ўз ҳиссасини қўшганлар муносиб тақдирланди
Қуйи Чирчиқ туманидаги Беруний маданият саройида “Tashkent Cotton Textile cluster” (“TCT Cluster”) кластери томонидан жорий йил қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини етиштириш якунларига бағишланган ҳосил байрами ташкил этилди. Тадбирда туман ҳокимлиги ва “TCT Cluster” кластери раҳбарияти ҳамда “TCT Cluster” таркибидаги “TCT Agro cluster” пахта-тўқимачилик, “TCT Rice” шоличилик, “TCT Fish” балиқчилик каби кластерларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар иштирок этишди.
Тантанали байрам тадбирида сўзга чиққан Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими Акмалхон Холмуродов ҳамда “TCT Cluster” МЧЖ бош директори Фирузбек Акобиров йиғилганларни яқинда республикамиз миқёсида кенг нишонланган Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ва бугунги ҳосил байрами билан табриклади. Дунёдаги энг қадимий ва олижаноб касб эгалари ҳисобланган, эл-юрт дастурхонини тўкин қилишдек ғоятда муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган ризқ-рўзимиз бунёдкорлари – миришкор деҳқон, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, соҳанинг жонкуяр олимлари ва мутахассисларининг келгусидаги ишларида улкан зафарлар тилади.
— Президентимиз Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида пахтачиликда барчага намуна бўлган илғорлар сафида туманимиздаги “TCT Cluster” кластерини ҳам алоҳида эътироф этганлиги бизни бениҳоя қувонтирди, — дейди Акмалхон Холмуродов. — Қолаверса, туманимизда кластер фаолияти йўлга қўйилиши натижасида бугунги кунда аҳолимизнинг 9 минг нафарга яқини доимий иш билан таъминланди. Бундан ташқари, сўнгги икки йилда ғалла, пахта, шоли каби қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан юқори ҳосил олишга эришилди. Ўрни келганда айтиш керакки, кейинги ўн йилда Қуйи Чирчиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда республикамизнинг энг қолоқ туманлари қаторида бўлган. Бугунга келиб дунёда рўй бераётган пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан, туманда фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 12 миллион 370 минг АҚШ доллари қийматига эга бўлган 19 минг тонна мева-сабзавот Хитой, Россия, Туркия, Туркманистон ва Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинди.
— “Tashkent Cotton Textile cluster” (“TCT Cluster”) кластерида меҳнат қилаётган 9 мингга яқин ишчи-ходимни ҳосил байрами билан чин дилдан муборак этаман, — дейди Фирузбек Акобиров. — Бундан 3 йил олдин тумандаги фермер хўжаликларида меҳнат қилаётган ишчиларнинг ойлик маоши 550 минг сўм бўлган бўлса, бугунга келиб кластер тизимига ўтилганидан кейин 4 баробардан ҳам юқори бўлди, яъни, 2 миллион 100 минг сўмдан 5-6 миллион сўмгача кўтарилди. Улар йил ўн икки ой ойлик маоши билан узлуксиз таъминланиб келмоқда. Энг муҳими, туманда мавсумий ишчи, деган тушунчага барҳам берилди. Бундан ташқари, фермер хўжаликлари даврида 7,9 миллиард сўм солиқ тўланган бўлса, кластер фаолияти йўлга қўйилгандан сўнг, яъни, 2019 йилда 28,7 миллиард сўм солиқ тўланган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич янада ошиб, 51 миллиард сўмни ташкил этди.
Аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ишларни келгуси йилда ҳам давом эттирамиз. Биринчи навбатда туманда “Темир дафтар”га киритилган оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан бирга уларни доимий иш билан таъминлаш устувор вазифаларимиздан биридир. Яна шуни айтишим мумкинки, асосий мақсадларимиздан бири – бу туманда саноатни ривожлантиришдир. Жорий йилда инвесторимиз ташаббуси билан Туркиянинг “Yashar Makina” компаниясининг энг сўнгги русумдаги ускуна ва дастгоҳлари билан жиҳозланган Марказий Осиёда ягона шолини қайта ишловчи завод ишга туширилди. Бу завод бир мавсумнинг ўзида 40 минг тоннагача шолини қайта ишлаш қувватига эга. 2021 йилда ҳам инвестициявий лойиҳаларимизни давом эттирган ҳолда 5 миллион АҚШ долларилик инвестиция ҳисобига чигитни қайта ишлаш заводини ҳамда 2,5 миллион АҚШ долларилик гўшт етиштиришга ихтисослаштирилган, бошланғич қуввати 2000 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплексини ва шунга ўхшаган бошқа йирик лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.
Ҳосил байрами тадбирида йил давомида ўзининг намунали меҳнати билан бошқаларга ўрнак бўлган бир гуруҳ ишчи-ходимлар қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Эл севган, ардоқлаган санъаткорларнинг куй-қўшиқлари тантанали тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Байрам иштирокчилари қилган меҳнатлари, эришган ютуқлари завқини, роҳатини ҳис этишди. Янги — 2021 йилни кўтаринки кайфият, янада катта орзу-ниятлар билан кутиб олишмоқда.
Тоштемир МУРОД,
“Ўзбекистон овози” мухбири.