12.08.2017

КЕЛАЖАКНИ КЎРОЛГАН ОЛИМ

Ҳабиб Абдуллаев 1947 йил докторлик диссертациясини ёқлаб, ЎзРФА геология институтининг директори бўлганида 35 ёшда эди. Ўша йили у академиклик унвонига сазовор бўлди. 1956 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг президенти бўлганида эндигина қирқ ёшдан ошганди...

Олимнинг бевосита кўмагида катта илм йўлига кирган, уни ўзига устоз ҳисоблайдиган турли миллатга мансуб бўлган кишилар ўнлаб, юзлаб эди. Шулардан бири   академик Обид Акромхўжаев улуғ олимнинг шогирдларига кўрсатган ғамхўрликларини шундай эслаган эди:

— Ҳабиб Абдуллаев Москвада номзодлик диссертациясини ёқлаб келиб, индустриал институтнинг тоғ факультетида доцент бўлиб ишлаётган пайтида мен САГУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) геология-тупроқшунослик факультетининг IV курсида ўқирдим.

1940 йилда биз ўқиётган группа махсус қарор билан Ўрта Осиё индустриал институтининг тоғ факультети ихтиёрига ўтказилди. Шундан Ҳабиб Абдуллаев билан устоз-шогирдлик ришталаримиз янада мустаҳкамланди. Мен кўпинча устознинг уйига бориб, унинг ажойиб суҳбатларидан баҳраманд бўлардим...

1941 йилда уруш бошланди. Тоғ факультетига Москвадан комиссия келиб, юқори курс талабаларининг бир қисмини ҳарбий кимё академиясига, бир қисмини конларга жўнатди. Обид Акромхўжаев Оҳангарондаги кўмир конларини қидириш билан машғул бўлган экспедицияга юборилди. 1944 йилнинг кузига келиб талабаларнинг бир қисми қайтадан тоғ факультетига чақириб олинди ва улар 1945 йилда геолог-муҳандислик дипломига эга бўлишди. Ҳабиб Абдуллаев шогирдини аспирантурада ўқиш­га олиб қолди, лекин у қарамоғидаги онаси, хотини ва қизини ўйлаб, уйига, Оҳангаронга қайтишни режалаштираётган эди. У ерга муҳандис бўлиб борса, каттагина маош олиши ва мунтазам равишда озиқ-овқат билан таъминланиши мумкин эди.

Бу орада Ҳабиб Абдуллаев САИИ (ҳозирги Тошкент техника университети)нинг ректори лавозимига тайинланди ва кейинчалик Республика бошқарув идораларида турли масъул лавозимларда фао­лият кўрсатди.

Бир куни Обид Акромхўжаев шахтада ишлаётганида, ишчилардан бири: «Сени бошлиқ чақираяпти», деди. У шахта бошлиғининг кабинетига секингина мўралади. Не кўз билан кўрсинки, хонада шахта бошлиғи билан Ҳабиб Абдуллаев суҳбатлашиб ўтирарди. Устоз шогирди билан самимий сўрашди. Сўнг «Оббо, қочоғ-эй!» деди. Эртаси куни олим уни ўзи билан Тошкентга олиб кетди.

Шундай қилиб, Обид Акромхўжаев 1947 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг геология инс­титутига кўмир геологияси соҳаси бўйича аспирантурага кирди.

1949-50 йилларда тажрибали нефтчи-геологлар билан бирга Фар­ғона водийсидаги палеоген ва  бўр даври ётқизиқларини синчиклаб ўрганиб, шу соҳада номзодлик ва 1959 йилда докторлик диссертациясини ёқлади. У Ўзбекистон Фанлар академияси геология инс­титутида шу соҳада иш олиб бораётган лабораториялар асосида ташкил этилган нефть ва газ конлари геологияси ва қидириш инс­титути директори бўлиб 30 йилдан зиёд ишлади. Кейинчалик Ўзбекис­тон Фанлар академия­сининг вице-президенти бўлди...

