23.07.2019

«ЕРТЎЛА» ЧЕМПИОНЛАРИ

Профессионал бокс турнирлари қачон кўпаяди, истеъдодларни кашф этиш қандай бўлади, жаҳон чемпионлик камарларини қачон оламиз, кимларга умид қилсак бўлади?

Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси ҳакамлар ҳайъати раиси, «Safpro» промоутерлик компанияси менежери ва мураббийи Набижон УСМОНОВ билан суҳбат.

 

— Аввало, бокс клубингиз ва ютуқлар ҳақида тўхталсангиз?

— Машғулот залимизни кўп қаватли уйнинг ертўласида ўз кучимиз билан қурганмиз. Қарийб 6 йилдан бери шу ерда жангларга тайёрланамиз. Профессионал боксчиларга катта залнинг кераги йўқ. Сабаби кўп ҳолда 2-3 нафар боксчи билан битта мураббий ишлайди. Ёки 2-3 нафар мураббий бир шогирднинг зарбалари, комбинациялари, оёқ ҳаракатларини кузатиб боради. Унга маслаҳатлар беради.

Биз тайёрлаган боксчилар ҳозирга қадар бир неча промоутерлик компаниялари билан ҳамкорликда катта жангларда қатнашиб келмоқда. Мисол сифатида WBO йўналиши бўйича қитъалараро жаҳон чемпиони Шерзод Олимжонов, WBC йўналишида Европа ва Шарқий Осиё чемпионлик камари соҳиби Зоҳид Худойбердиевни айтиб ўтмрқчиман.

«Ертўла»миздан шу каби кўплаб кучли боксчилар чиқганки, мураббийлар орасида «Бу боксчи «ертўла»данми? «Ҳа, ундай бўлса хавфли экан», сингари гаплар юради. Бу ерни номи «ертўла» бўлгани билан кўриб турганингиздек, шуғулланиш учун имкониятлар яратилган. Бундан ташқари, яқинда залимизни бошдан-оёқ таъмирламоқчимиз.

Ўйлашимча, боксчи учун шароитлар олий даражада бўлиши шарт эмас. Сабаби шу вақтгача ўртаҳол оилалардан кўпроқ боксчилар, чемпионлар чиққан. Чунки улар меҳнаткаш, қийинчликларга бардошли ва ёшлигидан чиниққан бўлади. Қандайдир бир етишмовчилик ҳам уларга ўзгача ҳис-туйғу беради. Ўзи бирор-бир янги машқларни, юкламаларни ўйлаб топади. Ҳамма нарса муҳайё бўлса, спортчининг кўзи тўйиб қолади.

Баъзи бир давлатларда кўрганман, катта ва чиройли залларда барча шароит бор, лекин у ерда боксчи йўқ, натижа йўқ. Нимага бундай? Бу уларнинг ҳамма нарсадан тўйиб қолаётганлиги ҳисобига. Шунинг учун ўйлайманки, шароитлар ўзига яраша бўлиши керак. АҚШ ва Европа давлатларидаги кучли жаҳон чемпионлари ҳам шу каби кичкина ертўлалардан чиққан. У ерга борсангиз кўришингиз мумкин, турли хил клублар ҳозиргача ертўлаларда ўзларига хос кичкина залларда жойлашган.

Бу билан умуман шароит бўлмаслиги керак, деяётганим йўқ. Шароит бўлиши керак, лекин айтмоқчи бўлганим шуки, биз мана шу оддий залдан, оддий шогирдларимиз орасидан ҳам кўплаб чемпионларни чиқарганмиз.

Бугунги кунда Абдулазиз Нажмиддинов, Элдор Саидов сингари ҳаваскор боксда катта натижалар кўрсатмаган, лекин профессионал рингда ўзига хос жанглар ўтказиб, дунё рейтингида олдинлаб кетаётган боксчиларимиз бор. Янги боксчиларимиздан Ҳасан-Ҳусан Тўракелдиевлар 20 август куни Наманганда ўтган бокс кечасида навбатдаги рейтинг жангларини муваффақиятли ўтказишди.

— Жангларга тайёргарлик жараёни қандай бўлади?

— Профессионал боксда ҳар бир боксчи жадвал асосида ўзининг дастури билан шуғулланади. Нимагаки, кимнингдир жанги ойнинг бошида бўлса, бошқасиники, охирига белгиланган бўлиши мумкин. Жангга тайёрланаётган боксчи спарринг вақтида 12 раунд давомида дам олмасдан ишлайди. Ҳар бир раундда унга қарши янги чарчамаган боксчини қўйиб турамиз. Боксчида раундлар оралиғида дам оламан, деган фикр бўлмайди. Шу босқичдан ўтгач, 12 раундли жангга 100 фоиз тайёр бўлади.

Бир йилдан бери «Safpro» промоутерлик компанияси билан ҳамкорлик қиляпмиз. Яқинда Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида енгил — 61,2 килограмм вазнда Абдурасул Исмоилов ҳамда Шоҳрух Ашуров навбатдаги рейтинг жангларини ўтказишди. 6 раундлик жангларда Абдурасул Исмоилов хитойлик Кунг Вангни катта устунлик билан, очколар ҳисобига кўра, мағлуб этган бўлса, Шоҳрух Ашуров россиялик Михаил Лесников устидан яққол устунлик билан ғалаба қозонди.

— Жаҳон чемпиони камарларини қачон оламиз?

— Бир неча йиллардан бери шу вазифа устида ишлаяпмиз. Ўзбек боксчилари, ўзбек мураббийлари, ўзбек промоутерлари Ўзбекистонда машғулотлар олиб бориб, жаҳон боксидаги WBC, WBА, WBO, IBF ва IBO йўналишлари бўйича чемпионлик камарларини барча вазнларда олиш ниятидамиз. Европа, Осиё давлатларида ҳамда боксни юраги бўлган АҚШда боксни қандай ривожланаётгани, машғулот жараёнлари, бокс кечаларини ўтказиш тажрибасини ўзлаштириб, ўзимиздан ҳам янгиликлар қўшиб, бугунги кунда Асқат Абдурашидов каби кучли мураббийлар билан бирга йигитларни жангларга тайёрлаяпмиз.

Яқинда энг оғир вазнда Энтони Жошувани нокаут қилган Энди Руиснинг мураббийи Мэнни Роблес менинг яқин дўстим бўлади. У билан профессионал ҳакамлик ва мураббийликни бир вақтда бошлаганмиз. Сўнгги 10 йил ичида биз кўплаб мусобақаларда, ўқув-йиғин машғулотларида қатнашдик. Ҳеч ким кутмаганди энг оғир вазнда мексикалик Энди Руисни жаҳон чемпиони бўлади, деб. Бўлганда ҳам 4 камарни жаҳон юлдузидан тортиб олди. Айтмоқчиманки, бизда ҳам шу каби чемпион бўлиш ишқида ёнаётган ёшларимиз бор. Бизни ҳам шу каби чемпионлик камарларини оладиган вақтимиз етиб келди.

Оддий мисол: Шерзодбек Мамажонов, деган шогирдим 59, 61 килограмм вазн тоифаларидаги жангларда қатнашарди. Бундан бир неча йил аввал Украинанинг Киев шаҳрида бўладиган бокс кечасига бордик. Шунда унинг рақиби машғулотда жароҳат олди. Жанг қолдирилиши керак эди. Лекин ўша кечада 63,5 килограммда Европа чемпиони, жаҳон рейтингида чемпионликка даъвогар бўлиб турган украиналик Сергей Федченконинг мексикалик рақиби виза туфайли келолмади. Шунда Федченконинг мураббийларидан Шерзодбек Мамажонов билан жанг қилиш бўйича таклиф бўлди. Шерзодбек ўртаҳол боксчи эди. Лекин шу ўртаҳол боксчимиз 8 раундлик жангда қайсидир раундларда ютди, қолган раундларда тенг жанг қилди. Ҳакамлар очколар ҳисобида украиналик боксчини ғолиб, деб эълон қилишди. Бу мисолни бекорга айтмадим. Шу жангдан кейин 3 ой ўтиб, Федченко Мексикада жаҳон даражасидаги боксчи Хуан Мануэль Маркесга қарши 12 раундлик чемпионлик жангида қатнашди. Тўлиқ давом этган жангда кичик устунлик билан Маркес очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонди. 6 ойдан кейин Маркес биласизми кимни нокаут қилди? Мэнни Пакьяони нокаут қилди. Энди тушунтира олдимми нима демоқчи бўлганимни? Бизда бунақа йигитлар жуда кўп. Агар биз ҳам ишимизни тўғри йўлга қўядиган бўлсак, жаҳон чемпионлик камарларини 1-2 йил ичида барча вазн тоифаларида олишимиз мумкин. Бунга ишончим комил.

Энг асосийси, «масаллиғимиз» бор экан, энди гап бизда қолди, промоутерликни кучайтириб, кўпроқ бокс кечаларини ташкил қилишимиз керак. Маблағни тўғри йўналтириб, барчамиз ҳамфикрликда ишлашимиз талаб этилади. Ана шунда йигитларни увол қилмаймиз, халқимизни чемпионлик кайфиятидан баҳра олиш онларини кейинга сурмаймиз. Профессионал бокс бу — пуллик спорт тури. Уни қанча ривожлантирсак шунча кўп фойда оламиз. Мисол сифатида айтишим мумкин: яқинда Мэнни Пакьяо WBA суперчемпионлиги учун Кит Турманга қарши жангдаги ғалабаси эвазига 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги гонорарни қўлга киритди. Унинг рақиби эса мағлуб бўлгани учун 2,5 миллион доллар ишлаб олди. Ўтган йили 16 сентябрда Геннадий Головкин эса Сауль Альваресга қарши реванш жангида 30 миллион АҚШ доллари миқдорида гонорар олган эди. Бу маблағлар фақатгина боксчиларга жангда иштирок этгани учун кафолатланган гонорар холос. Бундан ташқари, улар трансляциялар тушумидан ҳам улуш олишади. Энди бир ўйлаб кўринг ўз мижозларига шу маблағни бераётган промоутерлар қанча фойда олади? Бизнинг промоутерлар-чи?

Бугун бизда ҳам бу даражага чиқадиган йигитлар жуда кўп. Буни 20 июль куни «Safpro» компанияси билан ҳамкорликда Наманганнинг Норин туманида бўлиб ўтган профессионал бокс кечасида ҳам кўрдик. Бундан кейин ҳам вилоятларда ҳар ойда иккитадан бокс кечаси ўтказиш режасини тузганмиз.

— Ўзингизнинг фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз?

— Энг кучли 4 та — WBC, WBА, WBO ва IBF йўналишларида халқаро тоифадаги ҳакамман. МДҲ давлатлари ичида биринчи бўлиб — WBO йўналиши бўйича жаҳон чемпионлик жангини бошқарганман. Сўнгра менежерлик, мураббийлик, промоутерлик йўналишларида ҳам ишладим.

Боксчиларим бор, ишим бор. Шундан бахтлиман. Уларни шуғуллантириб, кўзидаги ўтни кўриб ҳордиқ оламан, жисмоний чарчашим мумкин лекин руҳий озуқа оламан. Кўраяпман дарахтларим ўсаяпти, мева беришга ҳам оз фурсат қолди. Шу билан вақт ўтганини ҳам сезмай қоламан. Ғалабали онлар билан, бокс кечалари орқали халқимизга қандайдир бир озуқа бериш нияти ҳам бизга иштиёқ, куч беради.

Набижон Усмоновнинг шогирдларига айтганларидан:

— Василий Ломаченко, Александр Усик, Мэнни Пакьяони олинг, улар ҳар куни мазза қилиб юрмайди. Соатлаб ўзини устида ишлайди. Агар ишламаса, эртага миллионлаб пул келтираётган бизнесини йўқотиб қўйиши мумкин. Буни улар билади. Нима бу? Профессионаллик. Инсонни кечасию-кундузи хаёли фикри касбида, ўзини устида ишлашда бўлиши керак. Сизларда ҳам ана шу ҳиссиёт уйғониши керак. Уйғонмайдиган бўлса, сиз ҳеч ким эмассиз. Жаҳон чемпионлари ҳам худди сизларга ўхшаган одам. Лекин улар бошқалардан фарқли ўлароқ кўпроқ меҳнат қилади. Шунинг учун ўз устингизда ишлашдан тўхтаманглар. Машғулот тугагандан кейин ҳам қолиб ишлайвериш, ишлайвериш, хатоларни устида ишлайвериш лозим. Бир зарбани қайтар, қайтар юз марталаб қайтар. Ҳозир шу ишни қилмасанг, кейин кеч қоласан. Эртага каттароқ рейтинга чиққандан сўнг жанглар бир-бирига уланиб кетаверади. Сизлар шунга тайёрланиб кетаверишингиз талаб этилади. Бугун тўғри урушни ўрганмасангиз, спаррингда рақибингизни қийшиқ урасизда жангдан олдин жароҳат оласиз ва шу билан сизларга қилинган барча меҳнат куяди.

Мэнни Пакьяо биринчи нима иш қилганини, қандай шуғулланишини биласизларми? Ахлат ташиган, бакалашка йиғган, мана бугун у меҳнатини орқасидан қанақа даражага эришди. Бир ярим соат ўзини қиздириб олгач, 5-6 соат машқ қиларкан. Шунинг учун сизлар ҳам чарчадингизми енгилроқ машқ қилиб дамингизни олинг-да кейин яна давом эттиринг. Ойнани олдида такрорланглар. Оёқ ҳаракатини, барча зарбаларни идеал даражага олиб чиқинг. Буни сиздан ҳеч ким ўтказиб қилолмасин. Эртадан кечгача сизни ёнингизда мураббий туриши шарт эмас. Мураббий хатоларингизни айтади, тушунтиради. Чемпион бўламан, деб келдингми иштиёқ билан шуғуллан, мақсадга ет. Бўлмаса, ўзингни ҳам, мураббийни ҳам вақтини олма. Бошқа иш билан шуғуллан.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Шаҳбоз САИДОВ суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: