08.02.2018

«ШОҲ САФАРГА ЧИҚСА, ЎЗ ХАЛҚИНИНГ ҲАҚИҚИЙ АҲВОЛИДАН ХАБАРДОР БЎЛАДИ»

Огаҳий ижодида Навоийга издошлик

Алишер Навоий ижодида «Салотинлар зикри» («Одил шоҳ») ҳукмронлиги остида кучли давлат, адолатли жамият қуриш ғояси катта ўрин тутади. У ўзининг «Вақфия» асарида шундай ёзади:

Нафъинг агар халққа бешакдурур,

Билки, бу нафъ ўзингга кўпракдурур.

Навоий ижодидаги «Одил шоҳ» ғоясида келтирилишича, қайси мамлакатнинг ҳукмдори одил бўлса, ўша юртда одамлар тўқ ва фаровон яшайди. Адолатли шоҳнинг ўзи ҳам шон-шуҳратга бурканади, бутун халқ хушнуд бўлади. Бу — халқпарвар ва адолатпарвар ҳукмдорнинг бахтини, саодатини, тахту равонини мус­таҳкамлайди.

Огаҳий ёзади:

Мулку миллатға амин ўлса агар огоҳлар,

Икки олам обрўйин ҳосил эткай шоҳлар.

Яъни, огоҳлар мулку миллатга амин (посбон) бўлса, шоҳлар икки олам саодатига эришадилар.

Қолмағай амният осори агар топса ривож,

Шаҳр аро авбошлар, бебоклар, бероҳлар.

Мамлакат шаҳарларида авбош­лар (бебошлар, дайдилар, саёқ­лар, безорилар), бебоклар (ҳаёсизлар), бероҳлар (йўлини йўқотганлар) кў­пайса, у ерда тинчлик бўлмайди.

Хилофат истасанг Одам киби тарки такаббур қил,

Ки мардуди абаддур ушбу бад хислат била шайтон.

Бу ўринда «хилофат» (ўринбосар) Оллоҳнинг инояти билан боғлиқ маъно касб этади. Қуръони каримнинг «Бақара» сурасида Оллоҳ таолонинг фаришталарга: «Мен ерда Одамни халифа қилмоқчиман», дегани ҳақида оят бор. Демак, ҳазрати Одам зурёди сен ҳам Одам фарзандисан, Оллоҳга муносиб ўринбосар бўлмоқчи бўлсанг, такаббурликни тарк эт, негаки, ўзининг бад хислати билан шайтон мардуди абад-абадий рад этилган, мангу қувғиндадир. Бу каби ўгитни ҳукмдорга очиқ айтиш учун шоир шоҳона амр соҳиби бўлмоғи лозим. Оллоҳ таоло қайси юртни саодатманд этмоқчи бўлса, подшосига билим, олиму фазл, аҳлига шоҳона амр беради.

Халойиқ мушкулини қудратинг еткунча осон эт,

Агар истар эсанг ҳақ мушкулингни айлагай осон.

Агар подшоҳ ўз мамлакатининг гуллаб-яшнаши, ўзининг узоқ умр кўришини ва умрининг охирига қадар тож кийиб, тахтда ўтиришни истаса, ҳузурига арз билан келганларнинг арзини тинглаб, уларни мамнун қилиши лозим. Чунки ўша мамнун одам умрининг охиригача бу ҳукмдорнинг дуосида бўлади, боз устига, ҳаммага унинг таърифини қилади, ўзи садоқат билан хизмат қилади, бошқаларни ҳам сидқидилдан хизмат қилишга ундайди.

Адолат қилинса, мамлакат халқлари тинч ва осуда, фаровон ҳаёт кечиради. Уларнинг яратган бойликлари ўзларига насиб қилади, бировнинг молига бошқа одам кўз олайтирмайди. Борди-ю бирон нобакор чиқиб қолиб, зўравонлик билан бирор кишининг молини ўзлаштирмоқчи бўлса, у адолатли ҳукмдор томонидан жазосини олади.

Огаҳийда Навоийга издошлик фақат бу жиҳатдан эмас, балки мазмун ва ғоя нуқтаи назаридан ҳам яққол сезилиб туради. Фикримизга биргина исбот сифатида унинг «Саёҳатнинг фойдаси ҳақида» маснавийси мазмуни «Маҳбуб ул-қулуб»да сафар ҳақида келтирилган ноёб фикрларга ҳамоҳанг.

Навоий «Азоб ва машаққат тавозеъ ва адабнинг негизидир. Сафар эса ранж-машаққатга сабабдир. Сафар — эритувчи ва куйдирувчи қўрадир. Эриш-куйиш эса эр кишининг вужуд олтинини тоблаб, хом гилдан тозаловчидир», дея сафарнинг фойдаларини санаса, Огаҳий «Кимки, бўлса сукун аро дилтанг, Сайри саҳроға айласин оҳанг. Сайр ўлуб мужиби нишоти онинг, Ортғой ҳар дам инбисоти онинг», дея Навоий фикрларини тўлдириб, сафар хурсандчиликларидан дарак бериб, кишидаги дил тангликларини тарқатиб, инсонга қувват беришини таъкидлайди.

Навоий «Сафар — айрилиққа учраганларни мақсадига етказувчи ва маҳрумларни мурод уйига олиб кирувчидир. Сафар кишиларни олам ажойиботларидан баҳраманд қилади, ғаройиботлар дунёсидан хабардор қилади», деса, Огаҳий қуйидаги мисраларида сафар кўнгил кўзгусига жило беради, орзулар амали аро сайр қилдириб, сафога восил этади дейди:

Зойл ўлуб кудурати қатъо,

Етгуси кўнгли кўзгусига жило.

Комини сайр аро қилиб ҳосил,

Шоҳиди айшға бўлиб восил.

Навоий сафарнинг инсонга нечоғлик фойдали эканлигини гўзал, ҳаётий ташбеҳлар билан исботлаб, сафар қилувчиларни осмонга, юлдузга ва оқар дарёнинг зилол сувларига ўхшатиб, фикр таъсирчанлигини оширса, Огаҳий сафарнинг айнан шоҳлар учун янада фойдали эканини асосли фикрлар билан исботлайди.

Шоҳ сафарга чиқса, ўз халқининг ҳақиқий аҳволидан хабардор, ундан яширилаётган сирлардан воқиф бў­лади, халқини синайди, ўз сиёсатининг халққа таъ­сиридан бохабар бўлади. Ваҳоланки, халқ раҳбари учун бундан фойдалироқ нарса бўлмайди, унинг бу иши халқни ҳам суюнтиради. Огаҳий буни қу­йидаги мисраларга гавҳардек тизади:

Ҳақни-ю халқни қилур хушнуд,

Мундин ортуқ кишига борму суд.

Навоий қаламида гўзал ифодасини топган, Огаҳий услубида ўзига хос сайқалланган бу мавзу бугунги кун учун ҳам ғоятда муҳим аҳамиятга эга. Юқорида келтирилган фикрлар ­Навоий ва Огаҳий ижодидаги ­ҳа­моҳанг­ликнинг кичик бир қиррасигина холос. Бу долзарб мавзу йирик тадқиқотлар доирасида ўрганилса, катта фойда келтиради, албатта.

 

Ирода ЭРНАЗАРОВА,

Самарқанд давлат университети магистри.



DB query error.
Please try later.