11.02.2020

НАВОИЙ СИЙМОСИГА ЭҲТИРОМ

Ҳар йили 9 февраль – буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий таваллуд санаси мамлакатимизда катта тантана билан нишонланиши яхши анъанага айланган. Жорий йилда эса ушбу қутлуғ сана янада кўтаринкилик, ўзгача шукуҳ билан адабиёт, маънавият, илм-маърифат, дўстлик айёми сифатида ўтказилди.

Шоир номи билан юритилувчи Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига туташ ҳудудда бобомиз ҳайкали қад ростлаган майдонда Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Эрта тонгданоқ бу маскан давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, сенаторлар, депутатлар, миллий маданий марказлар, ижодий ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, ёзувчи-шоирлар, олимлар, адабиёт ихлосмандлари, ёшлар, нуронийлар билан гавжум бўлди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқалар мамлакатимизда миллий адабиётимизга, таълим-тарбияга эътибор кўрсатиш, устоз-муаллимлар меҳнатини ардоқлаш, санъат ва маданиятни равнақ топтириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар янгича руҳ, ўзгача шиддат билан йўлга қўйилганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан китобхонликни кенг оммалаштириш, одамлар дарду ташвиши билан яшаш, ҳаётимизни янада фаровон этиш борасидаги кенг қамровли ислоҳотларда буюк алломаларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш, асарларининг моҳиятини содда, равон тарзда ёшларга етказиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу жиҳатлар миллий адабиётимиз, она тилимиз, маънавиятимиз равнақига бетимсол ҳисса қўшган даҳо бобомиз – Навоий ижодини ўрганишда, хорижий илмий марказлар, университетлар, музей ва архив фондлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишда ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида ҳам Навоий бобомиз улуғлаган, асарлари мазмун-моҳиятига айланган ғоялар – ёшлар камолотига, таълим-тарбиясига эътибор, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоялаш, илм-фанни тобора равнақ топтириш, шу орқали юртни янада обод этишга оид ишлар кўлами тобора ортмоқда. Президентимиз Мурожаатномасида тилга олинган "ҳалоллик вакцина"си айнан Навоий, Бобур сингари алломаларнинг асарларидаги поклик, одамийлик, тўғрилик даъватида мужассам.

Тантанали тадбирда озарбайжонлик навоийшунос олим, халқаро Бобур мукофоти соҳиби Рамиз Асқар, ­афғонистонлик шоир ва ўқитувчи, ­навоийшунос Тошқин Баҳоий, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, моҳир шоир ва таржимон Николай Ильин ­Навоий меросининг умрбоқийлиги, жаҳон ёзувчи ва шоирлари, олим ва тадқиқотчилари учун ҳамиша илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

– Ўн-ўн беш йилдирки, ўзбек адабиёти бўйича тадқиқотлар олиб бораман, – деди озарбайжонлик ­навоийшунос олим, халқаро Бобур мукофоти соҳиби Рамиз Асқар. – 2009 йилда "ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси"ни нашрга тайёрладик. Унда кўплаб ўзбек шоирларининг таржимаи ҳоли, ижодидан намуналар келтирилган. 2011 йилда "Бобурнома"ни озарбайжон тилига таржима қилдим. Ўзбекистонда ўтказилувчи навоийшуносликка доир илмий конференцияларда доимий қатнашиб келамиз. Даҳо шоир ижодининг қирралари олимларни замонлар оша яна кўплаб тадқиқотлар, изланишларга чорлаб қолаверади.

– Навоий ва Бобурнинг хоки ётган заминдан келиб, бундай тадбирда иштирок этаётганимдан ғоят мамнунман, – деди афғонистонлик шоир Тошқин Баҳоий. – Ҳазрат Алишер Навоий ижоди барча туркий қавмнинг муштарак меросидир. Агар Ўзбекистонда улуғ зот сифатида унинг таваллуд санаси шу қадар катта тайёргарлик билан нишонланишига сазовор бўлса, Афғонистон халқи учун ул зот ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан муаллим, раҳнамо ва буюк давлат арбоби сифатида нишонланиши керак. Чунки ул зот ташаббуси ва қўллаб-қувватлови билан Афғонистонда кўплаб иншоотлар, сув йўллари, кўприклар, шифохоналар таъмирланди, қурилди, юрт обод бўлди. Афғонистондаги ўзбек халқи қадим замонлардан то ҳозирга қадар Навоий асарларини ўқиш билан савод чиқаради. Яъни, барча мадрасаларимизда ҳазрат Навоийнинг қўлёзма асарлари ёки қадимий тошбосмалардан чиққан ­китоблари дарслик сифатида истифода этилган. Биз Алишер Навоийдан ҳар жиҳатдан қарздормиз.

Тадбирда таниқли актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Темурмалик Юнусов ҳазрат Навоий ғазалларидан ўқиб берди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги Олий адабиёт курси талабалари Алишер Навоий ҳақида қардош турк адабиётшунослари томонидан билдирилган фикрларни ёддан айтди. Ўзбекистон халқ артисти ­Шерали Жўраев томонидан ижро этилган Навоий ғазалига Омон Матжон мухаммас боғлаган қўшиқни тадбир иштирокчилари катта ҳаяжон, олқишлар билан тинглади.

Шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Тантанада Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.

* * *

Шу куни пойтахтимизнинг Навоий кўчасидаги Ўзбекистон Фанлар академияси Адабиёт давлат музейига туташ ҳудуддаги шоир ҳайкали пойида мушоира бўлиб ўтди. Унда Афғонистондан келган ўзбек шоир ва ёзувчилари ҳам ўз ижодидан намуналар ўқиди. Ўқувчи-ёшлар улуғ мутафаккир ғазалларини ўзбек, рус, инглиз тилларида ёддан айтди.

– Ўзбекистонда Навоий ҳазратларининг таваллуд айёмлари ғоят кўтаринки руҳда нишонланаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз, – деди афғонистонлик шоир Ғуломсахий Вакилзода. – Афғонистоннинг Кобул, Мозори Шариф, Ҳирот каби шаҳарларида ҳам ул зотнинг таваллуд айёмлари нишонланади. Орзу шулки, бундай ижодий тадбирлар янада кўпроқ ўтказилса, ижодий ҳамкорлигимиз бардавом бўлса.

Бу каби тадбирлар мамлакатимиз миқёсида бўлиб ўтди.

 

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: