Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
30.05.2017

ДУНЁ БИЛАН ҲАМНАФАС, АҲИЛ ВА ТОТУВ ЯШАШ — ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАРНИНГ ҚАТЪИЙ ҚАРОРИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясида юртимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, юртимизнинг халқ­аро нуфузини мус­таҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Зеро, мазкур соҳадаги муносабатларни такомиллаштиришдан мақсад, аввало, мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатлар вакиллари ўртасидаги дўстлик ва иноқликни кучайтириш орқали мавжуд демократик конституциявий тузумни ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилса, иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада юксалтиришга, дўстона муносабатларни ривожлантиришга ҳамда дунё нигоҳида юртимизнинг жозибадорлигини оширишга қаратилгандир.

Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор вазифаларни амалга ошириш доирасида Президентимиз томонидан қабул қилинган «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни улкан ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга ҳужжат сифатида эътироф этиш керак.

Фармонда ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари мамлакатимиз тараққиётига, мақсадларига ҳамоҳанг тарзда чуқур таҳлил этилиб, бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини янада ривожлантириш, миллатлараро ва конфессиялар­аро ҳамжиҳатликни, фуқаролар ўртасидаги тотувликни мус­таҳкамлаш, барча фуқарога миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбия­лаш борасидаги ишларни кучайтириш билан боғлиқ аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Фармонда Ўзбекистонда Республика байналмилал маданият маркази, 138 миллий маданий марказ, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, шунинг­дек, 34 дўстлик жамияти фаолият юритаётган бўлиб, улар юртимиздаги барча миллат ва этник диаспораларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш тамойилларига асосан иш олиб бораётгани алоҳида эътироф этилди. Бу фаол «халқ дипломатияси» асосида чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам ва ўзаро фойдали муносабатларни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ва маданий-маърифий алоқаларни янада мус­таҳкамлаш борасида бизда жуда катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатади.

Ушбу фармон асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ташкил этилиши фуқароларимиз онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш борасидаги ишларга янги мазмун бахш этади.

Кўп вақтдан бери Ўзбекистон ҳудудида 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшаб келади.

Юртимизда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюрт­лар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш, шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, бу борада амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни тақозо этаётган эди. Ушбу фармоннинг қабул қилиниши ва унинг асосида янги қўмитанинг ташкил этилиши билан юқоридаги каби масалаларга ҳуқуқий ечим топилди.

Фармонга кўра, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни, чет элдаги ҳамюртларимиз ва турдош ташкилотлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш вазифалари алоҳида белгиланган. Хусусан, қўмита мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий мамлакатларнинг ташкилотлари ва дипломатик ваколатхоналари, хорижий давлатларда фаолият кўрсатаётган турдош ташкилотлар билан самимий ва ўзаро ҳурматга асосланган алоқалар ўрнатиш ҳамда изчил ривожлантиришга қаратилган ишларни тизимли амалга оширади.

Бу борадаги ишлар халқ­аро ҳамжамиятда республиканинг нуфузи ва мақомини янада юксалтириш, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамият­ини барпо этиш борасида эришилган ютуқларни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган. Шу мақсадда ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари ва анъаналари, шу заминда туғилиб ўсган буюк олим ва мутафаккирлар мероси, уларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини кенг намойиш этиш бўйича тадбирлар ўтказилади.

Қўмита ўзбек халқининг мамлакатимиз ташқарисидаги тарихий ва маданий мерос объектларини асраб-авайлашни таъминлаш учун давлат ва нодавлат ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Фармонга мувофиқ, ҳудудларда миллатлараро муносабатларни ривожлантириш ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари зиммасига юклатилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, фармон қоидаларининг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинч­лик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантириш, миллий маданий марказлар учун янада қулай ва кенг имкониятлар яратиш, уларнинг бунёдкорлик ташаббуслари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқаларини янада ривожлантириш, «халқ дипломатияси» воситасида чет элдаги ватандошлар билан муносабатларни кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Ойбек ТУРҒУНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири,

юридик фанлар номзоди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: