11.11.2020

УЛУҒ ХАЛҚ ҚУДРАТИ ЖЎШ УРГАН ЗАМОН

БУ ҲАҚИҚАТ КОСОНЛИКЛАРНИНГ ОРЗУ-УМИДЛАРИ ВА ҚУВОНЧЛАРИ, ҒАЙРАТ-ШИЖОАТЛИ МЕҲНАТИДА, ЭРИШИЛЁТГАН НАТИЖАЛАРДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА

БОҒЧА, МАКТАБ, САЛОМАТЛИК

Косон шаҳри марказига анча эрта етиб келиб, машинани катта йўл четида тўхтатдик. Ҳамроҳим Шариф Ғойибов шундай дейди: “Икки кун бурун косонликлар вилоятда биринчи бўлиб пахта тайёрлаш режасини бажаришди. Тағин шундай мураккаб йилда денг... Қаранг, одамларнинг қадам ташлашлари ҳам бошқача. Меҳнат – булар учун байрамми, дейман. Эътибор бераяпсизми, боғча ва мактабларга йўл олган болалар, ота-оналар жуда кўп экан...”

Шарифжон асли муаллим, бир нечта мактабга раҳбарлик қилган. Дунё узра тождор ажал қанот ёзганда, жондан азиз фарзандларимизни боғча, таълим даргоҳларига юборсакми ёки масофадан онлайн тарзда ўқитсакми, дея  телевизор орқали берилаётган баҳс-мунозараларни мунтазам кузатиб борганидан хабардорман.

Мен ҳам ҳар қандай бойликдан аъло, шириндан-ширин фарзандларимизнинг соғлиғи ва умри азиз эканлигига ҳар кун иймон келтираман. Чунки дунё тарихига назар ташласак, ҳеч қачон  тождор вирус  сингари ташвиш уйғотган, иқтисодиётни пароканда қилган балони кўрмаганмиз. Хайриятки, давлатимиз ўз вақтида ҳаётий чораларни кўрди, жадал суратларда ўнлаб ихтисослаштирилган шифохоналар бунёд этилди. Анъанавий ёки масофадан туриб болалар ва ёшларга таълим бериш таклифлари халқ ўртасига муҳокамага ташланди, бевосита ўқишни афзал билган ўқувчилар таълим даргоҳларига қатнай бошлашди. Мен ҳам энг аввало, муҳим масалаларнинг муҳими бўлган мактабгача таълим ташкилоти, мактаб, тиббий хизмат бўйича амалга оширилаётган ишлар билан қизиқдим.

Косон шаҳри марказида ишга тушганига бир ой бўлган 240 ўринли “Баҳор қалдирғочлари” болалар боғчасига бордик. Давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган бу таълим ташкилотига Розия Қобилова мудира экан, у тиббий-санитария талабларига тўлиқ амал қилинаётгани, шифокор борлиги, ҳатто яссиоёқли болаларни даволовчи мутахассис ҳам ишга қабул қилингани, битта болага ойига 500 минг сўм, кам таъминланган оила фарзанди учун 175 минг сўм маблағ олиниши, боғча табиий газга уланганлиги ва бошқа қулайликлар ҳақида гапирди.

— Илгари ўғлим бошқа боғчага борарди, ўзимизга ҳам маъқул бўлмади, — дейди уч ёшли Алишерни боғчага олиб келган Косон йўл қурилиш бошқармаси ходими Санжар Аҳадуллаев. – Кейин бу боғчада тарбияланадиган бўлди, рус ва инглиз тиллари ўргатиларкан, ҳозирданоқ озроқ бўлса-да, гапиряпти, соғлом, иштаҳаси яхши, ўйнаб-кулиб қатнаяпти...

Туман мактабгача таълим ташкилоти мудири Баҳодир Мўминов шундай ҳикоя қилади: — 2017 йилда 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларнинг атиги 11 фоизи боғчаларга қатнаган. Ҳозир бу кўрсаткич 52 фоиздан ошди. Оилавий боғчаларнинг 90 фоизи қишлоқ жойларида жойлашган, барчасининг шароити яхши. Рус ва инглиз тиллари ўргатилмоқда.

Ҳозир 11 минг 500 бола мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйилган. Бу йилгидек мураккаб шароитда ҳам боғчалар қурилиши тўхтаган эмас. Майдаёбу қишлоғидаги инвестиция дастурига кирган боғча қурилиши битай деб қолди. Келгуси йилда давлат шерикчилиги асосида яна 6 та лойиҳа амалга оширилади.

Бундан анча йил бурун туман ҳокимининг ўринбосари Убайдулло Очилов Сурхон мавзесидаги коллеж директори бўлганида ҳовлисига минглаб туп дарахт кўчатларини ўтқазган экан, ҳозир соя-салқин жойга айланибди.  Умуман, туманда фақат битта – бошланғич таълим ўқитувчилари тайёрлайдиган  коллеж қолдирилиб,  тугатилганларининг бинолари мактабларга берилибди. Айни пайтда мавжуд 102 та мактабда машғулотлар тўлиқ бошланиб кетган. Биз аввал коллеж бўлган, ҳозир 360 ўқувчи компьютершунослик, қишлоқ хўжалик ва енгил машиналарни  таъмирлаш, бошқариш, тикувчилик, пайвандлаш каби касбларни  ўрганаётган, Фарҳод Ҳусанов раҳбар бўлган ҳунар мактаби фаолияти билан танишдик. Мактаб тикув машиналари, техникаларнинг бутловчи қисмлари билан тўла таъминланган. Бу ерда карантин қоидаларига риоят этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётган экан.

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Диёр Санақуловнинг айтишича, шу йилнинг ўтган даврида 4800 бола туғилибди. Жами 5 нафар она вирусга чалинганлиги аниқлангач, улар учун алоҳида жой ҳозирланиб, соғлом фарзандларни дунёга келтиришибди. Барча поликлиника, қишлоқ-врачлик пунктлари, шифохоналарда тартиб кучайтирилиб, тиббий хизмат сифатига жиддий эътибор қаратилаётган экан.

Илҳом Каромов бош врач бўлган 90 ўринли юқумли касалликлар шифохонасига бордик. Бинолар 5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, ниҳоятда сифатли таъмирланганки, кўриб ҳавасингиз келади. Иситиш тизими табиий газга уланган. Вирус юққанлар алоҳида бинода даволанишмоқда, янги ошхона қурилибди. Беморларни кислород билан таъминлайдиган ва бошқа бир неча янги аппаратлар сотиб олинибди. Ана шундай мақсадлар учун туман ҳокимлиги ҳам маҳаллий бюджетдан анчагина маблағ ажратибди.

Айланиб санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмат бўлими биносига келдик. Анча йиллар олдин қурилган бинони келгуси йилда таъмирлаш режаси тузилган. Бир нарсадан хурсанд бўлдимки, туман ҳокимлиги 600 миллион сўмга Германияда ишлаб чиқарилган  “ПЦР” аппаратини сотиб олиб берибди. Бу вирусни тест орқали тез аниқлаш учун жуда муҳим экан. Яна бошқа жиҳозлар учун 326 миллион сўм маблағ ажратилибди. Намунали хизматлари учун шифокорлардан 6 нафари “Меҳр ва саховат”  нишони билан тақдирланибди. Косон туманида ёш авлод, умуман, бутун аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, хавфли вирус тарқалишининг олдини олиш ва ушбу касалликка чалинганларни даволаш борасида амалга оширилаётган ибратли ишларни кўриб, рости, фахрландим...

 

НОН ВА КИТОБ

Яхши ўқитувчилар ҳақида сўраганимда биринчи бўлиб Сурайё Салоҳиддин қизини тавсия этишди. Унинг ота-онаси ҳам муаллим экан. Сурайё Самарқанд давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини муваффақиятли битириб, бакалавр дипломини олган. Қарши давлат университетининг магистратурасида таълим олган, ҳозир 15-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди.

— Ёшлар Иттифоқи томонидан 2019 йил ноябрь ойида Тошкентда 20-30 ёшлилар ўртасида ўтказилган “Ёш китобхон” республика танловида биринчи ўринни эгалладим, — дейди Сурайё. — Рости, болаликдан китобга меҳр қўйганман. Лев Толстой, Фёдор  Достоевский, Чингиз Айтматов асарларини кўп мутолаа қилганман. Абдулла Орипов, Зулфия шеърларини севиб ўқийман. Дастлабки илмий изланишларим натижаси сифатида “ХУIII-ХIХ асрларда Қашқадарё воҳаси адабий манбалари” китобимни эълон қилдим.

Бугун туманимизда китобларни асраш, кўпайтириш, улардан одамларни баҳраманд қилишга жиддий эътибор берилмоқда. Бир вақтлар қишлоқ ва туманлар марказидаги йирик кутубхоналардаги бадиий ва илмий адабиётлар қайсидир ташкилот, коллежлар ихтиёрига ўтказиб юборилди. Кўп китоблар талон-тарож қилинди.

Туманда кейинги икки йилда хусусий кутубхона ташкил этишга катта эътибор берилмоқда... Дарҳақиқат, ўтган йили туманга келганимда Бахтиёр Омонов ўз қишлоғи — Пўлатида  шахмат клуби, стадион, кутубхона ташкил этиб берганини кўрган эдим. Бу қишлоқдан кўплаб таниқли шоир, адиб, давлат арбоблари етишиб чиққан. Менга Бойтерак қишлоғида яшаётган 72 ёшли бошланғич синф ўқитувчиси Дилмурод Қаҳҳоров ўз уйида 5 минг жилд китобга эга кутубхона, қироатхона  ташкил этганини айтишди. Узоқ йўл босиб, кекса муаллим хонадонига бордим. Қотма, буғдойранг, олий маълумотли  бошланғич синф ўқитувчиси 13-мактабда 45 йил болаларга сабоқ  берибди. Кутубхонасида Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Абдулла Орипов асарлари, “Темур тузуклари”, қонун тўпламлари жамланган. Шу ерда мутолаа қилувчилар учун қўшни хонада стол, стуллар қўйилган.

— Ўз фарзандларим қатори минглаб болаларни тарбия қилдим, ҳарф танитдим, ўқишни ўргатдим, — дейди меҳрибон муаллим. — Ўзим ҳам “Таълим ва ҳаёт”, “Ҳаёт сабоқлари”, “Кўнгил наволари” каби 11 та китоб, қўлланма яратдим. Ўқитувчи изланишдан ҳеч вақт тўхтамаслиги лозим. Президентимиз учинчи Уйғониш даврини эълон қилдилар. Ана шу улуғ мақсадни амалга оширувчиларни ўқитувчилар тайёрлайди. Бу ўта оғир ва шарафли иш. Мен ҳозир пенсиядаман, ўз маблағим ҳисобидан ҳовлимнинг бир томонида шу иморат – кутубхонани қурдим. Одамларга китоб улашаяпман, бундан севинаман ва фахрланаман.

— Маҳалламизда тадбиркорлар кўп, — суҳбатга қўшилади Бойтерак М.Ф.Й.нинг барваста раиси Эркинжон Чаққонов. — Мен 2016 йилдан буён раисман, ҳар бир хонадонни яхши биламан. Қишлоқдошларимиз ихтиёридаги жами томорқа майдони 86 гектар, деярли барча хонадон аҳли мева, сабзавот, кўкат етиштиришади. Дилмурод ота маҳалламизнинг фахри...

— Бу йил ҳам ғалламиз мўл бўлди. Э, эсим қурсин, қани дастурхонга марҳамат, нондан олинг, асл Косоннинг нони, — дейди Дилшод муаллим.

Бир бурда нонни оғзимга соламан, жуда тотли туюлади. Дилмурод муаллимнинг “Илмли одамнинг нони бутун бўлади, ҳозирги замонда донни тахминан ерга сочиб, мўл ҳосил олиб бўлмайди”, деган фикрларни хаёлимдан ўтказаман. Дарҳақиқат, икки йилдан буён Косон тумани ғалладан мўл ҳосил олмоқда. Бу йил 18 минг гектар ерда деҳқончилик қилинди. Йил осон келмади. Воҳада қор ҳам қалин ёғди, дўл тушди. Даштнинг шамолини айтмайсизми. Ғаллакорлар ўзимизда яратилганлари билан бирга, “Гром”, “Таня” навли буғдой уруғидан мамнун эканликларини айтишганди. Масалан, Мирбек Муҳаммадиев олий маълумотли агроном, илмни китоб ўқиб ўрганганлардан, қўлидан ҳозир ҳам китоб тушмайди. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари охирида фермер хўжалиги тузиб, 76 гектар ерга эга бўлади. Жами 36 гектар ғалла майдонининг ҳар бир гектаридан 83 центнердан ҳосил кўтаради. Туман ғаллакорлари режадаги 52 минг тонна ўрнига 66 минг тонна дон сотишди. Бу ҳам илмнинг маҳсули эмасми?!

Ўтган йили Қарши шаҳридаги “М Дунё” корхонаси косонликлар етиштирган ғаллани  мақтаб-мақтаб қабул қилиб олганига гувоҳ бўлгандим. Бу йил ҳам етиштирилган доннинг асосий қисми  шу корхонага топширилди. Аммо 1936 йилда ташкил топган, кейинги йилларда элеватор-омборхоналар қурилган, Туркияда ишлаб чиқарилган тегирмонлар ўрнатилган “Косон дон” МЧЖ ҳам анча  дон қабул қилиб олди ва ҳозир бир кеча-кундизда 120 тонна буғдойни қайта ишламоқда. “Янгилик ва тараққиётдан ортда қолиб бўлмайди”, дейди корхона бошлиғи, ЎзХДПдан туман кенгаши депутати Ўлмас Равшанов.

Мен омборлардаги чош-чош донни кўрар эканман, уйида кутубхона очган, бир умр болаларга таълим бериб келган, қалби эзгуликка тўла муаллим Дилмурод ота Қаҳҳоровнинг қўлланма китобидаги “Н” ҳарфига бағишланган шеърни дилимдан ўтказаман:

Нонни пиширар ойим,

Дастурхон ёзар доим...

 

Пахта ва тайёр маҳсулот

Даладаман. Мени ниҳоятда кўркам, аммо ихчам қурилган шийпончага бошлаб келишди. Шийпон атрофида тут дарахтлари бўй ростлаган ариқнинг устида тикланган экан. Аммо мени дала шийпони эмас,  балки унинг олди ва йўлнинг нариги томонидаги майдонлар ҳайратга солди. Беихтиёр улуғ болқор шоири  Қайсин Қулиевнинг атрофингдаги барча ажойиб нарсалар “фақат ҳайрат сўрайди”, деган шеърий мисралари ёдимга келди.

Келинг, ичингизни қизитмай. Ҳали терилмаган пахта майдони десам ҳам ҳафсалангиз пир бўлмасин. Бирорта барги йўқ, қуйидан то учигача лўппи пахталарни бармоқ мисоли сиқимлаб турган чаноқларга ҳайратимни яширмай боқардим. Бу тенгсиз оқликдан кўзим қамашарди. Озроқ майдонни меҳмонларга кўз-кўз қилиш учун атай асраб қўйишганини аллақачон тушунгандим. Аммо шу ёшга етиб, бунчалик мўл ва ғўзанинг пастки шохларидан то учигача оппоқ дурга тўлган ҳосилни ҳеч қачон кўрмагандим.

— Мен “Бунёдкор” пахта-саноат кластери билан шартнома тузганман, — дейди фермер Ўлмас Саидов.— 20 гектар ерга эккан ғалламиз мўл бўлди, ҳосилдорлик 80 центнерни ташкил этди. Аммо ана шу 41 гектар пахта майдонига энди машина соламиз. Ишонаманки, мўлжалдан ортиқ ҳосил оламиз...

— Мен бир кўриб кетай, деб келгандим, — дейди биз билан сўрашаркан, яна бир фермер — қирқ саккиз ёшли Ғулом Қурбонов. — Биз ҳам астойдил меҳнат қилдик. 2013 йилда тузилган хўжалигимизнинг 83 гектар ери бор. Ғалладан 60 центнердан, пахтадан 48 центнердан ҳосил кўтариб, режаларимизни уддаладик. Пахтаси териб олинган ғўзалар орасига кузги ғалла экиб, ниҳолларни кўкартириб ҳам олдик. Шукрки, шунча қилган меҳнатимиз зое кетмади.

 — Мана кўрдингизми, ҳазилакам меҳнат бўлмаган, — дея суҳбатга қўшилади туман қишлоқ хўжалиги бўлими раисининг ўринбосари Наим Отаназаров. — Бу йил “Бунёдкор” кластери билан шартнома тузган фермерлар 7 минг гектар, “Бахт текстиль” кластери билан шартнома тузган фермерлар 14 минг 700 гектар ерга чигит экишганди. Ўзингизга маълум, давлатимиз ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида маблағни аямай келди. Бундан кейин, менимча, бу соҳадаги ташаббусни ҳам кластерлар ўз қўлларига олишади. Чунки ер қанчалик унумдор бўлса, пахта ҳосилдорлиги шунча баланд бўлади. Жами шартномадаги 63 минг 800 тонна ўрнига  65 минг  тоннадан ошириб пахта етиштирилди.

— Ҳозир туманда ғалла ва пахтадан қанча фойда кутилмоқда, — сўрайман ундан.

— Терим давом этаяпти, — дейди Наимжон. — Ғалланинг даромади-ку, анча аён бўлиб қолган. Хуллас, ғалладан 58 миллиард сўмга яқин, пахтадан 82 миллиард сўмдан ошиқ соф фойда кутилаяпти. Булар ўзгариши, хусусан, пахтаники кўпайиши мумкин. Чунки ҳали далаларда ҳосил бор, уларни ҳам териб олсак, ёмон бўлмасди. Ҳа, бу йил машиналар кучидан ҳам фойдаландик. Аммо асосий ҳосилни четдан бирорта ҳам ҳашарчи чорламай, косонликларнинг ўзлари териб олишди. Теримчиларга ҳамма шароит яратиб берилди, яхши иш ҳақи тўланди.

Қишлоқ хўжалигига анча йиллар хизмати синган Наимжон билан суҳбатлашгач, далаларни айланаман, ҳосил бор, айниқса, ғўза қатор ораларига дон экиб, аллақачон кўкартириб ҳам олишибди. Майсаларнинг ривожига қараб келгуси йил ҳам ғалла мўл бўлишини англаш мумкин.

“Бунёдкор” кластерига қарашли ип-йигирув корхонасига йўл оламиз. Баъзи воқеаларни эсга оламан. Шўро замонида Қашқадарё воҳаси мамлакатда энг кўп пахта етиштирса-да, хомашё ўзимизда қайта ишланмаган. Эркимиз қўлимизга теккач, қарамлик асоратлардан қутулиш сари дадил қадам ташланди. Шаҳрисабз шаҳрида тўқсонинчи йилларнинг  ўртасида “Оқсарой текстиль” ип-йигирув корхонаси  ишга тушди ва тайёр маҳсулотларни  экспорт қила бошладик. Бундай ўта муҳим қайта ишлаш корхоналари юртимизда кўпая бошлади. Вилоятда етиштирилаётган пахтанинг 40-45 эмас, ҳадемай 70-80 фоизини, керак бўлса, ҳаммасини  тайёр маҳсулотларга айлантирадиган йирик қайта ишлаш мажмуаси вужудга келади.

Ўтмишда Косон ва Қарши шаҳарларида ёғ-экстракция корхоналари чигитни қайта ишларди, холос. Чунки азоб чекиб дунёда энг серталаб хомашё етиштирсак-да, ҳатто истеъмол учун пахта ёғига ҳам эгалик қилолмасак, ўта адолатсизлик бўларди, ахир. Ростига кўчсак, бу корхоналар тайёрлаган истеъмол ёғининг сифати ҳам талаб даражасида эмасди. Тўқсонинчи йилларнинг ўртасида бир шикоят хати юзасидан Косон туманига келиб, ёғ ишлаб чиқарадиган корхонанинг ишини ўрганганимда ўнлаб камчиликларга дуч келганман. Чигитни пресслаб-сиқиб ёғи олингач, қоладиган кунжарага талаб катта бўларди. Ахир, чорвага ҳам озуқа керак-да. Талаб – бир кило ёки танланган миқдордаги кунжарада сув миқдори 14 фоиздан ошмаслиги белгиланганди. Аммо миқдор бундан анча ошиқ бўларди. Чунки оддий сув ҳисобсиз пул эди-да.

Корхона хусусийлашди, янги технологиялар жорий этилди, ёғ турли ҳажмдаги идишларда қадоқлаб чиқарила бошланди.  Фақат бир муаммо ҳануз кўпларнинг бошини оғритиб келаяпти. Косондаги завод қурилаётганда соя донидан ҳам ёғ олиниши  лойиҳада кўрсатилган ва шунга мос ускуналар ўрнатилганди. Лекин деярли ҳамма далаларга пахта экилгач, сояни қаердан олардингиз?

 

соя қандай экин ўзи?

