28.10.2020

КЛАСТЕР ТИЗИМИ БУ —

аҳоли бандлигини таъминлайди, даромади ва турмуш даражасини оширади, ички  бозорни арзон, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилади. Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги кластерлар фаолияти бунинг ёрқин мисолидир.

Бундан уч йил муқаддам давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигини чуқур қайта ишлашни ва саноатни ривожлантирмасдан кўзланган мақсадга эришиб бўлмаслигини такрор ва такрор таъкидлаган эди. Шу мақсадда мамлакатимизда “пахта — тўқимачилик” кластерлари йўлга қўйила бошланди. Дастлаб Бухоро, Сирдарё ва Навоий вилоятларида бошланган “кластер” тажрибаси Тошкент вилоятида ҳам жорий этила бошланган эди.

Тўғриси, дастлаб бу янги лойиҳага ишонқирамай қараганлар ҳам бўлди. Аммо ўтган қисқа муддатда тўғри йўл танлангани ўз исботини топа бошлади. Бугун Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида бўлсангиз, бунга ишонч ҳосил қиласиз.

Ушбу кластерларни шакиллантиришдан мақсад — шаҳар, туман ва вилоят ичида жойлашган бир хил соҳа корхоналарини ва улар билан ягона технологик занжирда бўлган таълим, илмий, инжиниринг, консалтинг, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни уйғунлаштириш — инновацион ишлаб чиқаришни ташкил этиш асосида рақобатбардош товарлар яратишга йўналтиришдан иборатдир. Бунда аҳолини иш билан таъминлашдек муҳим жиҳат ҳам ўзини намоён этади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан уюштирилган медиа-тур аввалида Тошкент вилоят ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси — матбуот котиби Беҳзод Қобулов вилоятда амалга оширилаётган ишлар хусусида қисқача маълумот берди.

— Вилоятимизнинг Қуйи Чирчиқ, Бўка, Бекобод, Чиноз, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл ва Оққўрғон туманларида 7 та пахта-тўқимачилик кластерлари ва 3 та пахта ишлаб чиқариш кооперацияси фаолияти йўлга қўйилган, — дейди у. — Хусусан, пахта тўқимачилик кластерларида жами 55 минг гектар майдонда 173 минг 740 тонна, шунингдек, пахта ишлаб чиқариш кооперацияларида 17 минг 993 гектар майдонда 55 минг 860 тонна пахта хомашёси етиштирилиши режалаштирилган. Яна шуни қўшимча қилиб айтиш мумкинки, жорий йилда кластерлар томонидан 60 минг 901 гектар майдонда пахта хомашёси етиштирилди.

Бунинг учун кластерларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан 578 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Шунингдек, кластерларнинг ўз маблағлари ҳисобидан эса 52 миллиард сўм йўналтирилган. Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, жорий йилда пахта ҳосилининг 45 фоизи айнан пахта-тўқимачилик кластерлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Жумладан, 7 та кластерда ҳосилдорлик 2019 йилдагига қараганда 1,5 баробарга ўсган. Бундан билиш мумкинки, пахтачиликдаги янги йўналиш, яъни кластерларнинг ташкил этилиши ўз самарасини бермоқда. Шу боисдан кейинги йилларда вилоятда пахта-тўқимачилик кластерлари сонини икки баробарга кўпайтириб, улар умумий пахта майдонининг 65-70 фоизини қамраб олиши режалаштирилган.

Медиа-турда иштирокчилар дастлаб “ТСТ RICE” масъулияти чекланган жамиятида кластер усулда шоли етиштириш ва уни қайта ишлаш жараёнлари билан танишишди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур кластер жамоаси томонидан жорий йилда 2,5 минг гектардан ортиқ ерда “Лазурний”, “Искандар”, “Мустақиллик”, шунингдек, “Тарона” навли шоли етиштирилди. Деҳқончилик учун ноқулай келган бу йилги об-ҳаво шароити, айниқса, сув танқислигига қарамай, асосий майдонларда ҳосил мўл бўлди. Гектаридан ўртача 70 центнердан ҳосил йиғиштириб олинмоқда.

Етиштирилган бу йилги ҳосил кластернинг ўзида тўлиқ қайта ишланади. Бунинг учун Қуйи Чирчиқ туманидаги “Сурум” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қиймати 25 миллиард сўмликдан зиёд лойиҳа — “Шолини қайта ишлаш ва сақлаш мажмуаси” бунёд этилди. Бундан ташқари, илгари шоли очиқ усулда сақланган бўлса, бу йилдан эътиборан ҳар бири бир тонналик махсус қопларга жойланмоқда. Бу ҳосилни яхши сақлаш ва юқори сифатли гуруч ишлаб чиқариш имконини беради.

Ҳозир бу ерда замонавий заводни қуриш ва зарур технологик ускуналарни ўрнатиш ишлари якуний босқичга етган. Туркиянинг “Yashar Makina” компаниясидан олиб келинган 1,697 минг евролик ускуналар хорижлик мутахассислар томонидан ўрнатилмоқда. Мазкур завод Ўрта Осиёда энг йирик ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланиб, мавсум давомида 25 минг тоннадан 40 минг тоннагача шолини қуритиш ва қайта ишлаш қувватига эга. Бундан ташқари, корхона жамоаси шолини қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантириб, истеъмолчиларга махсус идишларда етказиб беришни ният қилган.

— Туманимизда “Tashkent Cotton Textil cluster” (“TCT Cluster”) кластери иш бошлагани туманнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш билан бирга кўплаб доимий иш ўринларини яратди, — дейди Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими Акмалхон Холмуродов. — Олдинлари фермерларимиз ўз оиласи ва яқин қариндошларини вақтинча ишлатиб, уларга маълум миқдорда ойлик иш ҳақи тўлаб келган. Янада очиқроқ айтадиган бўлсам, фақатгина пахта терим мавсумида одамлар иш билан банд бўлган. Яъни, туман ҳудудидаги фермерларимиз томонидан бор-йўғи 800 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган эди. Кластер фаолияти йўлга қўйилиши билан туманимиз аҳолисидан 8 минг 600 нафари доимий иш ўрнига эга бўлди. Бундан ташқари, фермерлар томонидан давлатга йиллик 3 миллиард сўмлик солиқ тўловлари тўлаб келинган бўлса, кластерлар ташкил этилгач, йилига 27 миллиард сўмлик солиқ тўловлари амалга оширилмоқда. Қолаверса, кластер туманимизга саноатни, замонавий техника ва технологияларни олиб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, қишлоқ хўжалигига илмни, инновацияни олиб кириш орқали аҳолини турмуш фаровонлигини янада оширишга, даромадини кўпайтиришга ҳаракат қилинмоқда.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги “Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан корхонамиз ташкил этилди, — дейди “Tashkent Cotton Textil cluster” (“TCT Cluster”) кластери корхонаси бош директори Ферузбек Акобиров. — Умумий ер майдонимиз 37 минг 200 гектарни ташкил этади. Дастлаб, пахтачилик ва шоличилик тармоқлари билан шуғулланган бўлсак, жорий йилда 14 минг 300 гектар ерда ғалла парваришлаб юқори дон ҳосилини олдик. Айни пайтда 10 минг гектардан ортиқ майдонда етиштирилган пахта, 2 минг 500 гектардан ортиқ ерда шоли ҳосили йиғиштириб олинмоқда. Қолаверса, 3 минг гектар ерда балиқчиликни ҳам ташкил этганмиз. Шу ўринда бир маълумотни айтиб ўтмоқчи эдим. Биз кластерни ташкил этмасдан олдин туманда катта-кичик кўплаб фермерликлар фаолият юритган, уларда жами 800 нафар фуқаро иш билан банд бўлган, ҳар ойда 400-500 минг сўмдан ойлик маош олишган. Бугунги кунга келиб кластеримизда жами ишчилар сони 8 минг 600 нафарни ташкил этиб, уларнинг барчасига меҳнат дафтарчаси очилиб, 2,5-5 миллионгача ойлик маош белгиланиб, ҳар ойда бериб келинмоқда.

Бундан ташқари, фермерлар томонидан давлатга йиллик 3 миллиард сўмлик солиқ тўловлари тўлаб келинган. Биз ўз фаолиятимизни бошлаганимиздан сўнг йилига 27 миллиард сўмлик солиқ тўловларини амалга ошириб келмоқдамиз. Яна шуни маълумот ўрнида айтишим мумкинки, кластер — бу экин экишдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи ўз ичига оладиган тизим бўлиб, уни қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида қўллаш мумкин. Нима демоқчиман, биз фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирибгина қолмасдан, бу маҳсулотларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида истеъмолчиларга етказиб берамиз. Яъни, туманга саноатни олиб келаяпмиз. Бизга ҳукуматимиз томонидан 3 йил ичида 245 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси қўйилган. Бунга эришилгач, кластеримизда ишловчилар сони 10 минг нафардан ошади ва бир йиллик солиқ тўловимиз 360-370 миллиард сўмга етади ва экспорт салоҳиятимиз 80 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.

 “Шолини қайта ишлаш ва сақлаш мажмуаси” билан танишгандан сўнг, ташкилотчилар  журналистларни пахта далаларидаги терим жараёни билан таништирди.

Кластер ҳудудларидаги оппоқ қордек бўлиб ястаниб турган пахта далаларида иш қизғин давом этмоқда. Пахта терими мавсуми карантин талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, Қуйи Чирчиқ туманилик пахтакорлар белгиланган маррани Тошкент вилоятида биринчи бўлиб бажаришибди. Ҳосилдорлик гектарига 43-45 центнерни ташкил этмоқда. Хусусан, кластер томонидан жорий йилда 10 минг гектар ерда ғўзанинг “Бухоро 6”, “Бухоро 8”, “Бухоро 102” навлари ва “Султон” нави экилиб парваришланибди. Ҳар бир агротехника тадбирига илмий асосда ёндашилиб, ўз вақтида бажарилгани, биологик усулда профилактика тадбирлари олиб борилгани мўл ҳосил олишга замин яратибди. Қувонарлиси, далаларда ҳали ҳосил мўл. Шу боис кластер жамоаси мавсум якунлари бўйича ялпи ҳосил миқдорини 45 минг тоннага етказишни мўлжалламоқда. Очиғини айтадиган бўлсак, бу туман пахтачилигида кузатилмаган юқори натижа экан.

— Мақтаниш эмас-ку, туман охирги 13 йилдан буён пахтанинг шартнома мажбуриятини умуман бажара олмаган, ҳосилдорлик гектарига зўрға 11-13 центнерни ташкил этган, — дейди Ферузбек Акобиров. — Сиз савол беришингиз мумкин, қисқа вақт мобайнида қанақа қилиб ҳосилдорлик 43-45 центнерга чиқди, деб. Аввало, биз инновацион ғоялар асосида соҳага харажатни камайтириб, юқори ҳосил олиш устида мунтазам изланишлар олиб бордик. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сифатли шудгорлаш ва зараркунандалар кўпайишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратдик. Янада очиқроқ айтадиган бўлсам, ер 60-70 сантиметр чуқурликда ҳайдалиб, унумдор тупроқ ва минерал ўғитлар билан бойитилди. Шунингдек, ҳудудимиздаги барча майдонлар атрофидаги канал, ариқ ва зовурлар қамиш ва бошқа зарарли ўтлардан тозаланди. Бу бажарган юмушларимиз натижасида ҳосилдорлигимиз 4-5 баробарга ошди.

Бундан ташқари, “иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур” деган нақлга амал қилган ҳолда машина-трактор паркимиздаги техникаларнинг турлари ва сонини кўпайтирдик. Ҳозирда машина-трактор паркида мавжуд 25 та “Кейс” русумидаги пахта териш машиналари юқори унум билан ишлатилмоқда. Уларнинг ҳар бири билан кунига 35-40 тоннадан саноат хомашёси териб олиняпти. Эътиборлиси, бу йилги пахталаримизни машинабоп қилиб етиштирганмиз. Шунингдек, техникаларга сервис кўрсатишга инновацион ёндашилиб, замонавий кўчма устахоналар фаолияти йўлга қўйилгани иш унумдорлиги ошишида муҳим омил бўлмоқда. Бундан ташқари, кейинги йилда ғўза майдонларида экинни юз фоиз машинабоп қилиб парваришлаб, ҳосилининг 80-90 фоизини агрегатлар ёрдамида йиғиштириб олишни режалаштирганмиз.

— Оппоқ ва қийғос очилган пахталарни кўриб, дилингиз қувнайди-а, — деб суҳбатга қўшилди учинчи ҳудуд раҳбари Жумадулла Ўразбоев. — Бу ерлар кластерга берилишидан олдин мен ҳам фермер эдим. Энди бўлса кластерда ишлаяпман. Очиғини айтадиган бўлсам, фермерлик пайтимда ердан шу даражада юқори ҳосил олиш мумкинлиги тўғрисида ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Пахта ва ғалланинг шартномавий режасини ҳам бажара олмасдан, хунобимиз чиқиб, ҳаммасига ерни айблаб, ернинг ҳолати яхши эмас, бунақанги ердан юқори ҳосил олиб бўладими, деб юрган эканмиз-да. Мана, ҳосилни қаранг, кўриб кўзингиз қувнайди. Кўп эмас, бундан 3 йил олдин мана шу ерларда пахтадан 43-45 центнердан ҳосил олса бўлади, деб кимдир айтса ишонмас эдик. Чунки, биз зўрға пахтадан гектарига 11-12 центнердан ҳосил олардик-да. Қисқаси, мен нимани айтмоқчиман, бу кластер дегани қишлоқ хўжалигига илмни, аниқ ҳисоб-китобни олиб кирди. Шу боисдан нимани экмасин, ундан юқори ҳосил олишга эришяпти. Мен бу кластерда ишлаб кўп нарсани ўргандим, ёмон ернинг ўзи бўлмас экан. Фақат ерга ишлов беришни, қанақанги уруғ экишни билиш лозим экан. Ҳа, айтганча, фермер бўлиб ишлаб ҳам қўлим пул кўрмаган эди. Мана, икки йилдан буён ҳар ойда 4 миллиондан ойлик маош оляпман. Рўзғоримга барака кирди. Оиламнинг фаровонлиги йилдан-йилга яхши бўлиб бораяпти.

Пахта далаларидаги қизғин иш фаолияти билан танишиб бўлганимиздан сўнг, Ферузбек Акобиров ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида мош экилган ҳудудларни ҳам кўришга таклиф қилди.

— Бу ғалладан бўшаган майдонларнинг бир қисмига такрорий экин сифатида дуккакли экин ҳисобланган мош экилди, — дейди кластернинг масъул ходими Умид Мамадаменов. —  Мошни экишдан мақсад, жаҳон бозорида мошнинг бозори чаққон ҳисобланади ва юз фоиз чет давлатга экспорт қиламиз. Бу дегани иккинчи экиндан ҳам анчагина фойда олса бўлади. Яна чет эл валютасида. Бу йил 2 минг 602 гектардан ошиқ майдонга мош экканлигимиз боис, уни йиғиб-териб олиш учун АҚШдан “Pickett One Step” русумли 10 та мослама, Украинадан эса 12 та “ПП-3-4” жаткалар харид қилдик. Бундан мақсад қўл меҳнатидан воз кечиб, барча ишимизни техникалар ёрдамида бажаришдир. Чунки, ривожланган давлатларнинг барчаси шу йўналишда иш олиб боришади. Эътиборли жиҳати, мошни ўриб ва донини ажратиб олиб, қадоқлашгача бўлган жараённинг барчаси техникалар ёрдамида бажарилади. Бу техникалар бир кунда 20 гектар мошни ўриб-йиғиб олади.

Бир сўз билан айтганда, кластер тизими бу қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминламоқда, даромади ва турмуш даражасини оширмоқда, ички бозорни арзон, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш имкониятини кенгайтирмоқда.

Буларнинг барчаси энг аввало одамларни ишли, турмушини фаровон қилади, мамлакатимиз иқтисодий қудратини оширади. Тошкент вилоятидаги кластерларнинг бугун эришаётган ютуқлари бунга кафолат бера олади.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: