12.01.2017

ЎЗБЕКИСТОН ШОҲМОТ ФЕДЕРАЦИЯСИ

йил якунлари ва истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказди

— Ўтган йил шоҳмотчиларимиз учун ғалабаларга бой бўлди, — дейди Ўзбекистон шоҳмот федерацияси вице-президенти Баҳодир Умрзоқов. — Вакилларимиз турли давлатларда ўтказилган ўттизга яқин нуфузли халқаро турнирларда иштирок этди. Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон аёллар ва эркаклар ўртасидаги Осиё чемпионати, Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган анъанавий «Тошкент опен» ва «Жаҳон шоҳмот юлдузлари» сингари йирик халқаро турнирларга муносиб мезбонлик қилди. Ҳамюртларимиз йил давомида халқаро мусобақаларда жами 40 олтин, 15 кумуш ва 12 бронза медални қўлга киритди. 

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган «Осиё миллатлар кубоги»да икки йўналишда кумуш медаль билан тақдирланди. Ёшлар терма жамоаси аъзолари Мўғулистонда ўтказилган Осиё чемпионатида 10 медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида шоҳсупанинг учинчи поғонасидан ўрин олди. Эронда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ёш шоҳмотчиларимиз 7 олтин, 2 кумуш, 2 бронза медалига сазовор бўлди. Ўзбекистон вакиллари Сочи шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида 36,5 очко жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритишди.

Шунингдек, ўтган йил пойтахтимизда Республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар шоҳмот мактаби иш бошлади.

— Шоҳмот мактабимиз Марказий Осиё минтақасида ягона ҳисобланади, — дейди мактаб директори Комил Синдоров. — Айни чоғда бу ерда Марат Жумаев, Дмитрий Қаюмов сингари таниқли гроссмейстерлар раҳбарлигида йигирма беш нафар мутахассис ўғил-қизларимизга сабоқ беришмоқда. Мактабимизнинг Қорақалпоғистон ва барча вилоятларда филиаллари бор. Ўтган йил давомида ўн икки бор махсус ўқув-йиғин машғулотлари, таниқли шоҳмот усталари билан ўнлаб мастер-класслар уюштиришга муваффақ бўлдик. Келгусида янги ўқув қўлланмалари ва адабиётлар яратиш, Россия, Арманистон сингари давлатлардаги махсус шоҳмот мактаблари билан илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш устида иш олиб боряпмиз.

Тадбир доирасида федерация томонидан ўтган йил якунлари бўйича турли номинациялар ғолиб ва совриндорлари номи эълон қилинди. Владимир Егин — «Йилнинг энг яхши мураббийи», Самарқанд вилояти шоҳмот федерацияси — «Йилнинг энг яхши ҳудудий бўлинмаси», Нодирбек Ёқуббоев — «Йилнинг энг яхши шоҳмотчиси», Ирина Геворкян — «Йилнинг энг яхши аёл шоҳмотчиси», Нодирбек Абдусатторов — «Йилнинг энг яхши ёш шоҳмотчиси» номинациялари бўйича махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.