — дедилар. Билишимча, кулганда оғриқ қўзғалар экан.

Бундан олдинроқ, ўзим ҳам операциядан чиққанимда, врачлар ҳушимга келтиришди. Қарасам, тепамда хоним-афандим ташвишланиб турибдилар. Дори таъсирида бошим айланиб, кўзимга иккита бўлиб кўриндилар.

– Аҳвол қалай? – деб сўрашди врачлар.

– Соппа-соғман, оғриқ йўқ. Лекин тепамда иккита хотин қараб турибди, – дедим.

– Тоҳир ака, хотин иккита бўлгани яхшимасми? – деб кулишди.

– Яхши-ку, лекин иккаласи ўзимнинг эскидан қолган битта хотиним-да, – дедим.

Менинг уйдаги ҳазилларимдан илҳомланган шогирдларимдан бири хотинига ҳазил гап айтган экан, хотини қувиб чиқарибди. Яраштиргани бордим. Хотин дарров инсофга кирди. «Ёмон гап айтмадим, сизнинг ҳазилингизни айтувдим, жаҳли чиқди», деди шогирдим. Шунда дедимки: «Менинг ҳазилимни айтиш учун сиз Тоҳир Малик бўлишингиз керак, Тоҳир Маликнинг ширали оҳангида гапиришингиз керак. Энг муҳими, хотинингиз Тоҳир Маликнинг хотини каби ҳазилга тушунадиган чидамли аёл бўлиши керак...»

 

Анвар НАМОЗОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: