10.06.2020

КРЕДИТ-МОДУЛЬ ТИЗИМИ ВА УНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Мамлакатимиз таълим тизимида жадаллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида олий таълим муассасаларида босқичма-босқич кредит-модуль ўқитиш тизимига ўтиш ишлари самарали амалга оширилмоқда. Хусусан, 2030 йилгача кредит-модуль тизими жорий этиладиган олий таълим муассасалари сонини 85 тага етказиш режалаштирилганлигининг ўзи ҳам мазкур жараёнларда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар нақадар кенг кўламли тус олиши мумкинлигидан далолат беради.

Кредит-модуль тизимининг кўплаб ривожланган давлатлар тан олган Болонья тизими декларациясига 48 давлат аъзо ҳисобланиб, GPA (диплом ёки аттестатнинг ўртача кўрсаткичи) баҳолаш мезонининг қўлланилиши, академик мобиллик ҳамда халқаро даражада интеграциялашувнинг юқори даражада таъминланиши тизимнинг ўзига хос муҳим кўрсаткичларидир. Мазкур тизимни амалиётга жорий қилган давлатларда олий маълумот тўғрисидаги дипломлар халқаро миқёсда тан олинади, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун академик мобиллик ва халқаро алоқалар учун катта имкониятлар очилади, илғор тажрибалар асосида тайёрланган рақобатбардош кадрларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлади.

Кредит-модуль – ўқитишни узвий боғлиқликдаги модулларини ёки модуллар блокини ўзлаштириш учун талабаларнинг зарур бўлган ўқув юкламасини ўлчаш бирлиги сифатида модулли ўқитиш технологиялари ва кредитларнинг бирлигига асосланган ўқув жараёнини ташкил этиш тизимидир.

Мамлакатимизда Болонья жараёни таълим тизими, шунингдек, Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Жанубий Кореа, Канада ҳамда Япония каби бир қатор таълим тизими ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда глобал таълим интеграциясини амалга оширилиши хорижий мамлакатлар билан олий таълим соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтиришни таъминлашга хизмат қилади.

Мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар замирида таълим муассасаларида замонавий ва сифатли таълимни инновацион услублар асосида амалга оширишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам ислоҳотларга мутаносиб равишда такомиллаштириб борилмоқда. Жумладан, 2019 йил 29 октябрдаги “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонун, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони Ўзбекистонда янги таълим тизимини яратиш учун хизмат қилмоқда. Бундан буён олий таълим стандартлари хорижий тажриба асосида такомиллаштирилади, таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилади. Мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилади ва олий таълимда ўқув жараёни кредит-модуль тизимига ўтказилади.

Тошкент молия институтининг Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2019/2020 ўқув йилида амалга ошириш бўйича Йўл харитаси қабул қилинган. Мазкур ҳужжатда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 1-босқич талабалари учун ўқув жараёнини замонавий таълим технологияларига асосланган кредит-модуль тизимига ўтказиш белгиланган. Шунингдек, янги ўқув йилидан профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаларини янада оптималлаштириш, касбий фаолиятга замонавий ахборот-коммуникацион ҳамда инновацион технологияларни кенг жорий этиш масалалари муҳим ва устувор масала сифатида қаралмоқда.

Қуйида ривожланган давлатлар таълим тизимидаги илғор тажрибалар асосида Тошкент молия институтида жорий этилиши режаланган кредит-модуль тизимининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Кредит – таълимнинг ўлчов бирлиги бўлиб, талаба учун ўзлаштириладиган таълим дастури ҳамда у билан боғлиқ меҳнат харажатлари ҳажмини ифодалайди. Яъни, талаба маълум фанни ўзлаштириши учун маълум миқдордаги ўқув юкламасини бажаради ҳамда олган билим, малака ва кўникмасига асосан маълум кредитларни қўлга киритади.

Айтиб ўтганимиздек, кредит – таълим олиш натижалари асосида ўқитиш ҳажмини белгилаш билан бир қаторда таълим олиш билан боғлиқ меҳнат харажатларини ҳам ифодалайди. Тошкент молия институтида 1 (бир) кредит таълим дастури учун меҳнат ҳақи харажатлари миқдори республикамиздаги амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизи (ҳозирги кунда 679330/2 = 339665 сўм) даражасида белгиланиши режалаштирилмоқда.

Республикамиз олий таълим тизимида кредит-модуль тизими асосида ташкил этишда асосан ЕCТS (European Credit Transfer and Accumulation System (Европа кредит трансфер тизими) га ўтишга устуворлик берилмоқда.

Кредит-модуль тизимининг амалдаги ўқув жараёнидан фарқли жиҳатлари қуйидагиларда намоён бўлади:

Хусусан, ЕCТS (Европа кредит трансфер тизими)га мувофиқ бакалавр даражасида талаба 180-240 кредит фанларни ўзлаштириши (3 йиллик ўқиш муддатида 180 кредит, 4 йиллик ўқиш муддатида 240 кредит) талаб этилади. Мос равишда ўртача семестрлик кредит миқдори 30 кредитни, йиллик кредит миқдори 60 кредитни ташкил этади. Бунда 1 кредит 25-30 соат фан юкламасини ўз ичига олади.

Амалдаги ўқув жараёни графигида семестрдаги ўқув ҳафталари сони 18 ҳафтани ташкил этса, кредит-модуль тизимига асосланган ўқув жараёнини ташкил этиш графигида бир семестр учун ўқиш даври ўртача 15 ҳафта, йиллик ҳафталар сони 40-42 ҳафтани ташкил этади.

Семестрлар бошланишидан олдинги бир ҳафтада талабалар томонидан фанларни ҳамда фан ўқитувчиларини ўз ихтиёрларига кўра танлаш учун 1 ҳафта қўшимча муддат (кредит тизимига кириш) ажратилмоқда.

Бакалавр таълим дастури бўйича 240 кредит ҳажмдаги фанларни ўзлаштириш учун талабаларга 4 йилдан 6 йилгача муддат берилади. Яъни, маълум сабабларга кўра, айрим фанларни ўзлаштирмаган ёки етарли ҳажмдаги кредитни тўпламаган талабага кейинги семестр ёки кейинги ўқув йилида мазкур ўзлаштирилмаган кредитлар ҳажми учун тўловни амалга ошириш ҳисобига фанларни ўзлаштиришга имкон берилади.

Фанларни қайта ўзлаштиришда, агар талаба мазкур фан бўйича машғулотларнинг 80 фоизидан ортиғида иштирок этган бўлса, фан учун ажратилган кредитнинг 50 фоизи миқдорида тўловни амалга оширишига рухсат этилади. Агар ўзлаштирилмаган фанлар сони 3 тадан кўп бўлса ҳамда талабанинг давомат кўрсаткичлари 80 фоиздан пастроқ бўлса, ўзлаштирилмаган фанлар бўйича кредитлар ҳажмига тўлиқ тўловни амалга оширади.

Амалдаги бакалавриат таълим йўналишлари ўқув режаларидаги мавжуд 4 фанлар (гуманитар ва табиий-илмий, умумкасбий, ихтисослик, қўшимча фанлар) блоклари кредит-модуль тизимида 2 тагача (мажбурий фанлар, танлов фанлар) қисқартирилди.

Амалдаги бакалавриат таълим йўналишларининг ўқув режаларида гуманитар ва табиий-илмий фанлар 25-30, умумкасбий фанлар 35-50, ихтисослик фанлари 15-25, қўшимча фанлар 4-6 фоизни ташкил этган бўлса, кредит-модуль тизимига асосланган ўқув жараёнида мажбурий фанлар блоки 60-80 фоизни, танлов фанлар блоки 20-40 фоизни ташкил этиши режалаштирилмоқда.

Магистратура мутахассисликларида назарий таълим ҳажми фанлар блоклари бўйича мос равишда, мажбурий фанлар модули 60 фоизни, танлов фанлар модули 40 фоизни ташкил этиши режалаштирилмоқда.

Амалдаги ўқув режалари блоклардаги танлов фанларини белгилаш мажбурийлик характерига эга бўлган бўлса, жорий этилаётган янги тизимда талабалар томонидан танлов фанлари уларнинг қизиқишлари асосида танланиши билан бир қаторда иккинчи мутахассисликни олиш имконини берадиган тартиб жорий этилиши кутилмоқда.

Аудитория машғулотлари ҳамда мустақил таълим соатлари нисбати амалдаги 56/44 нисбатдан 50/50 нисбатга ўзгартирилади, яъни мустақил таълим соатлари сезиларли даражада оширилади.

Бакалавр таълим йўналишлари амалдаги ўқув режасидаги асосий фанлар сони 28 тадан 24 тага қисқартирилади ҳамда бир семестрдаги фанлар сони 6-7 тадан ошмаслигига эришилади. Бу талабалар томонидан семестр давомида фанларни ўзлаштиришларида енгиллик ва қулайлик яратади, яъни бир семестрда 9-10 фанни ўзлаштириш мажбурияти бекор қилинади. Шунингдек, модуль фанлари бўйича семестрда 3 фан модулини биринчи 8 ҳафталикда, қолган 3 фан модулини кейинги 8 ҳафталикда ўзлаштириш имконияти яратилади.

Талаба 1-босқичга қабул қилинганда унга институтда жорий қилинган “Platonus” махсус электрон таълим платформасининг логин-пароллари берилади. Мазкур тизим-платформасида 1 фандан 4-5 нафар профессор-ўқитувчи дарс беради. Талабалар электрон таълим платформаси орқали ҳар бир профессор-ўқитувчининг шахсий саҳифасига ташриф буюриб, унинг маъруза ўқийдиган фани бўйича, хусусан, профессор-ўқитувчининг силлабуси, дарс ўтиш методлари, қайси мавзулар доирасида дарс ўтиши, баҳолаш услуби, илмий изланиш йўналишлари, ўқув-услубий ишланмалари, касбий ютуқлари ва бошқа таълим жараёнига оид ўзини қизиқтирган барча саволлари бўйича, тўлиқ маълумот олиши мумкин бўлади. Талабага шу маълумотлар асосида мустақил қарор қабул қилган ҳолда профессор-ўқитувчини танлаш имконияти яратилади. Шунингдек, профессор-ўқитувчини танлаш жараёнини самарали ташкил этиш ҳамда янада соддалаштириш мақсадида институтнинг расмий веб-сайти(www.tfi.uz)даги махсус (http://vm.tfi.uz) рукнга ташриф буюриб, профессор-ўқитувчилар томонидан олдиндан тайёрланган видеомаърузалар билан танишган ҳолда танловни амалга ошириш учун қўшимча имконият яратилади. Институтда таълим жараёнининг бундай ташкил этилиши ҳар бир профессор-ўқитувчидан талабалар ишончи ва эътиборини қозониш учун ўз устида доимий изланишни ҳамда малакасини ошириб боришни талаб этади. Акс ҳолда, талабалар ишончини қозонолмаган профессор-ўқитувчининг ўқув юкламаси табиий равишда қисқариши эҳтимоли пайдо бўлади.

Институтда кредит-модуль тизимини жорий этишда кутилаётган ижобий ўзгаришлардан яна бири талабалар мустақил таълими ҳамда масофавий таълим шакллари ва усулларининг кенг қўлланилишидир. Жорий ўқув йилида ҳафталик ўқиш кунлари 5 кунни ташкил этган бўлса, янги ўқув йилидан ҳафталик 4-5 кунлик ўқишга ўтиш, қолган 1 кун мустақил таълим (масофавий шаклда), яна бир кун эса амалиёт объекти ёки ижтимоий соҳа объектларида ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Жорий ўқув йилида пандемия шароитида масофавий таълимни ташкил этиш бўйича орттирилган тажриба уни, келгуси ўқув йилларида таълим жараёнида кенг қўллашга имкон беради. Бунда институтда ташкил этилган масофавий таълим платформаси (www.tfi.uz сайти: видеомаърузалар, АРМ фонди, “Platonus” электрон платформаси), шунингдек, телеграм ижтимоий тармоғи, электрон видео-алоқа дастурлари (Zoom, Facebook, Telegram, Googleclass) ва бошқа шу каби воситалар имкониятларидан самарали фойдаланилади.

Кредит-модуль тизимининг алоҳида хусусиятларидан бири бўлган ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи (GPA (Grade Point Average)нинг қўлланилиши кадрлар истеъмолчилари томонидан битирувчилар билими, мутахассисликни ўзлаштириш даражасини баҳолашга имкон бериши билан бир қаторда келгусида ўқишни давом эттириш, илмий фаолият билан шуғулланиш учун ҳам асосий мезон бўлиб хизмат қилади. Хориж тажрибасида иш берувчилар томонидан таълим олувчининг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи (GPA)га алоҳида эътибор қаратилиши талабалар томонидан бу кўрсаткични мунтазам ошириб боришга мотивация бўлиб хизмат қилади.

Институтда кредит-модуль тизимини жорий этишдаги ижобий ҳолатлардан яна бири — бу талабалар академик мобиллигининг таъминланишидир. Академик мобиллик талабалар алмашинуви асосида хорижий ҳамда маҳаллий олий таълим муассасаларида даврий ўқиши бўйича ўзлаштирган кредитларини тан олинишини англатади. Тошкент молия институтининг мақсадли кўрсаткичларига мувофиқ келгусида кўплаб талабаларнинг етакчи хорижий олий таълим муассасаларида семестрлик ўқув курсларига юборилишида академик мобилликнинг таъминланиши, талабаларда таълим дастурини ўзлаштиришда (керакли кредитларни жамғаришда) муаммолар келиб чиқишининг олдини олади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ривожланган давлатлар таълим тизимидаги илғор тажрибалар асосида Тошкент молия институтида ўқув жараёнининг кредит-модуль тизимига босқичма-босқич ўтказилиши таълим сифатини янги босқичга олиб чиқади, халқаро таълим тизимига интеграциялашувни кучайтиради ва кенгайтиради. Бу эса замонавий билимларга эга бўлган сифатли кадрлар тайёрланишига ҳамда институт рейтингининг маҳаллий ҳамда халқаро даражада янада юксалишига хизмат қилади.

 

 

Улуғбек АЗИЗОВ,

Тошкент молия институти

ректори, профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: