08.10.2019

БЕШ ҚИТЪА ПОЛВОНЛАРИ БЕЛЛАШУВИ

Термизда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий XIV халқаро турнир якунланди.

Мамлакатимизда ҳар икки йилда ўтказилаётган мазкур турнирда бу йил жаҳоннинг 48 давлатидан 200 га яқин полвон иштирок этди.

Термиз шаҳридагиАлпомишўйингоҳи  томошабинлар билан тўлди. Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов халқаро турнирнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиқиб, Президентимиз раҳнамолигида курашни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди ва иштирокчиларга муваффақиятлар тилади. Анъанавий турнир очиқ, деб эълон қилинди.      

Шундан сўнг Ватанимиз мадҳияси янграб, давлатимиз байроғи кўтарилди. Ёшлар, таниқли санъаткорлар ижросида куй ва қўшиқлар янгради. Чанқовуз садоси оламни тутди. Бахшилар айтишуви меҳмону мезбонларга манзур бўлди.

 Дастлаб ёш ва фахрий полвонларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш қилинди.  Кейин эса учта гиламда беллашувлар бошланди. Унда ўғил болалар 55, 66, 73, 81, 90, +100 килограмм вазн тоифасида куч синашган бўлса, қизлар 48, 57, 70, +78 килограммда ғолиблик учун курашга киришди.

Совринли ўринлар учун кураш Республикамиз вакиллари ва Вьетнам, Индонезия, Греция, Ҳиндистон, Хитой, қўшни ­Қозоғистон ва Тожикистон ўртасида кечди.

  Йигирма йилдан буён ушбу мусобақаларда иштирок этаман, — дейди мусобақа бош ҳаками, кураш халқаро ассоциацияси ҳакамлар ҳайъати раиси Рави Капур жаноблари. — Ўзбекистон иккинчи ватанимга айланган. Курашни қанчалик севсам, навқирон диёрингиз ҳам юрагимга шунчалар яқин бўлиб қолган.

 Ҳиндистонда ҳам курашнинг оммавийлигини таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз.  Кураш эндиликда Бутунҳиндистон мактаб ўйинлари дастурига  ҳам киритилгани унинг  ихлосмандлари йил сайин ортаётганидан далолат беради.

 Аввал ҳам бир неча марта Ўзбекистонда бўлганман, — дейди бразилиялик фахрий меҳмон, кураш бўйича жаҳон чемпиони Александр Кацурагий. — Ўз даврида Термиз гиламларида кураш тушганим бугун кўз олдимда гавдаланди. Бу миллий спорт тури кишига завқ-шавқ беради. Шукуҳи ўзгача бўлгани учун ҳам миллионлаб мухлису ихлосмандларга эга бўлди. Келажакда мазкур турнирга яна келмоқчиман.

 Мусобақага қитъамиздаги ўнга яқин давлатдан 30 дан ортиқ полвон ва мутахассис ташриф буюрди, — дейди Африка кураш конфедерацияси бош котиби Жиан Офакэм Энанак жаноблари. — Ҳозирги кунда кураш Гаити, Камерун, Нигерия, Конго, Непал ва бошқа мамлакатларда ҳам ривожланмоқда. Кўплаб ёшларимиз аллақачон унинг сир-асрорларини мукаммал ўрганган бўлса, яқин келажакда уларнинг сафи янада кенгайишига ишонаман.

Турнирнинг иккинчи куни гиламга мутлақ вазн тоифасидаги полвонлар чиқишди. Дастлабки баҳсларданоқ Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Беларусь, Эрон, Аргентина, Грузия ва Тожикистон Республикаларидан келган алп  йигитлар мутлақ вазнда асосий даъвогар эканлиги маълум бўлди. Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда учинчи ўрин тожикистонлик Дадахон Қурбоналиев ва эронлик Жафарий Пахловонийларга насиб этди.

 Бош соврин учун Ўзбекистоннинг икки номдор полвони Болтабой Болтаев ва Муҳсин Ҳисомиддинов гиламга чиқишди. Қизғин кечган баҳс якунида Болтабой Болтаев устун келди ва ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб ўтказилган бу йилги турнирнинг мутлақ ғолиби, деб топилди.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: