07.05.2017

4 ЖАНГДА 4 ОЛТИН!

Пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида бокс бўйича Осиё чемпионати бугун якунига етади. Нуфузли мусобақанинг кеча бўлиб ўтган дастлабки финал жангларида 4 нафар боксчимиз чемпионлик учун жанг­га чиқиб, барчаси ғалаба қозонди.

Рио Олимпиадаси сов­риндори Муроджон Аҳмад­алиев (-52 кг.) хитойлик Жиявей Жангни катта устунликда енгиб, Ўзбекистон терма жамоасига илк олтин медални олиб берди.

Аҳмадалиев 4 та жанг ўтказиб, улардан 3 тасини нокаут билан якунлади. 2015 йилги Осиё чемпионатида у кумуш медални қўлга киритган эди.

-60 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Элнур Абдураимов финалда ҳиндистонлик Шива Тапани мағлубиятга учратиб, терма жамоамизга иккинчи олтин медални тақдим этди.

Ўз юксак маҳорати билан мухлислар эътиборига тушган боксчимиз Исроил Мадримов финалда Жанубий Корея вакили Донг Юнг Лига қарши жанг ўтказди. Биринчи раундда боксчимиз жароҳат олди. Ҳакамлар жангни тўхтатишди. Тўпланган очколар нисбатига кўра, ғалаба Исроил Мадримовга берилди — учинчи олтин медаль.

Рио Олимпиадаси кумуш медали совриндори Бектемир Мелиқўзиев (-81 кг.) финал жангида қозоғистонлик кучли боксчи Ерик Алжанов билан орани очиқ қилди. Жангнинг даст­лабки раундида қозоғистонлик боксчи ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилди. Бироқ Бектемир Мелиқўзиевнинг кучли зарбалари унинг шаштини қайтарди. Боксчимиз жароҳат олганига қарамасдан маҳорат ва матонат кўрсатиб ғалабага эришди. Ўзбекис­тон терма жамоаси тўртинчи олтин медални қўлга киритди.

Шундай қилиб, кеча ўтказилган финал жангларининг барчасида боксчиларимиз ғалаба қозониб, терма жамоамиз 4 олтин медалга эга бўлди.

Кеча яна бир боксчимиз Санжар Турсунов (-91 кг.) ҳам муҳим ғалабага эришди. Маълумки, у чорак финалда ютқазиб қўйган эди. Лекин Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун бўлган жангда эронлик Салар Ғуломини 4:1 ҳисобида енгди. Демак, Ўзбекистон терма жамоаси Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида тўлиқ — 10 вазн тоифасида иштирок этади.

Бугун Осиё чемпионатининг қолган финал жанглари бўлиб ўтади. Унда Ҳасанбой Дўсматов, Жасурбек Латипов, Иқболжон Холдоров, Шаҳрам Ғиёсов ҳамда Баҳодир Жалолов рингга кўтарилади. Бўлажак жангларда боксчиларимизга ғалаба ёр бўлишини тилаймиз.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.