17.06.2020

ҲАР БИР ОИЛА БЕКАСИ ТАДБИРКОР

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида республикамизда имконияти чекланган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларни, бандлиги таъминланмаган фуқароларни, ёшлар, хотин-қизларни “Устоз-шогирд” анъаналарига асосан ҳунармандчилик билан шуғулланишга йўналтириш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида “UZ.Hunarmand-Ta’lim” лойиҳасини амалга оширмоқда.

Ушбу лойиҳа доирасида, Сирдарё вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳарларида янги очилаётган корхоналарга борилиб, корхона ҳудудларига яқин жойлашган маҳаллаларнинг аҳолиси бандлигини таъминлаш бўйича корхоналар раҳбарлари билан мақсадли ва манзилли ишлар амалга оширилди ва бир қатор натижаларга эришилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ишчи гуруҳи аъзолари Гулистон тумани Деҳқон­обод шаҳарчасида жойлашган "Равшан-Азамат-Алишер-Бирдам" хусусий корхонасига бориб, буюриб, у ерда яратилган 110 ишчи ўринга эга корхона фаолияти билан танишди.

Маҳаллалардан ишга олинган 50 нафар хотин-қиз ушбу корхонанинг 30 000 дона футболка ишлаб чиқариш бўйича биринчи буюртмасини бажаришни бошлади. Ёшлар, хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўринларини топишларига маҳалла ва атрофдагиларнинг бефарқ эмаслиги уларнинг оила аъзоларини ҳам қувонтирмоқда.

 Ушбу корхонага қабул қилинган тикувчи, дазмолчи, назоратчи ва соҳа мутахассисларига малакасига қараб, 3 000 000 сўмгача маош тўланади, улар бепул овқат ҳамда транспорт билан таъминланган.

Тадбиркор аёл "Равшан-Азамат-Алишер-Бирдам" хусусий корхонасининг раҳбари Дилфуза Алматова хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича келажакда яна қўшимча ишчи ўринлари яратишни режалаштирмоқда. Сирдарё вилояти бандлик бош бошқармаси томонидан маҳаллалардан тавсия қилинган 60 нафар хотин-қизни тикувчиликка ўқитиб, ушбу корхонага ишга жойлаштириш ҳам режалаштирилмоқда. Корхона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, маҳсулотларини экспортга чиқариш режалаштирилган. Ушбу корхонанинг умумий ер майдони 640 кв.метр бўлиб, истиқболда янги лойиҳаларни ҳам амалга ошириш назарда тутилган. Шунингдек, корхонада ишчилар дам олишлари учун ҳам шароитлар яратилган.

Шунингдек, ишчи гуруҳ “Ибрат” МФЙда жойлашган, икки сменада фаолият олиб боришга, 300 иш ўрнига мўлжалланган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “MISS МILEDI” корхонаси фаолияти билан танишди. Ушбу корхонада ишчилар бепул овқат ҳамда транспорт билан таъминланиши, хотин-қизларнинг тикувчилик, дазмолчи ва назоратчи лавозимларига қабул қилиниши ва малакасига қараб 750 минг сўмдан 2500 000 сўмгача маош тўланишига аниқлик киритилди. Бу ерда яратилган бўш иш ўринларига тумандаги “Дўстлик”, “Ибрат”, “А.Яссавий”, “Аҳиллик”, Навоий, “Соҳилобод”, Фурқат, “Олтин водий”, “Шарқ ҳақиқати”, “Теракзор” ва “Боёвут” маҳаллаларида яшовчи 120 нафар хотин-қиз маҳалла фуқаролар йиғини тавсиясига асосан ишга қабул қилиниши йўлга қўйилди.

Улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Украина давлатларига экспорт қилинади.

“Ҳунарманд” уюшмаси Сирдарё­­ вилояти бошқармаси томонидан ҳунармандчилик йўналишлари бўйича шогирд-ҳунармандлар тайёрлаш учун ўқув-машғулотлари ўтказишга салоҳияти бор уста-ҳунармандлар рўйхати шакллантирилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан маҳаллаларда ушбу лойиҳада қатнашиш истагида бўлган, ҳунармандчиликка қизиққан фуқароларнинг, шу жумладан имконияти чекланганлар ҳамда бандлиги таъминланмаган ёшлар ва хотин-қизларнинг рўйхати асосида 63 нафар уста-ҳунармандларга 5 нафардан шогирдлар бириктирилди. Ўқув-машғулотлари уста-ҳунармандларнинг устахоналарида ташкил қилинди ва Сирдарё вилояти бандлик бош бошқармаси томонидан устоз ҳунармандларга ойлик, шогирдларга стипендия тайёрлаш бўйича буйруқ чиқарилди.