Айрим мутахассисларнинг фикрича,  дунёда соянинг юзлаб тури бор экан. Ҳатто, айрим мамлакатларда соя донидан оқсилга бой ўнлаб маҳсулотлар тайёрланиши маълум. Саксонинчи йилларнинг бошида Шаҳрисабз туманида чорвачиликни кескин ривожлантириш режалари тузилгач, ғўза қатор ораларига жавдар, сўли, соя ҳам оралиқ экин сифатида экиладиган бўлди. Шу тумандаги бўрдоқичиликка ихтисослашган хўжалик бошлиғи Убай ака Шукуров бир гал катта кўрик ўтказилганда, хлорелла суспензиясини ҳовузларда тайёрлаб,  молларга берилса, маҳсулдорлиги ошишини кўрсатганди. Соя донини жувозда ҳайдаб ёғ олиш, сут ва ҳатто қатиқ тайёрлаш тажрибалари ҳам намойиш  қилинганди. Яккабоғ туманидаги йирик бир хўжалик раҳбари, илмли аграном Эргаш ака Ҳотамов озроқ жойга соя экиб, олимлар билан боғланиб, унинг фойдаси, ўсиши ва афзалликларини исботлашга уринганди.  Ҳатто мен вилоят газетасида “Соя  “сояда” қолмасин” сарлавҳали мақола ҳам эълон  қилгандим.

Афсуски, бу уринишлар унутилиб кетди. Аслида муддао бу ҳам эмас. Кейинги ўн йил орасида Қарши ва Косон ёғ-экстракция корхоналари раҳбарлари ҳокимликлар билан келишиб, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманлари фермер хўжаликлари ерларига соя экинини эктиришга урина бошлашди.Уруғни келтириб, шартномага қўл қўйдириб олишарди. Бугун – шаффофлик, ошкоралик. Шунинг учун натижаларни айтиш лозим. Ё соя экини яхши ривожланмас ёки оддий комбайн билан  ўрганда, анча дони тўкилиб кетарди. Натижада  фермерлар меҳнатига  куйиб, шартномада кўрсатилган, аммо олинмаган соя дони пулини тўлашга мажбур қилинарди.

Бугун давр ўзгарди. Соя ўсимлиги хусусиятларини яхши ўрганган олим ва тадқиқотчиларимизнинг ўзлари Шаҳрисабз ёки Косонга келиб, фермерлар билан ҳамкорлик қилишса, бу экинни ўстириш тажрибаси бошида туришса, алоҳида ўрим комбайнлари яратилса, деҳқонга қилган меҳнатига яраша ҳақ тўланса, яхши натижага эришиш мумкин. Кимнинг хаёлига нима келса, шуни деҳқонларга эктириш зарар кўришдан бошқа нарсага олиб бормайди...

Бу масалани Косон тумани мисолида кўтараётганимнинг яна бир сабаби бор. Бир тадбиркор бундан бир неча йил бурун, ҳали ер олмасдан туриб пахта толасини қайта ишлаш корхонасини қура бошлади. “Бунёдкор” деб ном қўйди унга. Корхона бу йил кластерга  айлантирилди, унга тумандан 7 минг гектар пахта ери ажратилди; фермерлар билан шартнома тузиб ишлай бошлади. Ўтган йили кўрганимда, корхонанинг биринчи навбати ишлаётган, яна бир цехни қуришга жадаллик билан киришилган эди.

Ана шу корхонага бордик. Ўтган йили унчалик эътибор бермабман, корхона ҳовлиси анча жойни эгаллаган экан. Бу майдонда турли мевали ва манзарали дарахтлар ўсиб ётибди. Кластер ва корхона раҳбари Ғолиб Эрқулов билан кўришолмадик, қаергадир иш билан кетган экан. Аммо унинг камтарин, катта ташкилотчилиги тўғрисида ҳокимликда  айтишганди. Бу фазилатлар унда мужассам эканлигига ишондим, чунки қисқа вақтда кредит ва ўз сармояси эвазига йирик корхонанинг биринчи цехини ишга тушириб, икки йилдан буён маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Иш бошқарувчи Жамшид Саидалиев билан цехга кирамиз. Мен Шаҳрисабз шаҳри ва Қарши туманида жойлашган шу турдаги  корхоналарда бўлганман. Шунинг учун андак шовқинга бирдан кўникдим. Бир томонда тайёр маҳсулотлар ўрамлари омборга олиб чиқилаётган экан. Кейин буюртмачиларга жўнатилади. Айтишларича, ҳозир бу ерда 180 киши меҳнат қилаяпти. Мени қатор тизилган, жуда нозик пахта толаларини йигириб, урчуқларга ўраётган дастгоҳларни ишонч билан бошқараётган чеварларнинг ҳаракатлари маҳлиё қилиб қўйди. Тўғриси, бир қарашда осондек туюлгани билан аслида бу анча мураккаб жараён...

— Мен Сарипул маҳалласида яшайман, — дейди ишчи Гулнора Бақоева. — Бирор жойда бу малакани эгаллаган эмасман. Ишга кирганимга бир йил бўлди. Устозлар ўргатишди, тезда қўлим келиб қолди. Иш ҳақини вақтида олиб турибман. Розиман, ишимни яхши кўраман...

— Ҳозир мана бу урчуқни бир кўздан кечирай,  — дейди иккинчи дастгоҳлар қаторида чаққон ҳаракат қилаётган Сабоҳат Жонибекова. — Мана, нуқсон йўқолди. Бу йилги пахтани сўраяпсизми? Мен икки йилдан буён ишлайман, шунинг учун  бу йил туманимиз деҳқонлари етиштирган пахта толасининг сифати жуда яхши эканлигини айта оламан. Ўзим асли туманнинг Навбаҳор маҳалласида яшайман. Ойлик маошларимизни ўз вақтида олиб турибмиз. Раҳбариятдан розимиз. Мана, ниқоб тақиб ишлашга ҳам кўникиб  қолдик. Чунки талаб шундай. Ҳеч ким вирусни юқтириб олишни истамайди. Зарур бўлса, кўрикдан ўтиб келамиз. Корхонамизда ҳам шифокор бор, тиббий хизмат хонаси керакли жиҳозлар билан таъминланган.

Пандемия даврида корхона тўхтамасдан ишлабди. Чунки карантин талабларига, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилибди. Шифокорлар келиб, ишчилар билан суҳбатлашиб, уларга зарур маслаҳатларни бериб туришаркан. Ишчиларнинг овқатланиши ҳам яхши йўлга қўйилган.

Қизиқдим, ўтган йили 1600 тонна ип-калава экспорт қилинган. Бу йил хорижлик ҳамкорлар билан шартнома режаси 2500 тонна экан. Ҳадемай, шартнома режаси бажарилади.

 — Ажабланаяпсиз-а? — дейди иш бошқарувчи Жамшид Саидалиев, полига бетон ётқизилган, дастгоҳларнинг ўрни белгиланган улкан иккинчи цехдаги чала ишларга назар ташлаганимни сезиб. — Начора, қўлимиз калталик қилаяпти.

— Бу нима деганингиз? — сўрайман ажабланиб. — Ўтган  йили келганимда шу ишлар бажарилаётган эди. Нега цехни ишга тушириб юбормайсизлар?

— Бу цех ишга тушгач, фақат пахта толасини йигириш эмас, мато тўқиш ва тайёр кийим-кечаклар тикиш ҳам йўлга қўйилади, — изоҳ беради Жамшид. — Камида 1000 киши ишли бўлади. Кредит масаласини ҳал этсак, бўлди, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаймиз.

Бу кластер 283 фермер билан шартнома асосида ишлаб, мажбуриятларини бажарди. Терим пулларини ўз вақтида бериб борди. Умуман, Косон тумани четдан ҳашарчи жалб этмай, ўз кучи билан ҳосилни териб олгани бошқа туманларга ибрат бўлмоғи лозим.

— Агар шароит яратиб беришса, фермерлар ҳар ишга қодир, — дейди “Бунёдкор” кластери билан шартнома тузган фермер Ўлмас Саидов. — Яна бир нарсани айтмоқчиман: ер ҳақида ўйлашимиз, тупроқ унумдорлиги пасайиб кетишига йўл қўймаслигимиз лозим. Чунки бу ер авлодларнинг ҳам насибаси.

Мен иккинчи “Бахт текстиль” кластери билан шартнома тузган фермерлар билан суҳбатлашдим. Улар ҳам яхши меҳнат қилишган, янгиликлардан умидвор. Сармоя сарфлаганлар самарқандликлар экан. Агар улар, яъни бу кластер ҳам Косонда корхона қурса, анча киши ишли бўларди. Шу қутлуғ истак дилимга ўрнашиб қолди...

 

ЧОРВА, ЭКСПОРТ, РЕЖА

Мен Косон кенгликлари, хусусан, собиқ “Турон” хўжалигига қарашли яйловларни кўрганимда чорвачилик истиқболи ҳақида ўйладим. Эътиборимни яна бир нарса тортди. Дашт  ва яйловларда Косон газ-нефть қидирув экспедицияси иш олиб борар экан. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида бурғилаш ишлари олиб борилганда, нефть ўрнига иссиқлиги 50-60 даража бўлган сув отилиб чиқибди. Кон қидирувчилар ташлаб кетган жойда бир тадбиркор алоҳида 50 ўринли санаторий қурибди. Айтишларича, бундай фойдали иссиқ сув манбалари кўп эмас экан.. улардан самарали фойдаланиш устида ўйлаш керак, албатта.

— Ҳозир туманда 151 минг бош қорамол бор, шундан 53 мингга яқини сигирлар. Қўйчилик учун-ку, имкониятлар етарли, — дейди туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ўктам Умиров. — Ўтган йили Чехиядан 222 бош швец, қора-ола зотли молларни сотиб олдик. Тадбиркор Ўктам Қурбонов ташкил этган “Истиқбол” комплексида 774 бош қора-ола зотли, серсут қорамол парвариш қилинмоқда.

Бундан ташқари, туманимизда паррандачилик ривожланиб бораяпти. Куркачилик, беданачилик билан шуғулланаётган тадбиркорлар ҳам топилади. Туманда 534 бош туя бор. Хуллас, имкониятларимиз катта, чорвачилигимиз истиқболли.

Мен серғайрат, ишлаб чарчамайдиган Абдулла Абдиев билан танишдим. Туман ҳокимининг инвестиция ишлари бўйича ўринбосари экан. Ҳар бир гапини ўйлаб гапирадиган, иши кўп, ҳаракатчан йигит. Бойғунди маҳалласига бирга бордик. Тадбиркор Аброр Халилов қурган дуккакли донларни тозалаб қадоқлайдиган янги «КОСОН ЗАМИН ЭКСПОРТ» МЧЖни кўрдик.

 — Цехдаги ускуналар Туркиядан 1 миллион 200 минг долларга олиб келинган,  — дейди иш бошқарувчи Жавлон Худойбердиев. — Бу йил 500 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Бу корхона вилоятда ягона.

Абдулланинг айтишича,  қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини экспорт қилаётган корхоналар бир нечта. Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда қиймати 2,5 миллион доллар бўлган, нефть-газ ускуналарини таъмирлашга ихтисослашадиган қўшма корхона қурилмоқда. Ҳозиргача 1 миллион доллар ҳисобидан бино-иншоотлар қуриб битказилди. Қишлоқ  хўжалигида 85 миллиард сўмлик 59 та лойиҳа амалга оширилди, 231 иш ўрни яратилди. Қоракул терини қайта ишловчи  қўшма корхона қуриш ҳаракати давом этмоқда. “Шермат Саидов” фермер хўжалиги кластер тузиб, 1000 бош қора мол парваришланадиган молхона қурди, ҳозир анчагина моллари бор. Энди эса сутни қайта ишлайдиган кичик корхона қурмоқчи. Туманда кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда.

Туман ўтган 10 ой ичида 11,7 миллион АҚШ долларидан ошиқ турли маҳсулотларни экспорт қилиб, бу борадаги режани 106 фоиз бажарди. Йиллик режа ҳам уддаланади. Бу вилоятдаги энг яхши натижалардан биридир.

 

БИР БОЗОРКИ, ТАЪРИФИ ЙЎҚ

Тумандаги энг муҳим воқеалардан бири – Косон шаҳри марказидаги деҳқон ва озиқ-овқат бозори қурилиши якунига етаётгани, десам муболаға бўлмайди. Чунки ўтган йили айни пахта терими ниҳоясига етаётган паллада бузилаётган бозор майдонини кўргандим. Ростига кўчсак, чанг-тўзонлар орасидан бирор нарсани англаш мушкул эди. Бунинг устига, айрим қовоғи солиқ тадбиркорлар ўзларининг эски дўконларини бузишни хоҳламаётганди. Хуллас, айрим жойларга бетон ётқизилган, баъзи бинолар қад кўтара бошлаган бўлса-да, кўп нарсага умид қилмаган эдим.

Бу сафар Косон шаҳрига субҳидамда келганимиз туфайли Ўзбекистон Халқ демократик партияси  туман кенгаши раиси Султонмурод Раҳимовдан аввал бозорга олиб боришни илтимос қилдим. Жуда эрта борсак-да, машиналар ғуж-ғуж экан. Уч қатор бетон тўсиқлар қўйилган йўлнинг биттасини кимдир тўсиб, машина сақлайдиган жой қилиб олибди. “Наҳотки, машиналарни сақлаш учун алоҳида автотураргоҳ режага киритилмаган бўлса?” деган фикр хаёлимдан ўтди.

Машинамни йўл четига қўйиб, қўш қаватли бир неча мини ва супермаркетларни суратга ола бошлаганимда , атрофимизда сўрайдиган одамлар кўпайди. Шунда ишбошисиз бозор қурилиши билан танишиш қийин эканлигини англадим. Иш бошқарувчи Юсуф ака Жўраев эди. Ўшанда у кишининг ҳаёти билан қисман танишгандим. Олтмиш саккиз ёшли, олий маълумотли қурувчининг бошидан кўп яхши ва ташвишли кунлар ўтган. Косон ёғ-экстракция заводи қурилишида бошидан то битгунига қадар қатнашган. Қурувчи-муҳандислик истеъдоди юксак эканлигини исбот қилгач, кўплаб қурилиш объектлари мутасаддилари унга ишқибоз, талабгор бўлган. Масъул ишларда меҳнат қилган. Жуда ҳазилкаш.

— Мени кутмай, бозоримизга келганингизни айтишганди, — кулимсирайди Юсуф ака. — Биров келиб, иморат-расталарни суратга олади-ю, ҳеч кимнинг иши бўлмайдими? Билиб қўйинг, косонликлар қалби яхшиликка тўла, аммо ҳушёр халқ. Бировникини олмайди, ҳақини ҳам бериб қўймайди. Майли, бу гапларда ҳазил кўп. Хўп, бу бозорни шўро даврида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам кўп раҳбарлар келиб кўрган. Негалигини билмайману, вилоятга янги етакчи тайинланса, албатта, шу бозорга бир келиб, таклифларини айтади. Давлат раҳбарларидан ҳам бир нечтаси келган.

 — Нега ҳоким сизни иш бошиликка қўйди? — сўрайман айёрона кулимсираб. — Ахир бозорнинг раҳбари бор. Қолаверса, туман ҳокимининг қурилишга мутасадди муовинлари ишлаб турибди.

 — Ростини айтайми? — очилиб кулади Юсуф ака. — Мен шунча ёшга етиб, ҳозиргидек ҳокимни кўрмаганман. Мен мақтамаяпман, ҳақиқатни айтяпман. Ҳоким мени бу ишга ўзи билан баҳслашиш учун қўйган, деб ўйлаб қоламан баъзан. Иши бошидан ошиб ётган бўлса-да, албатта вақт топиб хабар олади. Гапингизга қулоқ солади, таклифини айтади. Баъзан тортишиб ҳам қоламиз. Шунда ҳеч нарса демайди, қурилишларни айланади, қурувчилар билан саломлашади, “таклифимни ўйлаб кўринг”, дейди-ю ўз ишига, пахта, ғалла далаларига, бошқа қурилишларга жўнаб кетади. Балогардон – мен. Ахир, Косон шаҳрининг бош режаси, бозорнинг ҳам лойиҳаси тузилган бўлса, қаерини ўзгартириш керак? Аммо қоғоздаги чизмалар  бошқа-ю, ҳаёт талаби бошқа эканлигини мен яхши биламан. Рости, шундай узоқни кўзлайдиган, уришмай, фикрини баён қиладиган, иш яхши бўлса, кўнглингни кўтариб қўядиган ҳоким билан ишлаш мароқли. Умри узоқ бўлсин. Хуллас, ана шундай тортишиб-келишиб, анча ишларни битириб қўйдик. Энг муҳими, бозордаги савдо-сотиқни бир кун ҳам тўхтатмай, қурилишларни давом эттирдик.

Танишишни бозорнинг олд қисмидан бошлагандим. Бир нечта супермаркетлар қурилган. Лойиҳаси яхши. Гилам сотиладиган янги дўконга кирамиз. Гиламларни Самарқанддан олиб келишар экан. Қирқ бир ёшли тадбиркор Ғайрат Тошқулов эски дўкони ўрнига 100 миллион сўм маблағ сарфлаб, 77 квадрат метр жойда янгисини қурибди. Дўкон турфа гилам ва поёндозларга тўла. “Бир оз қийналдик, аммо янги дўконли бўлдик, ҳозир савдо ҳам яхши” дейди Ғайратжон.

Тадбиркор Жамшид Муинов  ҳам 450 миллион сўм сарфлаб, аралаш товарлар сотилаётган янги дўкон эгаси бўлибди. Ўз ишидан, намунали савдо дўконига эга бўлганидан хурсанд.

Бозор айланиб, гўшт растасига келдик. Санамадим, ўнлаб қассоблар харидорлар хизматида. Энг муҳими, ҳар бир қассоб учун янги, шкафли музлаткичлар ўрнатиб берилибди. Энди савдодан бошқа кунга қолган гўшт музлаткичларда бузилмай сақланади. Қани энди, воҳанинг барча бозорлари, барча гўшт дўконларида худди шундай замонавий музлаткичлар ўрнатилса. Баъзан кўчаларда, ҳатто устига дока ҳам ўрамай гўшт сотаётган қассобларни кўрганингда санитария ташкилотларининг ходимлари қаерга қараяпти ўзи, деб ўйга толасан.

 — Э, хуш келибсиз, — дейди қассоб Санжар Авезов. — 20 йилдан буён шу касб билан шуғулланиб келаман. Икки ўғлимиз, бир қизимиз бор. Сарка гўштини қўй гўшти, деб сотмаймиз, кўпнинг ҳақидан қўрқамиз. Хўш, мана, мол гўштининг килоси 56-57 минг сўм, қўй гўштиники 60-62 минг сўмдан. Гўштнинг нархи озуқа экинлари, емнинг нархига қараб ўсиб ёки пасайиб бораверади. Мени койисангиз ҳам ростини айтаяпман.

 — Яна бир янгилик шуки, энг замонавий кушхона қурилаяпти, — суҳбатга қўшилади ишбоши Юсуф ака Жўраев. — Атроф булғанмайди, барча мол ва қўй-эчки бир жойда сўйиб берилади. Санитария қоидаларига амал қилинади, ана, замоннинг талаби. Адашмасам, худди шундай кушхона бир неча йил бурун Қарши шаҳрида ишга туширилган эди.

Юсуф ака билан суҳбатлашиб борарканмиз, рўпарамизда янги чойхона намоён бўлди, унинг соҳиби тадбиркор Илҳом Баратов экан. Энди 30 ёшни қоралаган Илҳомжон ғайратли, ишбилармон йигитга ўхшайди. Эски чойхонасини бузибди. Янгиси ярим айлана шаклда, лойиҳасини “Синтезлойиҳа” ташкилоти тайёрлаган экан. Дўкон, савдо мажмуалари бир-бирига ўхшамайди, кўриниши кўркам ва ўзига хос. Стол ва стулларни Тошкентдаги фирмалардан бирига буюртма бериб, тайёрлатиб келибди, улар қулай ва ихчам.

 — Ҳозир 146 та дўкон қурилди, — дейди Юсуф ака пиёладаги чойни ҳўпларкан. — Яна бир нечта янгилари тикланади. Катта растамизда 250 та савдо ўрни яратилди. Ҳозир яна 800 та савдо ўрни қурилиши жадал олиб борилмоқда. Бозорнинг 4 та дарвозаси бор,  маҳсулот олиб кириш, чиқиндиларни ташиб чиқиш учун барча қулайликлар яратилган.

 — Мен бозор олдида битта фавворани кўрдим, — дейман унга, — қани энди атрофига ўриндиқлар ўрнатилса, бозордан чарчаб чиққан кексалар, болалар ҳордиқ чиқаришса...

 — Бу ҳам бўлади, — дейди иш бошқарувчи. — Масалани сувга бураяпсиз. Тўғри, туманимиз заминидаги сув озроқ шўр. Шунинг учун ювиш-чайиш, майдонларга сув сепиш учун иккита артезиан қудуғи қазилди. Ҳожатхона ҳам қуриляпти.

 — Бу гапни тортиниб айтманг, — дейман унга. — Жаҳонда жамоат ҳожатхоналарининг халқаро ташкилотлари бор, ўз йиғинларини турли давлатларда ўтказишади, инсон саломатлиги билан боғлиқ масалаларни келишиб олишади. Ҳатто шаҳарлар, мавзеларда нечта жамоат ҳожатхонаси бўлиши белгилаб қўйилган низомлар ишлаб чиқилган. Сизлар қурган иккита жамоат ҳожатхонасидан ногиронлар  фойдаланиши ҳам кўзда тутилган экан, бу савоб иш бўлибди.

 — Тоза ичимлик суви қаердан келади, — дейман яна унга. — Ахир ҳар куни бозорга кирадиган минглаб кишилар чанқоғини қандай қондиради?

 — Бу ҳам ўйланган, — дейди Юсуф ака. — Ҳозир  сиғими 800 литр бўлган термос ўрнатилган.Унга тоза, ширин ичимлик суви қуйиб турилади.

 — Иккита саволингизга мен жавоб бера қолай, — суҳбатга қўшилади Илҳомжон. — Жами 900 тонна маҳсулот сақланадиган  совутгич-омборхонани  тадбиркор Яшнар Халилов билан ҳамкорликда қурдик. Ускуналари Хитойдан келтирилган. Машиналар кўплиги, бозоролди тиғизлиги ҳам рост. Мен кредит олиб, 3 қаватли автотураргоҳ қурмоқчиман.

— Бу ҳам ҳокимнинг таклифи, — дейди Юсуф ака. — Бундан ташқари, балиқ тирик ҳолда сақлаб сотиладиган махсус ҳовузчалар қуриш ҳам кўзда тутилган. Битта муҳим гапни айтайми? Бизда инвестиция дастурларини амалга оширишда сармоядорларнинг маблағи кенг жалб этилмоқда.Бозор билан боғлиқ яна кўп янгиликларни эшитдим. Илоҳим, бозорлар халқимизга ҳалол хизмат қилсин.

Илоҳо, эзгулик йўлида меҳнат қилаётган тадбиркорларнинг иши ҳамиша бароридан келсин...

 

УЙЛАР МУБОРАК!

Мен Косон шаҳри ва қишлоқларини кезар эканман, шунчалик кўп қурилиш, турли мақсадлар учун тикланган ва бунёд этилаётган иморатлар, иншоотларни, айниқса, бири-биридан кўркам, лойиҳаси ўзига хос уйларни кўрдимки, ёзув дафтарим қайдларга тўлиб кетди.

Ўтган йили Пўлати қишлоғида бўлганимда ўнлаб замонавий биноларни ҳавас билан томоша қилган эдим. Яна учта қишлоқда ободончилик дастури асосида ишлар олиб борилаётган эди. Бу йил эса мураккаб келди. Давлатимиз жуда катта маблағни халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, коронавирус балосидан асраш, шифохоналар қуриш ва уларни энг самарали даволаш-диагностика воситалари билан таъминлашга қаратмоқда. Халқимиз фаровонлигини ошириш, турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган бошқа ишлар ҳам кенг кўламда олиб борилмоқда.

Туманда тадбиркорлар ташаббус ва ҳиммат кўрсатиб, бунёдкорлик ишларига  ўз маблағларини тобора кўпроқ йўналтираётганлари яхши самара бермоқда. Энг муҳими, бундай ишлар лойиҳа, ўйланган режа асосида олиб бориляпти. Косон шаҳри марказида истироҳат боғи барпо этилганди.

Мени кичикроқ, аммо кўркам бинога бошлаб боришди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти учун қурилган иморат экан. Бундай бино вилоятда ягона, дейишди.  Бу янги бино “Дўстлик” маҳалласида, шундоқ катта йўлнинг ёқасида тикланган экан.

 — Бу бино учун раҳбарлардан миннатдормиз, — дейди истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Косон туман жамияти раҳбари Ихтиёр Бойқараев. — Бино фақат бир мақсадга хизмат қилмайди. Қаранг, 5 та тикув машинаси бор. Бу ерда тикувчилик сирларини ўргатиш билан бирга чеварларимиз тайёрлаган кийим-кечаклар ҳам савдога чиқарилади. Компьютер бор, хоҳловчиларга ўргатилади. Энди бевосита фаолиятимизга келсак, шу йилнинг ўтган даври мобайнида 50 дан ошиқ мурожаат тушди, уларнинг 98 фоизи ҳал қилинди. Газ ва электр энергияси истеъмолини нотўғри ҳисоблашлар юзасидан шикоятлар кўп бўлмоқда.

Туман ҳокимлиги биносидан ўтгач, кўчанинг ўнг томонида анча кўркам иморатлар тикланибди. Аввал, маданият ва истироҳат боғи қурилган эди. Бу йил олти нафар тадбиркор бирлашиб, “Ёшлар боғи”ни барпо этишибди. Ҳудуди 2,2 гектар экан, шаҳарга кўрк бериб турибди. Бу ишга туман бюджетидан 900 миллион сўм маблағ ажратилибди.

Шу жой яқинидаги қўшқаватли китоб дўкони ва кутубхона учун мўлжалланган бинога яқинлашамиз. Ушбу маърифат масканини қураётган  тадбиркор бу масканни буюк шоиримиз Абдулла Орипов номига қўяман, деганди ўтган йили. Қурилиш ишлари охирлаб қолибди. Бинога яхлит шиша қопланган. Ҳозир хоналар ичини пардозлаш, безаш ишлари кетаётган экан. Бу ишлар ҳам ҳадемай ниҳоясига етгач, китоблар келтирилади. Ноёб асарларнинг электрон вариантини қўйиш ҳам кўзда тутилган. Агар бу муҳташам бинонинг кираверишига буюк шоирнинг китобхонлар билан учрашув онлари акс этган фотосурати қўйилса, айни муддао бўларди.

Бошқа ишлар ҳам эътиборимизни тортди. Косон шаҳридаги 1970 йилда қурилган кинотеатр биносини таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилиб, иш бошлаб юборилибди. Шаҳарга 165 та кўча ёриткичлари ўрнатилибди. “Дўстлик” маҳалласидаги 1- ва 2- уйларнинг томини таъмирлаш учун   260 миллион сўм маблағ сарфланаётган экан. Натижада бу кўпқаватли уйларда истиқомат қилаётган аҳоли ёмғир-сочинли кунларда азият чекмайди. Бу кўп йиллик муаммо  эди.

Ўтган йили қурилган, бир қаватли арзон уйларни кўриб, уларда истиқомат қилаётганларнинг айримлари билан суҳбатлашгандим. Улар бу уйлар учун чексиз миннатдорлик билдиришганди.

Яна шаҳар кезаман. “Дўстлик” маҳалласидаги учта тўрт қаватли уй эътиборимни тортади. Маълум бўлишича, уларнинг биттаси ўтган йили, иккитаси бу йил фойдаланишга топширилган экан.

 — Э, ака, бизнинг ишни ҳам кўраркансиз-ку, — дейди “Косон-Насаф Файз” қурилиш корхонаси раҳбари, олтмиш ёшли Шавкат Саидов. — Бу ташкилотга 2009 йилда асос солганмиз. Бошқа қурилишларни айтиб ўтирмай, 200 дан ортиқ уй қурганмиз. Шу маҳалладаги учта уйнинг иккитасини бизнинг ташкилот бунёд этди, “Ипотекабанк” кредити асосида. Бу уйларда ҳамма шароитлар бор, канализация, табиий газ... Мабодо, газ узилиб қолса, электр печь-плитадан бемалол фойдаланса бўлади.   Ҳаммоми ҳам, ошхонаси ҳам соз. Икки хонали уйнинг қиймати 153 миллион сўм, 3 хонали хонадоннинг баҳоси эса 178 миллион сўм. Тағин 20 йил муддатга 7 фоиз устама билан кредитга берилган. Бу уйлар ҳам кам таъминланган оилаларга мўлжалланган. Ҳар бири 24 хонадондан иборат. Айтинг, бундай қулайлик, ғамхўрлик қаерда бор?

 — Биз ҳам шу бинодан 2 хонали уй олаяпмиз, — дейди Аббос Нормуродов. — Ёшим йигирма тўққизда, автоҳалокат туфайли умуртқам зарарланди, оқибатда биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолдим. Уйни умр йўлдошим Флора Аралова олаяпти. Икки нафар фарзандимиз бор. Вақтинча умр йўлдошим ҳам ишламаяпти. Ҳокимлик вакиллари хабар олиб туришибди. Уйнинг дастлабки бадалини ҳам улар тўлаб беришаркан. Тузалиб кетишдан умидим бор. Илоҳим, яхши одамлар кўпайсин...

 

УМИД АСЛО ЎЛМАЙДИ

Шаҳарнинг Нортибаланд маҳалласидаман. Қуёш уфққа оғган. Оддийгина қурилган уйнинг дарвозахонасига рухсат сўраб кирамиз. Биз билан суҳбатлашган Гулсун Назарова иккита фарзанди билан акасининг бир хона уйида яшаяпти. Қарангки, биринчи гуруҳ ногирони бўлган аёл 15 йилдан буён бу ёруғ оламни кўришдан бебаҳра экан.

 — Тақдир экан-да, — дейди Гулсун хўрсиниб. — Нима қилайликки, фарзандларим билан акамнинг бир хона уйида яшашга мажбурмиз. Нолисам, ношукурлик бўлади, ҳолимиздан хабар олиб туришибди. Яқинда айтишди, ҳеч қандай тўловсиз, текинга икки хонали уй беришаркан. Асло ёмонлик кўришмасин...

Бу хонадондан чиқар эканман, хаёлимга улуғ Навоий бобомизнинг ҳикматли сўзлари тушди:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай...

Кўнгли шикаста бундай кишиларга ёрдам қўлини чўзиш ҳазрат Навоий айтганидек, муқаддас Каъбани обод қилиш билан тенг. Қаранг, янги уй олаётганидан шунчалик қувонадики...

Ҳокимнинг ташаббуси билан 12 та бир қаватли уй таъмирланаётган экан. Қурилиш ишлари ниҳоясига етай деб қолибди. Ҳадемай, турар жойга  ўта муҳтож кишилар бу уйларга кўчиб киришади. Пул тўлашмайди...

Бугун бошқача давр. Узоқ йиллар яшириб келган дардлар ёрилаяпти. Президентимиз мамлакатда камбағаллар борлигини очиқ айтди. Биз бу борада  илғор давлатларнинг тажрибасини ўрганишдан уялмаймиз. Шу билан бирга, жойларда камбағалликни камайтириш, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш борасида ибратли ишлар қилинмоқда.

Туман ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари Нодира Қодирова билан танишдим. Касби аслида ҳуқуқшунос экан. Тумандаги 68 маҳаллада 284 минг 500 киши истиқомат қилишини ҳам ундан билиб олдим. Пандемия шароитида анча ишларни амалга оширишибди. Биринчи галда 2186 эҳтиёжманд оила “темир дафтар”га киритилибди. Ушбу оилаларда 9933 киши бўлиб, уларнинг 1118 нафари меҳнатга лаёқатли, аммо ишсиз кишилар экан. Пандемия кучайгач, анча корхона ва ташкилотлар ишини тўхтатди, натижада эҳтиёжманд ишсизлар 2273 нафарга етди.

Халқимизнинг бағрикенг. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати туфайли тумандаги махсус жамғармага биринчи гал 2 миллиард сўмга яқин маблағ тўпланди. Нодирахон ва тузилган махсус комиссия биринчи навбатда эҳтиёжмандларни таъминлашга ҳаракат қилишди. Одамларга озиқ-овқат етказиб бериш билан бирга,ночорлар 299 миллион сўмлик чорва моллари билан таъминланди. Бировга қўй, бировга қорамол, бировга товуқ... Эҳтиёжи, шароити, талабига яраша. Бундан ташқари, 56 фуқаро доимий иш билан таъминланди. Уларнинг анчаси мавсумий ишларга жалб этилади. Жами 15 фуқарога субцидия асосида иссиқхона қуриб берилади. Яна 9 фуқарога 1 гектардан ер берилади. Иккинчи галда 3 миллиард сўмга яқин хайрия маблағи йиғилади. Ҳозир эҳтиёжманд 774 оила доимий эътиборда экан.

Шоҳруҳжон Жўраев раҳбар ёшлар агентлиги олиб бораётган ишлар ҳам эътиборга лойиқ. Ёшларни мустақил ҳаётга, касбга тайёрлаш борасида ибратли ишлар бор. Масалан, 5 тадбиркорга ўз бизнесини йўлга қўйиш учун 1 миллиард 300 минг сўм кредит олиб берилибди. Ҳокимнинг ташаббуси билан анча қўриқ ер ўзлаштирилиб, ишсиз ёшларга берилибди. Уруғлик, ўғит билан таъминланиб, артезиан қудуғи қазилибди. Режада яна 1000 гектар қўриқ ерни ўзлаштириб, муҳтожларга фойдаланиш учун  бериш кўзда тутилган.

 — Мен Майдаёбу қишлоғида яшайман, — дейди 21 ёшли Оғабек Шавилов. — Ўйлаб-ўйлаб, 1 гектар ер олиб, қовун-тарвуз экдим. Маҳсулотни сотиб, 30 миллиондан ошиқроқ даромад олдим. Олдин четда бир йил ишлаб, ҳеч нарсага эришолмаган эдим. Узоқнинг донидан яқиннинг сомони яхши, деганлари рост экан. Бошқа дўстларим ҳам ер олиб, деҳқончилик қилишаяпти. Насиб этса, еримизнинг бир қисмига ток, мевали дарахтлар экамиз.

Косон туманида тўрт кун қолиб кетдим. Қанчалик уринмайин, эришилаётган ютуқларнинг асл моҳияти, янгиликлар ҳақида тўла тасаввурга эга бўла олмадим, деб ўйлайман. Менимча, бунинг асло иложи йўқ. Воҳада энг кўп ғалла, энг кўп пахта етиштириш фахрли иш. Аммо янги-янги корхоналар экспортга кўпроқ юзланаётгани, айниқса, ўнлаб маҳаллаларда хусусий кутубхоналар ташкил этилаётгани, Ёшлар Иттифоқи томонидан Тошкентда ўтказилган “Ёш китобхон” танлови мутлақ ғолиби ҳам косонлик ўқитувчи аёл эканлиги, 72 ёшли пенсиядаги муаллим отахон янги уй  ўрнига кутубхона қургани, 5 минг сара китобларни одамларга илиниб, уларни ўқиши учун қироатхона ташкил этгани, янги қурилган “Баҳор қалдирғочлари” боғчасига қатнаётган уч ёшли Алишербекнинг инглизча сўзларни тушуна бошлагани қалбимни ҳаяжонга солади.

Турон дашти кенгликларидан ўтиб, Қўнғиртоғ этакларига етиб келганимда, яна тарихни эслайман. Ҳар куни тонгда буюк шоиримиз Абдулла Орипов истеъдодли бастакор Мутал Бурхонов билан мадҳиямизни қандай яратгани бир лаҳза кўрсатилади, миллий парламентимиздаги  тарихий кун воқеалари қалбларга кўчади. Мадҳиямиз муаллифи, халқимизнинг севимли, ардоқли шоири Абдулла Орипов туғилган Некуз қишлоғи ана шу Қўнғиртоғ этакларида. Косондаги бугунги ютуқлар сирини англагандек бўламан, дилимдан мадҳиямизнинг тенгсиз сўзлари ўтади:

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр...

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: