25.07.2017

БЎСТОН БЎЛИБ ОЧИЛИШ ВАҚТИ

Ўшанда 2014 йил олтин кузининг нурафшон кунларидан бири эди. Ўзбекистон Қаҳрамони устоз Абдулла Ориповнинг ҳузурига борганимда Сирожиддин Саййиднинг яқинда нашрдан чиққан «Очил, эй гул, ки бўстон вақти бўлди» номли китобини қувониб, ўқиб ўтирарди. Саломимга алик олганидан сўнг менга диққат билан тикилиб, билиб ол деган маънода сўзлади:

— Сирожнинг китоби ҳар жиҳатдан мукаммал бўлибди. Истеъдодли, юраги ёниб турган шоир мана шундай шеърлар ёзади...

Улуғ шоиримизнинг эътирофига муносиб бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермаслигини билардим. Устоз унча-мунча шеърни тан ҳам олмасди.

Сирожиддин Саййиднинг «Очил, эй гул, ки бўстон вақти бўлди» номли китобини ҳар гал қўлга олганимда, устоз Абдулла Ориповнинг ўша сўзлари ёдимга тушади.

Китобга кийинги йилларда ёзилган янги шеър­лар, ғазаллар, мухаммаслар, достон ва таржималар киритилган. Китоб номида мужассамлашган бадиий тимсолни шундай шарҳлаш мумкин: Кўнгиллар, гулдек очилинг, чунки беармон гуллаш ва очилиш вақти келди — Ватанимиз озод ва обод бўлди, халқимизнинг орзу ва армонлари ушалди, эл-юртимиз гуллаб-яшнади. Ватанимиз тарихидаги бу буюк улуғвор воқеа табиатнинг уйғониш фаслига қиёсланади. Бу миллий уйғониш, тарихдаги мислсиз ўзгаришлар ва ривожланишлар палласидир. «Очил», «гул», «бўстон» каби мумтоз образлар янгича миллий мазмун ва бадиий-эстетик ғояни ифодалайди. Шунинг учун китоб­даги шеърлар рамзий маънода мустақиллик даври тасвири, замондошларимиз образи, янги замон руҳини ифодалайди.

Булбул яшай олмас чамансиз, она,

Инсон хор бўлгайдир ватансиз, она.

Ватан барчамизга буюк Онадир,

Сиз буюк Ватансиз, Ватансиз, она.

«Очил, эй гул, ки бўстон вақти бўлди» китоби унга киритилган асарларнинг жанри ва хусусиятларига кўра, ўн икки бўлимга ажратилган. Ҳар бир бўлим алоҳида номланган.

«Саломлар абаддир, онажон» бўлимида она, Ватан, юртимиздаги улуғвор ўзгаришлар, озод ва обод юртимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг амалий натижалари образлар, тимсоллар, истиора ва ташбеҳлар воситасида тасвирланади. Ватанни англаш, унинг буюклигини ҳис этиш, шунингдек, юртимиздаги тинч­лик ва барқарорликдан фахрланиш ва шукроналик туйғулари қаламга олинади. Хусусан, Биринчи Президентимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» китоби ҳамда «Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор» рисоласидан келиб чиқадиган вазифаларга бадиий усулда, шеърий шаклда жавоб ёзилган.

Халқимиз ҳаётидаги барча ёруғлик, шодлик ва бахту саодат учун Ватанимиз истиқлолидан чексиз миннатдорлик ва шукроналик туйғулари ­«Саломлар абаддир, онажон» бўлимидаги шеърларнинг таржимаи ҳолини ташкил этади.

Қутлуғ бўлсин мамлакат,

Бу давлат, бу салтанат,

Яратгандан марҳамат —

Ким эдигу ким бўлдик. 

«Маърифат қасри. Миллий кутубхона», ­«Ватанни севиш керак», «Истиқлол», «Ифтихор», «Ватан посбонларига» каби шеърларда диёримиздаги оламшумул юксалишлар манзаралари чизилган.

«Гул ранги-ю дил ранги» бўлимида ғазаллар, мухаммаслар, фардлар ва қитъалар берилган. Дарахт тупроққа қанчалик чуқур илдиз отса, унинг танаси шунча бақувват бўлади, давр-у даврон шамолларида бели букилмайди, новдалари синмайди. Буюк адабиётимизнинг муборак сарчашмалари миллий адабиётимиз бўстонига ана шундай кўрку қудрат бағишлаб турибди. Эзгу ният билан қўлига қалам олган, бадиий сатрлар битишни уддасидан чиққан ҳар бир ижодкор мумтоз адабиётимиз намояндалари асарларидан баҳра олган, илҳомланган. Сирожиддин Саййид ҳам бу мураккаб ва жозибали вазнда ёзган ­шеърларини рамзий маънода «Гул ранги-ю дил ранги» дея номлаган. Шоир ҳазрат Навоийдек сўз мулкининг султони ҳамда ул муборак зотнинг издошлари бўлган мумтоз шоирлар ижодига ўз эҳтиромининг изҳори сифатида «Гул ранги-ю дил ранги» туркумини битган ва албатта ушбу туркумдаги шеърларига мустақиллик руҳи билан жило берган.

«Умр ва айём фардлари» бўлимида мумтоз шеъриятимизнинг шаклан энг кичик, мазмунан энг теран жанри бўлмиш фардлар жамланган. «Умр ва айём фардлари» атамасида сўзнинг ўзгача ранг ва рамзий маънолари назарда тутилган. Унда шоир яшаган умр ҳамда ҳаёт ва тириклик сабоқлари ҳақидаги ҳикматлар жамланган. Фард — икки мисрадан иборат аруз вазнидаги шеър. Ҳаётий тажрибалардан келиб чиқадиган хулосалар умр давомида инсонга икки қатор шеърдек ҳамроҳ, арузий оҳанглар эса юракнинг садоларига жўр.

Кеча бор эрди бугун, лекин бурун бўлди бугун,

Гар бугун ҳам эрта ўтгай, эрта ҳам бўлгай бурун.  

Янги фардлар, икки қатор шеърларнинг ҳар бирида ташбеҳ, бадиий мазмун, кўчма маъно ҳамда мантиқий хулоса бор. Сўзларнинг шаклий гўзаллиги ва маъно товланишлари оҳанрабодек ўқувчини ўзига ром этади.

«Рўзғор битиклари» номли бўлим мазмунан ўзидан аввалги «Гул ранги-ю дил ранги» бўлимига ҳамоҳанг. Ҳажв ва юмор мумтоз адабиётимизнинг энг оммабоп жанрларидан биридир. Ушбу усулдаги кичик шеърлар «Рўзғор битиклари» бўлимида жамланган.

«Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур...» деб номланган достон темурийзода султонлардан бири, улуғ шоир ва давлат арбоби, йирик саркарда ва беназир тарихнавис Заҳириддин ­Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган. Ҳазрат Бобур босиб ўтган зиддият ва қарама-қаршиликлар, матонат ва жасоратларга бой сертаҳлика ва сермазмун ҳаёт йўли қаламга олинган. Асарда шоирнинг бетакрор образи яратилган.

«Эй инсон!..» бўлимида рубоий жанридаги ҳикматли тўртликлар жамланган. Тасаввуф оламининг улуғ намояндаси Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Кимёи саодат» асаридаги қуйидаги ҳикматли сўзлар ушбу туркумдаги тўртликларга эпиграф қилиб олинган: «... Шуни билсинларки, одамзотни ўйин учун яратмамишдир. Анинг амали улуғдир ва унинг учун буюк хатар бордур. Агарчи у абадий эмасдир, азалийдур, жисми анинг туфроғдандур ва туфроққа қайтгусидур. Одамзод руҳининг ҳақиқати эса осмонийдур». Ушбу туркум шеърларда инсон ва бу ўткинчи дунёдаги ҳаёти ҳақида шоирнинг фалсафий фикрлари бадиий усулда баён этилади.

Ранги рўйинг бунчалар сўлмас эди,

Қилмишинг минг бир варақ бўлмас эди.

Ҳақни билсайдинг ҳақингни истамай,

Ҳақдин ўзга сенга ҳақ бўлмас эди.

Юлдузлардан майсалар, ўт-ўланларга қадар таралган шуълалар толаси борлиқда нақадар яхлитлик ва мукаммаллик касб этади, улуғ шоир лутф этганидек, «Энг кичик заррадан Юпитергача» барча нарса бир-бири билан уйғун бўлгани каби шоирнинг китоби сарлавҳадан мундарижагача ҳар бир сўз, ҳар бир сатр бир-бири билан уйғун, муштарак.

Ёмғирлар йиғлашиб сел бўлди, она,

Соғинчлар бирлашиб йил бўлди, она.

Тўпланиб-тўпланиб барча оғриқлар,

Менинг кўкрагимда дил бўлди, она.

Китоб дебочасидаги ушбу шеър билан унинг якунидаги «...янги овозим — ички товушим ила куйлай бошлайман. Менинг сўзсиз, безабон бу чинқириғимни қулоқлар эмас, энди қалблар ва руҳларгина эшитмоққа қодир» деган ҳикматли сўзнинг ўртасида чамбарчас боғликлик ва уйғунлик бор. Иккисида ҳам метафора, яъни истиора сатрларни санъат даражасига кўтарган. Мазкур метафоранинг мазмунида эса дард, ­инсон дарди мужассам.

Китобнинг «Икки аср — бир ҳаёт» ва «Товуш сояси» деб номланган сўнгги икки бўлими жаҳон шеъриятининг забардаст сиймоларидан бири ­Андрей Вознесенский ҳаёти ва ижодига бағишланган.

Истеъдоди юксак шоирларнинг шеърлари миллатидан қатъи назар, ер шарининг қайси ҳудудида бўлмасин, бирдек жаранглайди. Ҳақиқий шеър чегара-ю ҳудуд, макон-у замондан устун туради, деган эди бир суҳбатида устоз Абдулла Орипов.

«Очил, эй гул, ки бўстон вақти бўлди» китобининг бадиий мазмуни ана шундай бепоён адабий жуғрофияни қамраб олади. Мавлоно Атоийнинг машҳур ғазалига эҳтиром сифатида мухаммас битган невара шоир китоб номини ҳам ана шу мухаммаснинг сарлавҳасидан олган. Бу ғазал бугун ҳам ўзгача рангу жило билан товланиб турибди.

Китобда шарқу ғарб шеъриятининг ҳамоҳанглиги намоён бўлган. Таржималар юксак бадиий маҳорат билан амалга оширилган.

Янги китоб шоирнинг дунёга айтган янги сўзи, орзу нияти, мақсад муддаоси, дил изҳорининг шеърий сатрларда яралган ҳайкалидир. Сўзнинг ҳайкали, сўзнинг жонли сиймоси шоирнинг қонидаги аждодлар қолдириб кетган эзгу фазилатлар, жасорат-у ор-номус, юракдаги оғриқлар-у изтироблар, одамнинг кўнглини асраб-авайлаш учун чеккан заҳматларининг ўзагидан барпо бўлади. Бадиий асар — сўзлардан қурилган маданий обида. Худди Тошкентдаги Мустақиллик монументидек, Уммон ортидаги Озодлик ҳайкалидек. Адабиёт обидаси бўлган китобнинг юраги доимо уриб туради. У ҳеч қачон бир жойда ҳаракатсиз турмайди, қалблардан қалбларга, диллардан дилларга, эллардан элларга, йиллардан йилларга, асрлардан асрларга парвоз қилаверади.

Навоийнинг ғазаллари —

Сўздан унган ватанлар,

Дил қонидан, кўз ёшидан суғорилган чаманлар.

Бунда булбул ўлса агар — гул қонига ювгайлар,

Бунда ошиқ ўлса агар гулдин бўлур кафанлар. 

— Сўз билан асар яратиш — питирлаб, потирлаб ётган тирик қушлардан, қушлар галасидан девор тиклаш билан баробардир, — дейди ­Андрей Вознесенский. Бу — метафора. Лекин шоир тахайюли маторидан яралган қушлар — қанотли сўзлар ўша деворни ҳам кўтариб самога парвоз қилиш учун ўзида туганмас куч-қудрат топади.

 Ҳар бир янги даврнинг ўз муҳташам асарлари бўлади. «Очил, эй гул, ки бўстон вақти бўлди» китоби ана шундай асарлардандир. Бундай китоб­лар қиммати вақт ўтган сайин ошиб бораверади.

 

Рустам МУСУРМОН,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган маданият ходими,

шоир.


DB query error.
Please try later.