Лойиҳа доирасида Сирдарё вилоятида “Устоз-шогирд” анъанаси асосида 300 нафардан зиёд бандлиги таъминланмаган фуқаролар ҳунармандчилик сирларини ўрганишади ва уларнинг шогирд сифатида “Ҳунарманд” уюшмасидан рўйхатдан ўтиши кутилмоқда.

Шунингдек, маҳаллаларда ўз хонадонларида ҳунармандчиликнинг йўналишлари бўйича тажрибаси бўлган аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб ва 167 нафар тажрибали усталарни “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо қилиш ишлари ҳам амалга оширилди. Ишчи гуруҳ аъзолари Гулистон туманида ҳунармандчилик ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган обод оилаларнинг хонадонларида бўлишди.

Ишчи гуруҳ аъзолари инновацион услубда қовоқ, сомон ва чиғаноқлардан ҳунармандчилик маҳсулотларини ясашни йўлга қўйиб, эл орасида ҳурмат қозонган Фурқат маҳалласида яшовчи Ўктам Шодмонқуловнинг уйидаги устахонасига ташриф буюрдилар. Туманда ўз меҳнати, ҳунари билан танилган Ўктамнинг яратган ҳунармандчилик маҳсулотларининг бетакрорлиги барчани ҳайратга солиб келмоқда. Ўктам 20 йилдан зиёд вақтдан бери ҳунармандчилик йўналишида ижод қилиб келади.

Ишчи гуруҳ, моҳир ҳунармандларга маҳсулотларини ички ва ташқи бозорга олиб чиқишда яқиндан ёрдам бериш ҳамда ўз фаолиятларини давом эттиришлари ва имтиёзли кредит олишлари бўйича керакли тавсиялар берди.

“Олтин водий” МФЙ, Комиллик кўчасидаги обод оила бекаси, 31-уйда яшовчи, 1968 йилда туғилган Шарипова Алфия ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, оиласидан ортган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан яқинлари ва қўшниларини ҳам таъминлаб келмоқда. Томорқаси 10 сотихдан иборат бўлиб, у сабзавот маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланади. Хонадонида компьютер хизматлари ҳам халқ хизматида. Баҳор мавсумида ҳовлисида гул етиштириб, маҳалладошларига ҳомийлик асосида тарқатиб келмоқда.

 Юлдуз МФЙ Мурувват кўчаси, 1-уйда яшовчи обод хонадон бекаси, 1972 йилда туғилган Ахмеджанова Азизахон 4 йилдан буён иссиқхона йўналишида тадбиркорлик қилиб келмоқда. Иссиқхона 10 сотихдан иборат. У асосан помидор ва бодринг маҳсулотларини етиштириб бозорларимизни тўлдириб келишмоқда. Ўтган йили иссиқхонадан 20 миллиондан зиёд соф фойда кўрилди. Бундан ташқари хонадон эгалари узумчилик ва чорвачилик йўналишларида ҳам фаолият кўрсатиб келишмоқда.

 Лойиҳа доирасида имконияти чекланган фуқаролар билан ҳам ишлаш режалаштирилган. “Зарбдор” МФЙ Қалдирғоч кўчаси, 21-уйда яшовчи, 2001 йилда туғилган Каримова Комила кар ва соқов бўлишига қарамай, тақинчоқлар ясаб, ўз уйида, ўзини ўзи иш билан таъминлашни бошлади. У 5 нафар имконияти чекланган хотин-қизларга зирак, узук ва бошқа турли хил тақинчоқлар ясаш сирларини ўргатиб келмоқда.

 Ёшлар ва хотин-қизлар иш билан банд қилинса, улар ҳар жабҳада ўзларининг меҳнати билан ўрнак кўрсата оладилар.

 Лойиҳанинг кейинги босқичида ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хом ашё материалларини харид қилиш учун ушбу лойиҳада иштирок этган ҳунармандларга, шу жумладан ёшларга, шунингдек, аёлларга банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилади.

 Лойиҳа иштирокчилари томонидан ишлаб чиқарилган ҳунармандчилик маҳсулотларининг “UZ.Handicraft-Product” каталоги чоп этилади.

Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси фаол иштирок этмоқда.

Карима НОРҚУЛОВА,

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бўлим бошлиғи,

техника фанлари доктори, профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: