Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
19.11.2019

Шараф ва масъулият

Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 10 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонида Самарқанд давлат университети зиммасига катта вазифа юклатилди

Фармонда университетимизга юксак ишонч билдирилиб, мамлакатимиз олий таълим муассасалари байроқдори бўлиш ва халқаро ташкилотлар рейтингида жаҳон олий таълим муассасалари орасида биринчи 500 таликдан жой олиш вазифаси белгилаб қўйилди.

Илмий-техника инқилоби жараёни шу даражада шиддат билан ривож олмоқдаки, унинг ютуқларидан самарали фойдаланиш катта билим ва куч талаб қилади.

Албатта, кейинги йилларда таълим ислоҳотлари йўлида кўп хайрли ишлар амалга оширилди. Соҳага оид баҳс-мунозараларда халқимиз вакиллари ва таълим-тарбия мутасаддилари томонидан бир қатор фойдали таклиф-мулоҳазалар айтилди ва бу жараён давом этмоқда. Аммо бу ҳали таълим тизимидаги барча муаммоларнинг ечими топилди, дегани эмас.

Таълим соҳаси ҳуқуқий, илмий-методик ва моддий-техник таъминоти борасида кейинги уч йилда мисли кўрилмаган даражада қайта қурилди, тегишли ҳужжатлар қабул қилинди. Уларнинг ижросини таъминлаш эса кўпчиликка, соҳа вакилларининг ҳаммаси аравани баравар тортишига боғлиқ. Ваҳоланки, муҳтарам Президентимиз «Бугун таълим-тарбия соҳасида, ҳурматли ўқитувчи ва мураббийларимиз, фарзандларимиз ҳаётида янги давр бошланмоқда. Бу даврни янада чуқур маъно-мазмун билан тўлдириб, миллий юксалишга эришиш фақат ва фақат ўзимизга, шу йўлда ҳамжиҳатлик билан қаттиқ меҳнат қилишимизга боғлиқ»лигини айтиб турибди.

Маълумки, Концепцияда олий таълим тизими, шунингдек, ­Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари олдига ўта жиддий вазифалар қўйилган. Ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш, назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига ўтиш ва охир-оқибатда, олий таълим мазмунини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш. Бу айтишга осон, бажарилиши қийин вазифа. Аммо бажарилиши шарт бўлган вазифа.

Бизнинг ривожланиш тамойилларимизга кўра, давлат бош ислоҳотчи, албатта. Аммо давлат ва жамиятнинг ажралмас бир бўлаги сифатида соҳа мутасаддилари – биз, ўзимиз бир четда  томошабин бўлиб турсак, қандай бўлади? Ахир, қарс икки қўлдан чиқмайдими?

Кўп йиллик кузатувларимдан келиб чиқиб айтаман: олий таълим тизимида ислоҳотларни жадал амалга оширишга тўсиқлик қилаётган омиллардан бири айрим профессор-ўқитувчиларимиздаги лоқайдлик, ташаббуссизлик, кузатувчилик йўлини тутаётганидир.

Шу пайтга қадар ишлаш шароитимиз яхши эмас, ойлигимиз кам деган, баҳоналарни эшитар эдик. Энди нимани важ қилиб кўрсатамиз, билмадим. Кейинги уч йилда ойликларимиз бир неча бараварга ошди. Чўнтагимиз пул кўрди, тирикчилигимиз яхшиланди. Лекин негадир айримларда бунинг шукронаси сезилмаяпти. Ахир, фаоллашишимиз ҳам шунга яраша бўлиши керак эмасмиди?

Бунинг устига, такрор-такрор айтилаётган, қатор танқидий мақолалар ёзилаётган бўлишига қарамасдан, талабаларга баҳо қўйишдаги нохолислик ҳамон барҳам топган эмас. Буни ота-оналар ҳам, илтимосчилар ҳам тушуниб етишлари керак. Кимнингдир ёрдамидан, қўллаб-қувватлашидан умидвор бўлган талаба ёлчитиб ўқимайди.

Мана энди бир нарса яхши бўлди. Фармонда олий таълим муассасаларининг академик мустақиллигини таъминлаш кўзда тутилган. Ушбу ҳужжат доирасида алоҳида Низом ишлаб чиқиш мумкин бўлар. Низом талабларига мувофиқ, бошқача айтганда, меҳнатига қараб ҳақ ола бошлагандан кейин ишга бўлган муносабати ўзгарар. Амалдаги қонунлар доирасида моддий ва маънавий рағбатлантиришнинг табақалашган тизими ишлаб чиқилар. Ҳарқалай, буни яқин келажак кўрсатади. Аммо бир нарса – олий ўқув юртларига бериладиган бу имтиёз муассаса раҳбарининг ваколати ва жавобгарлигини ошириши аниқ.

Шу каби мустақиллик таълим муассасаси ичида, сўрови ҳам шунга яраша бўлса, масалан, жамоат салмоғи сезилмайди. Касаба уюшмаси, Ёшлар иттифоқи, Оқсоқоллар кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, Жамоатчилик кенгаши ва ҳоказо. Университет раҳбарияти ҳамиша кадрлар танлашда қийналади. Шу масалада Касаба уюшмаси ёки Оқсоқоллар кенгаши ёрдам берса, ҳар бир факультет, кафедра кесимида кадрлар лаёқатини ўрганиб чиқиб, тавсиялар киритса қандай бўлар экан? Ахир, асосий иш қуйи ячейкаларда амалга оширилади-ку! Ёшлар иттифоқи Президентимизнинг беш ташаббуси ижросини ёки бўлмаса, баҳолаш тизими назоратини ўз қўлларига олишса, бу борада тушадиган ариза-шикоятларни ўзлари ҳал қилишса, нур устига аъло нур бўларди!

Профессор-ўқитувчилар орасида хотин-қизлар ҳам салмоқли ўринга эга. Хотин-қизлар қўмитаси уларнинг фаоллигини ошириш устида бош қотирса маъқул эмасми? Таъбирингиз жоиз бўлса, биз тадбирбозлик билан кўп шуғулланаяпмиз ва буни асосий ишимиз, деб билаяпмиз. Аслида барча жамоат ташкилотлари ўз ваколати доирасида фаолиятини жонлантириб, университет раҳбариятига яқиндан кўмаклашиши лозим эмасми?

Айрим профессор-ўқитувчиларнинг тамагирлигидан ҳам қутулиб бўлмаяпти. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидай, йиллар давомида шаклланган бу иллатлардан бирданига халос бўлиш қийин кечяпти.Аммо талабалар, ота-оналар уларнинг орқасидан нималар дейишини бир кўз олдиларига келтиришса, ёмон бўлмасди.

Фармонда муассаса раҳбарларига берилган мустақиллик бу борада ҳам кескин чоралар кўришга имкон беради, деб умид қиламиз.

Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригида «бугунги кун ўқитувчиси универсал мутахассис, ҳам ўргатувчи, ҳам ўрганувчи бўлиши, яъни ўз устида тинимсиз ишлаши, доимо изланиб яшаши керак», деган гапни айтдилар ҳақ гап.. Назаримда, айнан мана шу жойда ҳам биз оқсаяпмиз. Университет таълими хусусиятларидан келиб чиқиб, талабаларга ҳар бир фан йўналишида фундаментал билим беришга ҳаракат қилишимиз керак. Бу эса, биздан нафақат муайян фаннинг назарий асосларини пухта билиш, айни пайтда, шу соҳадаги янгиликлардан ҳам муттасил хабардор бўлиб боришни тақозо этади. Замон ёшлари кимнинг орқасидан эргашишни яхши билишади, деб ўйлайман.

Фармонда, юқорида тилга олинганидек, кредит-модуль тизимига ўтиш вазифаси юклатилаяпти. Ҳали кўпчилигимиз бу ҳақда тушунчага эга эмасмиз. Олий таълим муассасаларида таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштиришни назарда тутувчи “Университет 3.0” концепциясини жорий этиш мўлжалланган.

Табиийки, мазкур фармон ижроси юзасидан қиладиган ишларимиз ниҳоятда кўп. Унинг машаққатига бардош бера оладиганларгина тизимда ишлай олади. Бунинг акси бўлсачи? Албатта, ундайлар ўз ўрнини  бошқаларга бўшатиб беришга мажбур бўлади. Ҳарқалай, замон бир амаллаб кун кечирадиганларнинг, бугун ўтса бўлди, эртага бир гап бўлар, деганларнинг замони бўлмай қолди. Буни чуқур англаб етган ҳолда, таълим соҳасида фаолият олиб бораётган ҳар бир зиёли руҳий покланиш ва фаоллашиш йўлини тутиши керак. Таълим тизимида ишлаш, устоз ва мураббий деган юксак номга сазовор бўлишнинг бошқа йўли йўқ.

 

Суюн КАРИМОВ,

Самарқанд Давлат университети профессори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: