22.12.2020

НУРОБОДНИНГ КУЧ-ҚУДРАТИ ОШМОҚДА

Фахриддин ЗОЙИРОВ, Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокими

САНОАТ ВА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ

Туманимизда бугун амалга оширилаётган ислоҳотларни, ўзгариш ва янгиланишларни яқин ўтмишда хаёлимизга ҳам келтира олмасдик. Башорат қилишни ҳам ақл бовар қилмасди. Бироқ бугунги тарихий ўзгаришлар афсона эмас, ҳақиқат. Гапни кўпайтирмай аниқ рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Президентимизнинг 2020 йил 9 январдаги Қарори билан 2020 йилда туманимизда 10,0 млн. доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, жорий йил якуни билан ушбу режа 102,5 фоизга бажарилиши таъминланди. Жумладан, “Мароканд цемент инвест” МЧЖ ҚК томонидан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида 6,3 млн. долларлик ҳамда “Шелкова Агрохим Ўзбекистон” МЧЖ ҚК томонидан кимёвий дори воситалари лойиҳаси доирасида қиймати 1,2 млн. долларлик асбоб-ускуналар, “Нур­обод агрокултирал технология” МЧЖ ҚК томонидан 245 минг доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар шаклида жалб қилинди.

Ўтган даврда туманнинг ташқи савдо айланмаси 30,6 млн. долларни ташкил этиб, унинг таркибида экспортнинг ҳажми 1,5 млн. доллар, импорт ҳажми 29,1 млн. долларни ташкил этмоқда. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан экспорт 185,8 фоизга ўсган бўлса, импорт ҳажми эса 94,4 фоизга камайган.

Бугунги кунга қадар 4 млн 800 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, 3,4 млн. долларлик саноат ҳамда 1,4 млн. долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилинишига эришилди.

Бундан ташқари, жорий йилда 3 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб қилиниб, улар томонидан 200 минг доллардан ортиқ маҳсулотлар экспорт қилинди. Шунингдек, туманда экспорт географияси кенгайиб, экспорт қилинаётган давлатлар сони 8 тадан 14 тага (Украина, Эрон, Арманистон, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирлиги, Грузия ва бошқа давлатлар), экспорт қилинаётган маҳсулот турлари эса 22 тадан 38 тага кўпайди. 2021 йилда эса 7 млн. долларлик экспорт ва 12 млн. долларлик инвестиция маблағлари жалб қилиниши прогноз қилинмоқда.

2020 йил учун шаклланган 45 та лойиҳа доирасида 113,3 млрд. сўмлик (шундан 46,3 млрд. сўм ташаббускорлар ўз маблағлари, 67,0 млрд.сўм банк кредитлари, хорижий кредитлар ва инвестициялар) инвестициялар ўзлаштирилишига эришилди ҳамда 441 та янги иш ўрини яратилди. Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши ҳисобига 6,8 млрд.сўм бюджетга қўшимча маблағлар жалб қилиниши таъминланди. Жумладан, “Теспак инвестмент” МЧЖ томонидан қиймати 8,5 млрд. сўмлик бўлган йиллик 29,3 минг дона биметалл радиаторлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 20 та янги иш ўрини яратилди. “Фокс пипес инноватцион” МЧЖ томонидан қиймати 7,8 млрд. сўмлик бўлган йиллик 140 минг п/метр ПВХ қувурлари ва фитинглари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, ҳозирча 10 та янги иш ўринлари яратилди. “Гамма виндовс систем” МЧЖ томонидан қиймати 21,1 млрд. сўмлик, йиллик қуввати 1,5 млн. п/метр поливинилхлорид профиллари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 57 та янги иш ўрин яратилди.

2017 йилнинг 12 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони асосида туманимизда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган эди. Туман худудининг “Сазаған” массивидан 360 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, ҳозирги кунда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида 6 та инвестор томонидан 12 та лойиҳа амалга оширилди. Бугунги кунда улар томонидан 146,2 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 422 та доимий иш ўрини яратилган. Келгуси йилда ҳам мазкур ҳудудда қиймати 240 млрд. сўмлик 4 та йирик лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, умумий майдони 3,5 гектар бўлган “Нуробод МТП” Кичик саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, ушбу саноат зонасида қиймати 5,9 млрд. сўмлик жами 2 та лойиҳа амалга оширилди ҳамда 27 тадан ортиқ янги иш ўрини яратилди.

2021 йилда “Титанстрой” МЧЖ томонидан тайёр темир бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Натижада, 5,3 млрд. сўмлик қўшимча қувватлар яратилиб, бюджетга 86 млн. сўмлик солиқ маблағлари тушади 15 та янги иш ўрини яратилади.

Туманда жорий йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2 та лойиҳа амалга оширилди. “Фокс пипес” МЧЖ томонидан импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Улар томонидан жорий йилнинг 11 ойлигида 41,7 млрд. сўмлик, 706 мингдан ортиқ бирликдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Импорт қисқартирилиб, маҳаллийлаштириш даражаси 47,2 фоизни ташкил этди.

Туманимизда 2021-2022 йилларда саноат йўналишида 12 та лойиҳа, қишлоқ хўжалигида 31 та лойиҳа, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишини 5 каррага ошириш лойиҳалари шакллантирилган бўлиб, уларнинг ишга тушиши натижасида 849 та янги иш ўрни яратилади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар натижасида республикамизга бошқа давлатлардан импортнинг камайишига ва экспорт қилиш имкониятининг ортишига эришилади ҳамда 11,7 млн. доллардан ортиқ инвестициялар киритилади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида туманнинг Амир Темур массивидан Жом аҳоли массивигача бўлган, ҳудудлардан оқиб ўтувчи "Эски Анҳор" канали ёқасида самарасиз 4057 гектар ер аниқланиб, мазкур лалми ер майдонида интенсив боғ ва токзорлар яратилади. Мисол учун, "Сазағон шахризода боғлари" МЧЖ томонидан 200 гектарлик боғ, "Дўстлар меваси" МЧЖ томонидан 70 гектар боғ барпо этиш ишлари бошланган.

Жорий йилда чорвачилик йўналишида умумий қиймати 1,1 млрд. сўмлик 2 та янги лойиҳа амалга оширилди. "Раззақов Акмал балиқлари" МЧЖ томонидан 200 бош, "Сориқтош чорваси" МЧЖ томонидан 500 бош наслли қўй олиб келинди. Боғдорчилик йўналишида 415 гектар майдонда 12 та лойиҳа амалга оширилиб, 121 та янги иш ўрини яратилди. Жумладан, “Утаева Саодат она" МЧЖ томонидан 18 гектар, "Марварид Қуалитес" МЧЖ томонидан 20 гектар, "Нуробод янги тармоқ хизмати" МЧЖ томонидан 40 гектар интенсив боғлар ташкил этилди. 2021 йилда қишлоқ хўжалиги йўналишида истиқболли 31 та лойиҳа амалга оширилади. Тумандаги тижорат банклари томонидан 534 та лойиҳага 15,1 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Уларнинг 2,1 млрд. сўми 93 та хотин-қизларга, 1,6 млрд. сўми эса 46 нафар ёшларга ажратиб берилди.

Олиб борилган иқтисодий ислоҳотлар, тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратилиши, саноат ва хизмат кўламини ривожлантириш натижасида туман бюджетининг умумий даромадлари (контингент) режага нисбатан қўшимча 7,6 млрд сўмга ошириб бажарилди. Маҳаллий бюджет харажатларини оптималлаштириш ҳисобига умумтаълим мактабларидаги мавжуд буржуйка печларини замонавий иситиш тизимига алмаштириш учун 569 млн. сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, халқ таълими тизимидаги 10 та умумтаълим мактабларига янги қўшимча бино ва филиаллар қурилди.

Тумандаги ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш орқали кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-кувватлаш ва ривожлантириш бўйича 1-сон касб-ҳунарга ўқитиш масканида 135 нафар, уста-шогирд мактабида 36 нафар ўқувчи қайта касбга ўқитилиб, бандлиги таъминланди.

 

РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР

Бугун ҳаёт кўрсатмоқдаки, рақамли технологиясиз узоққа бориб бўлмайди, ривожланиб бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йилнинг 5 октябрида қабул қилинган “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони барча тармоқларда ва ҳудудларда рақамли технологияларни кенг жорий этиш имкониятини яратиб берди, десак муболаға бўлмайди. Фармон билан мазкур соҳада туманимизда 2020-2022 йилларда амалга ошириладиган ишлар аниқ белгилаб олинди ва туманни рақамли технологиялар бўйича намунали ҳудудга айлантириш белгиланди. Ахборот технологиялари телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш учун 21 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Мобиль алоқа операторларининг 4 та янги база станциялари ўрнатилиб, аҳоли масканларининг 86,5 фоизи мобиль алоқа ва 64,5 фоизи мобил интернет хизматлари билан қамраб олинди;

Шунингдек, 76 та халқ таълими объектларининг 14 тасига, мактабгача таълим объектларининг 7 тасига, тиббиёт муассасаларининг 6 тасига оптик толали алоқа линиялари қурилиб, юқори тезликдаги Интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди, дастурий таъминот билан таъминланди. Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилиши режалаштирилган.

“Наврўз” маҳалласида барпо этилган шинам ва барча замонавий шарт-шароитларга эга бўлган кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди. Ногиронлиги бўлган шахслар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар, кам таъминланган уй-жойсиз фуқаролардан 10 нафарига дастлабки тўлов пуллари тўлаб берилди. Шунингдек, 14 нафар меҳнат мигранти оиласи, ёш оилалар ва уй-жойга эҳтиёжманд фуқаролар ҳам мазкур хонадонларга кўчиб ўтди. Туман маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Нурафшон маҳалласига янги бино қуриб берилди. Аработа маҳалласида эса 25 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилди. Бундан ташқари, ҳашар йўли билан Меҳнаткаш, Ўртабўз, Олтинсой, Бошқудуқ МФЙларга янги бино қуриб битказилиб, Сарикул, Лолазор МФЙларнинг янги бинолари қурилиши давом этмоқда.

 

ИЧИМЛИК СУВИ ТАЪМИНОТИ

Ичимлик сувисиз аҳоли ҳаётини тўла-тўкис қилиб бўлмайди. Яқин-яқингача кўплаб аҳоли пунктлари ичимлик сувига зор эди. Бир қишлоққа қувур тортилиб, сув келтирилса, воқеа ҳисобланарди. Бу иш осон эмасди-да. Бугун кўплаб қишлоқларга ичимлик суви олиб келинмоқда.

Туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича 2020 йилда Олға, Хазармали, Аработа маҳаллаларида янги сув иншооти қуриш учун бюджетдан қўшимча маблағлар ажратилиб, 2 мингга яқин хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бугунги кунда яна 2 км. ичимлик сув тармоғини тортиш учун керакли бўлган қувурлар келтирилиб, туман ҳокимлиги ташаббуси билан қазиш ва ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. “Самарқандсувтаъминот” МЧЖ Нуробод туман филиали томонидан Нурбулоқ-Чимбой сув иншоотида қуввати паст бўлган сув ҳайдаш насоси ўрнига янги кўрсаткичли, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган насос ўрнатилди. Эндиликда сув олиш қуввати 3 баробар ошиб, Нурбулоқ ва Пўлатчи маҳаллаларидаги 10 мингдан ортиқ аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконияти яратилди. Бундан ташқари, “Наврўз” МФЙдаги 3 та кўп қаватли уйларни ичимлик сув тармоқлари ва канализация тизимига 1,4 км. тармоқ ҳамда ичимлик сувларини кўтариб берувчи насос станцияси қурилиб фойдаланишга топширилди.

Жанубий кон бошқармасига қарашли, узунлиги 45 км. бўлган Дамхўжа — Нуробод ичимлик сув етказиб берувчи сув тармоғи 7 йилдан буён ишлатилмасдан, яроқсиз аҳволга келиб қолган эди. Мазкур тармоқнинг таъмирланиши натижасида ­Нуробод шаҳарчаси ва яна 9 та аҳоли пунктларининг 20 мингдан зиёд аҳолиси марказлашган сифатли ичимлик суви билан таъминланишини инобатга олиб, бу бўйича тахминий қиймати 45 млрд. сўм бўлган лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилди ва юқори ташкилотларга тақдим қилинди. 2021 йилда марказлашган инвестиция маблағлари ҳисобидан 3 та умумтаълим мактаблари, яъни, 13- ва 61-мактаблар капитал таъмирланиб, қўшимча бинолар қурилади. 7 та мактаб филиаллари янгидан қурилади, 2 та ҚВП янгидан таъмирланади, 1 та МТТ ва 20 та оилавий боғчалар қурилиб ишга туширилади.

 

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ

Аҳолини иш билан таъминлаш ижтимоий ҳимоянинг энг муҳим воситаси. Аммо ҳозирги, айниқса, бу йилги мураккаб шароитда ижтимоий ёрдамга муҳтож одамларни қўллаб-қувватлшага алоҳида эътибор қаратдик.

2020 йил давомида 667 та доимий янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган бўлиб, амалда мингтага етказилди ёки режа 150 фоизга бажарилиши таъминланди. 2021 йилда ушбу кўрсаткични 1750 тага етказиш режалаштирилган. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни “Темир дафтар” шакллантирилди. 1976 та ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган камбағал оилалар рўйхатга олиниб, “Темир дафтар”га киритилди. Сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектларининг саъйи ҳаракатлари билан Халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиясида оилаларнинг ўз розиликлари ва сектор раҳбарларининг тавсияномасига кўра 1015 та оила камбағаллик рўйхатидан чиқарилди. Бугунги кунда камбағал деб қайд этилган 961 та оила ногиронлиги ва бошқа сабабларга кўра, “Темир дафтар” рўйхатида қолмоқда. Келгуси йилнинг ярим йиллигида 495 та оиланинг 511 та меҳнатга лаёқатли аъзолари иш билан таъминланиб, уларни камбағаллик рўйхатидан чиқариш бўйича Халқ депутатлари туман Кенгашига таклифлар киритилиши режалаштирилган. Пандемия даврида 1789 та камбағал оилага жами 1,7 млрд. сўм бир марталик нақд пул маблағлари берилди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 2,2 млрд. сўмлик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 3 та тез тиббий ёрдам машинаси, 42,0 млн. сўмлик 20 та ногиронлик аравачалари ҳамда тиббий реабилитация жиҳозлари олиб берилди.

2020 йилнинг ўтган даврида туманда 56 нафар ёлғиз аёл, 140 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди. 37 нафари ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш дастурига киритилган бўлиб, ҳозирда 31 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. 2018-2020 йилларда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган 20 нафар, шундан 18 нафари ногиронлиги бўлган хотин-қизларга бошланғич тўловларсиз уй-жойлар ажратилди. Ҳомийлар томонидан ҳам хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида камбағаллик рўйхатида бўлган, ишсиз 18 нафар хотин-қизга замонавий тикув машиналари топширилди. 60 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилди.

 

ЁШЛАР ва СПОРТ

Ёшлар саломатлиги ва соғлом турмуш тарзини спортсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Тумандаги 38 та ёпиқ ва 211 та очиқ спорт иншоотлари қайта хатловдан ўтказилиб, соат 16-00 дан 23-00 гача аҳолига бепул фойдаланиш учун берилиши белгиланган. Қиймати 4,4 млрд. сўмлик спортнинг барча турлари билан шуғулланиш имкониятига эга ёпиқ турдаги “Болалар спорт мажмуаси” қурилиб фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда ушбу мажмуада спортнинг тўққиз тури бўйича белгиланган режа-графиклар асосида тумандаги маҳаллаларда жамоалар шакллантирилиб, мусобақалар ўтказилмоқда.

Туманимизда сўнгги уч йилда 46 нафар спортчи Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритишди. Уларнинг 12 нафари спортнинг кураш, 27 нафари қўл жанги, 2 нафари гандбол, 3 нафари волейбол, 2 нафари эса белбоғли кураш тури бўйича ғолибликни кўлга киритди. Бугунги кунда туманда тадбиркорлар томонидан 20 га яқин министадионлар ташкил қилинган бўлиб, ҳозир шароит ва имкониятлардан келиб чиққан ҳолда бундай турдаги спорт иншоотларини кўпайтириш сектор раҳбарлари олдидаги муҳим вазифа бўлиб турибди.

Янги йил байрами арафасида лойиҳа қиймати 2,6 млрд. сўмлик “Ёшлар маркази” биноси фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, туманда 2020-2021 йиллар давомида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар Дастури асосида 4,6 млрд. сўмлик маблағнинг кенг мақсадли йўналтирилиши кўзда тутилган.

Хуллас, ютуқларимиз ўзимизники. Бироқ олдинда катта вазифалар, ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар турибди. Короновирус пандемияси сабабли баъзи режаларимиз тўлиқ бажарилмади. Янги — 2021 йилда ҳар қачонгидан ҳам ғайрат билан ишлашимиз керак бўлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: