17.09.2020

КАМБАҒАЛЛИКДАН ҚУТУЛИШ ЙЎЛИ КЎП

асосийси, тадбиркорлар сонини кўпайтириш, одамларни ишбилармон қилиш

Пайариқ тумани ҳудуд жиҳатидан вилоятда олдинги ўринлардан бирини эгаллайди. Унинг бир томони қир-адирларга, иккинчи томони тоғу тошларга уланиб кетади. Шунинг учун туманнинг бир ҳудудига боришни мўлжаллаган одам камида бир кунини йўқотади.

Ҳар бир туманда тўртта сектор фаолият юритаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳар бир сектор раҳбарининг зиммасига юкланган муайян вазифалар бор ва шунинг учун аҳоли хонадонларида, маҳаллаларда, жамоат жойларида кўпроқ юришга тўғри келади.

Нимага? Аҳолининг ўзи тадбиркорлик билан шуғулланишни бўйнига олмаяптими? Ҳайҳотдай томорқасига ҳеч нарса экмаяптими? Хўп, шундай ҳам бўлсин, дейлик. Тўртта сектор раҳбари уларнинг хонадонига бориб, картошка-пиёз экиб берадими? Ёки сигир соғишига ёрдамлашадими?

Гап шундаки, сектор раҳбарлари, уларнинг вакиллари жойларга бориб, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бораётганида, элчилик, ҳар хил воқеалар бўлади. Баъзан қўлига кетмон олиб, хонадон соҳибининг томорқасини ағдариб берган пайтлари ҳам бўлган. Нима учун? Шу одам давлатимиз олиб бораётган сиёсатни озроқ бўлса ҳам тушунсин, уялсин, ҳеч бўлмаса, бўйрадек жойга кўкат уруғи сепиб қўйсин, инсофга келсин, деган мақсадда.

Ҳозир халқ дарди ва муаммоларини ўрганиш, уларни бартараф этиш, албатта, ҳар бир раҳбарнинг кундалик иш тутумига айланди. Пайариқлик раҳбарлар ҳам ўзларига бириктирилган секторда одамлар орасида камбағалликни барҳам топтириш, тадбиркорлар сонини кўпайтириш учун астойдил меҳнат қилишмоқда. Пайариқ туман прокурори Шуҳрат ­Тоштемиров 2-сектор раҳбари сифатида ҳудудда камбағалликни қисқартириш борасида ўзи шахсан эринмай, маҳаллама-маҳалла, хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг муаммоларини ўрганади, уларнинг ечимини топишда ёрдамлашади. Сектор вакиллари томонидан аҳолининг яшаш шарт-шароитлари ўрганилади.

Иккинчи секторга қарашли 14 та маҳалланинг ҳар бирида 3-4 нафар тадбиркор фаолият олиб боради. Уларнинг ҳар бири ўз иссиқхонасидан йилига 50-60 миллион сўмдан даромад олаяпти, ишчи ўрни яратиб, ҳамқишлоқларини ҳам моддий рағбатлантираяпти. Айрим хонадон соҳиблари оилавий тарзда товуқ ва жўжа боқаяпти, чорвачилик ва боғдорчилик билан шуғулланаяпти. Уларнинг турмуш даражаси яхшиланганини данғиллама иморатлари, қўша-қўша машиналаридан билиш мумкин.

Лекин беш қўл баравар эмас, деганларидай, аҳолининг ночор ва муҳтож қатлами маҳаллада рўй-рост кўзга ташланади. Бировнинг меҳнат қилишга лаёқати йўқ, биров ногирон, яна бири кексайиб қолган... Ана шундай оилаларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларга “Челак томорқа” масъулияти чекланган жамият билан ҳамкорликда помидор, булғор қалампири, картошка, маккажўхори уруғлари берилиб, уларни экиб олишларига амалий ёрдам кўрсатилди. Айниқса, оилаларга 50-100 донадан жўжалар тарқатилиб, паррандачиликни ривожлантириш учун замин яратилди.

– Пайариқ тумани шароитида тадбиркорликнинг қўй ва эчкичилик, товуқчилик, деҳқончилик, иссиқхоналарда маҳсулот етиштириш, одамларнинг тикувчилик соҳаларини ривожлантириш жуда қулай, – дейди туман прокурори, иккинчи сектор раҳбари Шуҳрат Тоштемиров. – Шунинг учун секторимиз ҳудудида қайси оиланинг қайси соҳага рағбати борлиги ўрганилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилаяпти. Субсидиялар асосида 14 та маҳалланинг ҳар бирида 30-35 оилага иссиқхоналар қуриб бердик.

– Маҳалламизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бор одамларга давлат ҳисобидан тайёр иссиқхоналар қуриб берилишини эшитиб, бу соҳага қизиқиб қолдим, –- дейди “Гулзор” маҳалласида яшовчи Элёр Нурмуродов. – “Бир йигитга қирқ ҳунар оз”, деганларидек, мен ёшлигимдан қурилиш устачилиги билан шуғулланиб, оиламизни тебратиб келардим. 15 сотихдан ортиқ томорқа ер майдонимизга кам эътибор қаратардик. Ҳозир томорқа хўжалиги ташкил этиб, тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилдим. Ҳамқишлоқларим Жамшид Қозоқов, Нурбек Солиев, Ғайрат Қозоқов ва бошқа кўпгина оилалар ҳам тадбиркорлик билан шуғулланаяпти. Одамларга оила шароити ва имкониятига қараб қўй, эчки, қорамол ва паррандачиликни ривожлантириб, тадбиркорлик билан муқим шуғулланиш учун имкониятлар яратиб берилди. Маҳалламиздан камбағал қатлам деб ҳисобга олинган 81 оилада истиқомат қилаётганларнинг 37 нафари муқим иш жойи билан таъминланди. Айрим оилаларга ички имкониятлардан келиб чиқиб, инкубаторлар, тикув машиналари олиб берилди.

– Инкубация қишлоқ шароитида жуда сермаҳсул соҳа экан, – дейди “Кўпаки” МФЙ раиси Бобур Шодмуродов. – Тарихдан бизга маълумки, ота-боболаримиз бу соҳага катта аҳамият беришиб, мўмай даромад олиш имкониятига эга бўлишган. Иккинчи сектор вакиллари хўжаликларимизга инкубация аппаратини олиб келишда амалий ёрдам кўрсатмоқда. Бу кам таъминланган оилалар учун иқтисодини тиклаб олиш имкониятини бермоқда.

Яқинда эса туманнинг “Туркибола”, “Алиобод”, “Гулзор”, “Жавшар ота”, “Қирқовул”, “Кўпаки”, ва Янгиобод маҳаллаларида яшовчи 76 кам таъминланган оилага амалий ёрдам кўрсатилиб, улар яшаётган уйлар тўлиқ таъмирдан чиқариб берилди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганларга иссиқхоналар қуриб берилди. Бир неча оилаларга инкубаторлар, тикув машиналари совға қилинди. Оила имкониятига қараб қўй, эчки, жўжа, товуқ ва бир миллион сўмдан пул берилди.

Хуршид Боитов, Ҳамидулла Раҳматов, Умрзоқ Ортиқовларнинг оилаларига 20 тадан хонаки товуқлар берилди. Ҳамидулла Раҳматовга кўпайтириб олиш учун қўй, Замира Қаюмова ва Суннат Нормуродов оилаларига бир миллион сўмдан ёрдам кўрсатилди.

“Кўпаки” МФЙда 23 нафар оилага 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари мунтазам етказиб берилмоқда. Буғдойдан бўшаган ерлар ҳайдалиб, ишсиз оила аъзоларига 0,5 гектардан ажратиб берилди. Улар уруғлик билан таъминланди. Натижада 95-96 фоиз аҳоли шу йилнинг ўзида камбағалчиликдан чиқиш имкониятига эга бўлмоқда. Кўча чангитиб юрган юзлаб ёшлар иш билан банд бўлишди. Бунда Салоҳиддин Санақулов, Санжар Шодмонов, Ширинбой Норматов ва Тўпчибек Сафаров сингари 2-сектор гуруҳи вакиллари уларга яқиндан ёрдам бермоқда.

Қаердаки ҳаракат бўлса, албатта мақсадга етилади. Бугун Пайариқ туманида мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина “Шўртепа” маҳалласидаги фойдаланилмай келган 600 гектар ер томчилатиб суғориш усулида ўзлаштирилиб, минг нафардан кўпроқ ёшларга берилди. “Баҳрин” ва “Дўстлик” маҳаллаларида ҳам ана шундай ишлар олиб борилиши режалаштирилган. Буларнинг замирида ишсизларни иш билан таъминлаш, уларни ишбилармонликка ўргатиш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, одамларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш билан кўпроқ машғул бўлишларига замин яратиш, уларни меҳнат ва тадбиркорлик орқали бойиб боришига имкон яратишдай эзгу мақсадлар мужассам.

 

Азамат ТОВБОЕВ,

“Пайариқ ҳаёти” газетаси муҳаррири,

Пардабой ЭРГАШЕВ,

фахрий журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: