Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
21.05.2020

ҚАДРИЯТЛАР ҚАДРИ

Қадриятлар ҳар бир миллатнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ойнадек акс эттириб туради. Дунё олимлари қадриятларни миллий, диний, маҳаллий, минтақавий ва умуминсоний каби қатор шартли турларга бўлиб таҳлил этадилар. Миллий қадриятлар маҳаллий ва диний қадриятларга, умуминсоний қадриятлар эса кўплаб миллий қадриятларга таяниб шаклланади ва асрлар оша такомиллашиб бораверади.

Бугунги тезкор глобаллашув шароитида ҳам ўз миллий моддий ва маънавий бойликларини асраб-авайлаётган, бойитиб ривожлантираётган ҳар қандай миллат ўзига хос анъаналари, урф-одатлари ва ўлмас қадриятлари билан бошқа миллатлардан ажралиб туради. Табиийки, миллатларнинг анъаналари, урф-одатлари, кийиниши ва бошқа кўникмалари бебаҳо қадриятларга айлангунга қадар йиллар, асрлар давомида маълум бир қараш, одат, тушунча, тажрибалар бир неча авлодлар синовидан муваффақиятли ўтиб, ривожланади, янада сайқал топади, халқ ҳаётида ўз ўрнини эгаллайди. Бу таомиллар кейинги авлодлар томонидан инкор этилмай, мамнуният билан қабул қилинса, қадрланса, ижодий қирралар қўшилиб давом эттирилса, улар шу миллатнинг том маънодаги миллий анъаналарига, қадриятларига қўшилиб кетади.

Бундай қадриятлар миллатнинг кундалик ҳаётида, маданияти ва маънавиятида, онгу шуурида, ўзаро маданий мулоқотида, бошқаларга бўлган муносабатида, қисқаси, ҳар бир ташлаган қадамида ўз ифодасини топади. Шунинг учун ҳам мутафаккирлар бежизга қадриятлар миллат маънавиятининг кўзгуси дейишмайди.         

Инсоният тарихида жамият тараққиёти бир текис кечмаган. Шунинг учун ҳам юз бераётган ижтимоий-тарихий ҳодисаларга турлича муносабатда ёндашиш натижасида инсонларнинг дунёқараши, турмуш тарзи, менталитети шаклланиши баробарида, миллий қадриятлар ҳам такомиллаша борган. Миллий қадриятлар ҳар бир миллатнинг тили, урф-одатлари, тарихи, маданияти, анъаналарини, барча моддий ва маънавий бойликларини, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча томонларини ўз ичига қамраб олади. Шунинг учун ҳам қадриятлар миллатларнинг маънавий қиёфасини акс эттиради.

Умуминсоний қадриятлар эса инсоният тамаддунининг тараққиёти билан боғлиқ ва умумбашарий аҳамиятга эга. Улар қадр-қимматнинг ардоқланиши, барча миллатлар ва элатларнинг тинч -тотувлик асосида турмуш кечириши, асрлар давомида аждодлар томонидан яратилган моддий ва маънавий бойликларни асраб-авайлаш, илм-фан ривожига ҳисса қўшиш, тинчликни сақлаш, қирғин қуролларини ишлаб чиқаришни ва синовларини тўхтатиш, она-ер бойликлари, табиатини муҳофаза қилиш, уларни ривожлантириш ва бошқа шу кабиларда ифодаланади. Умуминсоний қадриятлар айрим бир миллат ёки элатнигина эмас, ер юзида яшаётган барча халқларнинг умумманфаатларини акс эттиради.

Халқимизнинг асрлардан асрларга ўтиб келаётган, ўзи туғилиб ўсган она юртига – Ватанга муҳаббат, ўз тақдирини туғилган юртисиз тасаввур қила олмаслик, аждодлар хотирасига садоқат, меҳмонга, ўзидан катталарга эҳтиром, ўзидан кичикларга иззат-икром, айниқса, ота-она, қариндош-уруғларга доимий беғараз ҳурмат ва хизмат кўрсатиш, бировнинг ҳақига, айниқса, етим-есирларнинг, қўни-қўшниларнинг, ожизларнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, аксинча уларга моддий кўмаклашиш ёки ҳомийлик қилиш, ўз шодлигу қувончларини бошқалар билан баҳам кўриб тўйлар қилиш, орттирган мол-дунёсидан хайр-эҳсон қилиш, ҳар қандай шароитда ҳам ҳаё ва андиша сақлаш, аҳли аёли – оиласини асраб-авайлаш, эътиқодда мустаҳкамлик, турмушда ҳалоллик ва покликка алоҳида эътибор бериш, ҳаёт манбаи бўлган ер, сув, меҳнатни қадрлаш, туз ва нонни эъзозлаш сингари жуда кўплаб инсоний фазилатлар миллий қадриятларимизнинг асосини ташкил этади. Афсуски, халқимиз асрлар давомида эъзозлаб келган бир қатор қадриятлар кейинги бир асрдан кўпроқ вақт ичида жамият ҳаётидан қувғин қилиниб, халқ хотирасидан ўчиришга ҳаракат қилинди. Ўн тўққизинчи асрнинг охирларига келиб мамлакатимиз ўз мустақиллигини бой бериши, айниқса, йигирманчи асрнинг бошларидан қарийб унинг охиригача давом этган шўролар даври миллий маданиятларнинг, миллий тилларнинг, миллий қадриятларнинг, диний эътиқодларнинг поймол этилишига, хўрланишига, нафақат қадриятларнинг ҳатто инсон қадрининг ҳам буткул оёқ ости қилинишига олиб келди.

