15.02.2018

УНУТМАҒИЛ БУРУНҒИ ЁРЛАРНИ...

Дунё тарихида бир қўлда қилич, бир қўлда қалам тутиб, ҳам сиёсатда, ҳам маданиятда етакчилик мақомини сақлаб келган халқлар унчалик кўп эмас. Шукурларким, ўзбек халқи манглайида кўплаб маърифатли ҳукмдорлар битилган. Қилични қаламга бўйсундирган, барча амалий фаолиятини раиятнинг кўнгил мулкини обод қилишга бағишлаган, ҳақиқий саодат моддий фаровонлик билан эмас, маънавий бойлик туфайли қўлга киритилиши мумкинлигини англаган бир қатор ҳукмдор аждодларимиз дунё тамаддуни тарихида фақат илм-фан ва маданият ҳомийси сифатидагина эмас, балки ана шу маданиятнинг фаол яратувчиси сифатида ҳам ўчмас из қолдирганлар. Ана шундай табаррук зотларни эслаганда шоҳ ва шоир, темурийзода Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг номи биринчилар қаторида ёд этилади.

Бобурнинг инсоният тарихида бунчалик ёрқин из қолдиришига асосий сабаб — унинг беназир шахсиятида. Бобурнинг қисматида жуда кўплаб хатолик ва мағлубиятлар заҳрини тотиш, хиёнат ва сотқинликлар гувоҳи бўлиш битилганига қарамасдан, у ҳар бир мағлубият ва муваффақиятсизликдан кейин кулдан қайта яралган қақнус қушидек куч-қувватга тўлиб, оловда тобланган пўлатдан мустаҳкам ва кескир руҳияти билан олдига қўйган мақсадлар сари дадил одимларди. «Бу олам аро ажаб аламлар кўрдим», деб аламини қаламдан олган дарвешмашраб подшоҳнинг битиклари ёлғон оҳ-воҳдан холи, дард ва ғуссага тўла сатрлардир.

Сиртдан қараганда, Бобурдек олийнасаб зотларга ёлғизлик тушунчаси ёт бўлиши керак. Лекин «Бобурнома»ни, Бобурнинг рубобий ғазалларини ўқиган киши инсоннинг ижтимоий мав­қеи қанча юксалса, унинг атрофида хушомадгўй ва лаганбардор, манфаатпараст ва ёлғончи, каззоб ва мунофиқ зотлар кўпайиб боришига иқрор бўлади. Гоҳида камсуқумлик, баъзида ғурур йўл бермай, ҳақиқий фидойи дўсту ёрлар ўзини чеккага олишидан фойдаланиб, ялтоқланадиган, лаҳзада минг рангда турланадиган, асли заҳардан-да қаттол бўлган ширинзабонлик ва хушомад­гўйлик билан манфаат кўришни ҳаётий маслакка айлантирадиганлар дўстлик даъвосини қила бошлашади.

Инсон хато қилувчи бандадир. Ҳамма вақт ҳам дўстни душмандан ажрата оладиган, умрида бирор марта хато қилмаган киши, бир шоир лутф қилганидек, ё одам эмас, ё бу оламдан эмас. Бобур ҳам муваффақиятли дамлар чоғи сохта дўстлар теграсида бўлиб, омад юз ўгирган пайтларда ёлғизланиб қолганда дардкашлик туй­ғусидан маҳрум кимсаларга қарата айтади:

Бедард ҳабиб билмади дардимни,

Туфроқча кўрмади руҳи зардимни.

Мендин неча кўнглида ғубори бўлғай,

Кетдим муна, эмди топмагай гардимни.

Аммо ҳақиқий дўстларнинг фироқи осон кечмайди. Изтироб, соғиниш, иштиёқ, хотиралар кўнгил безовталигини ошириб бораверади. Ҳижрон сўзи бировни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, бор-йўқлигига қизиқмаслик, лоқайдлик каби маъноларни билдиради. Ҳижрон оташида ёнган кўнгилнинг шифоси — қадимий дўстлик ришталарини қайта боғлаш, ёлғизлик дардини дардкаш кишининг суҳбати ва дийдори билан енгиш мумкинлигини жондан ҳис этган шоир узоқларда қолиб кетган, аммо руҳият оламида ҳамиша бир-бирига мадад бўлган дўсту ёрларига қарата шундай дейди:

Гаҳи соғин, не бўлди, зорларни,

Унутмағил бурунғи ёрларни.

Сени кўрмай йироқдин зор бўлдим,

Бирор ёд эт йироқдин зорларни.

Мирзо Бобурнинг маънавий раҳнамоси, шеърият бобидаги увайсий пири — Мир Алишер Навоий ҳам ғазалларининг бирида бу дунёдаги энг улуғ иш — ўзаро дўстлик ришталарини боғлаш эканлигини ажойиб тарзда ифодалаб берганлар:

Олам аҳли, билингизки, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.

Дўстлик ҳақида жуда кўп шеър­лар ёзилган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам Алишер Навоий ё Мирзо Бобур сатрларичалик таъсир қувватига эга эмас. Назаримда, киши ўзи айтган сўзига қатъиян амал қилмаса, сўзи қанчалик жозибали бўлмасин, таъсир кучини йўқотади. Бобур шеърларининг дилтортарлиги, қалбга муҳрланиб қолишининг асосий омили ҳам ана шунда деб биламан. Тарихда энг ростгўй подшоҳ сифатида ном қозонган бу темурийзода сўз мулкида ҳам кўнглида кечганини ортиқча безаксиз, борича ифодалаш услубига содиқ қолган. Юқоридаги ғазалда агар биз дўстнинг дийдоридан айро қолган нозик қалбнинг нидосини тинглаган бўлсак,шоир мана бу ғазалда муддаоси ҳосил бўлгач, елка ошиб ўтадиган олғирлар, ўткинчи манфаат учун покиза туйғуларни қурбон келтиришга тайёр худбин кимсаларга наф­ратини йўналтиради. Аммо бу нафрат шукроналик оҳанги билан йўғрилган бўлиб, ўз вақтида сохта дўстни танигани учун кўнгилни хуррамлик билан обод тутмоқ лозимлиги айтилган. Ахир, ҳақиқатни анг­лашдан ортиқроқ, ҳақни ноҳақдан, чинни ёлғондан, асилни қалбакидан ­ажратишдан улуғроқ садоат борми дунёда?! Шу сабабли, сохта дўстни фош этиш дамларини байрамдек ўтказишни тавсия қилади шоир:

Ўзни, кўнгул, айш ила тутмоқ керак,

Бизни унутқонни унутмоқ керак.

Айшу тараб гулбуниға сув бериб,

Ғусса ниҳолини қурутмоқ керак.

Кўнгли хиёнат ва сотқинликлардан зада бўлган шоир гоҳида «Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим», деб надомат чекса ҳам, барибир эзгулик ва гўзаллик тантанасига ишонч билан қарайди. Бобур ақидасига кўра, инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши кишилар билан ёр бўлиш, яхшилик улашиш, яхшиликда ном қозонишга ҳаракат қилмоғи лозим. Садоқатли дўстни топмоқ учун эса, инсон энг аввало ўзи дўстлик ва садоқат шартларига риоя этиши шарт. Ўшанда жондек вафодор, кўнгилдек сирлар маҳрами бўла оладиган дўст орттиради. Бу учун эса, ҳар лаҳзаю ҳар соат элга эзгулик улашиш лозим бўлади. Зотан яхши дўстлар ҳам яхши амалларни бажариш йўлида учрагай. ­Бобур ушбу ҳаётий ҳақиқатни англаган ва англатган зот эди:

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин

яхши йўқ,

Ким дегайлар, даҳр аро қолди

фалондин яхшилиғ.

 

Олимжон ДАВЛАТОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори.



DB query error.
Please try later.