Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
01.10.2019

Ўтган 8 ой давомида 4,3 миллиондан ортиқ хорижлик сайёҳга

854,5 миллион долларлик туризм хизматлари кўрсатилган

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда туризмни ривожлантиришда Президент фармон ва қарорларининг ижроси хусусида маълумот берилди.

— Республикамизда туризм салоҳиятини янада ошириш, хорижий ­сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи ­Абдулазиз Аккулов. – Хусусан, мамлакатимизда илк бор Ўзбекистонда 2019-2025 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унда 2025 йилга қадар соҳа ривожининг асосий йўналишлари, мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида юртимизга жорий йилнинг ўтган 8 ойида 4,3 миллиондан ортиқ хорижлик сайёҳ ташриф буюрди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26,7 фоиз кўпдир. Сайёҳларга 854,5 миллион долларлик туризм хизматлари кўрсатилди. Ўтган йилга қиёслаганда туризм хизматлари экспорти 28 фоиз ўсди. Ўтган давр мобайнида соҳага оид қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Виза режими тубдан ислоҳ қилиниб, соддалаштирилди. Қўшимча тарзда яна 47 мамлакат фуқаролари учун визасиз режим татбиқ этилди. Бугунги кунда электрон виза олиш имконига эга мамлакатлар 77 тани ташкил этмоқда. Икки ва кўп маротабали электрон виза бериш тизими жорий этилди. Ушбу кўрилган  чоралар натижасида жорий йилнинг 8 ойида виза режими бекор бўлган мамлакатлардан ташриф буюрувчи туристлар сони ўртача 56 фоизга ўсди.

Бундан ташқари, туризм тармоғига маблағларни кенг жалб қилиш мақсадида инвесторларнинг меҳмонхона қурилиши учун сарфлаган маблағларини Давлат бюджетидан қоплаш бўйича Низом тасдиқланди. Субсидия ажратиш жараёни шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида эса меҳмонхоналарнинг сертификация жараёнига «KPMG Audit» ва «Ernst Young» каби нуфузли халқаро компаниялар жалб этилган. Дастлабки субсидия жорий йилнинг октябрь ойида ушбу халқаро компаниялар иштирокида тоифа олган 6 меҳмонхонага ажратилиши кутилмоқда. Уч юлдузли меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 40 миллион сўм, тўрт юлдузли меҳмонхоналар учун 65 миллион сўм миқдорида маблағ давлат бюджетидан қопланади.

Аҳолини туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, бу борада яратилган имкониятлар натижасида республика ҳудудларида 750 оилавий меҳмон уйлари ташкил этилди.

Жорий йилнинг 8 ойида 3,8 минг хонага эга жами 164 жойлаштириш воситалари барпо этилди. Бугунги кунда 24 мингдан ортиқ хонага эга жами 1 минг 78 жойлаштириш воситалари фаолияти йўлга қўйилган

Йил якунига қадар 6,5 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 15 фоиз кўпдир.

Шунингдек, 2018 йилда 106 меҳмонхона ташкил этилган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 800 дан ошди.

Шу боис туризм фаолиятининг асосий субъекти саналган туроператорлар сони 1 минг 400 дан ортади. Бундан ташқари, соҳада фаолият олиб борувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли йўналишларда уларни рағбатлантиришни назарда тутувчи тартиблар ишлаб чиқилади.

Яна бир янгилик, тадбиркорлик субъектларининг туризм соҳасидаги инновацион лойиҳаларини грантлар асосида молиялаштириш, хорижий компанияларнинг мамлакатимизда амалга ошириладиган кино лойиҳалари бўйича харажатларнинг маълум қисми Давлат бюджети ҳисобидан қопланиши, тадбиркорларнинг тематик овқатланиш пунктларини ташкил этишга йўналтирувчи харажатларга кўмаклашиш кўзда тутилган.

Айни пайтда юқори туризм салоҳиятига эга қишлоқ, маҳалла ва овулларга «туризм қишлоғи», «туризм маҳалласи», «туризм овули» мақомини бериш ишлари ҳам давом этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз туризм салоҳиятидан тўла ва самарали фойдаланиш чора-тадбирларини кўраяпмиз. Бу эса иқтисодиётимиз юксалиши, халқимиз турмуши фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Анжуман давомида кўпгина ижтимоий тармоқларда Регистон майдонида, шунга ўхшаган муқаддас саналадиган жойларда байрам дастурлари ўтказилиши ҳақида эътирозлар билдирилгани ва бунга қўмита қандай қараши ҳақида фикр сўралди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Аккулов қўйидагича жавоб қилди:

— Самарқанд ҳам, Бухоро ҳам фақатгина зиёратгоҳ эмас, омма учун очиқ жой. Бундай ҳудудларга даромад манбаи сифатида қаралади, уларни максимал даражада монетизация қилиш биз учун муҳим. Лекин диний томондан муқаддас ҳисобланган нуқталарда муайян қоидаларга риоя этилиши зарур. Бу жиҳатлар ишлаб чиқилаётган низомда қайд этилади, албатта.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг зиёрат туризми бўйича масъул вакили Саидкомил Холхўжаев:

— Табиийки, мамлакатимизга фақат мусулмон динига эмас, балки бошқа динга эътиқод қиладиган сайёҳлар ҳам келади. Шу боис туристларнинг ҳозирги кунда ҳам диний анъаналар амалга ошириладиган биноларда баъзида ноодатий ҳаракатлар қилишлари бўйича мурожаатлар келиб тушмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда нафақат Ислом, балки бошқа диний муассасаларга ҳам сайёҳларнинг кириб-чиқиши, уст-боши, ўзини тутиши билан боғлиқ қатъий тартиблар ишлаб чиқилмоқда. Бу тартиб тегишли биноларнинг барчасига тақдим қилинади. Туристик компанияларга ҳам етказилади. Индивидуал тарзда келадиган сайёҳлар ҳам бундай тартиб-қоида билан таништирилади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси Беҳруз Ҳамзаев:

— Хивадаги минора фонида видео тасвирига олинган блогер қизнинг ҳатти-ҳаракатлари ҳақида ҳам эътирозли фикрлар билдирилди. Бу ҳақда шуни таъкидлаш жойизки, ўша қиз ўз блоги орқали соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилган, шунинг учун ҳам шунақа видео олинган. У тушган видео йога тарғиботи. Очиқ кийим эмас, спорт нуқтаи назаридан талаб этилган эластик кийимда бўлган. У турган жой диний характерга эга бўлган бино эмас. Унга ҳар бир жойга борганда нималарга эътибор бериши кераклиги ҳақида маълумот берилган. Талаб этилган жойда керак бўлса, рўмол ҳам ўраган.

Ўзбекистон фақатгина кекса авлод вакиллари, яъни бувижон ва бобожонлар саёҳатга келадиган мамлакат эмас. Бу ерга ёшлар, замонавий одамлар ҳам келади. Келган блогерлар ножўя тасвирларни тарқатишган ҳолларда алоқага чиқиб, тушунтириб, суратларни олдиртирганмиз. Биз ҳам бунга эътибор берамиз. Лекин юртимизга келаётган ҳар битта туристга бағрикенглик билан муносабатда бўлишимиз лозим. Яна шуни қўшимча қилиб айтмоқчи эдим. Бу блогер қиз Австралиядан келган бўлиб, унинг ижтимоий тармоқлардаги обуначиси 6 мингдан кўпроқни ташкил этади. Қолаверса, ушбу давлат аҳолиси жуда бой ҳисобланиб, улар кўпинча бошқа давлатларга саёҳат қилишни хўш кўришади. Ушбу блогер қиз тасвирини кўрган қанчалаб ёшлар Ўзбекистонга саёҳат қилишни режалаштираётган бўлишлари мумкин.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: