Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
24.07.2018

ХАТТОТЛИК НОЁБ САНЪАТ

Бундан беш аср олдин ёки подшолар бир-бирига мактуб ёзганда...

Башариятнинг бебаҳо буюк кашфиётларидан бири — маънавий эҳтиёж сифатида юзага келган ёзувнинг ихтиро қилинишидир. Агар ёзув бўлмаганда ўтмишни бугун билан, асрларни асрга, даврларни даврга, аждодларни авлодларга боғлаш ҳам мумкин бўлмас эди. Ёзув мозийнинг кўзгуси, маданиятимиз тарихининг очқичидир. Ёзувларда халққа хос бўлган донишмандлик ва нафосат акс этган бўлади. Халқимиз ўз кечмиши давомида турли хил ёзувларни истифода этган. Оромий, бақтрий, сўғд, Хоразм ёзуви, Ўрхун-Энасой, қадимги уйғур ва араб ёзувларидан фойдаланган. Уларнинг орасида энг кўп фойдаланилгани араб ёзувидир, жуда катта тарихий, адабий мерос айнан шу ёзувда сақланиб қолган. Бу ёзув ўзининг шаклу шамо­йили билан кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортган. Шу аснода унинг турли хил шакллари пайдо бўлган. Кўфий, риқъа, девоний, сулс, шикаста, райҳоний, насх, таълиқ, нас­таълиқ хатларида қадимий битиклар, ёдгорликлар етиб келган.

Ўтмиш адабий меросимизни китоб ҳолида арабий ёзувда етиб келишида хаттотларнинг ҳиссаси катта. Табризий, Султонали ­Машҳадий, Абдужамил котиб сингари хаттотлар Алишер Навоий ва ­Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини тайёрлашда ибрат бўлгани каби, Ҳабибулло Солиҳ, ­Муҳаммад Нури ва Сайфиддин Сайфуллоҳ ўғли Рафиддиновлар бугунги кун хаттотчилик анъанасини давом эттирмоқда. Ҳар бир хаттотлик мактабининг анъаналари мавжуд бўлган. Бу эса Марказий Осиё хаттотлик мактабининг ­ривожланишига ўз ҳиссасини қўшган.

Ўтмишда хат турларининг ҳар бири махсус ўринларда қўлланилган. Кўфий хати нақшин безак ўрнида фойдаланилган, насх ­хати, асосан китоб матнларини ­кўчиришда, сулс хати ёдгорлик обидалар пештоқ ёзувлари ва лав­ҳаларда, тавқиъ хати имзода, риқъа хати мактубларда ишлатилган. Бу етти хат услубининг ҳар бири ингичка — хафий ва йўғон — жалий қаламларда ёзилишига кўра 14 хил хатни ташкил қилади.

Яхши ёзилган хат киши кўнглини кўтаради. Шунинг учун ҳуснихат билан ёзилган ва кўчирилган китоблар ниҳоятда қадрланган, аждодларимизнинг нодир асарлари мана шу ноёб санъат тури ор­қали авлодларга етиб келган. Лекин афсуски, мазкур нафис санъат тури бугунги кунда оғир аҳволда. Юртимизда хаттотлик шаклан бору, мазмунан йўқ, яъни аксарият хаттотларимиз мактаб кўрмаган, хаттотлик назариясини билмайди. Профессионал хаттотлар эса бармоқ билан санарли. Яқинда Тошкент шаҳрида «Ҳикматлар олами» номли I Республика хаттотлик фестивали бўлиб ўтди. Унда юртимиздаги барча хаттотлар иштирок этди. Фестивалга олиб келинган ишларда имло хатолар кўп, хатлар қолипига, ўлчовига тўғри келмайди. Баъзи бир хаттотларимиз ишида сулс хатини насх хатига, девонийни настаълиққа алмаштириб қўйган ҳолатлар ҳам учради.

Барча хатнинг ўз назарияси, алоҳида қоидаси бор. Хаттотлар ишларини мазкур қоидалардан чиқмаган ҳолда ёзиши керак. Бундай ишлар эса кам миқдорда. Лекин бизнинг ютуғимиз шу бўлдики, мазкур фестиваль орқали хаттотлар ўз камчликлари ва хатоларини билиб олишди. Мана бу ери ўхшамаган, қолипга тушмаган, деб ўргатдик, кўрсатдик. Энди улар ана шу камчликлар устида ишлашади ва кейинги фестивалгача тажрибаси анча ошади. Фестивалдан хулосам шуки, хаттотларимизга назарий билимлар олиши учун бадиий адабиётлар тарқатишимиз ҳамда кучли хаттотлар томонидан уларга мастер-класс ва учрашувлар ташкил қилиш лозим. Ўрта асрлар хаттотлик мактабларини яратган устозларимиз унинг назариясини ҳам ёзиб қолдиришган. Улар Қўлёзмалар институтида бугунги кунгача сақланади ва аксарият қисми тўлиқ ўрганилганича йўқ. Мазкур мерос асосида хаттотларга назарий билим ва кўникмалар беришда фойдаланиш керак.

Хаттотлик мактабларини қайтадан жонлантириб, 500-600 йил олдинги Амир Темур, Алишер Навоий давридаги даражага етказиш лозим. Амир Темур даврида 40 дан зиёд хаттот саройда ишлаган. Масалан, девоний хатида девонлар қоғозга туширилган. Подшолар бир-бирига мактубларни девоний хатида ёзган. Настаълиқ хатида бадиий асарлар кўчирилган. Тазкиралар, тарихлар ҳаммаси насх хатида ёзилган. Ҳар бир хаттот ўз вазифасини бажарган.

Бугунги кунда Камолиддин ­Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида махсус хаттотлик ва миниатюра бўлими бор. Уни тугатган талабалар тарихий битикларни реставрация қилиши, масжидларнинг пештоқидаги ёзувларни хаттотлик услубида ёзиши, тарихий манбаларни ўрганиши мумкин.

Биз хаттотлик тўгаракларини мадрасалардан бошлаганимиз яхши. Чунки у мадрасада ўқувчиларга араб алифбоси ўргатилади. Ҳозир республикамизнинг ҳар бир вилоятида мадраса бор. Лекин уларда хаттотлик дарслари ўтилмайди. Ҳеч бўлмаганда, ҳар бир мадрасада хаттотликка қизиқувчилар учун алоҳида гуруҳ очиб, уларга хаттотликдан таълим бериш керак. Кадрлар масаласини ҳам ўйлаб кўриш лозим бўлади. Бухорода Абдуғофир Раззоқ Бухорий бор. Таниқли хаттот. У киши сулс, настаълиқ хатида жуда гўзал ёзади ва талабаларга хаттотликни ўргатади. Ана шундай инсонларни мадрасаларда таълим ­бериш учун жалб қилиш керак.

«Ҳунарманд» уюшмасидa хаттотлик бўйича устоз-шогирд ­мактабини ташкил қилмоқчиман. Мазкур мактабда профессионал хаттотлар етишиб чиқади. Ўқитувчиларга маош, талабаларга стипендия тўланади. Унда ўқиш учун ўқувчилар биринчи навбатда араб имлосидан хабардор бўлиши керак. Ёшлар алоҳида, катта ёшлилар алоҳида гуруҳга бўлинади. Кучли қори бўлиши, 30 порани ёд билиши мумкин. Лекин у ўзидан ке­йин нимани қолдиради, қорилигини ўзи билан олиб кетади. Ёзиб қолдирса, у қарор топади. 100-200 йил ўтгандан сўнг ҳам авлодлари «Бобом ўз қўллари билан бизга ёзиб қолдирган экан», деб ўқийди ва ҳаққига дуо қилади. Дуо унга етиб боради. Хаттотликнинг ана шу тарафлари борки, у бу дунё охирати учун ҳам ўрганилади.

Ҳозир Қуръони каримни 70 см — 1 метр ҳажмда кўчиряпман. Насиб бўлса, уч-тўрт йилда тугатаман. Мендан кейин ишимни набирам Абдулазиз Салимжонов давом эттиради, унга бор билимимни ўргатяпман. Набирам 7-синфда ўқийди ва турли кўргазмаларда қатнашган. Яқинда бўлиб ўтган I Республика хаттотлик фестивалида энг ёш хаттот номинацияси билан тақдирланди.

Сўзимнинг охирида хулосам шуки, хаттотлик санъатини ривожлантирсак, қуйидагиларга эришамиз:

Биринчидан, ота-боболаримиз ўз вақтида бу илмда дунёда пешқадам бўлишган. Ўша пешқадамликни яна қайтариб олиб, улардан қолган бебаҳо мерос бўлган нафис санъатни давом эттирган бўламиз.

Иккинчидан, халқимиз тарихи, ижтимоий-сиёсий ва моддий-маънавий аҳволоти 1300 йил мобайнида араб алифбосига асосланган ёзувда ёзиб келинган. Бу ёзув сирларини англаш, хат жиҳати ва имло хусусиятларини ўзлаштириш ор­қали эса биз халқимизнинг узоқ асрлик тарихи, маданияти, санъати, тили ва адабиёти, ёзма ёдгорликлар, қадим қўлёзмалар, ўн минг­лаб тарихий обидаларимизни чуқур ўрганиш имконига эга бўламиз.

 

Салимжон БАДАЛБОЕВ,

Туркияда ўтказиладиган анъанавий халқаро хаттотлик мусобақасининг икки карра совриндори.



DB query error.
Please try later.