24.06.2020

ИПОТЕКА КРЕДИТИ

асосида уй-жой сотиб олмоқчи бўлсангиз...

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа аҳоли қатламларига кўмаклашиш ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Рсепубликаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарор қабул қилинган.

Фармонга асосан, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилди, унга мувофиқ:

ипотека бозорини узоқ муддатли ресурслар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги пул маблағларини тижорат банкларига 15 йил муддатга бозор шартлари асосида жойлаштиради;

тижорат банклари аҳолига ўз маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитларини тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ажратилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитлари бозор ставкаси бўйича битта қарз олувчига бериладиган кредитнинг чекланган миқдори белгиланган ва қарз олувчига уй-жойнинг жойлашган жойи ва майдонини мустақил равишда танлаш ҳуқуқи берилган ҳолда тақдим этилади;

айрим шахсларга, шу жумладан, кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланади.

Субсидия ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва (ёки) кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобварағига ўтказилган маблағлар

Янги тартиб доирасидаги субсидиялар қуйидагилар:

қишлоқ жойларда биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига;

шаҳарларда дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ва биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун Тошкент шаҳрида 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

Фармонда 2020 йил мартдан бошлаб субсидиялар олиш учун аризалар Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилиши белгиланди.

Шуни ҳам алоҳида такъкидлаш лозимки, ушбу янгилик фуқаролар томонидан турлича талқин қилинмоқда ҳамда энди янги уйларга Давлат хизматлари марказлари орқали навбатга ёзиламиз экан, деган нотўғри тасаввурни келтириб чиқармоқда.

Аслида эса бундай эмас. Сиз олмоқчи бўлган янги уй учун ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия (қайтариб бермаслик шарти билан қарз олиш) олиш юқоридаги марказлар орқали амалга оширилиши режалаштирилган. Уйга рўйхатга қўйиш эса, аввалгидек ҳокимликлар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Адлия вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда субсидия тўланадиган шахсларни танлаш тартиби ва мезонларини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Лойиҳада, шунингдек аризани кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари батафсил баён этилган.

Лойиҳа билан таклиф этилаётган тартибни батафсилроқ ёритсак, Давлат хизматлари марказлари орқали субсидия олишдаги даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни аниқлаш ва субсидия олишга лойиқ деб топиш қисми амалга оширилади.

Ҳусусан, фуқаро Давлат хизматлари марказларига мурожаат этиб, тегишли маълумот ва ҳужжатларни электрон тарзда тақдим этади. Кейинчалик, ваколатли ташкилотлар фуқарони мезонларга мос келишини аниқлаш мақсадида ариза ва тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва ҳар бир мезон учун баллар белгилайди.

Кейинги босқичда, ҳар бир ташкилот томонидан қўйилган баллар умумлаштириш учун туман/шаҳар Комиссиясига ( туман/шаҳар ҳокимиятлар таркибида) юборилади ва мазкур Комиссия фуқарони ипотека кредити бўйича субсидия олишга ҳақли деб топса, субсидия бериш тўғрисидаги қарорни қабул қилади ва тегишли хабарномани Давлат хизматлари марказларига юборади. Ушбу хабарнома мурожаат қилган фуқарога юборилади.

Комиссия 10 та масъул ташкилотдан иборат бўлиб, ваколат доирасида тегишли хулосаларини беради.

Фуқаро хабарномани олганидан сўнг, мустақил равишда хабарномада кўрсатилган юқори қийматидан ошмаган қийматли уй-жойни ипотека кредити орқали сотиб олиш бўйича қурилиш (пудрат) ташкилоти билан шартнома тузади ва уни тегишли ҳужжатлар билан биргаликда банкка тақдим этади.

Иштирок этувчи тижорат банки ушбу ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, молия бўлими билан биргаликда ипотека кредити бўйича давлат бюджетидан талабгорга ажратилиши мумкин бўлган субсидия суммасини аниқлайди.

Тижорат банки туман (шаҳар) ғазначилик бўлимларига ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия суммасини тижорат банки томонидан кўрсатилган ҳисобрақамига ўтказиб бериш учун буюртманомани юборади.

Бошланғич бадални қоплаш учун субсидия суммаси ўтказилгандан сўнг иштирок этувчи тижорат банки фуқаро билан ипотека кредити шартномасини тузади. Лойиҳа қабул қилиниб, ваколатли органлар томонидан барча зарурий ташкилий чоралар кўрилиб хизмат тўлиқ йўлга қўйилгач, бу ҳақдаги батафсил маълумот Агентлик расмий саҳифалари орқали етказилади.

 

Жамшид ЮСУПОВ,

Давлат хизматлари агентлиги

Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: