16.12.2020

НАВОИЙ ВИЛОЯТИНИНГ ШАҚАР ВА ТУМАНЛАРИДА

олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишларидан аҳолининг кўнгли тўқ ва эртанги кунига ишончи баланд

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ва Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Журналист ва ҳаёт” лойиҳаси доирасида Навоий вилоятининг Навоий, Ғозғон шаҳарларида ҳамда Нурота ва Навбаҳор туманларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, хусусан, янгидан барпо этилган “Ғозғон” шаҳри билан марказий оммавий ахборот воситалари ходимларини яқиндан таништириш мақсадида медиа-тур ташкил этилди. Журналистлар икки кун давомида вилоятда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёни билан яқиндан танишди.

Медиа-тур иштирокчилари дастлаб Навоий шаҳридаги “Baht-Textile” масъулияти чекланган жамиятида бўлишди. Корхона 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда пахтачилик бўйича вилоятдаги йирик кластер субъекти ҳисобланади. 1327 нафар ишчи-ходим фаолият олиб бораётган корхонада Швейцариянинг илғор етакчи енгил саноат дастгоҳлари ишлаб чиқарувчи “RIETER” компаниясидан ип-йигирув дастгоҳлари олиб келиниб ўрнатилди. Натижада 2019 йилда жамиятнинг ишлаб чиқариш қуввати 27 минг тоннага етказилди. Корхона Навоий вилоятида етиштирилаётган пахта толасининг 70 фоизини қайта ишлаб, ярим тайёр ҳамда тайёр маҳсулот кўринишига олиб келмоқда.

– Корхона фаолият кўрсата бошлаганидан буён мен каби иш излаб юрган кўплаб хотин-қизлар доимий иш ўрнига эга бўлдик, – дейди оператор Дилбар Собирова. — Уйда ўтиргандан кўра иш билан банд бўлиб, оиламизга маълум миқдорда бўлса ҳам, молиявий жиҳатдан кўмак бераётганимдан мамнунман. Бундан ташқари, меҳнат дафтарчаси очилиб, иш стажим ҳам юритиляпти. Корхонамиз раҳбарияти кейинги йилдан бошлаб ойликларимизни кўтаришни ваъда қилган. Корхонамиз фаолияти янада кенгайиб, кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштириляпти. Шунда менга ўхшаб ишсиз уйда ўтирган яна кўплаб хотин-қизлар ҳам ишли бўлишади.

Корхона фаолияти билан танишиб бўлганимиздан сўнг шаҳарда жорий ўқув йилида иш бошлаган Навоий — Қоракўл ихтисослаштирилган мактаб-интернатига қараб йўл олдик. Маълумот ўрнида айтиш керак, мактаб-интернат математика, физика ва инглиз тили фанларига ихтисослаштирилган бўлиб, 360 ўринга мўлжалланган. Таълим муассасаси мукаммал таъмирига 2,8 миллиард сўм маблағ сарфланган, моддий-техник базаси мустаҳкамланган.

— Президентимиз Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган маросимдаги нутқида ўқитувчиларнинг ёш авлодни тарбиялашдаги, келажак пойдеворини яратишдаги хизматига юксак баҳо берди, — дейди  Навоий вилоят ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси — матбуот котиби Дилшод Мамаражапов. — Бугун буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросига таяниб, янги Ренессанс пойдеворини яратиш учун бизда барча имкониятлар мавжуд, дейишга тўла асосларимиз бор. Ҳамма гап ана шу имкониятлардан қай даражада оқилона фойдалана олишимизга боғлиқ.

Қоракўл туманида мамлакатга машҳур бир мактаб бор. Ўз касбига фидойи муаллим Тўхтамурод Жумаев ўзининг тинимсиз изланиши, янги таълим методикаси билан оддий бир қишлоқ мактабини республика даражасидаги таълим даргоҳига айлантирди. Бу ерда эришилаётган ютуқлардан ўрнак олиб, вилоятимиз ҳокими Қобулжон Турсунов бошчилигида Қоракўл туманида фаолият юритаётган  “Халқаро математика фани мактаби” каби Навоий шаҳрида ҳам Навоий — Қоракўл ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди. Янгидан ташкил этилган ушбу мактаб-интернатига юқори касб маҳоратига эга бўлган умумтаълим мактаби ўқитувчилари, шунингдек, вилоятимиз ҳудудидаги олий таълим муассасалари ҳамда Қоракўл туманидаги “Халқаро математика фани мактаби”да дарс бераётган ўқитувчилар жалб қилинди.

— Бугунги кунда ушбу таълим муассасамизда таҳсил олишни хоҳлаган ўқувчиларнинг билимини беш босқичда синовдан ўтказиб, саралаб олганмиз, — дейди Навоий — Қоракўл ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори Нурулло Яҳёев. — Мактаб-интернатимизга 7-синфдан ўқувчиларни қабул қиламиз. Бундан ташқари, 8-9-10-синфлардан ҳам ўқувчиларнинг билими 5 босқичда синовдан ўтказилади ва уларнинг билим даражаси етарли бўлса, яъни иқтидорли, илмга чанқоқ, таълим олишга иштиёқи баланд бўлса, уларнинг ҳам таҳсил олишига имконият яратамиз. Бугунги кунда таълим даргоҳимизда 307 нафар иқтидорли ўқувчига 47 нафар малакали педагог математика, физика, кимё, биология, инглиз ва она тили фанларидан чуқурлаштирилган дастур асосида таълим-тарбия бериб келмоқда. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, таълим даргоҳимиздаги фан ўқитувчиларининг барчаси юқори малакали педагоглар бўлиб, улар танлов асосида ишга қабул қилинган.

Ҳозир мактаб-интернатда уч йўналишда, яъни “Иқтисод”, “Техника” ва “Табиий” йўналишлар бўйича 11 та ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилган. Мисол учун, “Иқтисод” йўналишида математика, инглиз ва она тиллари фани, “Техника” йўналишида эса математика, физика ва она тили ҳамда “Табиий” йўналишда кимё, биология, она тили фанлари чуқурлаштирилиб ўтилади.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир маълумотни айтиб ўтмоқчи эдим. Ўзим “Қоракўл мактаби”да 20 йилдан ортиқ директор ўринбосари бўлиб ишлаганман. Шу боисдан вилоят ҳокими Навоий — Қоракўл ихтисослаштирилган мактаб-интернатига мени таклиф этиб, ушбу таълим даргоҳининг нуфузи худди “Қоракўл мактабидек” бўлишини хоҳлашини айтди ва мен ишга киришдим. Албатта, Алишер Навоий бобомиз номи билан аталувчи вилоятда залворли номга муносиб авлодлар тарбияланади ва мамлакатимизни янада ривожланишига ўз ҳиссасини қўшадиган, жаҳон фан олимпиадаларида муносиб иштирок этиб, юртимиз байроғини баландларга кўтарадиган иқтидорли ёшлар бу таълим даргоҳида етишиб чиқишига ишончим комил. Ҳа, айтганча, таълим даргоҳимизда ўқитувчилик қилаётган, ўз вақтида “Қоракўл мактаби”да таҳсил олиб, жаҳон фан олимпиадаларида муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларга сазовар бўлган юқори малакага эга бўлган педагогларимиз ҳам ўқувчиларга таълим-тарбия бериб келишмоқда. Президентимиз ўқитувчиларнинг ойлик маошлари 1000 АҚШ доллари миқдорида бўлади, деб айтган гаплари барчамизни қувонтирди, албатта. Бизда иқтидорли, малакали ўқитувчиларимиздан айримларининг ойлик маошлари ҳозирданоқ 1000 АҚШ долларига яқинлашиб қолган.

Пресс-тур иштирокчилари Навоий шаҳрида мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топширилган Марказий Осиёда ягона ҳисобланган айлана шаклидаги йўл ўтказгич, яъни мегакўприкни ҳам кўздан кечиришди. Ушбу айлана шаклга эга мегакўприкнинг бунёд этилишига 15 миллиард сўм маблағ сарфланган. Шунингдек, мегакўприк туфайли “Амир Темур” ва “Ғалаба” шоҳ кўчалари чорраҳасида пиёдаларга қулайлик яратилди. Мегакўприк жойлашган чорраҳа Навоий шаҳрининг марказий деҳқон ва кийим-кечак бозорлари ёнида жойлашган. Бир дақиқада ушбу чорраҳани 400 нафарга яқин киши кесиб ўтади. Ушбу мегакўприк пиёдаларни чорраҳадан ўтаётган вақтида йўл-транспорт ҳодисаси юз бериш хавфидан сақлаш билан бирга автомобиллар тирбандлигининг олдини олмоқда. Бундан ташқари, ўзгача дизайнга эга айланма мегакўприкнинг тўрт томонида чиқиб, тушиш учун зиналар мавжуд. Эътиборли жиҳати, бозор ёнида бунёд этилгани боис, тадбиркорлар ёки харидорлар аравада юкини йўлнинг у ёки бу томонига автомобиллар ҳаракатига халақит қилмасдан олиб ўтиши учун зиналар ёнида пандуслар ҳам барпо этилган. Кексалар ҳамда имконияти чекланган ногиронлар учун лифт ҳам кечаю кундуз ишлаб турибди. Қолаверса, қор ва ёмғир ёғиб, ҳарорат совиб кетиши оқибатида ерлар музлаганда ҳам зиналар музламайди. Боиси, зиналарга музлашга қарши махсус қопламалар ўрнатилган. Бир сўз билан айтганда, шаҳар марказида бунёд этилган ўзгача услуб ва дизайндаги айланма мегакўприк шаҳарга узукка кўз қўйгандек ярашиб туриши билан бирга, унга қараган кишида гуёки санъат асарини томоша қилаётгандек тасаввур уйғотади.

Шу куннинг ўзида Навоий шаҳридаги “Тинчлик плаза” меҳмонхонасида медиа-тур доирасида “Замонавий профессионал журналистикани ривожлантириш: муаммо ва ечимлар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов, “XXI аср” газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалилов, “Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов ҳамда “Адолат” газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамролар бугунги кунда профессионал журналистика, соҳадаги муаммо ва камчиликлар, уларнинг ечимлари, босма матбуот нашрларини қўллаб-қувватлаш, ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Шунингдек, етук журналистларни тайёрлаш, уларнинг билим ва маҳоратларини ошириш борасида тизимли ишларни амалга ошириш лозимлиги ҳамда “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш билан бирга, соҳа учун кадрлар етказиб берувчи олий ўқув юртларида таълим олаётган йигит-қизларни амалиётга кўпроқ жалб этиш, ёш журналистларни муносиб рағбатлантириб бориш кераклиги тўғрисида ўзаро фикр алмашинилди. Тадбирда бир гуруҳ навоийлик фаол журналистларга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Медиа-турнинг иккинчи кунида иштирокчилар дастлаб Президентимизнинг ташаббуси билан 2019 йил 3 майда ташкил этилган вилоятдаги Ғозғон шаҳрига боришди. Улар ҳудуддаги энг йирик корхона “Мармаробод” МЧЖ кластер корхонасининг фаолияти билан яқиндан танишиб, ишлаб чиқараётган маҳсулотлар сифати ва жараёнларини кўздан кечирдилар. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 13 март куни Навоий вилояти Ғозғон шаҳрига ташрифи давомида қилган таклифи билан фаолиятини бошлаган мазкур кластернинг умумий қиймати 52 миллион АҚШ доллари бўлиб, 14 лойиҳа амалётга татбиқ этилади. Натижада конлардаги ишчилар билан бирга 850 та янги иш ўрни яратилади.

Ўтган қисқа давр ичида корхона ҳудудидаги майдон 11000 кв.м. бўлган асосий бино ва яна 10 та кичик лойиҳа бинолари қурилиши якунланди. Банкнинг 4 миллион АҚШ долларилик имтиёзли маблағлари ҳисобига Хитой давлатидан замонавий ускуналар келтирилди. Шунингдек, Хитойдан 4 нафар малакали инженер-мутахассислар жалб қилиниб, улар томонидан янги ускуналар монтаж қилинди ҳамда маҳаллий ёшларни ушбу ускуналарда ишлашга ўргатилди.

— Корхонамиз йилига 70 минг куб тош қазиб олиш ва 800 минг квадрат метр тошни қайта ишлаш қувватига эга, — дейди “Мармаробод” МЧЖ кластер корхонасининг раҳбари Маҳмуд Шарофатов. — Ҳозирги кунда корхонага тегишли 2 та, яъни Пашшот, Парғат карьерларидан янги ускуналарда замонавий усулларда гранит тошларни қазиш ишлари олиб борилмоқда. Шу кунгача 15 000 куб метр табиий тошлар қазиб олинди.  Бугунги кунда корхонада 400 нафар маҳаллий ёшлар уч сменада ишламоқда. Бундан ташқари, карьерларда очиш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли ҳозирда кунлик қазилган 100 куб тошдан 50 куб яроқли тош олинмоқда. 2021 йил январда карьерлар тўлиқ очилиши билан улардан кунига 200 куб, ойига 6 минг куб, йилига 72 минг куб тош қазиб олишни режалаштириб турибмиз.

Қолаверса, Ғозғон ҳудудида қазиб олинаётган мармар тошлар пойтахтимиздаги қатор метро бекатларини безатишда, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз шаҳарларидаги бино, иншоотлар ва мақбараларда фойдаланилганлигини яхши биламиз. Бугун эса айнан ўша машҳур тошларга шу жойнинг ўзида сайқал берилиб, қайта ишланиб, тайёр маҳсулот сифатида харидорларга етказиб берилмоқда.

Шундан сўнг медиа-тур иштирокчилари Нуротадаги “Чашма” меъморий мажмуасида ҳам бўлиб, уни зиёрат қилишди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу меъморий мажмуада улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. Бу ердаги маданий мерос объектлари қайта таъмирланиб, 80 ўринга мўлжалланган меҳмонхона ҳам фойдаланишга топширилган. Яна битта меҳмонхона, амфитеатр қурилиши тугалланиш арафасида. Яқинда ҳунармандлар маркази ҳам ўз фаолиятини бошлабди. Ўрни келганда шуни айтиш керакки, Нурота туманидаги “Чашма” меъморий мажмуаси халқ тилида айтганда, чинакамига мўъжиза мажмуасидир. У денгиз сатҳидан 524 метр баландликда жойлашган бўлишига қарамасдан, ер остидан булоқ қайнаб, отилиб чиққан. Эътиборли жиҳати, ушбу булоқнинг суви йилнинг тўрт фаслида ҳам бирдек, 19,5 даражада илиқликда бўлади. Маълумотларга кўра, секундига 360-400 литр сув ер остидан қайнаб, отилиб чиқаётган сув таркиби турли микроэлементларга бой бўлиб, шифобахш ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу сув таркиби ўн уч турдаги маъданлар билан тўйинганлиги ҳам олимлар томонидан исботланган.

Медиа-тур иштирокчилари Навбаҳор туманидаги “Қалқонота” маҳалласида ташкил этилган “Навбаҳор касаба чеварлари” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Лойиҳа қиймати 6 миллиард сўм, 10 турдан ортиқ трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган мазкур тикув корхонасида 400 нафарга яқин хотин-қиз ишлашмоқда.

— Мен ўрта маълумотга эга бўлсам ҳам тикувчиликка қизиқар эдим, — дейди Зуҳра Муродова. — Тикувчилик корхонаси ишга туширилиши айни муддао бўлди. Дастлаб, масъулияти чекланган жамияти бу ерда ишлаётган хотин-қизларни 3 ойлик ўқув курсларида ўқитиб, касб-ҳунарга ўргатди. Шундан сўнг корхона ишга тушиши билан бизни иш билан таъминлади. Ойлик маошимиз 1 миллион 200 минг сўмни ташкил этади. Бундан биз жуда мамнунмиз. Боиси, ишлашга иштиёқимиз баланд эди, аммо иш тополмасдан, уйда ўтирардик. Мана бугун ишлаяпмиз, оиламизга молиявий жиҳатдан даромад олиб киришимиз сабаб, фаровонлигимиз таъминланмоқда.

— Яқин кунларда туманимиздаги “Бешробот” маҳалласида 500 ва “Қоражон” маҳалласида 400 ўринга эга яна иккита мана шундай трикотаж фабрикасини ишга туширишни режалаштириб турибмиз, — дейди Навбаҳор туман ҳокими Лочин Облақулов. — Ушбу корхоналар ишга туширилса, туманимиздаги хотин-қизларни иш билан банд қиламиз. Ўрни келганда айтишим мумкинки, бундан икки йил олдин туманда умуман иссиқхона мавжуд эмас эди. Ҳозир эса 20 гектарлик иссиқхонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиши натижасида 200 киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Бир сўз билан айтганда, туманимизга саноатни олиб киришимиз туфайли кўплаб ишсиз аҳолини иш билан таъминламоқдамиз.

Медиа-тур якунида вилоят ҳокими Қобул Турсунов журналистлар билан учрашиб, вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача тўхталди. Ҳоким берган маълумотларга қараганда, Навоий вилояти нисбатан ёш вилоят бўлишига қарамасдан, республикамизда саноат маҳсулотлари ҳамда аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринни эгаллар экан. Бундан ташқари, қурилиш маҳсулотлари ҳамда чет эл инвестицияларини жалб қилиш борасида ҳам вилоят энг олдинги ўринларда бормоқда. Энг қувонарлиси, жорий йилда вилоятдаги умумтаълим мактабларини тугатган ўқувчиларнинг республикамиздаги олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари бўйича ҳам биринчи ўринда экан. Бу маълумотлардан ҳаммамиз хурсанд бўлдик, вилоятда олиб борилаётган ислоҳотларга, бунёдкорлик ишларига муваффақиятлар тиладик.

Вилоятнинг қай бир ҳудудига борманг, тарихий ўзгаришларга гувоҳ бўласиз, одамларнинг миннатдорлигини кўрасиз. Бу ўзгаришлар осонликча амалга ошмаётганини ҳам англаш қийин эмас.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: