18.11.2020

ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИ МАМЛАКАТЛАР МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИГИНИНГ ЭНГ МУҲИМ БЕЛГИСИДИР...

Самарқанд давлат университетида бўлиб ўтган анжуманда халқаро ташкилотлар вакиллари, дунёнинг етакчи олимлари, экспертлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги оқилона сиёсатини алоҳида эътироф этишди. Жаҳон ҳамжамиятига ўрнак сифатида кўрсатишди...

Тошпўлот Ражабов, Самарқанд давлат университети агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети декани:

— Бутун дунёда юз бераётган глобал пандемия шароитида, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи инсоният ҳаёти учун ўта муҳим эканлигига жаҳон ҳамжамияти яна бир бора иқрор бўлди. Ўзбекистонда ушбу муҳим масалага жиддий ёндашган ҳолда зарур қарорлар қабул қилиняпти, тизимли чора-тадбирлар белгиланиб, ва амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бу ўта долзарб масалаларга эътибор ҳозирги пандемия даврига келиб эмас, балки ундан анча олдинроқ бошланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу борадаги ҳаракатлар ва янгиланишлар 2016 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган изчил сиёсат асосида олиб борилмоқда.

Сўнгги уч-тўрт йилда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тизимли сиёсат, мева-сабзавотчилик ва чорвачиликни ривожлантиришга доир қатор фармон ва қарорларнинг қабул қилинганлиги, шунингдек, жорий йилда давлат томонидан пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти бекор қилинганлиги, қишлоқ хўжалигида янги йўналиш, яъни кластер тизимининг жорий этилганлиги юқоридаги фикрларимизнинг яққол далилидир.

Ўзбекистонимизда глобал пандемия билан боғлиқ бугунги мураккаб шароитда сифатли ва етарли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва озиқ-овқат бозоридаги барқарорликни таъминлаш аграр соҳадаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Ушбу ҳаётий вазифаларни тўлақонли амалга оширишда ва соҳани изчил ривожлантиришда замонавий илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланиш зарурлиги давлатимиз диққат марказидаги масаладир.

Ўзбекистоннинг табиий шароити, айниқса, унинг ўзига хос тупроқ, иқлим ва сув шароити дунёда энг сифатли ва тоза озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш имконини беради. Биз нафақат ички бозоримиз учун балки, дунёнинг бошқа мамлакатлари учун ҳам бундай сифатли маҳсулотларни етиштириб бериб, иқтисодиётимизни бундан-да мустаҳкамлаш имкониятига эга давлатмиз.

Бу борадаги муҳим вазифаларни амалга ошириш аграр соҳанинг замонавий илм-фан ва илғор технологиялар билан ўзаро интеграциясига бевосита боғлиқ. Афсуски, бугунги деҳқонларимизнинг қишлоқ хўжалигидаги илми ва савияси юқоридаги муҳим вазифаларни амалга ошириш учун етарли эмас, уларнинг билими ва тажрибасини бойитиш бўйича олиб олиб борилаётган ташвиқот ва тарғибот ишлари эса ҳали талабга жавоб бермайди. Шу нуқтаи назардан, бугун далаларимизга замонавий билим ва технологияларни олиб кириш, деҳқон ва фермерларнинг илмга бўлган ишончини орттириш вақти келди.

Самарқанд давлат университети ректори профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов раҳбарлигида мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган илмий-тадқиқот ишларини изчиллик билан олиб бориш, шунингдек, бу соҳада малакали кадрлар тай­ёрлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

 Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини атрофлича ўрганиш, мавжуд имкониятлардан тўлиқ ва тўғри фойдаланган ҳолда озиқ-овқат таъминотини мустаҳкамлаш ҳамда бу борада жаҳоннинг етакчи мамлакатларида тўпланган бой илмий тажрибани юртимиз миқёсида оммалаштириш мақсадида ҳар йили Самарқанд давлат университетида ушбу мавзуга бағишланган анъанавий халқаро конференция ўтказиб келинмоқда.

2020 йил октябрь ойида Самарқанд давлат университетида “Озиқ-овқат хавфсизлиги: миллий ва глобал омиллар” мавзудаги II-халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Конференция давомида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида дунёнинг етакчи олимлари томонидан эришилган сўнгги инновацион натижалар ва илм-фан ютуқлари муҳокама қилинди. Конференцияда Ўзбекистонимизда фаолият олиб бораётган ФАО, ИКБА ва ИКАРДА каби халқаро ташкилот ва институтлар етакчи мутахассислари ва олимлари қатнашиб, соҳада эришилган сўнгги ютуқларни тақдим этишди.

Эрез Фаит, Исроил Холон технология институти етакчи мутахассиси, Agrinoze компанияси раҳбари:

— XXI аср қишлоқ хўжалик тизимини замонавий рақамли технологияларсиз тасаввур қилиш қийин. Бугун дунё мамлакатлари аграр соҳасининг барча тармоқларига, айниқса, деҳқончилик тизимини самарали ташкил этиш ва уни юритиш амалиётига рақамли технологиялар шиддат билан кириб келмоқда. Ақлли қишлоқ хўжалик технологиялари экинлар уруғини тупроққа қадашдан тортиб, то ҳосил йиғиб олингунча бўлган даврда содир бўладиган барча табиий жараёнлар ва ўзгаришларни узлуксиз кузатиш, таҳлил қилиш ва мос равишда зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида қўллаш имконини беради. Бундай шароитда юқори ва барқарор ҳосилдорлик таъминланади, аҳоли истеъмоли учун сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилади.

 Самарқанд давлат университетида бўлиб ўтган конференциядан шуни кўриш мумкинки, Ўзбекистон аграр соҳасида янги жорий қилинган кластер тизимларида юқори технологиялардан фойдаланиш йўлга қўйилган. Ўзбекистон қурғоқчил ҳудудда жойлашганлиги ва глобал иқлим ўзгариши муаммоларига мойил эканлигини ҳисобга олсак, аққли қишлоқ хўжалик технологияларининг қўлланилиши озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу каби технологияларнинг амалиётда кенг жорий этилиши нафақат юқори ҳосил олишни кафолатлайди, балки тупроқ ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳадаги харажатларни камайтириш, қишлоқ хўжалигида хавф-хатарнинг олдини олиш имконини ҳам беради.

Бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган оқилона сиёсат аграр соҳа ривожланишини янги ва юқори босқичга олиб чиқади ҳамда минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муносиб позицияга эга бўлади, деб ҳисоблайман.

Штефани Кристманн, Марокаш Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази етакчи мутахассис:

— Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасини замонавий илм-фан ютуқлари асосида ташкил этиш ва ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Ўзбекистондаги тажрибамга асосланиб айта оламанки, мамлакатдаги мавжуд табиий шароит дунёдаги энг сифатли мева, сабзавот, полиз ва картошка экинларини етиштириш имконини беради. Ваҳоланки, бу имкониятга тўлақонли эришиш учун аграр соҳага илғор хорижий тажрибалар ва илмий ишланмалар изчил равишда жорий этилиши зарур. Бугун илм-фан маркази бўлган Самарқанд давлат университетида ўтказилаётган халқаро анжуман ана шундай илғор тажрибаларни тўплаш, уларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасига жорий қилишга қаратилган.

Бугунги глобал иқлим ўзгариши, табиий экотизимлар инқирози ва биохилма-хилликнинг қисқариши қишлоқ хўжалигида жиддий муаммоларни юзага келтирмоқда. Ана шундай глобал муаммолардан бири табиий чанглатувчилар популяциясининг кескин қисқариб бораётганлигидир. Ҳаммамизга маълумки, қишлоқ хўжалиги экинларининг тўлиқ чангланиши юқори ва сифатли ҳосил олишнинг бирламчи шарти ҳисобланади. Минг йиллар давомида бу муҳим вазифани бажариб келаётган ёввойи чанглатувчилар ва уларнинг турлари инсон фаолиятининг турли кўринишлари оқибатида кескин қисқариб кетган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, сўнгги 60-70 йил мобайнида ҳашаротлар ёрдамида чангланадиган маданий экинлар сони 4 маротаба кўпайган. Бугун инсоният истеъмол қиладиган энг асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг 75 фоизи айнан ҳашоратлар ёрдамида чангланишни талаб этади. Бундан кўриниб турибдики, қишлоқ хўжалиги ва унинг барқарорлиги чанглатувчиларга чамбарчас боғлиқ.

Муқобил ёввойи чанглатувчилар ёрдамида деҳқончиликни ташкил этиш бугунги кундаги энг инновацион ва экологик барқарор усуллардан бири эканлиги дунёнинг етакчи олимлари томонидан ҳам тан олинмоқда. Дунёда бу усул FAP – Farming with Alternative Pollinators номи билан машҳур. Бу усулнинг, айниқса, мева, сабзавот ва полиз экинларини етиштиришда юқори самара бериши Ўзбекистон шароитида ўзбек олимлари билан биргаликда ўтказилган тажрибаларимиз асосида ўз исботини топган. Бу илмий натижалар халқаро эътироф этилган нуфузли журналларда эълон қилинган. Бугунги янгиланаётган Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини замон талаблари даражасига кўтаришга ва уни ривожлантиришга интилмоқда. Шу мақсадда муқобил чанглатувчилар ёндашувидан фойдаланиш ва уни амалиётда кенг жорий қилиш мамлакатда сифатли ва мўл озиқ-овқат маъсулотларини етиштириш имкониятларини янада кенгайтиришига ишончим комил.

Азиз Каримов, Шўрланган ҳудудларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро маркази ИКБА нинг Марказий Осиё ва Кавказорти мамлакатлари бўйича дастур раҳбари:

— Қурғоқчил ҳудудларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга тўсқинлик қилаётган энг жиддий муаммолардан бири бу қишлоқ хўжалигидаги ерларнинг шўрланишидир. Қолаверса, сўнгги йилларда нотўғри деҳқончилик амалиёти натижасида кўпгина унумдор ерлар фойдаланишдан чиқиб кетмоқда.

 Иқлим ўзгариши ва дунё аҳолиси сонининг кескин ортиб бораётганлиги ва глобал ер ресурсларининг чекланганлигини ҳисобга олсак, унумдорлиги паст ва маргинал ерлардан унумли фойдаланиш ва шу орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шўрланган ҳудудларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро маркази ИКБА нинг фаолияти айнан шўрланган ва маргинал ерлардан оқилона фойдаланиш орқали ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг турмуш-тарзи ва фаровонлигини яхшилашга қаратилган.

 ИКБА ташкилоти қурғоқчил ҳудудлардаги маргинал ерларда ноанъанавий экин турлари етиштириш, томчилатиб суғориш, қишлоқ хўжалигини автоматлаштириш ва замонавий ресурстежамкор технологиялардан кенг фойдаланиш бўйича бой тажрибага эга.

Ўзбекистонда ҳам ерларнинг шўрланиши ва унинг ҳозир ҳам давом этаётганлиги жиддий эътиборни талаб қилади. Чунки бунинг оқибатида тупроқ унумдорлиги йилдан - йилга пасайиб, экинлар ҳосилдорлигининг камайишига олиб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, ИКБА ташкилоти мамлакатнинг турли шўрланган ҳудудларида маргинал ерлардан фойдаланиш ва ҳолатини яхшилашнинг ноанъанавий усулларини амалиётга жорий этиб келмоқда.

 Самарқанд давлат университетида ўтказилган халқаро конференция ИКБА ташкилоти томонидан нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг турли мамлакатларида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларини ва бу соҳада эришилган сўнгги натижалар ва яратилган илмий-амалий ишланмаларни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилишга имкон берди.

Ташкилотимиз Ўзбекистонда ҳукумат томонидан аграр тизимни тубдан ривожлантириш бўйича олиб борилаётган оқилона сиёсатни эътироф этган ҳолда, мамлакатда қишлоқ хўжалиги тизимини янада ривожлантириш ва хорижий илғор тажрибаларни амалиётга кенг жорий қилиш йўлида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканлигини билдиради.

Шерзод УМАРОВ, ФАО нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

— Самарқанд давлат университетида ўтказилган илмий-амалий конференция ҳар йили нишонланадиган бутунжаҳон озиқ-овқат кунига бағишланганлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Дунёдаги жамоавий ҳаракатлар сабабли бутунжаҳон озиқ-овқат куни БМТ тақвимидаги энг кенг нишонланадиган санага айланиб бормоқда. Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги ҳар қандай давлат миллий хавфсизлик тизимининг энг муҳим жиҳати эканлигини таъкидлашнинг ҳожати йўқ. Шубҳасиз, муайян давлатнинг барқарор ривожланиши халқаро вазиятдан қатъий назар, аҳолининг барча қатламларини фаровон ҳаёт кечириши учун зарур миқдорда хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат махсулотлари билан таъминлаш қобилиятига бевосита боғлиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75 - сессиясида сўзлаган нутқида озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратганлиги ФАО ташкилоти томонидан мамнуният билан қарши олинди. Дархақиқат, бугунги коранавирус пандемияси ва глобал иқтисодий қийинчиликлар даврида дунё ҳамжамияти озиқ-овқат инқирозининг кучайиб кетишидан хавотирда. Шуни таъкидлаш лозимки, ФАО ва Жаҳон савдо ташкилоти ўзларининг қўшма баёнотларида глобал савдо ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган пандемияга қарши курашга қаратилган чора-тадбирларни келтириб ўтди.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти шунингдек, ўз нутқида БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг 2021 йилда озиқ-овқат тизимлари бўйича саммит чақириш тўғрисидаги таклифи алоҳида долзарб ахамиятга эга эканлигини таъкидлади. Ушбу тадбир дунёнинг барча мамлакатларида озиқ-овқат хафсизлигини таъминлашнинг янги механизимларини муҳокама қилиш ва ишлаб чиқиш имконини беради. Саммитнинг ўтказилишини қўллаб-қувватлаш ва унда Ўзбекистоннинг иштирок этиши мамлакатда озиқ-овқат хафсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан жаҳон ҳамжамиятини яқиндан таништириш, тажрибалар алмашиш ва бу соҳани янада мустаҳкамлашга йўл очиб беради.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги тадбирнинг ташаббускори Самарқанд давлат университетида янги агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультетининг ташкил этилганлиги биз учун катта аҳамиятга эга. Университет раҳбарияти озиқ-овқат хавфсизлиги масаласининг мамлакат ва унинг истиқболи учун муҳим эканлигини чуқур англаган ҳолда бу соҳада малакали кадрлар тайёрлашда жонбозлик кўрсатаётганлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Мазкур даргоҳда етишиб чиқадиган етук кадрлар мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади, деб ўйлайман. Бу борада ФАО бор имкониятларини ишга солиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирамиз.

 

Виорел ГуЦу, БМТ нинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ФАОнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий координатори:

— ФАО ташкилотининг асосий мақсади дунё аҳолиси турмуш фаровонлигини таъминлаш учун озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, Самарқанд давлат университетида ўтган халқаро конференция ФАО ташкил этилганлигининг 75 йиллигига боғланиб кетди. Қишлоқ хўжалиги ривожланган АҚШ, Япония, Исроил, Германия, Ҳиндистон каби давлатларнинг етакчи олимлари томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш бўйича олиб борилаётган сўнгги илмий-тадқиқот натижалари ва бу борада эришилган илғор ютуқлар бугунги конференциянинг диққат марказида бўлди.

Ўзбекистон ҳукумати 2001 йилда ФАО га аъзо бўлган кундан бошлаб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида самарали ва ишончли ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда. Айниқса, 2014 йилга келиб Ўзбекистонда ФАО ҳудудий ваколатхонасининг очилиши ҳамкорлигимизни янада юқори ва сифатли босқичга олиб чиқишга имкон яратди. Бунинг натижасида ФАО кўплаб барқарор ривожлантириш йўналишлари бўйича Ўзбекистон билан йирик ҳудудий ва миллий лойиҳалар доирасида бир қатор амалий ишларни йўлга қўйди. Хусусан, ташкилотимиз қуйидаги уч устувор йўналишни ривожлантиришда Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаб келмоқда:

қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотлар ва бошқа давлат идораларини институционал ва стратегик қўллаб-қувватлаш;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ҳар томонлама ривожлантириш ва озиқ-овқат занжирини мустаҳкамлаш;

табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш, биохилма-хилликни сақлаш ва иқлим ўзгаришини юмшатиш.

Сўнгги йилларда олиб борилаётган яқин ҳамкорлигимиз ўзининг бир қатор амалий натижаларини бермоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, келгуси авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги йўналишларини ривожлантириш, бўйича самарали ишлар олиб борилди.

Ўзбекистон минтақавий озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид ва хавф-хатарларга қарши самарали курашиш учун муҳим қарорлар қабул қилди. Бу соҳадаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон минтақада етакчи мамлакат эканлигини кўрсатади. ФАО бу борада Ўзбекистон билан Марказий Осиё минтақасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун доимо очиқ ва тайёр эканлигини билдиради.

 

Журналист Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: