08.07.2020

КАМБАҒАЛЛИК ДАРАЖАСИ ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАНАДИ ВА НИМА БИЛАН ЎЛЧАНАДИ?

Бугунги кунда камбағалликка қарши кураш мамлакатимизда ўта долзарб вазифалардан бирига айланди. Чунки халқимиз фақат эртанги кун умиди билан эмас, балки бугун ҳаётдан, давлатдан рози бўлиб, бахтли яшаши керак, деган инсонпарвар ғоя илгари сурилди. Агар инсон камбағал бўлса, ҳолига вой. Масалан, касал бўлиб қолса, тиббий кўрикдан ўтиш, лаборатория таҳлиллари, дори-дармон, шифокор хизмати ва бошқа харажатлар учун тўлов қилиш имконияти бўлмаслиги табиий.

Камбағал оила фарзандининг таълим олиш, спорт ёки санъат билан шуғулланиш имконияти ҳам чегараланган бўлади. Камбағал оиланинг ейиш-ичиши ҳам ўзига яраша бўлади. Фарзандлар саломатлигини ҳам тасаввур қилаверинг... Хуллас, камбағаллик катта ижтимоий, руҳий муаммоларни келтириб чиқаради.

Камбағалликка қарши кураш глобал масала бўлгани сабабли БМТ Бош Ассамблеяси камбағалликка қарши кураш бўйича ўн йилликларни эълон қилиб, тегишли тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Биринчи ўн йиллик ўз ичига 1998-2007 йилларни қамраб олган бўлса, иккинчи ўн йиллик 2008-2017 йилларга тўғри келди. Ҳозир учинчи ўн йилликка мўлжалланган 2018-2027 йилларни қамраб оладиган Резолюция қабул қилинди. Ушбу Резолюция олдинги ўн йилликда эришилган натижалар даражасини сақлаб қолган ҳолда қашшоқлик билан курашишни такомиллаштириш ҳамда уни мустаҳкамлаш йўлида самарали ва мувофиқлаштирилган вазифаларни амалга оширишга қаратилган.

Бунга асосан жуда кўплаб мамлакатлар ҳам қашшоқликдан бутунлай қутилиш режаларини ишлаб чиққан. Жумладан, Хитой, Покистон, Бангладеш каби мамлакатлар шу қисқа даврда бутунлай камбағалликдан қутилишни мақсад қилиб қўйган ва ўз режасини муваффақият билан амалга оширмоқда.

Мамлакатимизда ҳам камбағалликни тугатиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан қатор Фармон ва қарорлар қабул қилинди ҳамда уларни амалга ошириш бўйича бир қанча давлат ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш борасида тегишли кўрсатмалар бериб келинмоқда.

Шулар инобатга олинган ҳолда мамлакатимизда тўртта муҳим ҳужжат ишлаб чиқилиши белгиланган. Булар: «Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача «Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш концепцияси», «Саноатни ривожлантириш стратегияси», «Камбағалликни қисқартириш дастури» ҳамда 2021 йилдан бошлаб барча ҳудудларда истеъмол саватчаси ва тирикчилик учун зарур энг кам миқдорлар жорий қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартиришга қаратилган бир қанча тадбирлардир. Хусусан, 2020 йил 26 мартда Президентимиз томонидан қабул қилинганИқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид Давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармон ҳамда ­“Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорда самарали макроиқтисодий сиёсатни юритиш, барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш орқали мамлакатда камбағалликни қисқартириш борасида мақбул давлат сиёсатини амалга ошириш тизими ишлаб чиқилди ва у муваффақиятли амалга оширилмоқда. Аммо масаланинг айрим назарий, услубий ва амалий муаммолари борки, у тегишли хулоса ва илмий тавсиялар ишлаб чиқишни тақозо қилади.

Камбағаллик чегарасини белгилашда  БМТ инсон эҳтиёжлари учун зарур бўлган асосий товар ва хизматларни харид қилиш учун етарли бўлган  даромадлар миқдорини асос қилиб олади. Бундай товарларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, турар-жой ҳақини тўлаш, сув билан таъминлаш, электр энергияси, мактаб таълими, тиббий хизмат кабиларни киритишни тавсия қилади. Шунга асосан камбағаллик даражаси глобал миқёсда ва ҳар бир мамлакат доирасида аниқланади. Чунки ҳар бир давлат ўз шароити ва имкониятидан келиб чиқиб, камбағалликдан чиқиш масаласини ўзи белгилаб олади. Бундан ташқари, камбағаллик даражаси глобал доирада ҳам аниқланади. Буни асосан ҳозирги шароитда Жаҳон Банки амалга ошириб келмоқда. Шулардан келиб чиқиб хулоса қилинадиган бўлса, камбағаллик даражаси, умуман олганда, нисбий тушунча бўлиб, у муайян мамлакатдаги умумий фаровонлик даражасига боғлиқ бўлади.

 

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

иқтисод фанлари доктори,

СамИСИ профессори,

Олим ПАРДАЕВ,

иқтисод фанлари доктори,

СамИСИ декани.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: