Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
11.02.2020

НАВОИЙ МЕРОСИ ЭЗГУЛИК МАШЪАЛИДИР

Ҳазрат Алишер Навоий таваллуд санасига бағишланган тадбирлар ғоят кўтаринки руҳда, байрамона кайфиятда мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Давру замон бунёдкорлари, ободлик, илму маърифат ва фарзандлар камоли ҳақида Алишер Навоий асарларидан жуда кўп мисоллар келтириш мумкин:

 

Давронда камол ичра қуёшдин бийик ўлди,

Ҳар зарраки, бир комили давронға йўлуқти.

 

Комил ва камол сўзларидан юксак бадиий санъат яратилган ушбу байтда давроннинг бир улуғ комилидан сабоқ олган ҳар зарра, яъни ҳар толиб камолотда қуёшдан ҳам буюк бўлади, деган ҳикматли фикр ифодаланган.

Президентимиз раҳнамолигида жа­миятимиз тараққиёти учун миллий юксалиш сари дадил қадам босаётганимиз, ҳар соҳада юксак марраларни эгаллаётганимиз комили давронга йўлиққанимизнинг исботи эмасми!.

Алишер Навоий «Бадойи ул-бидоя» номли илк девонининг дебочасида жамият тараққиётининг асослари тўғрисида шундай сўзларни ёзади: «Ва ғараз бу фиҳрастдинким, бу зебо узориға ёзилди, ва мақсад бу дебочадинким, бу раъно рухсориға битилди, ул эрдиким, чун салотиндин қай бириким биное қўйубдурурлар маниъ ва айвоне чекибтурурлар рафиъ, ул бино равоқида ва ул айвон тоқида ўз исмларин таҳрир ва ўз алқобларин танқир қилибдурларким, то ул айвон тоқи бўлғай, ул исм анда боқий бўлғай...

 

Ғараз ул эрдиким, бу қасри олий,

Ки ҳаргиз бўлмағай, ё раб, заволи

Биноедурки, шаҳ бунёд қилмиш,

Замона қасридек обод қилмиш.

 

Буюк мутафаккир бобомиз ўз ижтимоий фаолияти давомида илм-фан эгаллаш, бадиий ижод ва адабиётни ривожлантириш, масжид-мадрасалар қуриш, аҳолини сув билан таъминлаш, солиқларни енгиллаштириш, муҳтожларга моддий ёрдам бериш каби ишларни шахсан амалга оширган.

Ул зотнинг ташаббуси билан бинолар қурилган, боғлар барпо этилган, ҳовуз ва ариқлар қазилган. Алишер Навоий қурдирган Халосия хонақоҳида муҳтож кишиларга озиқ-овқат ва кийим-кечак улашилган.

Ҳазрат Навоийнинг давлат ва жамоат арбоби сифатидаги ибратли фаолиятини Ватанимизнинг бугунги оламшумул ўзгаришлари билан муқояса қилганимизда, Президентимиз ташаббуси билан Алишер Навоий орзу қилган эзгу ва олижаноб инсоний ғояларнинг амалдаги рўёбини кўрамиз. Биргина Адиблар хиёбонидаги янги қурилишларни олайлик. Адиблар хиёбони эндиликда Алишер Навоий ҳайкали билан уйғун бўлиб, яхлит меъморий мажмуа ҳосил қилиши учун ишлаб чиқилган янги лойиҳа асосида саккиз гектардан зиёд ҳудуд қайта таъмирланиб, янада кўркам ва мутаносиб қиёфа касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари яқинда ушбу Адабиёт боғига ташриф буюриб, бу ердаги улуғ адибларимизнинг ҳайкаллари ёнида лавҳлар ўрнатиб ҳамда аудиоёзувлар орқали ҳар бир адиб ҳақида қисқача маълумот бериш, уларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ўтказиш учун қўшимча шароит яратиш зарурлигини таъкидлади. Алишер Навоий ҳайкали гумбазини безатиш, ҳудудни ободонлаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Адиблар хиёбони ва Алишер Навоий ҳайкали жойлашган ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида чуқур мазмун бор. Навоий бобомиз қибла томонга қараб турган Адиблар хиёбонининг бир томонида «Тошкент сити»нинг осмонўпар бинолари, шаҳар ичра янги замонавий шаҳар, иккинчи ёнда Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудидаги 9 гектар майдонда океанариум, 10 минг кишига хизмат қиладиган замонавий истироҳат боғи бунёд этилиб, барчани ҳайратга соладиган меъморий ва маънавий мўъжизалар бунёд этилмоқда.

Янги давр ислоҳотлари юртимиз ҳаётининг барча жабҳаларида бўлгани каби миллий адабиётимиз ривожи ва жаҳон миқёсидаги тарғиботига кенг имкониятлар яратмоқда. Рақамли иқтисодиёт ва янги технологиялар замонида мумтоз ва замонавий адабиётимиз намуналари нуфузли халқаро китоб кўргазмаларида намойиш этилмоқда, интернет тармоқлари орқали олам аҳлига узатилмоқда.

Ўз давридаёқ жаҳоншумул довруқ қозонган Навоий бобомиз асарлари бугун ҳам кўп тилларга таржима қилинмоқда, хорижий давлатларда нашр этилмоқда. Жумладан, «Уммондан дурлар. Ғазаллар, ҳикматлар ва рубоийлардан намуналар» Йўлдош Парда, Л. Кметюк ва Қ.Маъмуров томонидан инглиз ва немис тилларида Германияда, «Ғазаллар» китоби Муродхон Эргашев, Жан Жак Гате таржимасида Францияда, «Фарҳод ва Ширин» достони Украинада, «Мезо-ул авзон» асари, ғазал ва рубоийлардан тартиб берилган китоби Венгрияда, «Лисон-ут тайр» достони Януж Кжижовский таржимасида Польшада, «Фарҳод ва Ширин» достонининг Туркияда чоп этилган нашрини эса истеъдодли ижодкор Аъзам Обид инглиз тилига таржима қилган. Бироқ бу таржималар уммон томчисидан ҳам кам. Асосий қилинадиган улуғвор ишлар ҳали олдинда. Алишер Навоий ижодини жаҳон миқёсида ўрганиш давом этади.

 

Навоий сенга ҳар бир тун керак бўлгай,

Агар шодсан ва ё маҳзун – керак бўлгай.

Агар ошиқ эрурсан – лолазорингдир,

Агар Лайлосану Мажнун – керак бўлгай.

Агар уммон билан суҳбат қурай дерсан,

Агар ўзни десанг Жайҳун – керак бўлгай.

Билай дерсан надир кўнгил биноси ҳам

Надир одам, надир очун – керак бўлгай.

Навоий осмондир, осмонийдир,

У гардун ичрадир гардун – керак бўлгай.

Сенинг бу оламинг фисқу фасод бирлан,

У бир оламдурур гулгун – керак бўлгай.

Навоийнинг Ватан янглиғ қиёси йўқ,

Ватан янглиғ сенга ҳар кун керак бўлгай.

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири.

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: