01.07.2017

ҚАНЧА ҚОНИНГ БЎЛСА — ВАТАН УЧУН ТЎК, ҚАНЧА ШОНИНГ БЎЛСА — ВАТАННИ КЎТАР!

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон халқ шоири.

 

Онадек мунис Ватан... Ҳар нафасимиз сен билан, ҳар онимиз сенинг меҳринг-ла қоришиқ... Аждодларим сенинг дийдорингдан кўз узолмай яшаб ўтдилар, «юртидан айрилган гадодир» деб сенинг бағрингда кечган ҳар бир кунини шоҳликка тенглаб яшаб кетдилар... Мен сенга бутун борлиғим билан, дарахт каби илдизларим билан боғланиб яшаяпман... Энди ҳар бир ҳужайраси, жону жаҳони билан сенга боғланиб бораётган фарзандларга айтаман:

 

Кундуз юриб ёздим, тун туриб ёздим,

Ёзганда кўксимга тиғ уриб ёздим.

Дардларимга сиёҳ кор қилмай қолгач,

Қаламни қонимга ботириб ёздим.

 

Қон аслан ёруғлик. Ёруғлан, тиз чўк,

Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар.

Қанча қонинг бўлса — Ватан учун тўк,

Қанча шонинг бўлса — Ватанни кўтар!

 

Бошидан қанча кечмишлар кечиб, тупроғи тўзонлар, бағри сўзонлар бўлиб, фарзандларини бағрида асраб, тишида тишлаб, авайлаб келаётган онажон Ватан! Сенинг бағрингда ниҳолдек униб-ўсмоқ, товонларимиз тупроғинг­га ботиб гоҳи дадил-дадил, гоҳи ҳорғин-ҳор­ғин қадам ташламоқ, гоҳи яйраб-яшнаб, гоҳ мамнун, гоҳ маҳзун яшамоқ, кейин яна тупроғингга бош қўймоқ тақдирдир бизга... Озодликка етгунча, эркка эришгунча не жангу жадаллар, қанча кечмишлар ўтди бошингдан. ­Тарих қатларида йўқолиб кетмади улар, хотирларнинг кунжакларида қолиб кетмади улар, бари-бари шеърларимга томчи-томчи бўлиб сингиб қолдилар...

 

Мен Ватан сўзин қандай нафас билан айтаман,

Бу йўлда қайдан бошлаб, қай нуқтадан қайтаман.

У бир гўдак, мен уни қай тарзда улғайтаман,

Билмам, ўзни англай деб кўз юмдимми қай фурсат?

Шу хил турфа ҳолатлар аста ростлай бошлар қад.

 

Лампачироқ пилиги титраб, куяр кечалар,

Келинчаклар бошини музга қўяр кечалар,

Чақалоқдан отасин ҳидин туяр кечалар,

Куёвлар қайтиб келмас, келган ғамни ғарамлаб,

Келинчаклар фиғони: «Вой тўрам-ей, тўрам»лаб.

 

Қад кўтараверади йиллар деворин йиқиб,

Бир тикилган маҳсини тўрт бор тўздириб, тикиб.

Кўрпасин бошга тортса, оёғи қолган чиқиб,

Қийин кунлар қорида юпун, ивиган аёл,

Тирноғидан қон сизиб, кўсак чувиган аёл.

 

Шу келинчак, шу аёл Сенмасмидинг, дилбандим,

Етмиш икки томирим, жигарим, банди-бандим,

Сен отамми, боламми, билолмайман, асли ким,

Бир четида қуёшдай онам ботган Ватаним,

Бир четини қўриқлаб отам ётган Ватаним.

 

Отам бўлсанг руҳингга садоқатдан айтайин,

Болам бўлсанг ёнар жон, ёнар хатдан айтайин,

Момом, онам айтганни мен бошқатдан айтайин,

Кўйлагим шамолидан баҳра олар Ватансан,

Майсасида сочимнинг ҳиди қолар Ватансан.

 

Кўраман, хаёл суриб мардлар кетган йўл билан,

Этик изин соғинган чечакли ўнг-сўл билан,

Жанг ханжарлари кесган йигирма миллион қўл билан,

Ғалаба байроғини кўтаришган Ватанни,

Ким разолатдан куйса, тенг куйишган Ватанни.

 

Шундай ғалаба барҳақ, ер билан кўк қўлласа,

Кеча-ю бугунги кун, виждону ўқ қўлласа,

Ҳар улусин энг аввал чап кўкрак — чўғ қўлласа,

Суян, абад нурамас қоя бўлар бу Ватан,

Авлодларни кўтарган ғоя бўлар бу Ватан.

 

Бугун менинг кўксимда гул унадиган куним,

Дийдорингга термулиб жим, тинадиган куним,

Сутдан ҳалол юрт, Сенга сиғинадиган куним,

Бир четида қуёшдай онам ботган Ватан деб,

Бир четини қўриқлаб, отам ётган Ватан деб.

 

Ҳар элни улуғ ишларга чорловчи байроғи бўлиши лозим... Бу Ватан байроғидир! Шу байроқни қўлидан қўймай, кўзларга суриб яшаган халқгина мангуликка дахл­дор. Ватан байроғини юксалтирганларгина юксалгувсидир.

Байроқ, байроқ. Нега сени аждодларим ўларида ҳам қўлида тутиб, боши узра кўтариб, ямоқ-ямоқ бўлиб кетсанг ҳам, қонлардан доғ-доғ бўлиб кетсанг ҳам ёвга бермай асрадилар?! Чунки сен Она Ватаннинг байроғисан, чунки сен жон тикарга арзийсан...

Ўтмишга қулоқ тут, бир садо келади: Байроғингни берма, байроғингни ёвга олдирма, байроқсиз юрма! Руҳингда музаффарлик тимсоли бўлмиш байроғинг ҳилпираб турсин!

Ҳар элга бир байроқ керак ҳилпираган,

Қўллар керак, кўтармоққа чидасалар.

Гарчанд мен бир девордирман, зах, нураган,

Яраб бергум агар байроқ қадасалар.

 

Елкамгами, юрагимга, курагимга

Маҳкам қаданг, кўтараман жоним билан.

Шамол бўлгум, хоин шамол тиниб қолса,

Ғубор инса юважакман қоним билан.

 

Она элим, Сенга жоним, умрим ато,

Кетарканман, айланаркан чархи даввор,

Битта девор кетди дегин, кетгунча то

Байроғимни елкасида тутган девор.

 

Бугунингга қулоқ тут, бир садо келади: Байроғингни берма, байроғингни ёвга олдирма, байроқсиз юрма! Руҳингда музаффарлик тимсоли бўлмиш байроғинг ҳилпираб турсин!

 

Ўпаман байроғимни. Юксалган иймонимни,

Арзигайдир мен уни йўлларида бош қўйсам.

Арзигайдир бахш этсам Худо берган жонимни,

Арзигайдир мен уни ичим, сиртимга кийсам.

 

У оддий байроқ эмас. У деб эллар куйинган,

Кўтарилса «миллий шон», тушса «миллий оҳ»дир у.

Душманига бермасдан ўлганидан кейин ҳам

Нажмиддини Кубролар ёпишган байроқдир у.

 

Байроқ бугун ҳам иймон – иймон сотилмагайдир,

Қон кечган урушлар ё омон-омонларда ҳам.

Иймон йўли битта, у қайта ўтилмагайдир,

У деб жондан кечарлар бизнинг замонларда ҳам.

 

Келажакка қулоқ тут, бир садо келади: Байроғингни берма, байроғингни ёвга олдирма, байроқсиз юрма! Руҳингда музаффарлик тимсоли бўлмиш байроғинг ҳилпираб турсин!

 

Юрт байроғин ҳар жойгамас,

Кўнглингга эк. Кўксингни ўй.

Ишлов бергин, юмшатиб тур,

Илдиз отсин, кўрсатсин бўй.

 

То бу байроқ, Ватан, нурлар

Ич-ичингга кетсин кириб,

Токи ғаним — ватанхўрлар

Ололмасинлар суғуриб.

 

Шундай ўргат қулни, хонни,

Учмас қуш ҳам учар бўлсин.

То байроқдан олдин жонни

Бермак осон кечар бўлсин.

 

Ватан! Сен ўзинг онасан, қизларинг улғайиб сен каби меҳрибон оналарга айланадилар. Улар сенга оналик даъво қилмайдилар, улар сенга муносиб фарзанд ўстирган, сенинг бағрингда яшаётган мунисалар, нафисалардир...

Ватаним, онагинам. Гирдингда жилғадек оққаним-оққан бўлди... Пойингга чўксам, бошингга кўтардинг, пойгагинг­да оёқ ечсам, тўрингга чиқардинг.

Ота-ю онани танламайдилар, исму шарифни танламайдилар, қайси Ватанда туғилмоқни танламайдилар, булар манглайда ёзиғлиқ бўлади. Ватанлар кўп, лекин Сен ягонасан, онажоним Ўзбекистон! Меҳринг тўла бағримга боламни босиб шивирлайман:

 

Кўп чиқдим мен Ватанимнинг тўрига,

Пойгагида сенам оёқ еч, болам.

Экин эккин унинг қиру ўрига,

Тўкин эккин, эккин қолмай кеч, болам.

 

Ўзга юртлар шамоллари чақирди,

Кўз олгувчи жамоллари чақирди.

Баланду баркамоллари чақирди,

Кетмадик биз. Кетолмадик ҳеч, болам.

 

Момонг шу ерда чирқиллаб йўқлайди,

Бобонг оёғин узатиб ухлайди.

Кетсак улар... гўрларида йиғлайди,

Қолган гаплар бари ёлғон, пуч, болам.

 

Оллоҳ бизга ўзга Ватан ёзмаган,

Бобосини, момосини босмаган,

Юз тўфондан бир япроғи тўзмаган,

Метин болам, қудрат болам, куч болам!

Кўп чиқдим мен Ватанимнинг тўрига...

 

Бирлашмаса эл эл бўлмайди, аҳиллашмаса халқ халқ бўлмайди. Қачон эл йўлини йўқотди, қачонки бирлашмаганида! Халқ қачон юпунлашди, қачонки ёвлашганида.... «Бўлинганни бўри ер», дейди халқ. Элат-элат, уруғ-аймоқ, хўжа-саид бўлиб эмас, бир халқ бўлиб, бир ўзак, бир мушт бўлиб, бирлашиб яшаган элнинг карвонлари бардавом, ишлари барорли бўлгувси, номи дунё харитасида мангу қолгувсидир!

Қуёшим деб суйдим сени, ойим деб бошимда тутдим мудом. Тоғларингдан ғурурим нусха, виқорингдан кўксим андоза олди, даҳоларинг, анбиёларинг руҳидан, ёзмиш байтларидан руҳим сабоқ чиқарди, қиру адирларингни номалар каби ўқидим, саррин саболаринг, ҳофиз ҳаволаринг шеър шавқини руҳимга олиб келдилар. Болаларимнинг озода юракларида сенинг озод руҳингни улғайтирдим, булоқларинг суви янглиғ тоза юракларига сенинг меҳрингни сингдирдим... Дунёда неки муқаддаслик бор, ўша сенинг баҳойингдир, бебаҳо, ­Ватан!

Ватан! Қаердан бошланиб, қаерда тугайди сарҳадларинг... Дарёларингнинг боши қаерда, тоғларингнинг охири-чи? ­Ястаниб ётган кенгликларингнинг ибтидоси қаерда-ю, интиҳоси қаерда? Бағрингда бўй чўзган ­минорларинг, Бухорони балолардан қўриб ётган Балогардон Нақшбанд, Самарқанди азим бағрини нурга чул­ғаб ётган Соҳибқирону, мусулмон дунёсига ҳадис сабоқларини бериб ётган Имом Бухорий, Хоразм бағрида ётган Кубро-ю Паҳлавон Маҳмуд, Сурхонни қоровуллаб ётган Термизий боболарнинг, ҳар бирини айтай десанг, сафлари узун бўлган авлиё аждодларнинг манзилу маконлари қаердан бошланган? Албатта, бари сенинг остонангдан, ота ҳовлимизнинг бўсағасидан бошланган... ва ўша манзилга туташ барчаси...

Бу дунё йўллардан бунёд, умр йўлларда юришдан иборат. Юрсанг ҳам адо бўлмас йўллар... Бироқ, бу йўллар ичра бир йўл бор, угина чин, угина фидоликка арзийди. Бу эрк йўлидир! Кишансиз қўллар, занжирсиз оёқлар, қул бўлмаган руҳ билан юрмоқ дегани бу эрк йўли. Абадиятдан умидвор халқнинг йўлидир бу эрк йўли.... Кишансиз қуллар билан, озод руҳ билан яшамоқ қанчалар фароғатли, қанчалар фараҳли...

 

Бари ёлғон,

Шу йўлгина чин,

Бу йўлда юрмайсан, учасан,

Фақат унда кетмоқлик учун

Ўзинг бор-йўғингдан кечасан.

Отланаркан

Тонг ёки кечда,

Ичга тўлдир озодлик куйин.

Бор лаш-лушинг бирма-бир еч-да,

Бошдан-оёқ ҲУРЛИКни кийин.

 

ЭРККА тўйин,

Керак тамоми

Муҳтожликдан ўзни қутқармоқ.

Худойимнинг тоза йўлида

Қандай байрам кишансиз бормоқ!

Қайиролмас

Ҳеч ким шохингни,

Қирқилади ғилофу қинлар.

Бошингдаги эрк кулоҳингни

Бошинг олмай ололмасинлар!

Ололмасинлар!

 

Қуллик ёмон, қарамлик ёмон... Башарият то бунёд бўлибдики, озодликка интилади. Руҳи озод инсонлар даҳолик намуналарини яратади, озод инсонлар қаҳрамонлик намуналарини кўрсатади... Озод халқгина боқий қолади.

 

Келдингизми...

Дунё оқ-у қора ранглар,

Шул рангларга кириб кетинг,

Тўймай қолсин кузатганлар —

Босиб-босмай юриб кетинг.

 

Юк бўлса гар, бахт юк бўлсин,

Баргларингиз кўм-кўк бўлсин,

Кўзларингиз қуруқ бўлсин —

Сархушликдан эриб кетинг.

 

Томирларни ўчлантириб,

Бурчлантириб, кучлантириб.

Қайғуларни кичрайтириб —

Кўкракларни кериб кетинг.

 

Ёриқ, дарз топмасин ёғий,

Болангизнинг боллашмоғин,

Элингизнинг эллашмоғин —

Тайинланг. Буюриб кетинг!

 

Фақат ерни мола қилиб,

Умр ўтмасин вола қилиб,

Болангизга бола қилиб —

Озодликни бериб кетинг!

 

Туну кун нидо қилдим, Ватанимни паноҳингда асра деб, элимни мутеъ, халқимни ночор қилма деб... Қаламимни қонимга ботириб шеърлар ёздим, шу юрт юксалсин деб... Боболарим шундай яшаб ўтдилар, момоларим шундай яшаб ўтдилар. Шукр, бугун юртда озодлик нашъаси, яшамоқ фароғати устувор...

 

Силкингин,

Ўзингда бир наъра уйғот.

Силкинсин ҳар томир, ҳар зарра, уйғот!

Ўзингни ҳар куни беш карра уйғот,

Жисму жонни уйғот,

Уйғот ниятни!

 

Бирман деб чекинма. Оллоҳ минг қилгай,

Тор нажот йўлидан қўрқма, кенг қилгай,

Ерсан, у кўтаргай, кўкка тенг қилгай,

Тик тизларга ўзи бергай қувватни!

 

Мозийдан тилсим шарҳ, хомалар келар,

Тўфонда адашган кемалар келар,

Эзилган, тўзғиган номалар келар,

Ўзинг тиклагайсан бу сирли хатни.

 

Жазм эт, сарбадорлик кулоҳини кий,

Билмайсан, қонингда қанча сир, ваҳий,

Қонингда қичқирар қанчалаб доҳий,

Уйғотмоқлик учун одамиятни!

 

Сен эй, мизғиб, мудраб бораётган дўст,

У қонлар жисмингни қилгайлар тўс-тўс,

Ҳар лаҳзада уйғон! Ҳар лаҳзада ўс!

Ўстир, Худо деган шу мамлакатни!

 

Юрт узра шундай фараҳ, шундай нашъу намо кезаётир! Руҳ бошдин оёқ фараҳни кийинган, кўнгил байрамона шавқ­ларга тўйинган. Ватан узра байрам, ватандошлар байрами. Борлиққа тўйхат тарқагандек гўё... Бу каби тантаналар аввало шоир руҳида бошланади. Ҳа, шоир руҳида бошлансагина, халқ руҳига кўчади...

Ватаним, онагинам! Бағрингдаги байрамлар бардавом бўлсин! Юртдошим! Бу байрамлар сеникидир, она Ватаннинг байрамида байроқдек ғолиб ва музаффар бўлайлик!

 

Ҳозирлан, бир шиддат, шахт келаётир,

Йўлда сенмас, кўк дарахт келаётир.

Ватан деб аталган қадргоҳларда,

Байроқдек ҳилпирар, вақт келаётир! 



DB query error.
Please try later.