Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
03.03.2020

«АЛИШЕР НАВОИЙ ТУРКИЙ ХАЛҚЛАРНИНГ МАЪНАВИЙ БАЙРОҒИ, ҚИБЛАГОҲИ»

Туркий халқлар маданиятининг тамал тоши, миллий адабиётимизнинг қуёши Ҳазрат Алишер Навоийнинг таваллуд айёми муносабати билан бир гуруҳ маслакдош зиёлиларимиз – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг биринчи ўринбосари, ҳассос шоир Нодир Жонузоқ, профессорлар Шуҳрат Сирожиддинов, Боқижон Тўхлиев, Нурбой Жабборовлар билан биргаликда 20-23 февраль кунлари Боку шаҳрига сафар қилиш бахтига мушарраф бўлдим.

Хайриддин Султоннинг «Мовий нилуфарлар диёри» эссеси, Эркин Аъзамнинг «Манана» ҳикояси, Асқар Маҳкамнинг «Табриз дафтари» туркум шеърларига бўйлаша оладиган сафарнома ёзиш жуда қийин ва мураккаб иш экан. Ҳар кишининг фикри ҳиммати ва билими даражасида бўлишини ҳисобга олган ҳолда, мақолани расмий маълумот ҳамда таассуротлар қисмидан иборат икки бўлимда ёзишга қарор бердим.

Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси мазкур тадбирни юксак савияда ўтказишда катта саъй ва ҳиммат кўрсатганини алоҳида таъкидлашни истардим. Уларнинг Навоий ҳазратларига эҳтироми ҳар бир қадамда намоён бўлди. Элчихона ходимларининг Озарбайжоннинг сиёсий ва маданий элитаси билан дўстона ва самимий муносабатлар ўрнатгани сабаб, Бокунинг марказий хиёбонларининг бирида қад ростлаган Ҳазрат Навоийнинг ҳайкалига гул қўйиш маросимида шеърият ва маънавият муҳиблари, таниқли давлат ва жамоат арбоблари, оммавий ахборот воситалари намояндалари, ўзбек диаспораси вакиллари  тўпланишди. Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжондаги элчиси Шерзод Файзиев тадбирни очиб, сўзни академик Исо Ҳабиббейлига берди. Исо Ҳабиббейли Алишер Навоийнинг туркий дунё адабиёти ташаккули ва ривожидаги беқиёс хизматлари, бу бебаҳо мерос озарбайжон халқи учун ҳам муштарак маънавий хазина сифатида қадрланишини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон делегацияси номидан сўзга чиққан шоир Нодир Жонузоқ Алишер Навоий асрлар давомида барча туркий халқларнинг ягона маънавий байроғи,  маънавий қиблагоҳи бўлиб келганига алоҳида урғу бериб, шеърларидан намуналар ўқиди.

 Тадбирлар дастурига мувофиқ, Озарбайжон Миллий Илмлар академиясида Алишер Навоийнинг ҳаёти ва адабий фаолиятига бағишланган халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди. Анжуман бошланишидан олдин Низомий номидаги  адабиёт институтида Алишер Навоий адабиётшунослик марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов озарбайжонлик олимларнинг навоийшунослик фани ривожига қўшган ҳиссасини муносиб баҳолаб, мазкур илмий-адабий алоқалар ривожланишнинг янги босқичга кўтарилиши давр талаби эканлигини қайд қилиб ўтди. Янги очилган марказга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан 150 номдаги турли илмий ва адабий манбалар совға қилинди.

Анжуманнинг кириш қисми ҳам кутилмаган янгиликларга бой бўлди.  Филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддиновга Низомий номидаги адабиёт институтининг фахрий доктори унвони берилган бўлса, озарбайжонлик олим ва ижодкорлар Акиф Багиров ҳамда Алмаз Улвий хонимлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзолигига қабул қилинди. Сўнгра озарбайжонлик ҳамда ўзбекистонлик олимлар томонидан Алишер Навоий тафаккур дунёсининг турли қирралари тадқиқига бағишланган ўн иккита илмий маъруза тингланди.

Куннинг иккинчи ярмида Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг раҳбари, таниқли ёзувчи Анор-муаллим ҳамда Озарбайжон  тиллар университетининг ректори Камол Абдулла билан учрашувлар бўлиб ўтди. Мазкур учрашувларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Сафар давомида ҳосил этганим таассуротлар билан ҳам ўртоқлашсам: Боку ҳам Тошкентимиз каби гўзал шаҳар экан. Иқлими мўътадил, ҳавоси мусаффо, озода бу шаҳарнинг диққатни жалб қилувчи ва бошкентимиздан афзал жиҳатларидан бири – замонавий ва ўта миллийлигида, деб ҳисоблайман. Шаҳарнинг барча пешлавҳалари озарбайжон тилида, лотин ёзувида эканлиги ҳар қадамда бу мамлакатнинг ҳақиқий эгаси кимлигини эслатиб турди. Озарбайжон ҳукумати 1992 йили лотин ёзувига босқичма-босқич ўтиш ҳақида қарор қабул қилиб, 2001 йилдан бошлаб тўлиқ лотин ёзувида иш юритишга эришган. Тил ва ёзув сиёсатида қатъийлик илм-фан, маданият ва тафаккур тарзи ривожланишига ижобий таъсир кўрсатгани бизни ҳам бу масалага жиддийроқ ёндашишимизга ундайди. Биз кирилчада ёзадиганларнинг манфаатини ўйлаб, лотинчада ўқийдиган ёшларимизнинг эҳтиёжини ҳисобга ­олмадик. Натижада, мактаб ва олий ўқув юртларида лотин ёзуви бўйича таълим олганлар иш жараёнида олган билимлари кераксиз бўлиб қолди.

Тадбиркорларимиз фирма ва дўконлар номларини ажнабий тилда бўлишига туристларнинг манфаатини рўкач қилишади. Бокуда деярли ҳар қадамда ажнабий меҳмонларни учратиб, лотин ёзувидаги миллий тил туристик оқимига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмаслигини кўрдик. Умид қиламизки, яқин йилларда Боку каби бизнинг қадимий шаҳарларимиз пешлавҳаларини ҳам муаззам тилимизнинг шукуҳини кўрсатувчи ёзувлар безайдиган бўлади.

Суҳбатларнинг бирида  Илмлар академиясининг вице-президенти, академик Исо Ҳабиббейли 2019 йили Озарбайжонда Насимий йили эълон қилингани, шу муносабат билан академия олимлари томонидан 36 монография нашр этилганини алоҳида ифтихор билан сўзлаб берди. Келгуси йил Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ҳамда давлатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигини нишонлаш мўлжалланаётган экан, биз ҳам ҳозирданоқ бу қутлуғ санага тайёргарлик ишларини бошлаб, улуғ бобокалонимизнинг меросини тадқиқ ва тарғиб этишнинг йўналишларини белгилаб олишимиз керак, деб ўйлайман. Шоядки, ушбу сана баҳонасида қуруқ тадбирбозлик ва тантаналарнинг ўрнига миллатнинг илмий-маданий ҳаётида из қолдирадиган яхши ва янги тадқиқотлар амалга оширилса.

Албатта, озарбайжон дўстларимиз биздан ўрнак оладиган, ўрганадиган жиҳатлар ҳам кўп. Бунинг учун улар ҳам келиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари билан танишмоқлари лозим. Негаки, биродар халқлар – бир-бири учун бамисоли кўзгу. Шу кўзгуга тик боқиб, фазилатларимиз баробарида, камчиликларимизни ҳам кўриб, уларни тузатиш – давр талаби. Бу ҳақиқатга амал қилсак, ютуқларимиз ютқизиқларимиздан кўра кўпроқ бўлиши табиий.

 

Олимжон ДАВЛАТОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: