Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
23.12.2019

ЎЗБЕКИСТОНДА ҚОЗОҒИСТОН ЙИЛИ: БУЮК ДЎСТЛИК РУҲИ БАРДАВОМ

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида бошланган маданий-маърифий, гуманитар, сиёсий, илмий алоқалар Ўзбекистонда Қозоғистон йили муносабати билан ўтган тадбирларга уланиб кетди. Бу тадбирлар икки халқ, бир тану бир жон бўлиб кетган элларимизни янада яқинлаштирди. Ҳамкорлик тадбирлари халқларимиз ўртасидаги азалий дўстликни мустаҳкамлаш ва улуғлашдек муштарак мақсадларга хизмат қилди.

Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг ўтказилиши стратегик шериклик муносабатлари, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлаш кучайиб бораётганидан дарак. Бу халқларимиз ўртасидаги абадий ва самимий дўстлик, маданий ва маънавий яқинликнинг намоён бўлишидир.

Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида туризм, маданий-гуманитар, иқтисод соҳаларида кўплаб тадбирлар, маърифий учрашувлар, турли фестиваль ва ижодий кечалар ўтказилди. Икки мамлакат санъат намояндаларининг ўзаро ташрифлари амалга оширилди.

Термиз шаҳрида ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивалида қозоғистонлик Улжан Байбусинова иштирок этиб, Гран-при мукофотини қўлга киритди, Ўзбекистон давлат санъат музейида Қозоғистон музейларининг “Буюк дашт: тарих ва маданият” номли кўргазмаси, икки томондан 220 га яқин тадбиркор иштирок этган VI Ўзбекистон – Қозоғистон бизнес-форуми ўтказилди.

“Қозоғистон – Ўзбекистон: ҳамкорликнинг янги қирралари” номли китоб кўргазмаси, Қозоғистон таълим кунлари, Қозоғистоннинг “Салтанат” давлат рақс театрининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида концерти ва “Астана опера” театри жамоаси томонидан қўйилган спектакль, “Ўзбеккино” МА ва “Қозоқфильм” АЖ билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Қозоғистон киноси кунлари ўтказилгани кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Йил давомида қозоқ театрларининг Ўзбекистонга ижодий сафарлари уюштирилди. Ўзбек Миллий академик драма театрида “Абай” спектакли саҳналаштирилиб, Қўстоной вилояти ­И.Омаров номидаги қозоқ театрининг “Хан Кене” ва “Айман-Шолпан” спектакллари намойиш этилди.

Марғилон шаҳрида ўтказилган Халқаро фольклор мусиқа фестивалида Қозоғистондан “Астар” жамоаси иштирок этиб, “Аждодларнинг унутилаётган урф-одатларини тараннум этгани учун” номинацияси билан тақдирлангани ҳам эсда қоларли, муҳим тадбирлардан бири бўлди.

Бугунги кунда мамлакатларимиз олий таълим тизимида ҳамкорлик мустаҳкам асосларга эга. Мамлакатимиздаги мактабларда қозоқ тили ўқитилади, олий таълим муассасаларида қозоқ тили, математика, физика ва бошқа фанлар бўйича педагог кадрлар тайёрланади. Бир қатор лойиҳалар асосида ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда.

Мамлакатимизда Қозоғистон адабиёти ва маданияти марказининг очилиши эса мустаҳкам ҳамкорлик ифодасидир.

Ўзбекистонда Қозоғистон йилига катта тайёргарлик кўрилди. Икки мамлакатнинг турли соҳа вакилларига ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, билим ва тажриба алмашиш учун янги йўл очилди.

Қозоғистон йили доирасида амалга оширилган ҳар бир лойиҳа, ҳар бир янги қадам кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда беқиёс аҳамиятга эга бўлди.

...Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Ақтўти Раимқулова сўзга чиқди.

Азиз Абдуҳакимов мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида самарали чора-тадбирлар амалга оширилаётганини қайд этди. Савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш йўлида ҳам муҳим қадамлар қўйилгани таъкидланди.

– Бизнинг маданиятимиз бир, – деди Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Ақтўти Раимқулова. – Биз ўзбек халқини оға-ини, дўсту ёр, биродар деб биламиз. Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг кенг нишонланиши икки эл ўртасидаги маданият, ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Кўплаб маданий тадбирлар, икки мамлакат санъат усталари ва театр жамоаларининг ижодий сафарлари ташкил этилди. Ҳар томонлама ҳамкорлик мустаҳкамланди ва дўстлигимиз бундан кейин ҳам давом этади.

Тадбир катта концерт дастури билан якунланди.

 

Барно МЕЛИҚУЛОВА,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: