18.02.2020

МИЛЛАТНИНГ БИРЛАШУВИ

Илим, маърифатга даъват – жадидча миллий ғоя демакдир

Президентимизнинг парламентга қилган Мурожаатида 2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб дамларида, маърифат машъалини баланд кўтариб чиққан аллома ва адиб Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санасини кенг нишонлаш, умуман, жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Жамиятимиз бугунги мафкуравий курашлар даврида миллий тикланишдан миллий юксалиш сари қадам қўймоқда. Ана шундай бир шароитда жадидчилик намояндалари фикрларини ўрганиш, уларнинг ижодий меросини кенг тарғиб қилиш катта аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари айтганидек, бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топишимиз ҳамда бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади.

Миллий ғоя, фалсафий маъносига кўра, бир миллатнинг бирлашуви ва миллий ўзликни англаб етишни билдиради. Жадидчилик асосчиларидан бири Исмоил Гаспринскийга кўра, миллий ғоя миллат тараққиёти учун зарур ва энг муҳим ишларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган дастлабки пойдеворни яратишни англатади. Унинг фикрича, инсонларни бир ғоя остида бирлаштириш натижасида жамиятнинг ҳар бир аъзоси миллат манфаатини ўзининг шахсий манфаати сифатида қабул қила бошлайди. Натижада миллатга фойда келтирадиган ҳар қандай жамоат ишидан ҳеч ким ўгирилиб кетмайди.

Гаспринскийнинг Туркистондаги энг яқин ҳаммаслаги Маҳмудхўжа Беҳбудийга кўра, қуйи ва юқори мактабнинг ислоҳ этилиши миллатнинг ислоҳ этилишига олиб келади. Ўз навбатида, миллатнинг ислоҳ этилиши – бу миллий ғоя бўлиб, уни тарғиб қилиш миллатнинг ҳар бир вакили учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ёш авлоднинг жаҳон тилларини чуқур ўзлаштириши ўз иқтидорини намоён этишнинг асосий йўлларидан бири. Шундай бўлсада, бугунги кунда жадид маърифатпарварларнинг бошланғич таълимни она тилида беришга мўлжалланган миллий мактабларнинг умуммиллий институтини яратишга қаратилган дастури ўз аҳамиятини йўқотмаган.

 Жадидлар ушбу дастурни тизимли амалга ошириш учун миллат фойдаси учун керакли ва энг муҳим ишларни бажаришнинг асосини белгиловчи “умуммиллий ғоя” ишлаб чиқиш ва уни тарғиб қилиш йўлларини қидирдилар. Ўз навбатида, миллатни бир “умуммиллий ғоя” остида бирлаштириш учун ишга миллат элитасини, яъни жамиятнинг зиёли қатламини кенг жалб қилиш зарур эди. Ушбу зиёли қатламнинг “умуммиллий ғоя”ни тарғиботидаги саъй-ҳаракати, биринчи навбатда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-маданий институтлар ташкил этилишига қаратилиши керак эди.

Жадидлар “умуммиллий ғоя” моҳиятини тушунтирар экан, ушбу ғоя қолган барча ғоялардан юқори туриши ва миллатни улуғлаш, мақсадларни юқори кўтариш, миллатнинг ҳақиқий бирлиги – бу “умуммиллий ғоя”нинг туб моҳиятини ташкил этади, деб қарадилар. Бу ғоя миллатнинг интилиши ва фойдасини акс эттириши лозим. Жадидлар наздида “умуммиллий ғоя” – бу энг олий ва муқаддас бўлиб, шариат қоидаларига кўра энг улуғвор ва қимматбаҳо нарсадир.

Жадидлар миллий ғояни тарғиб қилиш учун энг биринчи восита бўлган хайрия жамиятларини тузишга киришдилар. Туркистонда мусулмон хайрия жамиятларининг тарихи XIX асрнинг сўнгидан бошланади. Самарқанд шаҳар қозиси Низомиддинхўжа ташаббуси остида 1894 йили 1500 сўм маблағ жамланиб маҳаллий аҳоли учун “Дор ул-ожизин” таъсис қилинди. Орадан икки йил ўтиб, 1896 йили Фарғона вилояти Ўш шаҳрида маҳаллий мусулмонлар биринчи “Дор ул-ожизин” ташкил қилдилар. Ушбу “Дор ул-ожизин”нинг молиявий тарафини шаҳар савдогарлари ўз зиммаларига олишган. Юқоридаги маълумотлар Туркистон генерал-губернаторлигида маҳаллий халқ тарафидан ташкил этилган замонавий хайрия муассасалари тўғрисидаги илк газета хабарларидан олишган Бу “Дор ул-ожизин”ларнинг асосий вазифаси шаҳар аҳолисидан ёрдамга муҳтож қатламини иссиқ овқат ва бошпана билан таъминлаш бўлган эди. 1897 йили Бухоро амири Абдулаҳадхон Бухоро шаҳрида кам таъминланган ва ногиронларга мўлжалланган “Дор ул-ожизин” таъсис қилди. Ушбу хайрия муассасасида бериладиган икки маҳал иссиқ овқат амир ҳисобидан амалга оширилган. Айни шу вақтдан эътиборан Туркистонда маҳаллий халқларнинг замонавий мусулмон хайрия тизимида янги давр бошланди.

Туркистонда кенг қамровли замонавий хайрия жамияти таъсис қилиш масаласи биринчи бор 1906 йили “Тараққий” газетасида кун тартибига қўйилди. Ана шундай кенг қамровли мусулмон хайрия жамияти орадан 3 йил ўтиб, 1909 йили 15 июль, айрим маълумотларга кўра, 10 августда Тошкентда “Жамияти Имдодия” номи остида таъсис қилинди. Ушбу муассаса таъсисчилари бошида Тошкент жадидларининг етакчиси Мунавварқори Абдурашидхонов турди. “Жамияти Имдодия”нинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлган:

– маҳаллий халқнинг барча қатламлари таълим олишлари учун турли йўналишдаги мактаблар ташкил этиш;

– йўқсил болалар ва етимларга ғамхўрлик қилиш;

– турли бошпаналар ташкил этиш;

– мусулмон талабаларига моддий ёрдам кўрсатиш ва ҳоказо.

Албатта, ҳар қандай хайрия ишини амалга ошириш учун маблағ, дастак лозим. Шу маънода Беҳбудий матбуот саҳифаларида эълон қилган ўнлаб мақолаларида савдо ва ишлаб чиқариш вакилларини бошланган хайрия ишларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга даъват эта бошлади. У шундай мақолаларидан бирида “турли даврларда тараққиёт ва ислоҳотларни сармоя ва унинг вакиллари дастаклаб келган. Миллатга далда бериш, мактаблар ислоҳи, ёшларимизни Европа олий ўқув юртларига киришларига тайёрлаш, умуммиллий ишларни амалга ошириш учун бизга “Хайрия жамиятлари”, кутубхоналар, жамғармалар, турли тўгараклар, газеталар, журналлар, нашриётлар ва ҳоказолар керак. Миллатнинг тараққиёти мана шу йўл билан амалга оширилади ва бу ишлар учун маблағ зарур. Маблағ эса бизнинг бойларимиз қўлида”, – деб ёзди ва уларни миллатни “уйғотиш”га қаратилган ушбу хайрли ишларни дастаклашга чақирди.

“Жамияти Имдодия”нинг фаолияти жуда оғир кечди. Жамият даромадининг асосини аъзолик бадали ташкил қилгани учун ҳам у таъсис этилганидан бошлаб бир ярим йил давомида янги аъзолар жалб қилиш ва кейинги фаолиятини юргизиш учун маблағ йиғишдан бошқа ҳеч қандай фаолият олиб бормади. Туркистонлик жадидлар Ички Россия мусулмонлари амалга оширгандек садақа ва закотни хайрия жамияти фойдасига жалб қилишга муваффақ бўла олмадилар. Бунинг чуқур ижтимоий муаммолари бор эди. Шаҳарнинг катта бой ва савдогарлари жамоат ишларига бош қўшмадилар ва бундай хайрия ишларига маблағ сарф қилишдан ўзларини тортдилар.

Беҳбудий Туркистон зиёли қатламининг бу тариқа иш тутганини “ҳар ким ўз фойдаси ва шахсий иши билан банд. Бизда умуммиллий ёки диний ва миллий ишлар фойдасига ҳаракат қиладиган одамлар йўқ. Бизда, бошқа миллатларда бўлганидек, миллатнинг тараққиёти учун жон куйдирадиган кишилар йўқ”, деб тушунтиришга ҳаракат қилди.

“Ойина” журналида чоп этилган бир мақолада Туркистон мусулмонлари шартли равишда уч гуруҳга тақсим қилинган эди:

– бадавлат инсонлар: ер эгалари, савдогарлар, ишлаб чиқарувчилар;

– турли контора ёки алоҳида одамлар қўлида хизмат қилаётган ўқимишлилар;

– “миллат” ҳақида умуман тасаввурга эга бўлмаган оддий халқ. Бу тасниф муаллифининг фикрича, агар мана шу гуруҳ вакиллари бирлашса ва тиллари ва диллари билан моддий ва маънавий ёрдам кўрсатса, миллат манфаати ва равнақи учун исталган ишни амалга ошириш мумкин.

Туркистонда миллий ғояни халқ онгига сингдириш ва уни кенг тарғиб қилиш ишидаги оқсашига энг катта тўсиқ миллий матбуотнинг йўқлиги эди. Ички Россия мусулмонлари соф сиёсий ишлар билан шуғулланган вақтларда Туркистон жадидлари ва зиёлилари йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш учун турли жамиятлар тузиш тарғиботини давом эттираётган ёки айрим жойларда энди бошлаётган эдилар. Жадидшунос олим Бегали Қосимовнинг фикрига кўра, Туркистон жадидларининг газета, хайрия жамиятлари таъсис этиш, янги усул мактабларини ёйиш, театр ишлари ва бошқа барча ҳаракатлари бир миллий ғоя учун хизмат қилди. Унинг таъкидлашича, ҳар бир ғоянинг миллий ғояга айланиши учун икки талабга жавоб бериши керак:

– ғоя миллатнинг ҳақиқий эҳтиёжидан, турмуш тарзидан, асрий анъаналаридан ва албатта, имкониятларидан келиб чиқиши керак;

– ушбу ғоя миллат томонидан англаб етилиши, бошқа сўз билан айтганда, миллийлаштирилиши керак. Яъни, ғоя миллатнинг ҳар бир вакили юрагига етиб бориши керак.

Беҳбудий “Аъмолимиз ёинки муродимиз” сарлавҳали мақоласида туркистонликларнинг турли тадбир, тўйларидан тортиб миллий ўйинларигача бўлган ҳар кунлик турмуш тарзини таҳлил қилар экан, халқни кўзини очиб ён-теварагидаги миллатлар ишларига ва қандай яшаётганларига қарашга чақиради. У халқни исрофли тадбирлардан воз кечиб, уларга сарф қилинадиган маблағни иқтисодиётнинг барча тармоқларига миллий кадрлар тайёрлаш мақсадида давлат таълим муассасаларида болаларни ўқиши учун йўналтиришга даъват этади. Беҳбудий бу ҳаракатларини умуммиллий ишлар, олий мақсадлар, хоҳишлар ва интилишлар деб атайди.

Бадиий адабиёт, хусусан шеърият миллий ғоя тарғиботида жуда катта рол ўйнади. Жадид шоирлари биринчи навбатда янги илм, фанни улуғлади ва халқни ушбу илм ва фанларни ўрганишга тарғиб қилди. Улар замонавий илм ва фанга тараққиётга эришишнинг бирдан-бир ягона йўли деб қарадилар. Самарқандлик шоир Сиддиқий-Ажзий шеърларидан бирида туркистонликларни “бир ғоя атрофида жипслашиб, бир йўлдан бормоқни” ва бир “олий мақсад”га интилиб, у учун “курашишга” чақирди.

Туркистонлик жадидлар  энг аввалда мусулмонларга сиёсий ҳуқуқлар берилиш тарафдорлари томонида турмадилар. Сабаб, саводсиз, замонавий илм, маърифатдан бехабар халққа сиёсий ҳуқуқ берилиши ҳеч бир муаммонинг ҳал қилинишига олиб келмаслигини жуда яхши тушунар эдилар. Ўша даврда замон тили бўлган рус тили ва рус қонунларини билмаслик, ва энг асосийси – мусулмонларнинг замонавий билимлардан хабарсизлиги қўлга киритилган барча сиёсий ҳуқуқларни йўққа чиқариши аниқ эди ва “биргина рус маъмури қирқ ўқимишли мусулмонни жиловида ушлаб юришда давом этаверади”. Шунинг учун ҳам Туркистон жадидлари миллий ғояни тарғиб қилишдаги асосий фаолиятлари халқ орасида замонавий илм, маърифатнинг тарғиботига қаратди.

Бухоро жадидларининг мафкуравий етакчиси ҳисобланган Абдурауф Фитрат “Қуръон” сарлавҳали мақоласида миллат тараққиёти хусусида фикр юритар экан, ўз фикрларини илм ўрганишни улуғловчи Қуръон оятлари орқали тушунтиришга ҳаракат қилади. Фитрат Қуръонни исталган миллатни саодатли ва кучли қилишга қодир бўлган ижтимоий қонунга қиёслайди. Бундан ташқари, у мусулмонларнинг ўша вақтдаги аҳволини Ислом динига қадар бўлган арабларнинг “жоҳилият даври”га ўхшатади. Фитрат Қуръонда барча мусулмонлар саодат ва тарққиётга эришиш учун ҳаракат қилишлари кераклигига чақириқ кўради. Мақоласининг сўнгида Фитрат туркистонликларга савол билан мурожаат қилади: “Ажабо, биз ўзимизни инсон деб атаб, ҳақиқий инсон каби ҳаракат қилишни хотирга келтирмаймизми? Наҳотки, биз қиёматгача ўзимизнинг жоҳиллигимизни тушуна олмасак ва сабабларини қидиришга ҳамда уларни ҳал қилиш чораларини топишга қодир бўлмасак?”.

Фитрат яна бир бошқа мақоласида “Биз қандай қилиб тараққиётга эришамиз?” деган саволни ўртага ташлайди. Мақола давомида у Туркистон мусулмонлари тараққиёт йўлини қандай топиш устида бош қотирмаса ҳам бўлади, бизгача бошқа тараққий этган миллатлар барча йўлларни очиб қўйганлар, биз фақат уларни ўз маънавиятимиз, эътиқодимиз ва ўзлигимиздан келиб чиққан ҳолда ўзлаштиришимиз керак, деган ғояни илгари сурди. Ва энг асосийси, Фитрат ғарбнинг замонавий илм-маърифатини ўзлаштиришга бўлган бу ҳаракатнинг мусулмон эътиқодига умуман дахли йўқ эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилди.

Туркистонга Миллат ва Ватан нима эканлигини аниқ тасаввур қила оладиган, ўз халқига, юртига содиқ ўқимишли ва зиёли ёш авлод керак эди. “Садойи Туркистон” газетаси ёзганидек, бу ёш авлод ўзининг хизмати, ҳаракати, ёрдами ва содиқлиги билан ҳақиқий зиёли эканлигини кўрсатиши керак эди.

Туркистон жадидлари миллий ғоянинг самарали тарғиботи учун 1914 йилдан бошлаб турли нашриёт, ширкат ва кутубхоналар ташкил қила бошладилар. Бундай муассасаларнинг асосий мақсади миллий ғоя тарғиботи ва сиёсий ироданинг мустаҳкамланишига хизмат қиладиган газета, журнал ва китобларни нашр қилиш ва аҳолининг орасида тарқатишдан иборат эди. Бунда асосий эътибор ўрта авлод мусулмонлар аудиториясига қаратилди. Ана шундай ташкил этилган муассалар қаторига Қўқондаги “Ғайрат” кутубхонасини, Тошкентдаги “Нашриёт” ширкатини, Бухородаги “Маърифат” кутубхонаси ва “Баракат” кооперативини мисол қилиш мумкин.

Туркистон жадидлари миллатни жисплаштирувчи, ягона йўлга бошловчи миллий ғояни Ички Россия мусулмонларидан олган бўлсалар-да, маҳаллий воқеликка мослаган ҳолда қайта шакллантирдилар ва кенг тарғиб қилдилар. Туркистон жадидлари бошланғич паллада таълим, замонавий билимлар тарғиби ҳамда маҳаллий аҳолининг турмуш шароитини ўзгартиришга қаратилган дастур асосида иш олиб борди. Айнан мана шу масалалар жадидларнинг миллий ғояси асосини ташкил этди.

Жадидларнинг ғоя ва мақсадлари, улар тарғиб қилган фикрлар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганлиги юқорида айтилган фикрлардан ҳам кўриниб турибди. Элга содиқ, Ватанга муҳаббатли, илм-фанга рағбатли, дунёқараши кенг, замонавий билимларни чуқур эгаллаган ёш авлодни тарбиялаш жадид маърифатпарварларнинг ҳам энг юксак мақсадлари эди. Уларнинг фаолияти, ижоди ва ҳаёт йўли билан халқимизни, айниқса ёшларимизни кенг ошно қилиш, жадидлар таъбири билан айтганда, “миллат устуни” бўлган зиёлиларга катта масъулият юклайди. Бундай ишларни кечиктириш эса аянчли, ҳатто ҳалокатли аҳволга олиб келишини яқин ўтмишдаги тарихимиз исботлаб турибди.

 

Зайнобиддин АБДУРАШИДОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент  давлат ўзбек тили ва адабиёти университети проректори, профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: