08.12.2020

ХОРИЖИЙ КРЕДИТ ЛИНИЯЛАРИ ОРҚАЛИ

2019  йилда “Агробанк” АТБга 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар жалб қилинган

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Агробанк” АТБ томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда хорижий кредит линияларни жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, ҳар бир ҳудудга инвестициялар киритиш ҳамда халқаро кредит линияларини жалб этишда фаол инвестицион сиёсат юритишнинг ўрни жуда муҳим. Мамлакатимиз молия-банк тизимида ўз ўрнига эга бўлган ­“Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан банк мижозларини, шунингдек, кичик бизнес субъектлари ҳамда фермер хўжаликларининг самарадорлиги юқори бўлган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, хорижий молия институтлари маблағларини жалб қилиш орқали ишлаб чиқаришни кенгайтиришга катта эътибор қаратиляпти.

Хусусан, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида банк томонидан республикамиз ҳудудларидаги тадбиркорлик субъектларининг истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш учун жами 5,5 триллион сўм миқдорида инвестиция кредитлари ажратилди. Ушбу кредит маблағларининг 25 фоизи саноатга, 22,1 фоизи қишлоқ хўжалигига, 24,8 фоизи ижтимоий таъминот ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва бошқа соҳаларга ҳамда 28,1 фоизи қурилиш, транспорт-коммуникация ва бошқа тармоқларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.

Бугунги кунда инвестиция мақсадлари учун йўналтирилган кредит қўйилмасининг қолдиғи 11,6 триллион сўмни ташкил қилмоқда. Маълумки, Президентимиз томонидан олиб борилаётган фаол инвестицион сиёсат ҳамда инвестициявий муҳитни яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида тадбиркорлик субъектларининг ташаббускорлиги ортиб, янги таклиф қилинаётган лойиҳаларнинг амалга оширилишида тижорат банкларининг кредитларига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда.

Бу эса тижорат банкларининг ресурс базасини мустаҳкамлаш ҳамда доимий равишда халқаро молия институтлари ва хорижий банкларнинг кредит линия маблағларини жалб этиш заруриятини юзага келтирмоқда. Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда “Агробанк” томонидан халқаро молия институтлари ва хорижий банклар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва кредит линия маблағларини жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунда “Агробанк” 26 тадан ортиқ халқаро молия институтлари ва хорижий банклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйган. Хусусан, Германиянинг “Коммерцбанк”и (Commerz Bank AG), “Юникредит банки” (UniCredit Bank AG), “ДЗ банки” (DZ Bank AG) ва “Ландесбанк”лари (LandesBank Berlin AG), Австриянинг “Райфайзен банк”и (Raiffeisen Bank International), Жанубий Кореянинг “КЭБ Хана банк”и (KEB Hana Bank) ҳамда Россиянинг 5 та (“Сбербанк”, “Азия-инвест банк”, “ВТБбанк”, “Промсвязбанк” ва “Транскапиталбанк”) йирик банклари билан ўзаро алоқалар ўрнатилган. Хорижий кредит линияларни жалб қилиш бўйича “Агробанк”нинг кўрсаткичлари йилдан-йилга ошиб бормоқда. “Агробанк” томонидан 2018 йилда жами 30 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит линия маблағлари жалб қилинган бўлса, 2019 йилда ушбу кўрсаткич 100 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Жорий йилнинг 11 ойи давомида 212,3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар жалб қилинди ва ушбу маблағлар ҳисобидан 160 тадан ортиқ инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилди. Жумладан, Швейцариянинг Кредит Сиус банкидан 59,2 миллион АҚШ доллари, Хитой давлат тараққиёт банкидан 40 миллион АҚШ доллари, Россиянинг Пром­связбанк ва Совкомбанкларидан 36,1 миллион АҚШ доллари, Туркиянинг Зираат банкидан 20 миллион АҚШ доллари, Германиянинг Ландесбанк Баден-Вутембергдан 19,9 миллион АҚШ доллари, Ландесбанк Берлинер Шпаркасседан 10,1 миллион АҚШ доллари, Коммерцбанкдан 2,7 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар жалб қилинди. Шунингдек, банк томонидан Савдони молиялаштириш халқаро Ислом корпорациясидан 10 миллион АҚШ доллари миқдорида савдони молиялаштириш кредит линиялари жалб қилиш бўйича шартнома имзоланди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда халқаро инвестицияларни кенг жалб этишга қаратилаётган эътибор, аввало, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш билан бир қаторда халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилашдан иборатдир.

 

Ўз мухбиримиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: