20.07.2017

ИСЛОМ МАДАНИЯТИ МАРКАЗИ

дунё аҳлини бебаҳо ва нодир илмий-исломий меросдан баҳраманд этади

Президентимизнинг пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом даҳасида Ислом маданияти марказини ташкил этиш ҳақидаги қарори асосида бунёд этиладиган маскан нафақат ушбу ҳудудда яхлит бир маънавий-маърифий муҳитни вужудга келтиради, балки юртимиз фуқароларини, бутун дунё аҳлини Ўзбекистоннинг бебаҳо ва нодир илмий-исломий меросидан баҳраманд этади.

  Марказ таркибида замонавий талабларга мос кутубхона, музей, архив ва қўлёзмалар фондининг ташкил этилиши, улар юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, шу йўналишдаги замонавий илмий тадқиқот ишлари, китоб­лар, видео ва фотоҳужжатлар ҳисобидан шакллантирилиши ўта муҳим ва долзарб аҳамият касб этади.  

Қарорда буюк ватандошларимиз — Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдухолиқ Ғиждувоний, Наж­миддин Кубро, Бурҳониддин
Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Вали каби алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш алоҳида кўрсатиб ўтилган.    

Бу улуғ зотларнинг ҳар бири ўз даврининг етук алломалари бўлган. Биргина  Имом Бухорий ҳазратлари бутун дунё имоми, муҳаддислар амири каби эътирофларга сазовор бўлган зотдир. Аллома жами 600 минг ҳадис тўплаб, шундан 100 минг саҳиҳ, 200 минг  заиф ҳадисни ёд олган, буларни тўплашда тўқсон минг кишининг ҳузурида бўлган. Ушбу ҳадислар ичидан саҳиҳларини аниқлаб, улар асосида ўзининг машҳур «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» китобини ўн олти йилда ёзиб тугатган. Мазкур асар Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар китоблардан саналади. Ҳатто ислом олами мўғул босқини остида қолганида, улуғлар маслаҳатлашиб, балони даф қилиш ниятида Имом Бухорийнинг «саҳиҳ»ларини ўқиб, хатм қилиб туришни таклиф қилганлар. Уламолардан оғзаки етиб келган маълумотларга кўра, қадимда Бухоро аркида ушбу асарни ўқиб турувчи махсус кишилар тайинланган экан.

Юртимиздан етишиб чиққан даст­лабки муҳаддислар Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазий, Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазийлар билан бир қаторда Имом Термизий, Имом Насоий, Имом Доримий Самарқандий, имом Муҳаммад ибн Ҳиббон Бустий Самарқандийларни ва бошқа муҳаддисларимизни ҳам Ислом олами ҳадис илмининг пешволари деб тан олган.

Дунё бўйича энг мўътабар ҳадис китоблари олтита бўлиб, шундан бештасига ҳамма якдил иттифоқ қилган. Булар Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва имом Насоийларнинг китоблари бўлиб, шулардан учтаси — Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насоийлар юртимиз фарзанд­ларидир.

Жаҳон илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшган  буюк ватандошларимиз — олим ва мутафаккирлар  меросини, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳиятини илмий ўрганиш ҳам марказнинг муҳим вазифаларидан бири қилиб белгиланган. Хоразмийнинг ҳисоблаш арифметикаси, Фарғонийнинг геометрик назарияси, Фаробийнинг халқона фалсафаси, Берунийнинг географик ва тарихий амалиёти, Ибн Синонинг тиб қонунлари, Замаҳшарийнинг араб грамматикаси асослари, Улуғбекнинг «Зиж»и дунё тамаддуни тараққиётига қўшилган беназир ва буюк кашфиётлардир. Уларнинг бебаҳо асарларини илмий ва назарий жиҳатдан ўрганиб, кенг жамоатчиликка, айниқса, ёшларимиз онгига етказиш ўта  муҳим вазифалардандир.

Қарорда глобаллашув жараёнлари авж олиб, турли хил таҳдидлар хавф солиб турган бир маҳалда жаҳон аҳлини жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлайдиган анжуман ва маърифий тадбирлар  ўтказиб бориш ҳам ўз аксини топган.

Марказда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва маданияти, давлатчилик анъаналари, халқимизнинг турмуш тарзи ва дунёқараши ислом цивилизацияси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда шаклланиб, ривожланганини қадимий шаҳарларимиз макетлари, ёдгорлик ва муқаддас қадамжолар, улуғ сиймолар, ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар, моддий ва номоддий мерос, хусусан, «Шашмақом» намуналари каби ноёб экспонатлар орқали акс эттириш назарда тутилган. Бутун дунёдан ташриф буюрган меҳмонлар марказнинг ўзидаёқ юртимизнинг бетакрор тарихи ва маданияти, унинг тарихий шаҳарлари ва шахслари билан батафсил танишиш шарафига муяссар бўлишади.

Марказда маҳаллий ва чет эллик мутахассислар илмий тадқиқот билан шуғулланади ва уларнинг натижалари мунтазам равишда юртимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигига эълон қилиб борилади. Чет элдан таклиф қилинган илмий ходимларга берилаётган визалар учун консуллик ва бошқа йиғимлар олинмайди, уларга Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг VIP зали орқали бепул хизмат кўрсатилади.     

Марказнинг муҳим вазифаларидан яна бири — Европа Ренессансининг шаклланишига кучли таъсир кўрсатган Мусулмон Ренессанси даврида илм-фан, маданият ва санъат, меъморлик ривожи тўғрисидаги кенг қамровли маълумотлар павильонларини ташкил этиш орқали намойиш этиладиган экспозицияларни мазкур даврларга оид экспонат ва кўргазмали манбалар билан бойитишдан  иборат эканлиги белгилаб берилган. Бу ўз навбатида Шарқ-Уйғониш даврининг (IX — XI асрлар) бутун дунё тамаддунидаги ўрни ва ролини кўрсатиб беради.

Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган Амир Темур ва темурийлар даврида яратилган илм-фан, маданият ва меъморчилик  дурдоналарини ислом маданиятининг нафақат юртимиздаги, балки бутун мусулмон оламидаги тараққиёт ва юксалиш даври сифатида кўрсатиш ҳам Марказнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган. Чунончи, ҳозиргача етиб келган осори-атиқалар, меъморий ёдгорликлар Темурийлар даврининг тараққиётини ўзида мужассам этган муҳим манбалардир.

Марказ олдига қўйилган долзаб вазифалардан яна бири — бугунги кунда тобора катта аҳамият касб этаётган динлараро ва цивилизация­лараро мулоқотни самарали йўлга қўйиш мақсадида жаҳондаги нуфузли халқаро илмий муассаса ва тузилмалар, жумладан, ЮНЕСКО,
АЙСЕСКО каби ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдир.

Бу вазифаларнинг амалга ошиши улуғ аждодларимиз бебаҳо меросини янада чуқурроқ ўрганиш, улардан нафақат халқимизни, балки инсониятни баҳраманд этиш, Ўзбекистон қандай муқаддас юрт экани билан дунёни янада яқинроқ таништиришга хизмат қилади.

 

Фахриддин МУҲАММАДИЕВ,

тадқиқотчи олим.


DB query error.
Please try later.