Минг шукурки, она юртимизда Мустақилликка эришилган дастлабки кунларданоқ заҳматкаш халқимизнинг тарихий хотирасини, қадимги урф-одатлари, анъаналари, қадриятларини тиклаш ва эъзозлаш, муқаддас қадамжоларни асл ҳолига қайтариш бўйича улкан ишлар амалга оширила бошланди. Бу жараёнда фақат тубжой аҳолисинигина тили, дини ва қадриятларини тиклаш, ривожлантириш билан чекланилмасдан, шу юртда истиқомат қилувчи юздан ортиқ миллат ва элатларнинг ҳам нодир қадриятлари камол топишига эътибор қаратилди. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида «миллий тикланиш», «қадриятлар», «миллий ғоя», «ўзликни англаш», «ижтимоий адолат», «миллий онг», «миллий ғурур», «миллий ифтихор», «инсонпарварлик» «ватанпарварлик» каби маънавиятимизга дахлдор қатор атамалар пайдо бўлди. Бу атамалар мустақил мамлакатимизда озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон турмушни барпо этишда барчани бирдам ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга чорловчи ғояларни ифодалаш учун хизмат қилмоқда.

Ҳар тўкисда бир айб ёки гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, қадриятларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга қатъий риоя этиш борасида ҳам суиистеъмолликларга йўл қўйиляпти. Интернетнинг ҳаётимизга шиддат билан кириб келиши, ижтимоий тармоқларда ҳар қандай маълумот ёки хабарларнинг яшин тезлигида тарқатилиши авж олаётган шундай бир пайтда қадриятларимиз топталишига олиб келаётган айрим нуқсон ва қусурлар ҳам кўзга ташланиб қоляпти.      

Келинг, биргина одоб-ахлоқ борасидаги қадриятларимизнинг барҳам топаётганига эътибор қаратайлик. Масалан, миллий ва диний қадриятларимизда ота-онанинг қадр-қиммати кўкларга кўтарилганлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Аммо айрим ароқхўр, ишёқмас, танбал фарзандлар ота-онасига ғамхўрлик қилиш ўрнига ёлғиз қолган кекса отаси ёки онасини кексалар уйига элтиб ташламоқдалар, разилроқлари эса ота-онасидан тезроқ қутулиш учун уларга қўл кўтаришмоқда, маънавий ва жисмоний зулм қилишмоқда, ҳатто тавқи лаънатли «падаркушлар»га айланиб қолмоқдалар. Нега?

Фарзанд ота-онанинг дилбанди, ота-онага уларсиз ҳаёт ранг-баранглигининг бир дақиқаси ҳам татимайди. Айниқса, мунис, меҳрибон, гўзал оналар учун.

Аммо бугунги кунга келиб ота дейишга ҳам тил бормайдиган айрим «отачалар» хотинини хиёнатда айблаб, «бу менинг фарзандим эмас», деб ўз пушти камаридан бўлган боласидан шармандаларча воз кечяпти, фарзандларини қон-қақшатиб, оиласини ташлаб кетяпти, рўзғоридаги бор будини бир шиша зормонда ароққа алмашиб, гулдек фарзандлари, хотини ҳаётини зиндон азобига айлантиришмоқда. Ҳар қандай қирғин-барот урушлар, йиллаб давом этган очарчилик, қаҳатчилик, тақчиллик, танқислик, зулм-истибдод авж олган даврларда ҳам аёлларимиз ўз оналик шаъни, аёллик иффати, ҳаё-ибосини, исломий иймон-эътиқодини йўқотмаган, сотмаган эдилар. Эндичи, устида ял-ял ёнадиган атласу кимхоб либослар, турқу таровати бинойидек келишган оқбилак ёш жувонларнинг қаерлардадир эркак овлашлари, оила, ота-она, ака-ука, опа-сингиллари, қариндош-уруғлари, юртдошлари, миллатдошлари обрў-эътибори, номусу орини ерга букиб, уларнинг таъна-дашномларини бир чақага ҳам олмасликлари, айримлари эса касофат қилмишлари туфайли она бўлишдек улуғ бахтдан мосуво бўлиб, никоҳсиз орттирган фарзандиларини кўча-кўй, хиёбонларга ташлаб кетяпти. Ахир ўз фарзанди, жигарбандини-я. Ҳеч бир ҳайвонда йўқ бундай одат аёлларимизда қаердан пайдо бўляпти?!

Халқимиз қадимдан қўшнининг қўшнида ҳақи бор, деб ён қўшниларини улуғлаб келган. Шунинг учун ҳам қўшнилар бир-бирларининг иззат-ҳурматини жойига қўйган. Бирор тансиқ таом пиширса, яқин қўшниларига албатта бир коса илинган, бир-бирларининг ҳолидан доимо хабардор бўлиб турган. Биз-чи, бугунга келиб кўпчилигимиз борди-келди қилиш тугул, ёнимизда яшаётган қўшнимизни, унинг болаларини ҳам танимай қоляпмиз. Ҳатто ойда бир марта ота-онамизни, туғишганларимизни йўқлашни-да, одат қилмаймиз, пайсалга соламиз. Аммо ҳовли қурсак, уйимиз томини қўшнининг томидан икки қарич баландроқ қилмасак, шипи олти метр, хоналари ўнта бўлмаса, кўнглимиз асло тўлмайдиган бўлиб қолди. Аслида ота-боболаримиз янги иморатини қўшнининг яшаб турган биносидан бир қаричча пастроқ қилиб, камтарона қурганлар. Биз нотавонлар эса янги асрга келиб ҳовли-жой, машина, нарса-буюм, молу дунёнинг ҳирсига берилдик, ҳашамат, маишат, исрофгарчиликларга тўла зиёфатлар, кўр-кўрона тақлид ва зўрма-зўракиликка асосланган дабдабали тўй-томошаларнинг қулига айланиб боравердик. Нега?!

Маҳалла — қадимдан қадриятлар қадрланадиган жой. Шунинг учун ҳам бир болага етти маҳалла ота-она, деб бекорга айтишмайди. Аммо биз ўз ишимиз, ўз уйимиз, ўз ташвишларимиз билан шу даражада ўралашиб қолганмизки, ўзимиз маҳалла ишларига кўмаклашиш ўрнига маҳалладан йўқлатсалар ҳам ҳафсаласизлик, лоқайдлик қиламиз, маҳалла тадбирларига бош-қош бўлмаймиз. Маҳаллада ёки бирор оилада фавқулодда бир ҳолат юз бермагунча оқсоқолларга қўшилиб маҳаллани бир айланиб, кексалардан ҳол сўраб, бебош ёшларни тергамаймиз. Нега?!

Қадриятларни қадрлаш борасида айтаман десак гап кўп. Жорий йилнинг январь ойидан бери инсоният бошига катта фалокат – коронавирус номли балойи офат ёпирилди. У ҳам инсоний қадриятлар қадрсизланаётган мамлакатларда жуда авжига чиқмоқда. Минглаб одамлар кўзга кўринмас бу балойи қазони юқтириб бевақт вафот этмоқда. Бир ёмоннинг бир яхши томони ҳам бор деганларидек, ушбу пандемия ҳам йўлдан тойган инсоният учун бир аччиқ сабоқ бўлар. У ҳам бизни ўз қадриятларимизга қараб иш тутишга даъват этар.

Хулоса тарзида айтиш мумкинки, қадриятлар халқимизнинг бебаҳо бойлиги, жамиятимиз, миллатимиз, давлатимиз тараққиётининг асосий омилларидан бири. Шундай экан, азал-азалдан халқимизга хос бўлган миллий қиёфани шакллантирувчи мардлик, тантилик, меҳмондўстлик, саховатпешалик, ўзаро ҳурмат, биродарлик, бағрикенглик, меҳрибонлик, ғамхўрлик каби бетакрор фазилатлар ҳар бир юртдошимиз томонидан амалда эъзозланиши, асраб-авайланиши, ижобий жиҳатлар қўшиб бойитилиши, ривожлантирилиши бахтли келажагимиз учун энг муҳим шартдир.

 

Мардон БОЛТАЕВ,

Самарқад давлат университети доценти.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: