22.07.2017

XI «ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ» ХАЛҚАРО МУСИҚА ФЕСТИВАЛИ

бошланишига 33 кун қолди

Миллий матбуот марказида XI «Шарқ тароналари» ­халқаро мусиқа фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Маданият вазирлиги, Шарқ тароналари дерекция­сининг раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди.

XI «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали Биринчи ­Президентимиз Ислом ­Каримов томонидан катта эзгу ният­лар билан ташкил этилгани, ўтган йиллар давомида бу фес­тиваль дунёнинг энг нуфузли мусиқий фестивалларидан бирига айлангани ҳақида фес­тиваль матбуот хизмати раҳбари Сафар Остонов тўхталди.

— Мазкур фестивалнинг асосий мақсади, — деди у, Шарқ мамлакатлари миллий мусиқа маданиятини асраш, ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, турли мамлакатлар миллий маданияти, санъати вакиллари мулоқот ўтказишига имкон яратишдир.

«Шарқ тароналари» қисқа давр­да катта эътибор қозониб, дунё тароналарига айланиб кетишининг асослари бор, албатта.

Аввало айтиш керакки, миллий куй-қўшиқ ҳар бир миллатнинг қонида, жонида яшайди. Ҳар бир халқ ўзининг миллий маданиятини, куй-қўшиғини бутун дунёга кўрсатгиси келади. Шунинг учун ҳам дунёнинг турли томонларидан ҳар йили кўплаб янги-янги иштирокчилар мазкур фестивалда иштирок этиш истагини билдирмоқда.

Иккинчи сабаби, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фес­тивали қадим ва ҳамиша ­навқирон Самар­қанднинг юраги бўлган Регистон майдонида ўтказилади. Бу майдонга ўхшаган майдонни дунёнинг бош­қа бирор бир жойидан топиш қийин. Бу муқаддас майдоннинг жозибаси, сеҳри ўзгача.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни бошидан охиригача мамлакат раҳбариятининг бевосита эътибори остида бўлади. Фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг иштирок этиши унинг нуфузини янада оширмоқда. Бу йил фестивалга ҳар қачонгидан ҳам қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Мазкур фестиваль Мада­ният вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида, ЮНЕСКО шафелигида ташкил этилмоқда.

— Жорий йилги фестивалда ҳозирча 56 давлатдан вакиллар иштирок этиши кутилмоқда, — дейди Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова. — Меҳмонлар келиши бўйича музокаралар давом этмоқда. XI «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида АҚШ, Корея, Хитой, Эстония, Қувайт, Индонезия, Бангладеш ва ўзбекистонлик мутахассислардан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати шакллантирилди. Ўнга яқин давлатдан журна­листлар фес­тивалда иштирок этиш истагини билдирган.

«Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали дерекцияси бир қатор хорижий давлатлардаги халқ­аро фестиваллар билан ҳам ҳамкорлик ўрнатган бўлиб, бу сафар Кореянинг ­Андон халқаро фестивали ва ­Хитойнинг Шанхай халқ­аро санъат фестивали вакиллари меҳмон сифатида таклиф қилинган. Мазкур фестиваллар ташкилотчилари бизнинг тажрибамизни ўрганишмоқчи. Биз ҳам бундай учрашувлардан манфаатдормиз. Улардан ҳам қандайдир янгиликларни ўрганамиз. Энг муҳими, бизнинг фестивалда профессионал ва ҳаваскор ижодий жамоалар ҳамда яккахон хонанда ва созандалар иштирок этишлари мумкин.

«Шарқ тароналари» халқнинг миллий санъатини сақлаш, ривожлантириш, ёшларимизда эстетик дидни шакллантириш, миллий тароналарга меҳр уй­ғотишда бебаҳо аҳамиятга эга.

— 22 августдан бошлаб хорижлик иштирокчилар кела бошлайди дейди «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ижрочи директори Тошкент Холиқов. — Меҳмонлар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинади ва улар 24 августга қадар Тошент шаҳрини зиёрат қилишади. Сўнгра меҳмонлар «Афросиёб» поездида Самарқанд­га йўл олишади. Айни дамда Самарқанд  шаҳри фетивални ўтказишга шай ҳолатда. Барча ташкилий ишлар аъло даражада йўлга қўйилган. Меҳмонларни юртимиз тарихи ва маданияти билан атрофлича таништириш мақсадида 60 нафар таржимон икки-уч ой давомида қайта ўқитилди. Иштирокчиларга Самарқанднинг барча зиёратгоҳлари ва эътиборга молик жойлари таништирилади. Ҳар бир масала бўйича ишчи гуруҳи, масъул шахслар белгиланган. Мақсадимиз фес­тивални ҳар қачонгидан ҳам юксак савияда ўтказиш.

— «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг яна бир аҳамиятли томони шундаки, анжуман доирасида мунтазам равишда илмий конференциялар ўтказиб келинмоқда, — дейди санъатшунослик фанлари доктори, профессор Рустамбек Абдуллаев. — Бу гал «Шарқ халқлари мусиқа маданиятида миллий анъаналарнинг шаклланиши ва ривожланиши» мавзусида илмий-назарий конференция ўтказилиши режалаштирилмоқда. Унда 20 нафардан ортиқ хорижлик меҳмон қатнашиши кутилмоқда.

X «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фетивалида биз янгилик киритиб, Ёшлар қаноти секциясини очган эдик. Унда республикамиз ёш олимлари, магистрлар, докторантлар ва изланувчилар ўз маърузалари билан илмий конфренцияда қатнашишган эди. Бу йил ҳам худди шундай бир секция­мизни Ёшлар қанотига ажратишни мўлжаллаяпмиз.

Шунингдек, жорий йилги фес­тивалда ҳам аввалгилари каби маҳорат дарслари ва ­Ўзбекистонда нашр этилган Шарқ мусиқа маданиятига бағишланган китоблар тақдимотини ўтказишни режалаштирганмиз.

— XI «Шарқ тароналари» халқ­аро мусиқа фетивалини ҳар йилгидан юқори савияда ўтказиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳлари тузилган, — дейди Самар­қанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Нуриддин Болиев. — Ҳар бир гуруҳ учун ишлар аниқ тақсимланган. Кимдир меҳмонларни кутиб олса, яна кимдир шаҳарни сайр қилдиришга жавобгар. Мазкур гуруҳлар томонидан бугунги кунда барча тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ҳар бир гуруҳ тайёгарлик ишлари юзасидан тақдимот ўтказиб бормоқда. Мавжуд камчиликларни маслаҳатлашиб бартараф этяпмиз. Меҳмонлар ва журналистлар жойлашадиган меҳмонхоналарда барча шароитлар муҳайё этилишига эътибор қаратилмоқда. Кўчалар, хиё­бонларда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Тўғрисини айтганда, ­Самарқанд ҳозирдан байрам руҳи билан яшамоқда.

Бу йил фестиваль доирасида Ургут, Тайлоқ, Жомбой, Паст­дарғом каби туманларда ҳам мусиқий тадбирлар, ижодий учрашувлар, мулоқотлар, концертлар бўлиб ўтади.

Шунингдек, журналистлар учун матбуот марказида яратиладиган шароит ва имкониятлар ҳақида ҳам ахборот берилди.

Матбуот анжуманида журна­лист­лар ўзларини қизиқтирган  саволларга жавоб олишди.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


DB query error.
Please try later.