Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
08.02.2018

АЛИШЕР НАВОИЙ ҚАНЧА АСАР ЁЗГАН?

Филология фанлари доктори, профессор Баҳром Бафоев шоир асарларида ишлатилган сўзларни ўрганиб: «...Эски ўзбек тилида ижод қилинган 24 асарида жами 26 мингу 35 та сўз қўлланган», — деган хулосага келади. Ҳолбуки, олим ўрганган, лекин бу ерда «асар» деб ҳисоблаганларнинг айримлари тўплам ва улар амалда бир неча асарни ўз ичига қамраб олган.

Агар гап шоирнинг бир муқовада жамланган китоблари ҳақида бораётган бўлса, эҳтимол, 30 тача бўлар. Чунки шоирнинг 9 девони, таржима йўли билан яратилган 2 шеърий тўп­лами, жами 6 достони, 2 тазкираси, 3 маноқиби, тил ва адабиёт назарияси билан боғлиқ 3 рисоласи, яна 3 нас­рий-бадиий ва илмий-тарихий асари мавжуд. Шуларни номма-ном санасак, ҳақиқатан ҳам, улар сони 30 га яқинлашади, аниқроғи, 29 та бўлади.

Лекин бор-йўғи икки сатрдангина иборат фард ҳам бир яхлит асар-ку. «Хазойин ул-маоний»даги мавжуд тўрт девоннинг ҳар бирида ғазалнинг ўзидан нақд 650 тадан, жами 2 минг 600 та бор. «Девони Фоний»да жами 556 ғазал мавжуд. «Хазойин ул-маоний»га кирмай қолган ғазалларни ҳисобга олмаганда ҳам, ҳазрат Навоийнинг ўзи девонларига киритган ғазалларининг умумий сони 3 минг 156 тани ташкил этади. Шоир «Лисон ут-тайр»да мероси 100 минг байт атрофида бўлишини айтиб ўтган:

 

Назму насрим котиби тахминшунос

Ёзса, юз минг байт этар эрди қиёс.

 

Алишер Навоий мероси ҳақида гап кетар экан, энг муҳим икки жиҳатни алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.

Биринчидан, бошқа шоир ва ёзувчиларимизга қараганда, Навоийнинг ўзи меросини пухта-пишиқ ҳолда тартибга солиб, китобат қилдириб, келажак авлодларга қолдириб кетган. Чунки умрининг охирларида ёзилган «Муҳокамат ул-луғатайн»да ўзи санаган асарларидан бизгача етиб келмагани йўқ.

Иккинчидан, буюк мутафаккирнинг бутун мероси 1987 — 2003 йиллар мобайнида «Фан» нашриётида 20 жилд сифатида тўлиқ чоп этилди. Модомики, бугун қўлимизда улуғ шоир ва мутафаккир асарларининг мукаммал нашри мавжуд экан, нега унинг асарлари сонини аниқ қилиб кўрсатиш мумкин эмас?!

Келинг, бу ишни орқага ташламайлик-да, ҳозирнинг ўзида масалани ҳал қилиб қўя қолайлик. 20 жилднинг биринчи ва иккинчи жилдларидаги лирик асарларнинг ҳаммаси 3-6-жилдларни ташкил этган «Хазойин ул-маоний»га кирган тўрт девонда бор. Шунинг учун саноқни 3-жилддан бошлаймиз. «Ғаройиб ус-сиғар»да 650 ғазал, 1 мус­тазод, 3 мухаммас, 1 таржиъбанд, 1 маснавий, 50 қитъа, 133 рубоий, яъни жами — 839 асар. Мос равишда, «Наводир уш-шабоб»да 758 асар, «Бадоеъ­ ул-васат»да 740, «Фавойид ул-кибар»да 793, «Хамса»да беш асар, «Лисон ут-тайр» достони, «Мажолис ун-нафоис» тазкираси, «Маҳбуб ул-қулуб», «Муншаот» тўплами (ҳар бири алоҳида-алоҳида битилган 103 мактуб), «Вақфия» асарлари, яъни жаъми — 105 асар.

«Хамсат ул-мутаҳаййирин» маноқиби, «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» ҳолатлари, «Назм ул-жавоҳир» тўплами (255 рубоий), яъни жами — 258 асар.

«Муҳокамат ул-луғатайн», «Мезон ул-авзон», «Тарихи анбиё ва ҳукамо», «Тарихи мулуки Ажам», «Арбаъин» (40 қитъа), «Сирож ул-муслимин», «Муножот», «Рисолаи тийр андохтан» асарлари, яъни жаъми — 47 асар. «Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват» тазкираси, «Девони Фоний» (бош­ланиш қисми) — 270 ғазал, «Девони Фоний» (давоми) — 286 ғазал. «Девони Фоний» (давоми), «Ситтаи зарурия» тўплами (6 қасида — «Руҳ ул-қудс», «Айн ул-ҳаёт», «Туҳфат ул-афкор», «Қут ул-қулуб», «Минҳож ул-нажот», «Насим ул-хулд»), «Фусули арбаа» тўплами (4 қасида — «Саратон», «Хазон», «Баҳор», «Дай»), «Муфрадот» асари, яъни жами — 440 та.

Шундай қилиб, Алишер Навоийнинг ўзи китобларига киритган асарлари умумий сони 4 минг 544 (битта асарни у ёзгани баҳсли экани ҳисобга олинса, 4 минг 543) тани ташкил этади.

«Мукаммал асарлар тўплами»нинг 20-жилдида «Расмий девонларга кирмаган шеърлар» ҳам берилган. Уларнинг сони қуйидагича: 35 ғазал, 4 қитъа, 1 марсия, 1 тахмис, булардан ташқари, турли манбаларда Алишер Навоийга нисбат берилган 14 байт илова қилинган. Агар бу иловалардаги 41 асарни қўшганда ҳам, ишонч билан айта оламизки, Алишер Навоий ўз умри мобайнида 4 мингу 585 та асар яратган.

 

Султонмурод ОЛИМ,

филология фанлари номзоди.



DB query error.
Please try later.