26.10.2017

ОЗАРБАЙЖОН ГИЛАМЛАРИ КЎРГАЗМАСИ

Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Миллий маданият марказида мазкур давлат мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан «Оловли замин парчалари» номли кўргазма иш бошлади. Унда Озарбайжонда қўл меҳнати орқали тайёрланган гиламлар намо­йиш этилмоқда. Тадбирда маданият ва санъат олами вакиллари ҳамда ҳунармандлар иштирок этди.

— Мазкур кўргазма Озарбайжоннинг бой маданияти, гилам­дўзлик санъати билан ўзбекистонлик қардошларимизни чуқурроқ таништириш имконини беради, — дейди Озарбайжон Миллий маданият маркази директори Самир ­Аббосов. — Гиламларимиз, озарбайжон халқининг ташриф қоғозидир. Чунки унда юртдошларимизнинг ҳаёти, турмуш-тарзи, маданияти, тарихи, мамлакатнинг такрорланмас ёрқин табиати: мовий осмони ва яшил ўрмонларини, оппоқ қорли тоғлари, кузнинг олтин нафасини акс эттирган, бутун гўзаллигини ўзида жам этган.

Ўзбек халқи Озарбайжон маданиятини ўзига яқин деб билади. Бунинг сабаби, маданиятимиз, адабиётимиз, санъатимиз, тарихимизда ўхшашлик ва яқинлик кўзга ташланади. Икки халқнинг ўзаро дўстлик асосида қурилган муносабатлари, бугунги кўргазмани ташкил этишга имкон берди.

Жорий йилда Озарбайжондаги гиламлар музейи иш бошлаганига 50 йил тўлди. Бугунги кунга келиб, ушбу давлат гиламлари дунёнинг кўплаб мамлакатлари музейлари, саройларининг қимматбаҳо экспонатлари сафидан ўрин олган. Бунга АҚШдаги Оқ уй ва Давлат департаменти, Нью-Йорк Метрополитен музейини, Бостон ва Филадельфиядаги санъат музейини, Франциядаги Лувр, Англиядаги Виктория ва Альберт, Россиядаги Эрмитаж музейини мисол сифатида келтириш мумкин.

— Гиламдўзлик санъати жуда ҳам мураккаб ва қадимий санъат, — дейди Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова. — Ушбу санъат тури ҳақида сўз юритилганда, энг аввало кўз олдимизга бетакрор озар гиламлари келади. Чунки мазкур мамлакат гиламлари дунёга маш­ҳур бўлиб, ўз тарихи, ўз фалсафаси бор. Ўйлайманки, юртимизда мазкур кўргазманинг очилиши икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни янада яқинлашувига ҳамда Озарбайжон гиламларининг сирларини чуқурроқ ўрганишга имкон беради.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.