15.06.2017

ЁШЛАР МАЪНАВИЯТИНИ ЮКСАЛТИРИШ ЙЎЛИДА

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти томонидан ташкил этилган мат­б­уот анжуманида Фан ва технологиялар агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг матбуот хизмати раҳбарлари, Маданият вазирлиги масъул ходимлари, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Миллий рақс ва хореография Олий мактаби етакчи профессор-ўқитувчилари, иқтидорли ёшлар иштирок этди.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган биринчи қонун айнан «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун бўлди, — дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг илмий ишлар бўйича проректори Гўзал Холиқулова. Шундан келиб чиққан ҳолда, инс­титутимизда ёшларнинг интеллектуал, эстетик ва маданий эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган илмий, маънавий-маърифий тадбирлар кенг кўламда амалга ошириляпти.

2014-2017 йиллар мобайнида институтнинг илмий-тадқиқот фао­лиятини ривожлантиришга қаратилган «Баркамол авлодни тарбия­лашда санъат ва маданият соҳаларининг илмий, амалий, услубий усулларини татбиқ этиш» мавзуси остида давлат илмий техника дастурлари доирасида амалий лойиҳа бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилди.

Бугунги кунда институтда 10 дан ортиқ халқаро шартномалар имзоланган. Шунингдек, Бельгия давлатидаги UNICA ташкилоти билан ТЕMPUS-IV дастурининг 6-танлов доирасида «Ўзбекистон олий таълим муассасаларида докторлик таълимининг сифатини ошириш — «UZDOC» халқаро лойиҳаси доирасида имзоланган шартномага мувофиқ 3 йиллик илмий-услубий изланишлар натижасида институтда «Докторлик таълими маркази» ташкил қилинган ва техник жиҳозлар билан таъминланган.

— Сўнгги беш йилда институт профессор-ўқитувчилари томонидан 20 дарслик, 65 ўқув қўлланма, 26 монография яратилди, — дейди театр санъати факультети декани муовини, доцент Зиёдулло Исоқов. — 26 илмий-назарий ва амалий конференция материаллари тўплам ҳолда нашр­дан чиқарилди. ОАК эътироф этган республика ва халқаро журналларда чоп этилган мақолалар сонининг кўпайгани ҳам институт рейтингини оширди.

Ёш тадқиқотчиларнинг битирув малакавий ишлари, магистратура, таянч докторантура ва докторантурада тайёрланадиган диссертациялар сифатини кўтариш, илмий ва амалий аҳамиятини ошириш, ёшларнинг ижодий ҳамда интеллектуал салоҳиятини намоён этишда муайян тизим йўлга қўйилган.

Тадбирда санъатнинг турли йўналишларида олиб борилаётган илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган, ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш, соҳани чуқур илмий тадқиқ этиш таълим муассасаси зиммасидаги асосий вазифа экани таъкидланди.

Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

Абдусалим МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.