Фаннинг ҳамиша ҳаёт билан мус­таҳкам алоқада бўлиши халқ хўжалигининг юксалишига, аҳоли турмуш шароитининг яхшиланишига хизмат қилиши керак. Ҳабиб Абдуллаев кабинет одами эмасди, республикамизнинг барча вилоятлари, туманларини кезарди. Бу унга узоқни кўзлаб иш қилишида, фаннинг истиқболли режаларини белгилашда қўл келди.

Олим республикада фанни ривожлантириш учун аввало кўплаб илмий кадрлар зарурлигини биларди. Ана шу мақсадда фанлар билан боғлиқ муаммоларни ўрганди, академиклар, профессорлар билан маслаҳатлашди, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олди.

Фикримизнинг исботи учун шуни айтиш мумкинки, республикада 1952 йилда аспирантурада  ўринлар сони 43 та эди. 1960 йилга келиб 400 тага етди. Мутахассислик эса номенклатура бўйича 27 тадан 97 тага кўпайтирилди.  У собиқ иттифоқнинг марказий шаҳарларидаги олий ўқув  юртларининг аспирантураларига республикадан  ёшларни юбориш, айни пайт­да у ерлардаги йирик мутахассисларни Ўзбекистонга ишга жалб этиш масалалари билан ҳам кўп шуғулланди.

«Дўстим Ҳабиб қисқа — бор-йўғи эллик йил умр кўрди, — деб эслаганди академик Ғани Мавлонов. — Лекин ҳавас қилса арзийдиган сермазмун умр кўрди. Ҳабиб Абдуллаевга ўхшаган одамлар юз йилда, минг йилда бир туғилади. Ишонч билан айтаманки, мен у билан бирга, ҳамнафас кечирган ўттиз икки йиллик умрим давомида ана шундай хулосага келганман. Билимдонлик, инсонпарварлик, лафзи ҳалоллик, камтарлик, фидойилик... Ҳабиб шундай хислатлар эгаси бўлган олижаноб инсон эди...».

Ҳабиб Абдуллаев бошчилигида Фанлар академияси қошида қатор институтлар очилди. Масалан, ҳозир республикамиз фахри бўлган йирик илмий марказлардан бири — атом реактори билан жиҳозланган Ядро физикаси инс­титутнинг тўла комплекси, фалсафа ва ҳуқуқ институти, нефть ва газ, сув геологияси, геология инженерлиги каби институтлар ташкил этилди.

— Устознинг дўстлари кўп, душманлари ҳам анча эди, — деб эслаганди Обид Акромхўжаев бир гал суҳбатлашганимизда. — Фанлар академиясига президент бўлганида уни майда буржуа  миллатчилигида айб­лашганини ҳикоя қилганди.

Бу воқеа 1961 йилнинг баҳорида бўлганди. Фанлар академия­си мажлисида ҳамкасблари унинг шаънига туҳмат-бўҳтонларни ёғдиришади. Шунда Обид Акромхўжаев ва Қори-Ниёзий домла аниқ далиллар асосида гапириб, уларнинг туҳматчиликларини фош қилиб ташлашади. Қори-Ниёзий ниҳоятда ҳаққоний, дадил ва шахдам инсон эди. У туҳмат уюштирган нотиқ ёнига бориб шундай деган эди:

— Биласиз, Академияга мен ҳам, сиз ҳам, бошқалар ҳам Президент бўлганмиз, аммо тўғрисини айтишим керак, Абдуллаев биз қилолмаган ишларни рўёбга чиқарди. Академияни янада юқори даражага кўтарди. Сиз эса унинг яхши ишларидан кўз юмиб, туҳмат билан шуғулланаяпсиз. Қани айтинг-чи, бу туҳматларни сизга ким ўргатди?

Қори-Ниёзийнинг бироз қўполроқ ўхшатишидан жаҳли чиққан ҳасадгўйлар эътироз билдирганда, олим уларга қарата:

— Сиз ва булар (у дастлаб сўзлаган икки туҳматчига қўлини бигиз қилиб кўрсатди) ҳақорат ва туҳмат қилсаларинг майли-ку, бизга ҳақ сўзни айтиш мумкин эмас экан-да! — деди асабий оҳангда. — Мен сиз гапираётганингизда жим ўтирган эдим, илтимос, сиз ҳам халақит берманг!

Ҳасадгўйлар ранги бўзариб, «Сиз билан тегишли жойда гаплашамиз!», дея қўлидаги қаламни отиб юбориб, хонадан чиқиб кетади. Ана шу тариқа ҳақиқатни қарор топтиришга кўп қийинчиликлардан кейин эришилган.

Ҳабиб Абдуллаевга уюштирилган фитналарга давлат бошқарувида катта лавозимда ишлаган Титов деган шахс «партиявий раҳбарлик» қилган. Миллатнинг  гули бўлган инсонларни таҳқирлаш, бадном қилиш, «сопини ўзидан чиқариб», миллий кадрларни бир-бирига қайраб солиш, соғлиғини ишдан чиқариш, иложи бўлса, қамаб, йўқ қилиб юбориш улар дас­турида бўлган.

1987 йилда «Шарқ юлдузи» журналида Фотима Абдуллаеванинг турмуш ўртоғи Ҳабиб Абдуллаев ҳақидаги «Эл фарзанди»  номли эсдалиги нашр этилди. Шу китобга мен муҳаррирлик қилганман ва олим  ҳақида кўп гаплашганман.

Фотима Қобуловнанинг ҳикоя қилишича, Ҳабиб Абдуллаевга тикилганлар у ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзмагунча ҳеч тинчишмабди, олим ва давлат арбобининг фао­лиятидан пичоққа илинадиган камчилик топишолмагач, унинг қурган уйини достон қилиб, олимни мешчанликда айблаша бошлашибди.

— Биз бу уйни шоҳона яшашга ишқибозлигимиздан эмас, балки хизмат заруратидан қурганмиз, — деганди Фотима Қобуловна. — Ҳабиб Муҳамедовичнинг олдига чет эллардан кўп олимлар кела бошлади. Яшаётган уйимиз эски, бунинг устига, тор эди. Меҳмонларни уйда қабул қилишнинг иложи бўлмагач, Ҳабиб Абдуллаев уларни ҳукумат дачасида қабул қилар эди. Лекин меҳмонларнинг аксарияти уйингизни кўрсак, оилангиз билан танишсак, дейишар эди. Олим эса уларга бор гапни очиқ айтмай, турли баҳоналар билан қутулишга ҳаракат қиларди.

Шу сабабдан янги иморатни қуришни бошладик. Ҳабиб Муҳамедович  бу иморатни ҳалол меҳнат билан топган пуллари билан қурганлар, — деганди Фотима Қобуловна. — Қурилишни бошлаганимизда у кишининг банкда шахсий ҳисобида уй қуришга етарли маблағи бор эди. Бу пуллар Ҳабиб Муҳамедовичнинг Тошкент ва Москва нашриётларида чиққан китоб­ларига олган қалам ҳақларидан, давлат мукофоти сифатида олган пулларидан йиғилган эди...

Мен Ҳабиб Муҳамедович қурган бу уйни кўрганман. У худди гугурт қутини эслатарди. Ҳозирги ўлчов билан баҳолаганда, бу иморатни ўртача иморат ҳам деб бўлмасди.

Ҳабиб Муҳамедович вафоти олдидан рафиқасига «Ҳали шундай вақт келади, мен оқланиб, юзага чиқаман, ҳозирча сабр қилинглар. Бошларингни адл тутиб, одамларнинг кўзига тик қараб юринглар. Мен ҳеч қачон сизларни  уялтирадиган иш қилмаганман», деган эди.

Ҳабиб Абдуллаев олим сифатида жуда кўп олий мукофотларга сазовор бўлганди. У Франция геология жамияти ва Буюк Британия қироллик минералогия жамиятининг аъзоси этиб сайланди, америкалик олимлар эътиборига тушди. Бир сўз билан айтганда, у келажакни кўраолган олим эди...

 

Алиназар ЭГАМНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.


DB query error.
Please try later.