16.12.2020

МАҚСАД – НОЛДАН ТАЙЁР МАҲСУЛОТГАЧА

бўлган металл ишлаб чиқариш кластерини яратишдан иборат

Бугунги кунда давлатимизда импорт ўрнини босиш ва маҳсулот локализацияси бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бундай режаларнинг қанча қисми «Тошкент металлургия заводи» МЧЖ зиммасига юклатилган? Завод қурилиш индустрияси, машинасозлик ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун совуқ прокатли коррозияга қарши ҳимояланган қопламали металл лист маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи илк корхона-ми?

Ушбу саволлар билан Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Механика факультети “Металларга босим билан ишлов бериш” кафедраси мудири, техника фанлари доктори Дароб Бердиевга мурожаат қилдик.

— Ушбу ишлаб чиқариш корхонаси Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2017 йил 7 апрельдаги «Тошкент металлургия заводини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга оширишни давом эттиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида қурилган бўлиб, пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманида барпо этилган Ўзбекистоннинг энг замонавий саноат корхоналаридан биридир.

Барчамизга маълумки, 2020 йил 4 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент металлургия заводининг очилиш маросимида иштирок этиб, юртимиз саноати учун янги даврни очиб берди. Корхонада муҳандис, лойиҳачи, металлург ва бошқа мутахассисларнинг янги авлоди шаклланган.

Завод қурилиши 2017 йилда бошланган эди. Уни бунёд этишга 420 миллион доллар сарфланди. Корхона техник ва технологик жиҳатдан халқаро миқёсдаги йирик мажмуалар қаторига киради. Бу ерда Италия, Германия, Россия, Австрия, Швейцария, Жанубий Корея каби 27 мамлакатдан асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилди. Ишлаб чиқариш, назорат қилиш ва бошқариш жараёнлари автоматлаштирилган.

Энг муҳими, заводда “яшил” технологиялар қўлланган. Чиқиндиларни қисқартириб, қатъий экологик меъёрларга амал қиладиган, чиқинди газларни ушлаб қоладиган, оқова сувларни тозалайдиган ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган.

Мамлакатимизда қора металлургия саноатида коррозиябардош металл листлар ишлаб чиқариш ривожланмаганлиги сабабли ишлаб чиқариш корхоналарида кўп муаммолар мавжуд эди. Эндиликда Тошкент металлургия заводида коррозияга чидамли, йилига 500 минг тонна рух ва полимер қопламали металл листлар ишлаб чиқарилади. Бу қурилиш материаллари, маиший техника, электротехника ва озиқ-овқат саноатидаги юзлаб корхоналарнинг эҳтиёжини таъминлаш имконини беради. Шу кунгача бундай маҳсулотлар учун хомашё асосан чет давлатлардан импорт ҳисобига олиб келинар эди.

Мазкур мажмуада биринчи босқичда импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисобидан 400 миллион долларга яқин маблағ тежалади, маҳаллийлаштириш даражаси сезиларли ошади.

Мисол учун, сендвич панеллар ва том ёпиш тунукалари таннархида мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг улуши 50 фоиздан 90 фоизгача ортади. Шунингдек, бу кўрсаткич вентиляция ва ҳаво тозалаш тизимлари бўйича 30 фоиздан 50 фоизгача, маиший электротехника ишлаб чиқаришда 35 фоиздан 50 фоизгача ошади. Ўз-ўзидан аёнки, бунинг натижасида маҳсулотларнинг нархи арзонлашади. Шунингдек, завод томонидан йилига 90 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади.

Мажмуада 700 га яқин киши ишлайди. Лекин, турдош тармоқлар билан бирга ҳисоблаганда, 5 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилиши мумкин.

— Металлургия соҳаси бўйича илмий салоҳиятга эга университетлардан бири Тошкент давлат техника университети ҳисобланади. “Тошкент металлургия заводи” билан Тошкент давлат техника университети ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида гапириб берсангиз?

— Президентимизнинг «Тошкент металлургия заводини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга оширишни давом эттиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида корхона учун соҳага мос бўлган ёш кадрларни тайёрлаш Тошкент давлат техника университетига вазифа қилиб берилган.

Шу асосида, Тошкент металлургия заводи билан Тошкент давлат техника университети ўртасида 2018 йил 2 февралда 28-сонли Меморандум имзоланди. Меморандум асосида 2018 йилда Республикада мавжуд бўлмаган “Металларга босим билан ишлов бериш” ва  “Прокат ишлаб чиқариш технологиялари” бакалавр таълим йўналишлари  очилди.

Тошкент металлургия заводи очилиши “Металларга босим билан ишлов бериш” ва “Прокат ишлаб чиқариш технологиялари” бакалавр таълим йўналишлари ҳамда бошқа турдош таълим йўналиш талабалари учун замонавий жиҳозланган корхонада танишув, амалий, битирув олди амалиётларининг юқори самарада ўтказилиши, натижада талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан боғлашга, сифатли кадрлар тайёрлаш даражасининг ортишига, битирувчи ёш мутахассисларни иш билан таъминланиш салмоғини кескин ошиб боришига, кафедрадаги ёш ўқитувчилар, докторантлар ва мустақил изланувчиларни илмий тадқиқотларини замонавий лабораторияларда таҳлил қилишига, шу асосида тайёрлаган илмий мақолларини рейтинги юқори бўлган чет эл журналларида чоп қилиш ва уларнинг диссертация ишлари ҳимоясини тезлаштириш имкониятларини янада оширади.

Корхона билан тўлиқ танишиш ва ҳамкорликда ишларни давом эттириш мақсадида “Металларга босим билан ишлов бериш” кафедраси профессор-ўқитувчи ва талабалари ушбу корхонага мунтазам келиб туриши режалаштирилган. Бу, заводдаги технологик жараён билан тўлиқ танишиб, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар намуналарини ўрганиш имконини беради.

— Президентимиз, “ҳаракатларимизнинг асосий мақсади — яқин йилларда яхлит, “нолдан тайёр маҳсулотгача” бўлган металл ишлаб чиқариш кластерини яратишдан иборат” дея таъкидлади. Буборада қандай янгиликлар бўлмоқда?

— Тошкент металлургия заводи учун дастлабки хомашё чет мамлакатлардан импорт ҳисобига олиб келинмоқда. Мамлакатимиз Президенти ўз маърузасида янги ишга туширилган корхона яқин  кунларда “Ўзметкомбинат” АЖ билан яқин ҳамкорликда фаолиятни бошлаши, яъни бугунги кунда Бекободда қиймати 800 миллион доллар бўлган лойиҳа амалга оширилаётгани, бу дегани — 1 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга қуюв-прокат мажмуаси барпо этилаётгани, унинг маҳсулотлари Тошкент металлургия заводи учун хомашё бўлиши ҳақида гапирииб ўтди. Шунинг ўзи рух ва полимер қопламали листларнинг маҳаллийлаштириш даражасини 90 фоизга етказиш имконини беради, металл листларни “нолдан тайёр маҳсулотгача” бўлган металл ишлаб чиқариш кластерини яратишга замин бўлади.

— Завод жаҳоннинг етакчи корхоналари қаторига чиқиши учун фаолиятини қандай йўлга қўйиши керак, деб ҳисоблайсиз? 

— Дунёда Германия, Япония, Россия ва шунга ўхшаш ривожланган давлатлар ишлаб чиқариш корхоналари тажрибаларига эътибор берсак, ишлаб чиқариш корхоналари соҳанинг етук олимлари билан ҳамкорликда иш олиб боради, ундан ташқари корхонада фаолият юритаётган ходимларнинг асосий қисми иш билан биргаликда илмий фаолият билан ҳам шуғулланиб келишади, яъни иш жойида доимо илмий янгиликлар киритиб, корхонани ривожланишига ҳисса қўшишади, шу асосида яратган илмий янгилиги учун муаллифлик ҳуқуқини олишади, PhD ва DSc ҳимояларини ўтказишади. Шу асосда корхона ишлари ташкил этилса, корхонада фаолият юритаётган иқтидорли ёшлар илмий ишларга жалб қилинса, уларнинг натижалари нуфузли конференцияларда ёритиб борилса, Тошкент металлургия заводи жаҳоннинг етакчи корхоналари қаторига албатта чиқади.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Шуҳрат ИСЛОМОВ ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: