04.09.2018

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ ҚАҲРАМОНЛАРИ

Тошкентда тантанали кутиб олинди

Барчамиз 15 кун давомида спортчиларимиз Индонезияда қандай юксак маҳорат, жасорат, ватанпарварлик намуналарини кўрсатганларини ҳаяжон билан, фахр-ифтихор билан кузатдик. Спортчиларимиз шоҳсупага чиқиб, байроғимиз кўтарилаётганда ғурурландик, ҳавасимиз келдименинг фарзандим ҳам шундай спортчи бўлса эди...

21 олтин, 24 кумуш ва 25 бронза жами 70 медалга сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида бешинчи ўриндан жой олган юртдошларимиз 2 сентябрь куни Жакартадан Президентимиз юборган Боинг 787 Dream Liner’а чартер рейсида ватанимизга учиб келишди. Миллатимиз қаҳрамонларини пойтахтимиздаги Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат вакиллари, спортчиларнинг яқинлари, мухлислар ва ОАВ ходимлари кутиб олди. Улар шарафига катта тадбир ташкил этилди. Сўнгра спортчиларимиз махсус ажратилган икки қаватли автобусларда шаҳар бўйлаб Миллий олимпия қўмитасига йўл олишди. Спортчилар у ерда оммавий ахборот воситалари ходимлари билан мулоқот қилишди.

Ўғлим 12 ёшидан бошлаб бокс тўгарагига қатнаша бошлаган, — дейди Жасурбек Латиповнинг онаси Матлубахон Латипова. — Биринчи устози Абдулҳафиз Эгамов бўлади. У боксга борганидан сўнг ҳаётини тартибга солиб олди. Вақтида ухлади, вақтида турди, дарсини ҳам, машғулотларни ҳам ўз ўрнида қиларди. Аввал туман, вилоят кейинчалик Республика мусобақаларида кўп бор ғолиб бўлди. Отасининг умри қисқа экан. Ўн саккиз йил аввал оламдан ўтди. Яккаю ёлғиз ўғлимнинг юртимиз шуҳратини кўкларга кўтарганидан, юрт корига ярайдиган инсон бўлиб камол топганлигидан ғурурланаман. У Осиё ўйинларига кетишдан аввал, оила даврасида «Мен албатта, ғалаба билан қайтаман», деганди ва сўзининг устидан чиқди.

Ушбу Осиё ўйинларида қитъамизнинг энг кучли каноэчилари иштирок этди, — дейди Осиё Ўйинлари ғолиби Вадим Менков. — Шу боисдан ҳам бу мусобақага алоҳида тайёргарлик кўргандим. Ғалаба қозонсам, тўртта Осиё ўйинларида чемпионликка эришган ягона спортчига айланишимни билардим. Мураккаб вазифани уддалаганимдан жуда ҳам хурсандман. Осиё ўйинларидаги ғалабаларимиз мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрамига муносиб совға бўлди, деб ўйлайман.

Шоҳсупада иккинчи бўлиб турибманми, демак ҳали қиладиган ишларим бор, хатоларни тўғирлаб, олдинга қараб ҳаракат қилишим керак, — дейди Осиё Ўйинлари кумуш медали совриндори Оксана Чусовитина — Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Сизнинг қандай тайёргарлик кўрганингизни мусобақа ва унинг якуний натижаси кўрсатиб беради. Менда ҳали ушалмаган бир орзуим ва мақсадим бор. Унга эришишни жуда-жуда истайман. Еттита Олимпия ўйинларида иштирок этган бўлсам-да, Ўзбекистон учун медаль олиб бера олмаганман. Ватаним учун Олимпиада медалини тақдим этиш менинг энг асосий мақсадимдир. Шу йилнинг ноябрь ойидан Олимпия ўйинлари учун саралаш мусобақалари, яъни Жаҳон кубоги босқичлари бошланади. Ўша мусобақалар орқали биз рейтинг очколари тўплаб борамиз. Ўз олдимга мақсад қўйдимми, уни албатта амалга ошираман. Ўтган йили декабрь ойида мамлакатимиз Президенти билан учрашгандим. Улар шундай сўзларни айтдики, мен янада руҳланиб кетдим. Республикамиз раҳбари мени кузатмоқда, мени қўллаб-қувватлаб турибди. Ушбу ишончни оқлаш, мен билан фахрланишлари учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Осиё ўйинларида қўлга киритган ушбу медалимни айнан Президентимиз Шавкат Мирзиёевга бағишлайман ва у кишига каттадан-катта раҳмат айтиб қоламан.

Барча боксчиларимиздан медаль кутгандик ва ҳаммамиз уларнинг натижасидан қониқдик, — дейди бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийи Тўлқин Қиличев. — Миразиз Мирзахалилов ва Бобоусмон Ботуров ўзига хос кашфиёт бўлди. Уларнинг қўлга киритган натижалари кейинги мусобақалар учун мустаҳкам пойдевор ҳисобланади. Мусобақадан аввал қозоғистонлик боксчилар қийинчилик келтириб чиқаришини кутгандик. Аммо Шимолий Корея боксчиларининг тайёргарлиги анча яхши экан. Шунингдек, мезбон Индонезия вакиллари ҳам яхши рақобат қилишди. Шуни айтиб ўтишим мумкинки, бизда авлодлар алмашинуви ҳеч қандай муаммоларсиз ўтади. Сабаби захирамиз жуда кучли, захирадаги болалар ўз навбатини кутиб турибди.

Энди Токио 2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик расман бошланди. Умид қиламизки, икки йилдан сўнг кунчиқар юртда ўтказиладиган Олимпия ўйинларида ҳам Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, ушбу зафарли юришларни давом эттирадилар.

Мамлакатимизда спортни ривожлантириш учун яратилаётган шароит ва имкониятлар, спортчиларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик бунга асос бўлади.



Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.