18.11.2020

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ, ҚУЙИ ЧИРЧИҚ ТУМАНИДА

шолини қайта ишлайдиган йирик завод ишга туширилди

Шу муносабат билан тумандаги “Сурум” МФЙ ҳудудида “TCT Cluster” кластери томонидан бунёд этилган Шолини қайта ишлаш заводи ва сақлаш мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов, Бухоро вилоятидаги “BCT Cluster”, Қуйи Чирчиқ туманидаги “TCT Cluster” кластерлари раҳбари, иқтисод фанлари доктори, профессор, Нью-Йорк фанлари академияси академиги, Сенатор Муртазо Раҳматов, Ўзбекистон халқ шоири, Сенатор Маҳмуд Тоир, “Халқ сўзи” ва “Народное слова” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ўткир Раҳматов ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, туман фаоллари, “ТСТ Сluster” кластери мутасаддилари, корхона ишчи-ходимлари ва журналистлар иштирок этди.

Зводнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Тошкент вилоят ҳокими Рустам Холмуродов бугунги кунда Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасига кластерлар тизимини жорий қилиниши қанчалик тўғри бўлганлигини Қуйи Чирчиқ туманидаги “TCT Cluster” кластери мисолида кўриш мумкинлигини ҳамда ишга тушаётган завод шу маҳаллада яшаётган қанчалаб одамларни иш билан таъминлаётгани ва бу кластерлар шоли уруғини ерга қадашдан тортиб, истаъмолчиларнинг дастурхонига етказиб беришгача бўлган жараённи амалга ошираётганини таъкидлади. Шу билан бирга завод вилоят қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларини кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш билан бирга ҳудуднинг иқтисодий қувватини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлаб ўтди.

Марказий Осиёдаги энг йирик ҳисобланган шолини қайта ишлашга ихтисослаштирилган янги корхонанинг фаолияти йўлга қўйилгани мазкур кластер таркибидаги “ТСТ Rice” масъулияти чекланган жамиятида маҳсулот етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш бўйича тўлиқ саноат занжирини яратди, дейиш мумкин. Жорий йил кластер томонидан 2,5 минг гектардан ортиқ ерда шолининг “Лазурний”, ­“Искандар”, “Мустақиллик”, “Тарона” навлари экилган эди. Ноқулай об-ҳаво шароити, айниқса, вегетация даврида кузатилган сув танқислигига қарамасдан, мўл ҳосил етиштирилди. Айни пайтда ҳосил 9,5 минг тоннани ташкил эмоқда. Бу жараёнда соҳа мутахассисларининг саъй-ҳаракатлари, мавжуд 40 га яқин комбайнлардан унумли фойдаланилгани туфайли ўрим-йиғим мавсуми уюшқоқлик билан ўтказилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, авваллари кластерда етиштирилган шоли очиқ усулда сақланган бўлиб, маълум даражада йўқотишлар бўларди. Энди эса умумий қиймати 25 миллиард сўмдан зиёдга тенг лойиҳа туфайли ушбу муаммо бартараф этилди. Туманидаги “Сурум” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Шолини қайта ишлаш ва сақлаш мажмуаси бунёд этилди. Мажмуанинг умумий майдони 6 гектар бўлиб, у ўзида хирмон майдони, умумий сиғими 15 минг тонналик 2 та ёпиқ омбор, шолини тозалаш ва қуритиш цехи ҳамда шолини қайта ишлаш замонавий заводини бирлаштирган.

Жорий йилдан бошлаб шоли сақлашда янги технология қўлланила бошланди. Яъни ҳар бири 1 тонналик махсус қопларга жойлаштирилиб, омборларга пешма-пеш етказилди. Бу ҳосилни яхши сақлаш ва юқори сифатли гуруч ишлаб чиқариш имконини беради. Корхонада замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда қабул қилинаётган шолининг намлиги, қуритиш ва қайта ишлаш жараёнлари, шунингдек, гуруч маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари доимий назорат остида.

Шолини қайта ишлаш заводи ­Туркиянинг “Yashar Makina” компаниясидан келтирилган энг сўнгги русумдаги ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган. Улар ёрдамида энг юқори навдаги гуруч маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Буюртмачи талабидан келиб чиқиб, сиғими 2 килограммдан то 50 килограммгача бўлган махсус қопларга қадоқланади. Ҳозирги пайтда завод бир мавсумнинг ўзида 25 минг тоннадан 40 минг тоннагача маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Режага кўра, келгусида иккинчи босқичи ҳам ишга туширилса, яқин йилларда корхона қуввати икки баробарга ортиши мумкин.

— Аввало шуни айтмоқчи эдимки, республикамизнинг туманларидаги қишлоқ ва маҳаллаларда ташкил этилаётган кластерлар, ушбу ҳудуддаги аҳолини иш билан таъминлаш баробарида ўша ҳудудга замонавий саноатни, яъни зовод ва фабрикаларни олиб киради, — дейди Бухоро вилоятидаги “BCT Cluster”, Қуйи Чирчиқ туманидаги “TCT Cluster” кластерлари раҳбари, иқтисод фанлари доктори, профессор, Нью-Йорк фанлари академияси академиги, Сенатор Муртазо Раҳматов. — Яна шуни қўшимча қилиб айтишим мумкинки, фермерларимиз фақат маҳсулот етиштирган холос. Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, улар пахта, ғаллани шартномада кўрсатилган режасини бажаришган ва етиштирган маҳсулотини кейинги босқичлари нима бўлишини ўйлашмаган. Шу йўсинда ишлаб келишган. Кластерда эса ерга уруғ қадашдан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган жараённинг барчаси шу ерда амалга оширилади, яъни тайёр маҳсулот бўлиб истеъмолчиларга етказиб берилади. Биз бу ҳудудда кластерни ташкил этмасдан олдин, тумандаги фермер хўжаликларида бор йўғи 800 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган экан. Биз фаолиятимизни йўлга қўйгандан сўнг туман аҳолисининг 8 минг 600 нафари доимий иш ўрнига эга бўлишди. Туман охирги 13 йилдан буён пахтанинг шартнома мажбуриятини умуман бажара олмаган, ҳосилдорлик гектарига зўрға 11-13 центнерни ташкил этган. Биз эса пахтадан ҳосилдорликни гектарига 43-45 центнерга етказдик. Сиз савол беришингиз мумкин, қисқа вақт мобайнида қанақа қилиб ҳосилдорлик 43-45 центнерга чиқди, деб. Аввало, биз соҳага инновацион ғоялар асосида харажатни камайтириб, юқори ҳосил олиш устида мунтазам изланишлар олиб бордик. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сифатли шудгорлаш ва зараркунандалар кўпайишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратдик.

Янада очиқроқ айтадиган бўлсам, ер 60-70 сантиметр чуқурликда ҳайдалиб, унумдор тупроқ ва минерал ўғитлар билан бойитилди. Шунингдек, ҳудудимиздаги барча майдонлар атрофидаги канал, ариқ ва зовурлар қамиш ва бошқа зарарли ўтлардан тозаланди. Бу бажарган юмушларимиз натижасида ҳосилдорлигимиз 4-5 баробарга ошди. Тўғри, буган шолини қайта ишлаш заводи ва сақлаш мажмуасини ишга туширдик. Бу фақат бошланиши, яъни кейинги йиллардан пахтани чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулот чиқарадиган заводни ҳам бунёд этишни режалаштирганмиз. Маълумот учун яна бир мисолни келтирмоқчиман. Пахтанинг килоси жаҳон бозорида бир ярим доллар, агар биз бир килограмм пахтани қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантирсак, энг камида 50-60 долларга айланади. Мана, кластерларни давлатга келтирадиган фойдаси.

Хусусан, ушбу завод фойдаланишга топширилиши туфайли 41 та янги иш ўрни яратилди. Кластер ўз маҳсулотларини қайта ишлаб бўлгач, бошқа туманлардаги фермер ва деҳқон хўжаликлари шолисини ҳам қайта ишлаб бериш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида. Чунки ­Тошкент вилоятининг бошқа туманларида ҳам катта майдонларда шоли етиштирилади.

Тадбир иштирокчилари корхона фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари, ишчи-ходимларга яратилган шароитлар билан танишишди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: